Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2020 йил 21 декабрдаги резолюциясига мувофиқ ҳар йили февраль ойининг биринчи ҳафтаси “Динлараро ҳамжиҳатлик ҳафталиги”, 4 февраль санаси “Халқаро инсоний биродарлик куни” деб эълон қилинган.
Шу муносабат билан Ўзбекистон халқаро ислом академиясида 4-8 февраль кунлари илмий, маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ҳафталиги ўтказиш режалаштирилган.
Айни пайтда ҳафталик доирасида “Инсоний биродарлик ва динлараро мулоқот – халқаро ҳамжиҳатлик омили” мавзусида халқаро илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Унда UNESCO халқаро ташкилоти, Ўзбекистон Республикаси UNESCO миллий комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари, диншунос экспертлар, таниқли олимлар, юртимиз фаолият олиб бораётган конфессиялар вакиллари, шунингдек, Академия профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков сўзга чиқиб, юртимизда халқаро ҳамжиҳатлик борасида кейинги йилларда олиб борилаётган хайрли ишлар, хусусан, умуминсоний қадриятларга таянган ҳолда ишлаб чиқилган, қайта таҳри қилинган ҳуқуқий-меъёрий меъёрий асослар ҳақида нутқ сўзлади.
Илмий-амалий семинар давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Шу йилнинг 27 январь куни Миср Араб Республикасининг Қоҳира шаҳрида “Ал-Азҳар” мажмуаси қошидаги Имом Ашъарий маркази томонидан биринчи халқаро илмий форум ташкил этилди.
Анжуман “Имом Ашъарийнинг исломий фирқаларга оид фикрий ёндашувлари: ақидавий ихтилофдан мулоқот ва мўътадиллик сари” мавзусига бағишланиб, унда ислом оламининг етук уламолари ва тадқиқотчилари иштирок этди.
Форумда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти вакиллари, жумладан, институт ректори Уйғун домла Ғафуров ва “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси катта ўқитувчиси Фахриддин домла Маманасиров фаол қатнашди.
Тадбир очилиш маросимида Ал-Азҳар ва Имом Ашъарий маркази раҳбарлари, Миср муфтийси ҳамда халқаро илмий муассасалар вакиллари сўзга чиқди.
Мазкур форум ислом оламида илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, маърифат орқали мўътадилликни тарғиб этиш ва соф ислом ақидасини қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати