Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума куни Оли Имрон номли сурани ўқиса, Аллоҳ ва Унинг фаришталари қуёш ботгунча унга салавот айтиб турадилар», – дедилар (Табароний ривоят қилган).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни бомдод намозида «Алиф лам мим. Танзилу…»ни – Сажда(сураси)ни – ва «Ҳал ата ъалал-инсани»ни қироат қилар эдилар» (Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган).
Ибн Абу Сайф Яманий «Ал-ламъа фи рағоиби явмил жумуъа» китобида Термизийнинг қуйидаги гапларини келтиради:
«Тасбеҳ намозини жума куни завол пайтида ўқиш мустаҳабдир. Биринчи ракъатда Фотиҳадан кейин Такосурни ўқийди, иккинчисида Вал асрни, учинчисида Кофирунни, тўртинчисида Ихлосни ўқийди». Сўнг охирида ўқиладиган қўшимча дуони ҳам келтирган.
«Жума ҳақидаги оят ва ҳадислар» китобидан
Ҳакимлардан бири айтади: “Одам дард олдида йиқилиши айб эмас, балки лаззатлар жарлигига қулаб кетиши ҳақиқий айбдир”.
Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у зот: “Гуноҳдан лаззатлансанг, у лаззат арийди, унинг гуноҳи эса қолади. Агар яхшилик йўлида хорисанг, чарчоқлар тарқаб кетади, яхшилик (фойдага) қолади”, дедилар.
Мен Шайх Алий Тантовийдан ҳаётларида ўқиган энг гўзал ҳикмат қайси эканини сўраганимда, у зот: “Етмиш йилдан ошибдики, ўқиш билан бандман ва Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳнинг “Сайдул-хотир” китобида ривоят қилган “Шак йўқки, тоатнинг машаққати кетади ва унинг савоби қолади, маъсиятларнинг лаззати кетади ва унинг гуноҳи қолади” деган ҳикматидан гўзалроғини ўқиганим йўқ”, деган эдилар.
Ушбу маъноларни Кусаййир Изза ҳам айтиб, бундай деганлар:
Ҳаромдан тотсанг гар лаззат қаймоғин,
Мазаси кетиб қолар, гуноҳи-ори...
Доимо ёдингизда тутингки, ҳаётда инсонни чалғитадиган зийнатлар қаршисида нафс устидан ғолиб бўлишдан-да лаззатлироқ нарса йўқ.
Ҳар кишининг ўз лаззат унсурлари бор:
Обидларнинг лаззати муножотда.
Уламоларнинг лаззати тафаккурда.
Сахийларнинг лаззати эҳсонда.
Муслиҳлар (ислоҳотчилар)нинг лаззати ҳидоятда.
Бадбахтларнинг лаззати биров билан ғижиллашишда.
Пасткашнинг лаззати дилозорликда.
Залолатдагиларнинг лаззати иғво ва бузғунчиликда.
Ҳеч нафсингиздан: “Менинг лаззатим нимада?” деб сўраб кўрганмисиз. Ҳаётнинг қадр-қимматини белгилайдиган лаззат пулдор бўлиш, обрў орттириш, катта-катта мансабларда эмас. Аслида у ўзингиздан кейин қолдирадиган яхши номдадир... У – риёсиз қилаётган яхши ишингизда. У – фойдали илмда. У – фарзандларингизга ўргатган илмингизда. Улар Қуръон тиловати ила сизга савоб йўллашади. Сиз ундан дунё ва охиратда фойда оласиз. Ҳаётнинг мазмуни бўлган лаззат – бу бирор-бир яхши одатдир. Сиздан кейин атрофингиздагилар уни одат қилиб, ҳаётларига татбиқ этадилар. Бу лаззат ҳаётнинг қайси жабҳасида бўлмасин, Аллоҳнинг розилигига эриштиради...
Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.