Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Январ, 2026   |   1 Шаъбон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:21
Қуёш
07:44
Пешин
12:39
Аср
15:43
Шом
17:28
Хуфтон
18:45
Bismillah
20 Январ, 2026, 1 Шаъбон, 1447

Умрбод рўза тутаман

03.04.2025   4767   4 min.
Умрбод рўза тутаман

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ сизга ҳалол қилган пок нарсаларни ҳаром қилманг. Ҳаддингиздан ошманг. Албатта, Аллоҳ ҳаддидан ошувчиларни севмас» (Моида сураси, 87-оят).

«Ва Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсалардан ҳалол-покларини енглар. Ўзингиз иймон келтирган Аллоҳга тақво қилинг» (Моида сураси, 88-оят).

Аввал ўтган оятларда ва уларнинг тафсирида Аллоҳ ҳалол қилган нарса пок ва фойдали бўлиши айтилган эди. Бу ерда ўша покиза ва ҳалол нарсаларни ҳаром деб ҳукм чиқариш мумкин эмаслиги таъкидланмоқда. Чунки ҳукм чиқариш, жумладан, нима ҳалолу нима ҳаромлигининг ҳукмини чиқариш ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хосдир. Ким Аллоҳ ҳалол деган нарсани ҳаром деса ёки Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ким ҳалол деса, кофир бўлади. Ундай одам Аллоҳнинг илоҳлик сифатига – шариат ҳукмларини чиқариш сифатига шерик бўлишга уринган бўлади. Шунингдек, бир киши ўзи учун ҳам бундай ҳукмни чиқариб, буни қандайдир диндорлик сифатини зиёда қилишга уриниш, деб ўйлаши ҳам нотўғридир. Бундай иш диндаги ғулув – ҳаддан ошиш ҳисобланади. Ушбу оятнинг нозил бўлиш сабаби бу фикрни таъкидлайди.

Имом ибн Жарир Тобарий қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни ўтириб, одамларга ваъз-насиҳат қилдилар, аммо ортиқча қўрқитмадилар. Сўнгра туриб кетдилар. Шунда у кишининг саҳобаларидан баъзилари:

«Агар янги бир иш қилмасак, нима деган одам бўламиз. Насоролар ўзларига бир қанча нарсаларни ҳаром қилишган, биз ҳам ҳаром қилайлик», дейишди. Баъзилари ўзига гўшт ейишни ҳаром қилди, баъзилари соннинг юқори қисмини ейишни ҳаром қилди. Бошқалари кундузи овқат ейишни, яна бошқалари аёлларни ўзларига ҳаром қилди. Бу гап Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борганда:

«Аёлларни, таомни ва уйқуни ўзига ҳаром қилганларга нима бўлди?! Огоҳ бўлинглар, мен ухлайман ҳам, бедор ҳам бўламан, рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Аёлларни никоҳимга ҳам оламан. Ким мендан юз ўгирса, мендан эмас», дедилар. Шунда Аллоҳ «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ сизга ҳалол қилган пок нарсаларни ҳаром қилманг. Ҳаддингиздан ошманг» оятини нозил қилди.

Аллоҳ таоло Ўзи белгилаб берганидан кам ишни қилиш нуқсон ва гуноҳ бўлганидек, Унинг белгилаб берганидан ортиқча қилишга уриниш ҳам тажовузкорлик ва гуноҳ ҳисобланади.

Шу қоидага кўра, Аллоҳ таоло ҳалол қилиб қўйган нарсани ўзига ҳаром қилиб, ўзини ўша нарсадан тийиш билан гўё Аллоҳга қурбат ҳосил қилишга уриниш ҳам гуноҳдир. Чунки ҳалол ва ҳаром ҳақида ҳукм чиқаришнинг ягона соҳиби Аллоҳ таолодир, бошқа эмас.

Имом Бухорий ва имом Муслим Анас розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Уч кишилик гуруҳ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларининг уйларига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари ҳақида сўраб келди. Бас, уларга (бу ҳақда) хабар берилганда, у (ибодат)ни оз санагандай бўлдилар. Шунда Улар:

– Биз қаёқда-ю, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқдалар, у зотнинг ўтган-у, қолган гуноҳлари мағфират қилинган, – дедилар. Улардан бири:

– Мен абадул абад тунларни намоз ўқиш билан ўтказаман, – деди. Бошқаси эса:

– Мен умрбод рўза тутаман, оғзим очиқ юрмайман, – деди. Яна бошқа бири:

– Мен аёллардан четда бўламан, абадул абад уйланмайман, – деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдиларига келиб:

– Шундай, шундай, деганлар сизларми?! Аммо Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг қўрқувчироғингизман ва Унга энг таҳводорингизман. Лекин рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам, аёлларга уйланаман ҳам. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас, – дедилар».

Шу билан Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларни ўзига ҳаром қилиб, онт ичиш ёки вазифа қилиб олиш бекор қилинди. Ҳамда Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларни ҳаром қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги таъкидланди.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Шаъбон ойининг фазилатлари

14.02.2024   1938   6 min.
Шаъбон ойининг фазилатлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Шаъбон ойи – ҳижрий-қамарий тақвимнинг саккизинчи ойи бўлиб, Ражаб ва Рамазон ойлари ўртасида жойлашган. Бу ой тўғрисида келган маълумотларни ўрганиб кўрсак, асосий урғу Рамазон ойига руҳан ва жисмонан тайёргарлик кўришга қаратилганини англаймиз. Бу ойда одатдагидан кўпроқ нафл рўза тутиш, Қуръон тиловат қилиш ва тунги ибодатларга машғул бўлишга тарғиб қилинган. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ё Аллоҳнинг Расули, ойлардан ҳеч бирида Шаъбон рўзасидек рўза тутганингизни кўрмадим», дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу бир ойки, одамлар ундан ғафлатда қоладилар. У Ражаб билан Рамазоннинг орасида. Бу бир ойки, унда амаллар Роббил оламийнга кўтарилур. Мен ҳам амалим кўтарилаётганда рўзадор бўлишни яхши кўраман”, дедилар (Имом Насоий ривояти).

Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йилнинг ҳеч бир ойида Шаъбондагидек кўп рўза тутмасдилар” (Имом Муслим ривояти).

Тобеъин, Куфа шаҳрининг фақиҳларидан бири Ҳабиб ибн Абу Собит Шаъбон ойи кирса: “Бу қориларнинг ойидир”, дер эди.

Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом, “Ким Аллоҳ учун бир кун рўза тутса, Аллоҳ таоло унинг юзини дўзахдан етмиш йиллик (масофага) узоқ қилади” деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Шаъбон ойининг ўн тўртинчидан ўн бешинчига ўтар кечаси “Бароат” кечаси деб номланади. Ушбу тунда кўплаб осий бандаларнинг тавбалари қабул бўлиб, гуноҳлари кечирилиши, ризқлар тақсимланиши, беморлар шифо топиши ва ундан бошқа фазилатларга эга экани борасида турли ривоятлар бор. Ушбу ривоятлар якка ҳолда заиф ҳадислар ҳисоблансада ҳамма санадларини жамлаб, умумий ҳолда хулоса қилинса, шариатимизга кўра ушбу кеча фазилатли ва баракотли кеча ҳисобланиши маълум бўлади. Шунинг учун ҳам Абул Ало Муҳаммад ибн Абдурроҳман Муборакфурий “Шаъбон ойи 15-тунининг фазилат борасида бир қанча ҳадислар бор бўлиб, уларнинг мажмуаси унинг шариатда ишончли асоси бор эканига далолат қилади”, деган (Туҳфатул аҳвазий. 3-жуз, 365-бет).

Машҳур мужтаҳид олим Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар: “Бизга етган хабарларда айтилишича беш кечада дуо ижобат бўлади: жума кечаси, қурбон ҳайит кечаси, Рамазон ҳайити кечаси, Ражабнинг биринчи кечаси ва Шаъбон ойининг ярмидаги кечаси” (Манба: Ал-Умм. 1-жуз, 264-бет).

Қуйида бу борада келган баъзи ҳадиси шарифларни келтириб ўтамиз: Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кечалардан бирида йўқотиб қўйдим. Сўнг у кишини излаб чиқдим. Қарасам, У зот Бақийъда осмонга қараб турган эканлар: “Эй, Оиша, Аллоҳ ва Унинг Расули сендан четлашидан қўрқдингми?”, дедилар. “Сиз баъзи аёлларингиз ёнига боргансиз, деб гумон қилувдим”, дедим. “Албатта, Аллоҳ Шаъбоннинг ярмидаги кечада дунё осмонига тушади ва Калб (қабиласи)нинг қўйлари жуни ададидан кўпроқ кишини мағфират қилади”, дедилар (Имом Термизий, Имом Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривояти).

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ Шаъбон ярмидаги кечада қараб кўриб жамики махлуқотларини мағфират қилур. Магар мушрик ва хусуматчи бундан мустаснодир”, дедилар (Имом Ибн Ҳиббон “саҳиҳи”да, шунингдек, Имом Табароний ва Имом Байҳақий ривоят қилишган).

Шунинг учун фуқаҳоларимиз ҳам бароат кечасини ибодат билан бедор ўтказишни мустаҳаб амаллардан санаганлар. Бу ҳақда ибн Нужайм Мисрий (ваф. 970/1563) раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар: “Рамазон ойининг охирги ўн кунлигини, икки ийдни, Зул ҳижжанинг аввалги ўн кунлигини ва Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаларини бедор ўтказиш ҳадисларда ворид бўлганидек мустаҳаб амаллардандир. “Ат-Тарғиб ват тарҳиб”да бу ҳақда батафсил тарзда зикр қилинган. Кечаларни бедор ўтказиш дегандан мурод уни ибодат ила ўтказиш тушунилади” (Манба: “Ал-Баҳрур-роиқ шарҳи канзид-дақоиқ”).

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, баъзилар томонидан бароат кечасида юз ракатли намоз ўқишлиши, унда “Ихлос” сурасини муайян ададда ўқилиши кераклиги ҳақидаги гап-сўзлар асоссиз эканини уламоларимиз таъкидлашган. Жумладан, Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ бу мавзуга тўхталиб бундай деганлар: “Билгинки, Шаъбон ойининг ярмида юз ракатли намозни ҳар бир ракатида “Ихлос” сурасини ўн мартадан ўқиб, адо этилиши, унинг фазилати кўп экани борасида Дайламий ва ундан бошқаларнинг ривояти мавзу – тўқима ҳадислар экани “Ал-Лаоли”да айтиб ўтилгандир” (Манба: “Мирқотул мафотиҳ”).

Аллома Абдулҳай Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳ Бароат кечаси ва ундаги қилинадиган ибодатлар ҳақида бундай деганлар: “Қовлий, феълий ҳадисларнинг мажмуаси орқали бароат кечасида ибодатни кўпайтириш мустаҳаб эканлиги маълум бўлади. Киши намоз ўқиши ва бошқа ибодатлар қилишда ихтиёрлидир. Намоз ўқишни истаса, шариатда манъ қилган нарсаларни очиқча ҳам, яширин ҳам қилмаслик шарти билан ракатларнинг ададини ва миқдори, кайфиятини намоз ўқувчининг ўзига топширилади” (Манба: “Ал-Аасаарул марфуа фил ахбарил мавзуа”).

Демак, бундан маълум бўладики, Бароат кечаси учун бирор хос ибодат тайин қилинмаган. Кимнинг кучи ва имкони қайси ибодатни адо этишга етса ўшани амалга ошираверади. Айниқса, истиғфор, тасбиҳ, таҳлил айтиб зикр қилиш, дуруду салавотлар айтиш, Қуръон карим тиловати ёки уни эшитиш, ҳадис китоблар мутолаа қилиш мақсадга мувофиқ. Шу билан бир қаторда умумий нафл намозларни ўқиш, Аллоҳ таолога дуолар қилиб, ҳожатларини сўраши улкан ажрларга сазовор қилади. Валлоҳу аълам.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Мақолалар