muslim.uz

muslim.uz

Севги деб ҳам ёзаверамиз, ишқ деб ҳам, муҳаббат деб ҳам ёзаверамиз, ўзи уларнинг учалови битта нарсами ёки бошқа-бошқа маъноси борми?

“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да ушбу сўзлар қуйидагича таърифланган:

ИШҚ [а. – عشق севги, муҳаббат; ошиқлик, хушторлик] 1 Бошқа жинсдаги шахсга берилиш, интилиш (мойиллик) ҳис-сезгиси.  2 кўчма Зўр ички интилиш; иштиёқ.

СЕВГИ 1 Қарама-қарши жинсдаги одамларнинг (эр ва хотин, йигит ва қизнинг)  бир-бирига нисбатан чуқур интим, чин қалбдан ва фидокорона илиқ муносабат туйғуси; ишқ, муҳаббат.

2 Бирор яқин кимса ёки нарсага нисбатан меҳр-садоқат, меҳр-муҳаббат туйғуси.

МУҲАББАТ [а. محبت – севги, ишқ; боғланиш] 1 Кимсанинг кимсага қалбдан берилиш ҳисси: севги, ишқ.

2 Бировга, бирон нарса ёки ишга берилиш, мойиллик туйғуси, меҳр”, дейилади

Ҳар эҳтимолга қарши бошқа тилларни ҳам кўриб қўяйлик деган мақсадда ушбу сўзнинг рус тилидаги маъноларига ҳам диққат қилиб кўрдик.

Рус тилидаги “любовь” сўзининг синонимлари “привязанность”, “пристрастие”, “склонность” каби сўзлар бўлса-да, синоним саналган ушбу сўзлар, барибир, “любовь” сўзи маъносини тўла ифодаламайди. “Любовь” уларнинг барчасидан кенг маънони англатади.

Аён бўлмоқдаки, юқоридаги “севги”, “ишқ”, “муҳаббат” сўзларидан иккитаси “ишқ” ва “муҳаббат” арабча, “севги” сўзи туркийчадир.

Ҳамма биладиган сўзни ўрганиш учун бунча манбани кўришга нима зарурат бор эди, дея ҳайрон бўлаётгандирсиз. Яқинда “islam dergisi” сайтида уларнинг бир оз бошқачароқ таърифланганига кўзим тушиб қолди. Унда бундай дейилибди:

Севгининг юқори босқичи ишқ дейилади. Севги ҳар бир жонлида озми ёки кўп бўлади. Унинг энг юқори даражаси ҳар қандай ёмонликлардан ҳимоя қилинган пайғамбарлар ва улардан сўнг келган қалбларини мосуво севгисидан поклаб олган авлиёуллоҳда бўлган муҳаббатуллоҳдир...

Ошиқ бўлган киши севгани ҳақида гап очилиб қолса, кўзлари порлайди,
юзи ёришади, у ҳақда яна эшитишни истаб қулоқлари динг бўлади.

Буюк мутасаввуф Муҳйиддин ал-Арабий ҳазратлари ишқни уч босқичга ажратган. Улар: ҳайвоний ишқ, руҳоний ишқ ва илоҳий ишқдир.

Ишқни мутафаккир бобомиз Алишер Навоий ҳазратлари ҳам учга бўлиб таърифлаган. Унинг таърифига кўра, биринчиси, авом ишқи – фалончи фалончига ошиқ бўлибди ва ниҳояси никоҳдир. Бу Ибн Арабий ҳазратлари айтган ҳайвоний ишққа мос келади. Иккинчиси, хослар ишқи. “Ул пок кўзни пок назар била пок юзга солмоқдур ва пок кўнгул ул пок юз ошубидин қўзғолмоқ ва бу пок мазҳар воситаси била ошиқи покбоз маҳбуби ҳақиқий пок жамолидин баҳра олмоқ”дир.  Бу – Ибн Арабий ҳазратлари таърифлаган руҳоний ишққа монанддир.

Учинчиси эса сиддиқлар ишқи. “Бу ошиқларким, Ҳақ оллинда қабул аҳлидурлар ва тариқат машойихи истилоҳотида вусул аҳлидурлар, буларни Тенгрига ошиқ деса бўлур, маҳбуб ҳам ва Ҳақға толиб от қўйса бўлур, матлуб ҳам”.

Бу – Ибн Арабий ҳазратлари айтган илоҳий ишқ монанди бўлиб, бу ишқнинг мубталолари Аллоҳ таолонинг ошиқларидир.

  1. Ҳайвоний ишқ – авом ишқи

Бу севги инсоннинг жисмоний гўзаллигига асосланган. Бу ишқ мубталоси бўлган ошиқлар фақат ўзлари учун севганлардирки, севгисига муносиб жавоб топа олмасалар ҳар қандай кўнгилсизликка қўл уришга мойил бўлган кимсалардир: ишқи тушган кимсага зарар етказиш, бўҳтон қилиш, тажовуз қилиш, ўзининг жонига қасд қилиш кабилар. Бундай севги ҳайвоний ишққа киради. Чунки у шаҳватдан иборат бўлади. Бундай севгига йигитлар таъби латиф бўлганидан кейин мубтало бўладилар.

Ҳикоя

Ўтган замонларда подшоҳлардан бири канизакларидан бирига ошиқ бўлади. Аммо канизак урушда ўлжа олинган асира эди. У ўзининг юрти Ҳиндистонда бир заргар йигитга ошиқ бўлган эди.  Унинг севганига етишидан ҳеч умиди қолмаганидан кейин емай-ичмай қўяди ва касал бўлиб ётиб қолади. Подшоҳ уни даволатиш учун энг моҳир табибларни чақиради.

Табиблардан бири канизакнинг касаллигининг сабабчиси Ҳиндистонда ёш бир заргар эканини аниқлайди ва буни подшоҳга маълум қилади. Подшоҳ табибдан нима қилиш мумкинлиги тўғрисида маслаҳат сўрайди ва табиб у заргарни кўрмагунча бирор нарса дея олмаслигини айтади. Подшоҳ табибга ҳамма шароитни муҳайё илиб беради ва табиб Ҳиндистонга бориб заргарни топади. Заргарни топган табиб орқаваротдан суриштириб унинг канизакка эмас, бошқа бир қизга ошиқ эканини билиб олади ва саройга қайтади. Подшоҳга канизакни даволашни заргар саройга келтирилгандан сўнггина бошлаш мумкинлигини айтади.

Подшоҳ заргарни мажбурлаб саройга олиб келтиради. Ишқнинг жафосини чеккан канизак севган кишисини сарой боғида кўриб севинади, қалбида умид учқунлари уйғониб, саломатлиги тикланади. 

Заргар эса юртида қолиб кетган маъшуқасининг ҳижронига чидай олмасдан ейиш-ичишдан қолади, хасталаниб жисми заифлашиб кўрки, ҳусну таровати йўқолади. Заргарнинг нотавон аҳволини кўрган канизак унга раҳм-шафқат кўрсата бошлайди. Шу тариқа, жисмоний  суратга асосланган севги ўз ўрнини меҳр-шафқатга бўшатиб беради. Подшоҳ эса унга совға-саломлар бериб ўз юртига қайтариб юборади ва канизакка уйланади.

Ҳазрати Мавлоно Жалолиддин Румий қуддису сирриҳу бундай дейди:

“Жисмдаги гўзалликка асосланган севги жисмоний гўзаллик ғойиб бўлганидан сўнг сўнади”.

Бугунги кунимизда “ошиқ бўлдим” дея ўзини севиб қолгандек ҳис қилиб юрган, бошқа бир, янада чиройлироғини кўриб қолганда унга майл этувчи кимсалар ўзларининг ишқи қайси тоифага мансуб эканини шу ҳикоядан тушуниб олишлари мумкин бўлади.

Ибн Арабий ҳазратлари:

– Бу турдаги ишқнинг илоҳий ишққа асло йўли йўқдир, – деганлар.

Ҳайвоний ишқ боши берк кўчага ўхшайди. Фақат унинг бир тарафи борки, Аллоҳ таоло ошиқ қалбга дуо эшигини очиб қўяди ва бандани Ўзига яқинлаштиради.

 

(Давоми келгуси сонда)

 

Дамин ЖУМАҚУЛ

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған музокараларни расмий делегациялар иштирокида давом эттирдилар. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.  

Азалий қадриятларимизга асосланган кўп қиррали муносабатлар сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтарилаётгани бизни қувонтиради, деди Шавкат Мирзиёев. Тор доирадаги мулоқотимиз мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун катта сиёсий ирода мавжуд эканини яна бир бор тасдиқлади. Халқларимиз ва давлатларимиз манфаатига бевосита дахлдор бўлган барча масалаларни, нафақат бугунги кундаги, балки келгусидаги режаларимизни очиқ ва атрофлича келишиб олдик.

 

 

Қадим тупроқларимиз бўлмиш Ўзбекистонга келганимдан, азиз қардошим Шавкат Мирзиёев билан яна кўришганимдан мамнун бўлдим, деди Ражаб Тоййиб Эрдўған. Кейинги йиллардаги мулоқотларимиздан сўнг иқтисодий алоқалардаги кўрсаткичлар ошгани биз тўғри йўлда эканимиздан далолатдир. Натижалар яққол сезиляпти. Туркиялик иш одамлари Ўзбекистонга интиляпти. Ўзбекистонда Туркия фирма ва компаниялари учун, сайёҳлар ҳаракати учун кенг имкониятлар яратиляпти.  

 

 

 

Президентнинг ўтган йили октябрь ойида Туркияга амалга оширган давлат ташрифи тарихий аҳамиятга эга бўлди.  2017 йилда мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ортди. Жорий йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич яна 20 фоизга ўсди.

 

Манба: https://kun.uz

Понедельник, 30 Апрель 2018 00:00

Online dars: Мулк сураси тафсири

ЎМИ Матбуот хизмати

Майдон катталиги жиҳатидан Масжидул Ҳарам ва Масжидул Набавиядан кейин учинчи ўринда турадиган масжид Покистон Ислом Республикасининг Карачи шаҳрида қурилмоқда. Бу ҳақда "Research Snipers" нашри хабар берди.

Бир вақтда ўз ичига 800 минг намозхонни сиғдироладиган ушбу масжид ҳудудида, Ислом тадқиқот маркази, Ислом музейи, Ислом маданият маркази ва Ислом университети барпо этилиши режалаштирилган.

Масжиднинг дизайни анаънавий мусулмонча услубни ўзида акс эттирган бўлиб, бобурийлар сулоласи даврида қўлланилган архитектура элементлари қўлланилган. Масжид замонавий иситиш ва совутиш тизими, электр станциясига ҳам эга бўлади.

Аввалроқ, Лаҳорда катталиги жиҳатидан жаҳонда еттинчи ўринда турувчи ва Покистоннинг энг йирик масжиди дея эътироф этилган Жоме масжиди қурилган эди. Унда 100 минг киши бир вақтда ибодатларини амалга ошириши мумкин эди.

 

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Голландиянинг Ҳаага, Роттердам, Амстердам, Грюнинген, Леуварден, Грийпскерк, Ассен, Лейден, Хемстед, Тилбург, Влаардинген, Маарсен ва Неймеген шаҳарларидаги кўчалар фаластинлик 17 яшар фаол қизалоқ Аҳд Тамимий номи билан аталадиган бўлди. Бу ҳақда "royanews.tv" нашри хабар берди. Кўча номларини ўзгартириш қарори номаълум ташкилот томонидан амалга оширилган бўлиб, ушбу ҳаракат шаҳарлар маъмурияти томонидан амалга оширилмани хабар қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Исроил аскарини урганлиги учун 8 ой муддатга қамоқ жазосига маҳкум этилган Тамимий хоним, ўзига номаҳрам эркакнинг қўли тегмаслиги учун ҳарбийларга қаршилик кўрсатган эди.

Маълумотларга кўра, Голландия парламенти биноси жойлашган кўчага ҳам Тамимий номи ёзилган йўл белгилари ўрнатилган, бироқ маъмуриятдан ушбу белгиларни олиб ташлаш талаби киритилган.

 

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Top