Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Феврал, 2026   |   18 Шаъбон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:09
Қуёш
07:29
Пешин
12:42
Аср
16:03
Шом
17:49
Хуфтон
19:03
Bismillah
06 Феврал, 2026, 18 Шаъбон, 1447
Мақолалар

Нега Каъбанинг иккита томи бор?

04.02.2026   1741   2 min.
Нега Каъбанинг иккита томи бор?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Каъба биносининг мустаҳкамлигини таъминлаш учун унга қўшимча том қурилган бўлиб, у ички ва ташқи томлардан иборат. Ушбу икки том орасидаги масофа бир метрдан ортиқни ташкил этади.

Ташқаридан қараганда ёки Каъба ичига кириб, шифтга қаралса, том бир қаватдек туюлади.  Каъбанинг юқорисига чиқгач, томнинг икки қаватдан иборат эканлиги билинади.

Каъбадаги ички шифт ва ташқи томлар асосан ёғочдан ишланган. Ташқи том Бирмадан келтирилган 49 дона Тик (teak) дарахти ёғочидан тайёрланган. Ҳар икки том махсус елим билан маҳкамланган бўлиб, бу уларнинг бутунлигига зарар етказмаслигини таъминлайди.

Тик ёғочи дунёдаги энг қаттиқ ва чидамли ёғочлардан бири ҳисобланади. Унинг таркибида табиий мойлар кўп бўлгани учун у намликка, чиришга ва турли ҳашаротларга (масалан, термитларга) ниҳоятда бардошлидир. Чидамлилиги туфайли ундан асосан кемасозликда, қимматбаҳо мебеллар ясашда ва тарихий обидаларнинг том қисмларини қуришда фойдаланилади. Асосан Жанубий ва Жанубий-Шарқий Осиёда (Ҳиндистон, Индонезия, Мьянма/Бирма) ўсади.

Маълумотларга кўра, Каъбанинг ички том қисми тарих давомида 100 мартадан ортиқ таъмирланган. Илк таъмирлаш ишлари Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссломнинг охирги ҳаж сафарларидан қайтганларидан сўнг, баъзи тошлар тушиб кетганда амалга оширилган. Тошлар ёғоч билан алмаштирилган.

Кейинчалик, Халифа Умар ибн Хаттоб даврида ҳам бинони янада мустаҳкамлаш чоралари кўрилган ва ушбу даврда мустаҳкам хом ашёлар ишлатилгани манбаларда қайд этилади.

Ҳар йили Маккада кучли ёмғирлар мавсуми бошланганда, бир гуруҳ мутахассис усталар Каъба томини кўздан кечирадилар. Агар ёмғир суви томдаги кичик тирқишлардан ичкарига сизиб кирса, иншоотнинг ўша қисмини қайта таъмирлайдилар.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Қуръон қалбини забт этган йигит

03.02.2026   8766   3 min.
Қуръон қалбини забт этган йигит

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Имом Саълабий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Абу Муҳаммад Халил ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Масъуд Музаккар раҳимаҳуллоҳнинг бундай деганларини эшитдим: “Баъзи улуғлардан бундай ҳикоя келтирилган:

“Мансур ибн Аммор айтади: “Бир хароба жойга кирдим. У ерда қўрқув билан намоз ўқиётган йигитни кўрдим. Ичимда: “Албатта, бу йигитда бир гап бор. Эҳтимол, у Аллоҳ азза ва жалланинг валий дўстларидан бўлса”, дедим. Намоз ўқиб бўлгунича кутиб турдим. Намозидан салом бергач, унга салом бердим. У алик олди. Унга: “Жаҳаннамда бир водий борлигини билмадингиз-ми? Аллоҳ таоло у ҳақида бундай деган:

 

كَلَّا إِنَّهَا لَظَى

 

“Йўқ! Албатта у (жаҳаннам) кучли алангадир”.

 

نَزَّاعَةً لِّلشَّوَى

 

“Бошнинг терисини сидириб олувчидир”. (Бош териси шилиб олинган дўзахийга Аллоҳ таоло яна янги тери ато этади. Жаҳаннам ўти эса яна уни шилиб олади ва шу тариқа тўхтовсиз давом этаверади.)

 

تَدْعُو مَنْ أَدْبَرَ وَتَوَلَّى

 

“У чақирадир; орқага кетган ва юз ўгирганни” (Маориж сураси, 15-17-оятлар).

 

Оятни эшитган йигит чуқур нафас олди-да, ҳўнграб йиғлаб юборди, оҳ тортди-ю, ҳушидан кетди. Ўзига келганда, менга: “Яна Қуръон оятидан ўқиб беринг!” деди. Мен:

 

وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ

 

“Ёқилғиси одамлар ва тош бўлган” (Бақара сураси, 24-оят) деган оятни ўқидим. Оятни эшитиши биланоқ жони узилиб, ерга йиқилди.

Либосини кўтариб, кўксини очсам, кўкраги устига:

فَهُوَ فِي عِيشَةٍ رَّاضِيَةٍ

 

“Бас, у розилик ҳаётидадир”

 

فِي جَنَّةٍ عَالِيَةٍ

 

“Олий жаннатдадир”

 

قُطُوفُهَا دَانِيَةٌ

 

“Унинг мевалари яқиндир” (Ҳааққоҳ сураси, 21-23-оятлар) деган оятлар ёзилганини кўрдим.

Кеч бўлгач, уйқуга ётдим. Тушимда уни тўшак устида, бошига тож кийиб ўтирган ҳолда кўрдим. Ундан: “Аллоҳ таоло сени нима қилди?” деб сўрадим. Шунда у: “У Зот менга Бадр аҳлининг савобини берди ва яна зиёда қилди”, деб жавоб берди. Мен яна ундан: “Нега сенга уларнинг савоби мислича савоб берди?” десам, у: “Чунки улар кофирларнинг қиличлари билан ўлдирилдилар. Мен эса Маликул Ғаффорнинг қиличи билан ўлдирилдим”, деб жавоб берди.

Ушбу қиссани олим Ёфиъий “Ровзур раёҳийн фий ҳикаятис солиҳийн” китобида келтирган.


Аҳмад ибн Иброҳим Саълабийнинг
"Қуръон ошиқлари" китобидан