Бугун, 27 февраль куни Хива шаҳрида Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги Конфессиялар ишлари кенгашининг сайёр йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Унда юртимизда расмий фаолият олиб бораётган 16 та диний конфессия вакиллари иштирок этмоқда.
Мазкур Кенгаш 2004 йилда ташкил этилган бўлиб, охирги йилларда унинг фаолияти янада такомиллашди. Хусусан, 2018 йилга келиб, муҳтарам Президентимизнинг бевосита ташаббуслари билан Кенгаш таркибига барча диний конфессиялар вакиллари киритилиб, Кенгаш аъзоларининг умумий сони 17 нафарга етди. Таъкидлаш керак, сўнгги йилларда Кенгашнинг йиғилишлари Республиканинг турли ҳудудларида сайёр шаклда ўтказилиши яхши анъанага айланди.
Бу галги сайёр йиғилиш янгича формат ва ракурсда ташкил этилгани диққатга сазовор. Бу йилдан эътиборан Кенгаш аъзоларидан ташқари Республика парламенти, турли вазирлик ва идоралар ҳамда ташкилот вакиллари ҳам кузатувчи сифатида қатнашмоқда.
Эслатиб ўтамиз, мазкур Кенгаш республика ҳудудида фаолият олиб бораётган барча диний конфессиялар фаолиятини мувофиқлаштириб турувчи маслаҳат органидир. Унинг фаолияти динлараро мулоқотнинг ривожланиши, юзага келадиган масала ва муаммоларни ҳамжиҳатликда ҳал этишга қаратилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бугун, 28 январь куни Ҳидоя ўрта махсус ислом таълим муассасасида талабалар иштирокида маърифий-маънавий учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдуллоҳ домла Саматов иштирокида ташкил этилди. Тадбирда муассаса директори Қобилжон домла Мирзабаев ҳамда талабалар қатнашдилар.
Учрашувда ёшларни илм-маърифатга чорлаш, вақтдан унумли фойдаланиш ва улуғ уламолар ҳаётидан ибратли мисоллар орқали сабр, ихлос ва доимий изланишнинг аҳамияти таъкидланди. Шунингдек, таълим жараёнида масъулиятли бўлиш ва илмни жамият манфаати йўлида ўрганиш бўйича тавсиялар берилди.
Тадбир якунида фаол ва интизомли 6 нафар талабанинг ҳар бирига 5 миллион сўмдан, шунингдек, 2 нафар талабанинг ҳар бирига 7,5 миллион сўмдан пул мукофоти ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.
Шу билан бирга, таълим муассасаси ривожи учун 30 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам ажратилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати