Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Июл, 2025   |   16 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:18
Қуёш
05:00
Пешин
12:34
Аср
17:41
Шом
20:01
Хуфтон
21:35
Bismillah
11 Июл, 2025, 16 Муҳаррам, 1447

“Сафарга кетдилар...”

04.07.2025   23678   2 min.
“Сафарга кетдилар...”

Аёли вафот этганидан кейин эри жуда маюс бўлиб қолди. Бир куни унинг яқин дўсти уни койиди:

– Ҳалиям уйланмадингми?

– Йўқ, – деди у.

– Нега, наҳотки бошқа аёллар ичида сенга ёқадигани бўлмаса?

– Раҳматли аёлимга ўхшагани топилмаса керак...

– Қўйсанг-чи, аёлларнинг бари бир-бирига ўхшайди-ку!..

– Мен зоҳирини айтмаяпман. Ички оламини, ботинини айтяпман.

Йигит ҳайрон бўлиб қараб турган дўстига ҳаётида бўлган биргина воқеани гапириб берди:

“Бир куни аёлим жаҳлимни чиқарди. Қаттиқ уришдим ва уни ота уйига ҳайдадим. Жимгина кетди. Орадан бир неча кун ўтгач, қилган ишимдан пушаймон бўлдим. Аслида айб ўзимдан ўтганини англадим. Минг андиша билан қайнотамникига бордим. Эшик олдида бироз туриб қолдим. Сўнг эшикни тақиллатдим. Аёлим очди ва мени ҳайратда қолдириб, худди орамизда ҳеч гап ўтмагандай, баланд овозда:

– Ассалому алайкум дадажониси, сафарингиз яхши ўтдими? – дея табассум билан кўзини қисиб қўйди. Унга бир нималар демоқчи бўлган эдим, у мени қаттиқ бағрига босиб, бундай деди:

– Гапирманг, ота-онамга сизни “сафарга кетдилар”, дедим...

Ана шундай фаҳмли, оқила эди аёлим. Шунинг учун ҳам унга ҳеч бирини ўхшатолмай, уйланолмай юрибман, дўстим”.

Ҳа, азизлар! Аллоҳ таоло эркакни аёл учун, аёлни эркак учун неъмат қилиб берган. Тўғри, баъзилар бир-бирларининг камчиликларидан шикоят қилиб қолишади. Аммо ҳеч ким бенуқсон эмас. Мукаммал аёлни ҳам, эркакни ҳам ахтарманг бу дунёда. Ҳикояда келганидек, баъзида эр учун бир жуфти ҳалол бутун дунёдаги аёллардан афзал бўлиши мумкин. Шундай экан, аҳли аёлимизни қадрлайлик. Зеро, у ҳам кимнингдир фарзанди, болаларимизнинг онаси. Энг муҳими, Аллоҳнинг бизга берган омонатидир.

Акбаршоҳ РАСУЛОВ

Бошқа мақолалар

Индонезия ОАВ Ўзбекистон олимларининг Жакартага илмий сафарини ёритди

09.07.2025   3816   4 min.
Индонезия ОАВ Ўзбекистон олимларининг Жакартага илмий сафарини ёритди

Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси, Мусулмонлар идораси, Имом Бухорий, Имом Мотурудий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси масъул ходимларидан иборат илмий гуруҳнинг Индонезияга ташрифи ушбу мамлакатнинг етакчи босма ва электрон нашрлари томонидан кенг ёритилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

 

 

Жумладан, Индонезиянинг "CNN Indonesia" ахборот агентлиги "Ўзбекистон делегацияси Индонезияга ташриф буюрди" сарлавҳали мақолани эълон қилди. Унда Шариф Ҳидоятулла номидаги Жакарта давлат ислом университетида "Мовароуннаҳрдан Жануби-Шарқий Осиёга: ҳадис илмлари ва интеллектуал алоқалар" мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтгани ва мазкур анжуманда Ўзбекистондан етакчи олимлар иштирок этгани маълум қилинган.

 

"Тадбир илмий мулоқот шаклида ташкил этилган бўлиб, унинг доирасида Имом Бухорий меросини ўрганиш, Мавароуннаҳр уламоларининг Индонезия оролларида ислом динини тарқатишда тутган ўрни, ҳадисшунослик йўналишида ҳамкорликни ривожлантириш каби масалалар муҳокама қилинди", – деб ёзган ахборот агентлиги.

 

Ўзбекистон делегациясининг ташрифи доирасида бўлиб ўтган қатор тадбирлар икки мамлакат ўртасида исломий маърифат, таълим, диний бағрикенглик ва тарихий меросни асраб-авайлаш соҳаларида алоқаларни янада мустаҳкамлаши таъкидланган.

 

Мақолада хабар қилинишича Ўзбекистон илмий-маърифий доиралари вакиллари Индонезия халқ манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вазири Мухаймин Искандар, экология вазири ўринбосари Диас Хендраприоно, Уламолар Кенгаши ва "Наҳдатул уламо" ташкилоти раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди.

"Businessreview" веб-сайти "Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Шариф Ҳидоятулла номидаги Жакарта давлат ислом университети ҳамкорлиги диний мўътадиллик ва ислом таълими тизимини мустаҳкамлайди" сарлавҳали мақолани эълон қилди.

 

 Нашрда Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ва Шариф Ҳидоятулла номидаги Жакарта давлат ислом университети ҳамкорлигида Индонезия пойтахтида илмий-амалий конференция ташкил этилгани қайд этилган.

 

 Материалда ёзилишича, анжуманда Мавороуннаҳр тарихи, Имом Бухорий мероси, Марказий Осиё уламоларининг Индонезияда ислом таълимотини тарқатишда тутган ўрни каби мавзулар муҳокама қилинди.

 

Ушбу мамлакатдаги "Aspirasi Nusantara" электрон нашри Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази директори ўринбосари "Наҳдлатул уламо" ташкилоти фаолияти билан танишгани ҳақида ёзди. Маълум қилинишича, шу йил 2 июль куни Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Даврон Махсудов ҳамда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Шаҳзод Исломов Индонезиядаги энг йирик ташкилот "Наҳдлатул уламо" раҳбарияти билан учрашди.

 

"Наҳдлатул уламо" ташкилоти қошидаги Илмий марказ раҳбари Абшор Абдулло Имом Мотуридий таълимоти сунний калом илмида мўътадил, ақл ва мантиққа таянадиган йўналиш эканини қайд этди" – деб ёзган электрон нашр.

 

Томонлар таълим соҳасида алоқаларни кенгайтириш, талабалар алмашувини амалга ошириш ва зиёрат туризми йўналишида дастурлар ишлаб чиқиш каби мавзуларда фикр алмашдилар.

 

Индонезиянинг "Jakarta Merdeka" онлайн портали эса "Богор Ботаника боғида дўстлик дарахти экилди" сарлавҳали мақолани эълон қилинди. Унда Ўзбекистон делегацияси аъзолари Богор шаҳридаги Индонезия Миллий Ботаника боғида дарахт экиш маросимида иштирок этгани ва Индонезия экология вазири ўринбосари билан учрашув ўтказгани маълум қилинган.

 

 "Вазир ўринбосари Диас Хендраприоно Имом Бухорий тўплаган ҳадислар орасида табиатни асрашга оид насиҳат ва тавсиялар кўп эканини таъкидлади. Бу эса ислом таълимотида экологик билим ва онг асосий ўрин тутишининг яққол далилидир", – деб ёзилган "Jakarta Merdeka" мақоласида. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати