Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қашқадарё вилояти вакиллиги ташаббуси билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг қаламига мансуб “Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими” китоби асосида имом-хатиблар ўртасида илмий-маърифий заковат мусобақаси ташкил этилди. Тадбирда шаҳар ва туманларда хизмат қилаётган диний соҳа вакиллари иштирок этди.
Мусобақанинг асосий мақсади — мазкур китоб орқали имом-хатиблар билимларини бойитиш, фиқҳ ва ақида соҳасида учрайдиган ихтилофли масалаларга аниқ ва мантиқий ечим топиш кўникмасини мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Мусобақада 5 та гуруҳдан иборат 30 нафар имом-хатиблар иштирок этишди. Иштирокчилар китобда баён этилган фиқҳий масалалар, ақидавий қоидалар, уламолар фикри ва уларнинг далиллари асосида тайёрланган мукаммал шарҳ талаб этувчи саволларга жавоб бериш билан баҳоландилар.
Беллашув жуда қизғин руҳда ўтди. Юқори савияда тайёргарлик кўрган жамоалар ўртасида тортишувли баҳслар, далиллар келтириш ва илмий мулоҳазалар билан бойиган баҳолаш жараёни барча иштирокчилар учун катта тажриба бўлди.
Мусобақа якунига кўра ғолиб ва фаол иштирокчилар диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди. Тадбир масъулларининг қайд этишича, бундай илмий мусобақалар имом-хатибларнинг билим ва маҳоратини ошириш, жамоат орасидаги эътиқодий барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
ЎМИ Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Президентимиз Оқдарё тумани Даҳбед шаҳарчасида жойлашган Маҳдуми Аъзам мажмуасида амалга оширилаётган реконструкция ишлари билан танишди.
Давлатимиз раҳбари шу йилнинг март ойида Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Маҳдуми Аъзам қадамжосини обод қилишга оид лойиҳа билан танишган эди.
Асли ҳозирги Косонсой туманида туғилган сўфий олим нақшбандия таълимотининг раҳнамоларидан бири бўлган. Ёшлик чоғларида Фарғонадаги мадрасада савод чиқариб, Самарқандда Хожа Аҳрор Валийнинг шогирди мавлоно Муҳаммад Қозий қўлида пирлик даражасига етишади. Кейинчалик ўзи тариқат илмига доир 30 дан зиёд асар ёзган, кўплаб шогирдлар етиштирган.
Бу зотга илм йўлидаги хизматлари учун Маҳдуми Аъзам унвони берилади. Илм ва дин йўлидаги узоқ сафардан сўнг Самарқанд вилоятида абадий қўним топган.
Самарқанд ҳукмдори бўлган Ялангтўш Баҳодир Маҳдуми Аъзам қабри устида даxма қурдирган ҳамда бу ерда йирик масжид, илм толиблари учун мадраса ҳам барпо қилган. У вафот этганидан сўнг ўз васиятига кўра, шу ерда дафн этилган. Умуман, зиёратгоҳда 50 дан зиёд қабртош сақланган бўлиб, аксарияти кимнинг шарафига қўйилгани аниқланган. Бу ерда кўплаб алломалар қаторида икки нафар Афғонистон ҳукмдори (Шоҳ Ҳидоят ибн Шоҳ Қосим (1668 йил), Шоҳ Саодат ибн Шоҳ Ҳидоят) ҳам дафн этилган.
Аллома мангу қўним топган зиёратгоҳда лойиҳа доирасида кенг кўламли реконструкция ишлари амалга оширилмоқда.
Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳининг умумий майдони қарийб 5 гектарни ташкил этади. Бу масканга келувчи зиёратчилар ҳам кўп. Уларга шароитларни яхшилаш мақсадида Маҳдуми Аъзам мақбараси ёнида уч қаватли замонавий автотураргоҳ, кириш дарвозаси, кушхона ва маъмурий бинолар, таҳоратхона, минг кишилик масжид ва қўшимча айвонлар қурилмоқда.
Таъмирлаш ишларидан сўнг бир вақтнинг ўзида 35 минг зиёратчини қабул қилиш имконияти яратилади. Авваллари 5 минг зиёратчи қабул қилинган.
Шунингдек, ҳудудда зиёратчиларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, 40 дан ортиқ савдо ва сервис объектлари ташкил этилади.
Алломанинг руҳлари ёдга олиниб, Қуръон тиловати қилинди. Президент зиёратгоҳда дарахт экди.
Зиёратгоҳни янада ободонлаштириш, боғда асрларга татигулик дарахтлар барпо этиб, ташриф буюрувчилар учун қулайликлар яратиш юзасидан топшириқлар берилди.
https://president.uz/uz/lists/view/8702