muslim.uz

muslim.uz

АОКА ҳузуридаги штабда бўлиб ўтган брифинг

Тошкент шаҳар бош имом хатиби

Нуриддин Холиқназаров 

Вторник, 25 Август 2020 00:00

ТАЪЗИЯ БИЛДИРАМИЗ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси дин соҳасида узоқ йиллардан бери хизмат қилиб келган Жиззах вилояти Зарбдор туманидаги “Керез” жоме масжиди имом-хатиби Қодирқул домла Ўтамуродовнинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилган имом домламизнинг дин йўлида қилган хизматларини, барча солиҳ амалларини даргоҳида қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин.

Ҳақ таоло раҳматли домламизнинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Қодирқул домла Ўтамуродовнинг яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Воскресенье, 23 Август 2020 00:00

ТАЪЗИЯ БИЛДИРАМИЗ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси узоқ йиллар давомида Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ва Нукус "Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний" ўрта махсус ислом билим юрти бош ҳисобчиси лавозимида ишлаб келаётган Аметов Ремберген Қудайберген ўғли вафот этгани муносабати билан чуқур таъзия изҳор этамиз.
Барчага ўзининг меҳнатсеварлиги билан намуна бўлган, бир нечта шогирдларни тарбия қилган Ремберген Аметовнинг оила аъзоларига, қариндошларига ва ҳамкасбларига чуқур таъзия билдирамиз.
Аллоҳ таоло марҳумнинг барча яхши амалларини ўзига ҳамроҳ қилиб, Ўз раҳматига олсин.
Ҳақ таоло марҳумнинг яқинларига сабри жамил ато этсин!


Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Воскресенье, 23 Август 2020 00:00

Карим Камолов қабри зиёрат қилинди

Бухоро эли оғир жудоликка учради. Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи, давлат ва жамоат арбоби Карим Жамолович Камолов 22 август куни 65 ёшида вафот этди. Марҳум Бухоро шаҳридаги «Ҳазрати Имом» қабристонига дафн этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 август куни бу ерга ташриф буюриб, Карим Камолов қабрини зиёрат қилди. Марҳум ҳақига Қуръон тиловат қилинди.

Ўзининг 47 йиллик фаолияти давомида Карим Камолов чинакам раҳбарлик қобилияти, инсоний фазилатлари билан улкан ҳурмат қозонгани, Бухоронинг ҳар томонлама ривожланиши ва обод бўлишига катта ҳисса қўшгани таъкидланди.

Карим Камолов 1955 йил Бухоро шаҳрида туғилган. Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институтини битириб, меҳнат фаолиятини қурилиш соҳасида бошлаган. 1994-2007 йилларда Бухоро шаҳри ҳокими сифатида самарали меҳнат қилган. Мазкур даврда бу ерда мислсиз бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, иқтисодий-ижтимоий соҳалар изчил ривожланди. Шаҳарнинг 2500 йиллиги кенг нишонланди, халқаро фестиваллар муваффақиятли ўтказилди. Қадимий обидалар обод қилиниб, туризм инфратузилмаси яхшиланди.

Карим Жамоловичнинг бой билим ва тажрибаси 2007-2017 йилларда «20-трест» масъулияти чекланган жамият раиси бўлиб ишлаган пайтларида қўл келди.

Охирги йилларда вилоятда юз бераётган кенг миқёсли ўзгаришлар ҳам Карим Камолов сермаҳсул фаолияти билан боғлиқ бўлди. У 2017 йилдан Бухоро шаҳри ҳокими, 2020 йил февралдан Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи сифатида мамлакатимиздаги ислоҳотларни амалга оширишда фидокорона меҳнат қилди. Халқ депутатлари вилоят ва шаҳар кенгашлари аъзолари қаторида ҳудуднинг иқтисодий-ижтимоий тараққиётига хизмат қиладиган муҳим қарорларни ишлаб чиқишга ҳам ҳисса қўшди.

Карим Камоловнинг давлатимиз ва халқимиз олдидаги буюк хизматлари муносиб тақдирланиб, у «Дўстлик», «Меҳнат шуҳрати» орденлари билан мукофотланган эди.

Воскресенье, 23 Август 2020 00:00

Таъзия билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Камалов Карим Жамаловичнинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Раҳматли Карим Камалов меҳнат фаолияти давомида бой билим ва катта тажрибаси, инсоний фазилатлари билан Бухоро халқининг қалбидан чуқур жой олган инсон эди. У киши 1955 йилда Бухоро шаҳрида таваллуд топган. Бухоро муҳандислик технологиялари институтини тамомлаб, бир неча масъул вазифаларда меҳнат қилган эди. Айниқса, 1994-2007 ва 2017-2020 йилларда Бухоро шаҳар ҳокими вазифасида жуда катта хайли ишларни амалга оширди. 2020 йил феваль ойидан буён Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимида хизмат қилаётган эди.
Бухоро вилоятида кейинги вақтларда юз берган ижобий ўзгаришлар Карим Камаловнинг фаолияти билан бевосита чамбарчас боғлиқ эди.
Олтмиш беш ёшни қаршилаган ушбу мўйсафид инсон Бухоро вилоятида олиб борган фаолияти барчага намуна бўлди.
Жумладан, масжид-мадрасаларни обод этиш, зиёратгоҳларни таъмирлаш ва имом-хатибларни қўллаб-қувватлаш ҳамда мадраса талабаларига муносиб шароитларни ҳозирлаш борасида жуда катта ишларни амалга ошираётган эди. Айниқса, Бухоро вилоятида фаолият юритаётган Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ва Мир Араб Олий мадрасаси фойдаланиши учун шариф шаҳарнинг Абу Ҳафс Кабир кўчасида жойлашган мактаб-интернат биноси ажратилиши ва таъмирланишига муносиб ҳисса қўшган.
Мана шундай кўп йиллик меҳнатлари эътиборга олиниб, ҳукуматимиз томонидан Карим Камалов фидоий инсон ва жонкуяр раҳбар сифатидаги меҳнатларини юксак қадрланиб “Дўстлик” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари билан тақдирланган эди.
Дарҳақиқат, Ислом динимизда умри узоқ бўлиб, солиҳ амаллар қилган инсонлар кўп мадҳ этилган. Абдураҳмон ибн Абу Бакра розияллоҳу анҳудан, у отасидан ривоят қилади: “Бир киши: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Инсонларнинг қайсиниси афзал” – деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умри узоқ бўлиб, амали чиройли бўлгани” – дедилар (Имом Термизий ривояти).
Бир ҳадиси қудсийда: “Эй Одам фарзанди! … Албатта, Мен сизларнинг суратингизга ҳам, чиройингизга ҳам қарамайман. Балки қалбингизга қарайман ва сизлардаги яхши хислатлардан рози бўламан”, деб таъкидланган.
Ҳақиқатан, марҳум Карим Камалов ҳам ана шундай эзгу фазилатлар ва яхши хислатлар соҳиби эди. Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади: «Сабрлиларга хушхабар берингки, улар ўзларига мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деганлардир».
Шундай экан, Ҳақ таоло марҳумнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Меҳрибон ва раҳимли Аллоҳ таоло раҳматли Карим Камаловни Ўзининг раҳмати ва мағфиратига буркасин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳум биродаримизни Ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.


Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Top