Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачонки, бирортангиз Исломини чиройли қилса, унинг қилган ҳар бир яхши амали ўн мислидан етти юз баробаргача кўпайтириб ёзилади. Қилган ҳар бир ёмон амали эса ўз мислича ёзилади”, дедилар.
Бошқа бир ривоятда: “Фақат Аллоҳ уни ўтиб кечиб юборса (ёзилмайди)”, дейилган (Икки Шайх ривоят қилишган).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифларида биз умматларини мухлис мусулмон бўлишга тарғиб қилмоқдалар. Чунки ўта мухлис мусулмон бўлмай туриб, ҳеч ким ўз Исломини чиройли қила олмайди. Ўтган ҳадисларнинг бирида киши Исломининг чиройли бўлиши ичдан ҳам, устдан ҳам Исломнинг ҳамма талабларига жавоб бера оладиган бўлиши билан амалга ошишини ўрганган эдик.
Инсон ўз Исломини чиройли қилганда эса катта ва улкан мукофотга сазовор бўлар экан. Бу мукофот эса икки томонлама бўлади:
1. Унинг қилган ҳар бир яхши амали ўн баробардан етти юз баробаргача кўпайтириб ёзилар экан.
2. Унинг қилган ҳар бир ёмон амали ўз мислича, кўпайтирилмасдан ёзилар ёки Аллоҳ хоҳласа, кечириб юборилар экан. Бу эса албатта, мўмин банданинг олий даражаларга эришишидан далолат беради.
Бу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар очиқ-ойдин кўриниб турибди. Фақат Исломимизни чиройли қилишга уринишимиз қолди, холос.
“Ҳадис ва ҳаёт” китобидан
Муборак ой муносабати билан Хоразм вилоятидаги кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар учун ҳам “Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи”, деган эзгу ғоя асосида ифторлик дастурхонлари ёзилмоқда. Ҳозирга қадар умумий ҳисобда имомлар томонидан 11 та оилага кирилиб, уларга жами 27 миллион сўмлик озиқ-овқат жамланмалари туҳфа қилинди.
Жумладан, вилоят бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Абдуллаев Урганч шаҳридаги Абулғози Баҳодирхон кўчаси 159-уйда яшовчи Сўнажон Бозорбоева хонадонида файзли ифторлик уюштириб, хонадон аъзоларидан ҳол-аҳвол сўраб, уларнинг қалблари қувончга тўлдирилди.
Бу йилги Рамазонда вилоят маҳаллаларидаги кам таъминланганлар учун бошланган бундай ифторликлар Рамазонни янада файзли, тароватли ўтказишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати