Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Июн, 2026   |   22 Зулҳижжа, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:50
Пешин
12:27
Аср
17:37
Шом
19:59
Хуфтон
21:35
Bismillah
09 Июн, 2026, 22 Зулҳижжа, 1447

Қуръони каримни шарҳлаш – Набий алайҳиссаломнинг ҳуқуқ (ваколат)лари (8-қисм)

02.08.2022   3436   2 min.
Қуръони каримни шарҳлаш – Набий алайҳиссаломнинг ҳуқуқ (ваколат)лари (8-қисм)

Қуръони каримни шарҳлаш ва тушунтириш Набий алайҳиссаломга берилган иккинчи ҳуқуқдир. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръони карим оятига қилган тафсирлари ҳал қилувчи сўз саналади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

﴿بِالْبَيِّنَاتِ وَالزُّبُرِ وَأَنْزَلْنَا إِلَيْكَ الذِّكْرَ لِتُبَيِّنَ لِلنَّاسِ مَا نُزِّلَ إِلَيْهِمْ وَلَعَلَّهُمْ يَتَفَكَّرُونَ﴾

“Очиқ-ойдин баёнотлар ва китоблар ила (юбордик). Ва сенга одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун зикрни нозил қилдик. Шоядки, тафаккур қилсалар” (Наҳл сураси, 44-оят).

Ушбу оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асосий вазифаларидан бири – Қуръони каримни баён қилиш экани алоҳида таъкидланмоқда. Макка аҳли Қуръон оятларининг зоҳирий маъноларини шарҳланишига эҳтиёж сезишмаган. Чунки Қуръони карим уларнинг ўз она тилида ваҳий қилинарди. Арабларнинг аксарияти саводсиз бўлишига қарамай, тил ва адабиёт борасида жуда кучли билимга эга бўлганлар. Уларнинг сермазмун шеърлари, балоғатли нутқлари, таъсирли суҳбатлари араб адабиётининг бебаҳо хазинасини ташкил этарди. Шу сабабли, араблар Қуръон оятларининг зоҳирий маъносини яхши тушинишган. Маъноларини англамай қолишлари амри маҳол бўлган.

Демак, бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга арабларга Қуръон оятларининг ботиний маъноларини ҳам баён қилиб бериш вазифаси юклангани маълум бўлади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади:

﴿ثُمَّ إِنَّ عَلَيْنَا بَيَانَهُ﴾

Сўнгра уни баён қилиб бериш ҳам Бизнинг зиммамиздадир (Қиёмат сураси, 19-оят).

Бу оятни тафсир қилишга асло ҳожат йўқ. Аллоҳ таоло Ўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръон оятларининг тафсирини билдирган. Шунга кўра, Набий алайҳиссалом бирор оятни қандай тафсир қилган бўлсалар, албатта уни Аллоҳ таоло билдирган бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръони карим тафсири ва шарҳида айтган сўзлари ҳал қилувчи сўнгги сўздир.

 

Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг

"Ислом шариатида суннатнинг ўрни" китобидан

Таржимон: Даврон НУРМУҲАММАД

 

1-қисм2-қисм3-қисм4-қисм6-қисм7-қисм, 8-қисм, Давоми бор...

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Кибер хавфсизлик ва интернетдаги алдовлардан эҳтиёт бўлиш

09.06.2026   1855   2 min.
Кибер хавфсизлик ва интернетдаги алдовлардан эҳтиёт бўлиш

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таоло инсонга ақл, илм ва технология неъматларини ато этди. Бу неъматлардан яхшилик йўлида фойдаланиш банданинг вазифасидир. Аммо бугунги кунда интернет тармоқларида фирибгарлик, алдов, шахсий маълумотларни ўғирлаш ва бошқаларнинг молини ноҳақ йўл билан қўлга киритиш каби жиноятлар кенгайиб бормоқда.

Қуръони Каримда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Бир-бирларингизнинг молларингизни ноҳақ йўл билан еманглар" (Бақара сураси, 188-оят).

Интернет орқали банк карталарини бузиш, сохта ҳаволалар юбориш, одамларнинг пулларини фириб билан тортиб олиш ушбу оятда қайтарилган ноҳақ ишлар жумласидандир.

Яна Аллоҳ таоло дейди: "Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз эгаларига топширишингизни буюради" (Нисо сураси, 58-оят).

Инсоннинг шахсий маълумотлари, пароллари ва электрон ҳисоблари ҳам омонат ҳисобланади.

Уларни ҳимоя қилиш ва бошқаларнинг маълумотларига тажовуз қилмаслик мусулмоннинг бурчидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Ким бизларни алдаса, биздан эмас" (Имом Муслим ривояти).

Интернетда ёлғон реклама бериш, сохта савдо қилиш, одамларнинг ишончини суйистеъмол қилиш ушбу ҳадис таҳдидига киради.

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Мусулмон — бошқа мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлган кишидир" (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Бугунги кунда инсон фақат қўли билан эмас, балки телефони, компьютери ва интернет орқали ҳам зарар етказиши мумкин. Шунинг учун ҳақиқий мусулмон бошқаларнинг мол-мулки ва маълумотларига зиён етказмайди.

Ривоят қилинишича, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу давлат молидан фойдаланишда шунчалик эҳтиёткор эдиларки, шахсий ишлари учун давлат чироғини ўчириб қўяр эдилар. Бу воқеа мусулмон киши ўз ҳаққи бўлмаган нарсага ҳатто арзимас даражада ҳам кўз олмаслиги лозимлигини ўргатади.

Азиз ёшлар! Интернетда номаълум ҳаволаларга кирманг, паролларингизни бошқаларга берманг, сохта совринлар ва тез бойиш ваъдаларидан эҳтиёт бўлинг. Технологиядан илм, маърифат ва ҳалол ризқ учун фойдаланинг.

Аллоҳ таоло барчамизни интернет фитналари, фирибгарлик ва жиноятлардан асрасин. Технологияларни инсонларга манфаат етказиш йўлида ишлатувчилардан қилсин. 

Абдуллоҳ Муҳиддинов,
Наманган шаҳар “Ёқуббой ҳожи” жоме масжиди имом ноиби 

МАҚОЛА