Таиланд ҳукумати Таиланд ва Малайзия ўртасидаги мусулмонлар кўп бўлган чегара вилоятларида ҳалол саноатни ривожлантириш орқали Яқин Шарқдаги мамлакатларга ҳалол маҳсулотлар экспорт қилишга интилади.
Озиқ-овқат маҳсулотларига, хусусан, ҳалол маҳсулотларга глобал талаб ортиб бораётгани муносабати билан Таиланд ҳукумати мазкур йўналишдаги фаолиятни янада ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда.
Бугунги кунга қадар Таиландда ҳалол маҳсулотлар экспорти 20 фоизни ташкил этади. Мамлакат 2021-2022 йилларда ҳалол маҳсулотлар экспортидан 6 миллиард доллар даромад олган.
Шу мақсадда Таиланднинг Ҳат Яй шаҳрида Малайзия ва Таиланддан ҳалол маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи компаниялар иштирокида ҳалол маҳсулотлар кўргазмаси бўлиб ўтди. Икки мамалакат мутасаддилари фикрига кўра, ушбу кўргазма Малайзия ва Таиландда иқтисодий ривожланишни кенгайтиришга ёрдам беради.
Қайд этиш жоизки, ҳалол маҳсулотлар нафақат озиқ-овқатни, балки мода, кийим-кечак, фармацевтика маҳсулотлари ва туризмни ҳам ўз ичига олади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ҳар бир сеҳргарнинг содда инсонларни алдайдиган белги ва аломатлари бор. Аксарият сеҳргарларда қуйидаги белгилар кузатилади:
1. Ҳузурига келган одамнинг исмини, онасининг исмини, ёшини сўраш. Бу сеҳргарнинг энг кўзга кўринган белгисидир.
2. Ҳузурига келган кишидан шахсий нарса талаб қилиш. Масалан: соч ёки тирноқ бўлаги ва ҳ.к.
3. Сеҳрламоқчи бўлган одамнинг расмини сўраш.
4. Тутатқилардан фойдаланиш. Улар бу билан ўзларига жинларни чақирадилар.
5. Тунда ишлаш. Бу уларнинг энг кенг тарқалган аломати. Уламолардан бири айтади: “Сеҳрнинг кучи ва таъсири кеч тушганда кучаяди. Шу сабабли, сеҳргарлар кундуз куни бўлса ҳам, қоронғу жойда қинғир ишларини бажарадилар.
6. Тингловчига тушуниш қийин, тушунарсиз сўзларни айтиш: минғирлаш ва лабларни ҳаракатлантириш.
7. Даволаниш вақтида Қуръон оятлари ва ҳадисларни ғўлдирадиган гаплар билан аралаштириш. Бу орқали одамлар тасаввурида “Қуръондан ўқияпти” деган фикр пайдо бўлади.
8. Белги ва жадваллар ёзилган китоблардан фойдаланиш.
9. Хар хил белги, ҳарф, рақам, доира ва жадваллар ёзилган китоблардан фойдаланиш.
10. Беморга учбурчак ёки ўралган квадрат шаклдаги туморлар бериш.
Сеҳргарлар туморни эътиборсиз қолдирмасликни алоҳида таъкидлайди. Агар унга бефарқлик қилса, касалликка йўлиқиши ёки бирор мусибатга мубтало бўлиши билан қўрқитади.
Шунингдек, беморга ҳарф, жадвал ва рақамлар ёзилган қоғозларни беради. Уларни сувга ботириб, кейин сув ичишни ёки у билан чўмилишни буюради.
Агар сиз сеҳргарларнинг шу ва шунга ўхшаш аломатларидан бирини кўрсангиз, эътиқодингизни бузишдан сақланинг ва улардан узоқ бўлинг. Чунки ким Аллоҳ учун бирор нарсани тарк этса, Аллоҳ таоло уни ундан афзалига етказади.