Одатда одам бир натижа кўрсатса, нимагадир эришса бунда ўзининг куч ва имкониятлари, ҳаракатларини бирламчи санай бошлайди ва шунда хатога йўл қўяди. Ҳолбуки, Аллоҳнинг фазлисиз ҳеч ким ҳеч бир нарсага эга бўла олмайди.
UFC чемпиони Жозе Альдо 10 йил мобайнида ҳечам енгилмаган. Лекин Лигада янги жангчи билан урушганида эса 13 секундда нокаутга учраган.
Криштиану Роналдо энг чўққига чиққан эди. Лекин Лига чемпионатида гол ура олмади.
Югуриш бўйича рекордчи Усейн Болт финалда оёғи қайрилиб, финишга етиб бора олмаган.
Машҳур Михаэль Шумахер эса оёғини синдириб олиб, чемпионатни ўтказиб юборган.
Афсонавий шахматчи Роберт Фишер ҳаётидаги энг муҳим ўйинда ёш бола қиладиган хатога йўл қўйиб, ютқазган...
Демак, ҳаётда нима бўлишидан қатъий назар эсда тутинг: насибада борини оласиз. Ҳаракат ва уринишлар сабаблар, холос.
Шундай экан, ҳар ишга сиқилманг. Аллоҳга суянинг. Ҳаммасини Унинг амридан, деб билинг! Адашиб, улоқиб кетишдан паноҳ тиланг. Зотан, инсон барибир ожиздир.
Аллоҳ таоло Ҳаж сурасининг 73-оятида бундай мисол келтиради: “...бир пашшани ярата олмаслар, агар пашша улардан бирор нарсани тортиб олса, уни ундан айириб ололмаслар”. Ростдан ҳам, бир пашша чақса, уни тутишга, биздан олганини қайтариб олишга қодир эмасмиз. Бас, Раббимизга таяниб, ўзимизни, ишларимизни ҳавола қилиб яшайлик, азизлар! Ишонинг, бу энг улуғ саодатдир.
Акбаршоҳ Расулов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Кунлардан бирида профессор қўлига сув тўлдирилган идишни олдида, қўлларини олдинга узатиб, талабалардан сўради:
– Агар бу идишни шу ҳолатда узоқ вақт ушлаб турсам нима бўлади?
– Қўлларингиз оғриб кетади.
– Бир кун ушлаб турсам-чи?
– Қўлларингиз зўриқиб, уюшиб, тамом бўлади, мушакларингиз шикастланиши ҳам мумкин.
– Агар кун бўйи турсам, идишнинг вазни ўзгарадими?
– Асло йўқ!
– Хўш, бу аҳволдан қутилиш учун нима қилишим керак?
– Оддий-ку! Идишни қайтариб стол устига қўйинг!
– Баракалла! – юзларига кулгу югириб жавоб берди профессор. Ҳаётда учрайдиган қийинчиликлар ҳам шунга ўхшайди. Агар муаммоларингизни бир неча дақиқа ўйласангиз, улар сизга яқинлашади. Ҳаёлингизни узоқ вақт улар билан банд қилсангиз, тинкангизни қуритади. Кун бўйи шу муаммоларингиз дардида юрадиган бўлсангиз, миянгиз оғриб, тўғри қарор қабул қилолмайдиган ҳолга келиб қолади. Бу билан муаммоларингизнинг “вазни” ўзгармайди. Шундай экан, сабр ва дуо билан Аллоҳ таолодан умидвор бўлинг. Зеро, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир.