muslim.uz

muslim.uz

Суббота, 24 Ноябрь 2018 00:00

Тафаккур қилиб кўрайлик!

Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани ҳикмат билан яратган. Атрофимиздаги борлиққа, ҳайвонлар, ўсимликлар, тоғу тошларга эътибор билан назар солсак, ҳар бири гўзал тартиб ва ўзаро мутаносибликда яратилганига гувоҳ бўламиз.

Аллоҳ таоло оғирлиги 4-5 тонна келадиган филга кийикнинг оёғини берганда нима бўларди? Оёқлар танани кўтара олмай, синиб кетган бўларди. Бундай улкан вазнли жонзот учун мана шундай устундек оёқлар керак.

Бордию кийикка филнинг оёғини берганда нима бўларди? Кийик бу оғир вазнли оёқни кўтаришга қийналиб, юра олмаган бўларди. У сакраб-сакраб юра олиши учун унга мана шундай ингичка, нозик оёқлар керак.

Ҳар бир жонзотнинг тана аъзоларини ўзига мослаб яратган Аллоҳ таоло барча айбу нуқсонлардан покдир!

Ҳозирги даврда нималар бўляпти?

  • Уйлар катталашди, аммо оилалар кичрайди.
  • Тиббиёт ривожланди, бироқ касалликларнинг тури кўпайди.
  • Одам Ойга етиб борди, аммо ён қўшнисининг ҳолидан бехабар.
  • Пуллар кўпайди, аммо хотиржамлик йўқолди.
  • Донолик юксалиб боряпти, лекин ҳис-туйғулар камайиб кетяпти.
  • Билим-маърифат ошди, аммо ҳикмат озайди.
  • Йўл-йўлакай қўшилиб оладиган дўстлар кўп, бироқ ҳақиқийлари жуда кам.
  • Соатлар турли дизайнда ишлаб чиқарилмоқда, аммо кўп нарсага вақт топа олмаймиз.
  • Алоқа воситалари кўпайди. Лекин ҳол-аҳвол сўраш, дийдорлашиш камайиб боряпти.
  • Одамлар йилдан-йилга кўпайиб бормоқда, бироқ одамийлик йўқолиб бормоқда.

Эй Роббим! Аҳволимизни ислоҳ қилгин ва бизга гўзал хотима бергин!

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Қатар давлатининг пойтахти Доҳа шаҳрида жойлашган Ислом сенъати музейи ўзининг экспонатлари билан тенгсиз ҳисобланади. Бу ерда мусулмон дунёси тарихига оид артефактлар, Ислом динининг дастлабки даврларига доир тарихий ашёлар сақланади. Музей кўргазма залларида замонавий Исломни ҳам кўриш мумкин. Мусулмон оламининг турли минтақаларидан келтирилган манбаалар музейни бойитишга хизмат қилмоқда.

ЎМИ Матбуот хизмати

Суббота, 24 Ноябрь 2018 00:00

Расулга муҳаббат

Аллоҳ таолонинг фазлу марҳамати билан шу кунларда Рабийъул аввал ойи бошимизга соябон бўлиб турибди, эзгулик шаббодалари ҳамда вужудимизни майин чулғаётган муҳаммадий ифорларни олиб келган бу ой инсоният тарихидаги энг буюк санани, энг буюк воқеани ёдимизга солмоқда. У ҳам бўлса, икки жаҳон сарвари, Одам боласининг саййиди, арабу ажамнинг улуғи бўлган Муҳаммад алайҳиссаломнинг дунёга келишларидир. Бу шундай оламшумул воқеа-ки, у тарих оқимини ўзгартириб юборди. Инсониятни жаҳолат зулматларидан маърифат ва ҳақиқат нурига олиб чиқди.

Мавлиди шарифни бутун ер юзида мусулмон аҳли бирдек муносиб нишонлаш мақсадида, турли хил тадбир ва маросимлар ташкил қилишмоқда. Шу анъанага мувофиқ, жорий йилнинг 22 ноябрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талаба қизлари ўртасида “Сийрат ва ислом тарихи” фан ойлиги муносабати билан “Расулга муҳаббат” мавзусида синф хоналарини байрам шукуҳи асосида безаш мусобақаси бўлиб ўтди. Мусобақани баҳолашда Дин ишлари бўйича қўмита Диний маърифий таълим муассасалари билан ишлаш бўлими бошлиғи Б.Рустамов, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими бошлиғи С.Шерхонов ва Тошкент ислом институти ректори У.Ғофуров иштирок этдилар.

Мазкур беллашув тўрт шарт:

1. Безакларни мавзуга оидлиги;

2. Ғояларнинг креативлиги;

3. Қўл меҳнатидан фойдаланганлиги;

4. Шарҳлашдаги моҳирлик бўйича баҳоландилар.

Танлов натижаларига кўра олий ўринни 303-гуруҳ, 1-ўринни 208-гуруҳ, 2-ўринни 209 ва 3-ўринни 103-гуруҳларнинг талаба қизлари эгаллашди.

Ғолиблар жорий йилнинг 29 ноябрь куни талаба қизлар иштирокида бўлиб ўтадиган “Муборак мавлид” байрам тадбирида Тошкент ислом институти томонидан тақдирланади.

Манба: https://islaminstitut.uz

 

Суббота, 24 Ноябрь 2018 00:00

Сабр нима?

Муаллим синфхонага кирди. Шовқин кўтараётган болажонлар бирдан жим бўлишди. Устоз ўрнига жойлашиб, ўқувчилардан:

– Қани айтинг-чи, сабр нима? деб сўради.

Билағон ўқувчилар сабр ҳақида ўз фикрларини айтишга киришишди. Кимдир сабрни сариқ олтин деди, бошқаси уни жасоратга тенглаштирди.

Уларнинг жавобини тинглаган муаллим: “Яшанглар, тўғри фикрларни айтдингиз. Энди эса менга диққат қилинглар!” деди-да, ўзи билан олиб келган тувакдаги гулни кўрсатиб, унинг қуриган баргларини юлиб ташлади. Ўсимлик бир зумда кўримсиз ҳолга келди. Кейин муаллим ўсимликка сув қуйди ва деди:

– Мана шу ўсимликнинг янги барглари ўсиб чиққунича бўлган давр – сабрдир! Агар қуриган барглар олиб ташланмаганида, янгиси ўсиб чиқмасди. Сабр ҳам шундай, аввал мусибатдек кўринади-ю, кейин эса аста секинлик билан яхшиликка айланади!

 

Шерзод ҲАЙДАРБЕКОВ

Ўзбекистонлик имомларнинг Сариоғочга ташрифи давом этмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан 2017 йилнинг 22-23 март кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлган эди. Давлат раҳбарларининг учрашуви диний-маърифий соҳа вакилларининг дўстона алоқаларига замин яратган эди.

Ўз навбатида минтақадаги мўмин-мусулмонлар бирдамлигини таъминлаш, диний эҳтиёжларини қондириш ва уламоларнинг ҳамфикрлилигини йўлга қўйиш каби долзарб масалаларга меморандум асос бўлишини билдирган ҳолда қатор учрашув ва амалий ташрифлар алмашинуви йўлга қўйилган эди.

Аввалроқ, жорий йилнинг 22 ноябрь куни ўзбекистонлик имомларнинг Қозоғистоннинг Сариоғоч ва Келес туманларидаги масжидларда жамоат олдида маъруза килгани ҳақида маълумот берган эдик.

Бугун, муқаддас жума кунида бир қатор масжидларда ўзбекистонлик имомлар томонидан маърузалар қилинди.

Келес туманидаги масжидларда:

1. Акромов Тохиржон «Оқ қўрғон» жоме масжидида
2. Даминов Мансур «Кирмасжид» жоме масжиди 
3.Раупов Жасур «Ўнг кургон» жоме масжиди

Сайрогоч туманидаги масжидлар:

1. Бегматов Исоқжон «Нур» жоме масжидида
2. Миржалилов Миродил «Сариоғоч» масжидида турли долзаб мавзуларда маруза килдилар.

Икки туманидаги ўзбек-қозоқ халқи миннатдор бўлиб, икки Юртбоши ва муфтийлар ҳаққига дуолар килишди.

Ўзбекистонлик имомларнинг ташрифи давом этмоқда.

ЎМИ Матбуот хизмати

Top