muslim.uz

muslim.uz

Оила — жамиятнинг бир бўлаги. Жамият равнақи оила равнақи билан чамбарчас боғлиқ. Демак, оилалар мустаҳкамлигига давлат сиёсати даражасида қаралаётгани бежиз эмас. Турмушимиз тобора фаровонлашаётган пайтда оилалар мўртлашаётгани ташвишланарли ҳолат. Ушбу масала юзасидан кўплаб юртдошларимиз билан мулоқот қилар эканмиз, улар келтираётган сабаблар ҳам турлича.

Баъзилар ажримларни глобаллашув билан боғлайди. Инсонларнинг ҳаддан ташқари эркинлашиб кетаётгани оқибатида кўпчилик фақат ўзини ўйлайдиган, масъулиятсиз бўлиб қолган, деган фикрлар ҳам кўп билдирилди. Назаримда, бу муаммо маънавиятимиздаги айрим нуқсонлар билан боғлиқдай.
Ажримларга фақат келинлар айбдор, деган фикрдан мутлақо йироқмиз. Қизлар турмушга чиққанидан кейин янги оилада ўз ўрнини топиши осон эмас. Ота уйида эркаланиб юрган қиз бу ерда эътибор марказида бўлади. Уй юмушларининг барчаси унинг зиммасига юкланади. Ундан бошқа ҳамма телевизор тагида оёғини чўзиб ўтиради. Хонадонда алпомишдай йигит ё барчинойдай қиз бўлса-да, уларнинг уй юмушларини бажариши «қоида»ларга тўғри келмайди. Ҳаммасини келин қилиши керак! Йўқса, келиннинг «тарбияси бузилиб» кетиши мумкин. Афсуски, бундай фикрловчилар кўпчилик. Ҳам ишлаш ёки ўқиш, ҳам оила юмушларини бажариш баъзан ёш келинга оғирлиқ қилади. Ана шундай вазиятда оилаларда турли можаролар, муаммолар келиб чиқади.
Агар эътибор берилса, оилаларни етмиш-саксон фоиз ҳолатда қайнота ва қайнона бошқаради. Айрим қайнота ва қайноналарнинг эскича фикрлаши, «бу даврда бош­қача эди», «биз ўнта болани туғиб, далага ишга чиқиб кетаверганмиз», «биз кечаси нон ёпиб, кундузи давлатнинг ишини қилганмиз» каби таъна-дашномлари, ёш оилалар ҳаётига асоссиз аралашиши, «онанг­­ни десанг, эрингдан кечасан» ёки аксинча, «мени десанг, келинни талоқ қил» қабилидаги ноўрин талаблари ёшларнинг ихтиёрсиз ажрашиб кетишларига сабаб бўлаётгани сир эмас. Қайноналарнинг бундай маломатлари, аслида, ўша давр қийинчилик­­лари, хотин-қизларга нисбатан аёвсиз муносабатда бўлинганини акс эттирмайдими? Бунинг оқибатида ўтган асрнинг 70-80-йилларида, 90-йиллар бошларида оналар ва гўдаклар ўлими кўплаб содир бўлмаганми? Қолаверса, қайнона қийинчилик кўргани учун келинни ҳам шунга маҳкум қилиши на мантиққа, на ҳақиқатга тўғри келади.
Бугун давр ўзгарган. Оналик ва болалик давлат муҳофазасига олинган. Эндиликда буни ҳар бир ота-она, оила соҳиби англаб етиши ва унга риоя қилиши талаб қилинади.
Айрим оилаларда моддий фаровонликка эришиш асосий мақсад сифатида белгилангани, нафақат ёшлар, балки катталар орасида ҳам молпарастликнинг авж олгани маънавий қадриятларнинг емирилишига сабаб бўлмоқда. Баъзилар орзу-ҳавас деганда фақат чиройли тўй қилиб, қимматбаҳо кийим­лар кийиб, тансиқ таомлар ейишни тушунади. Бугун ҳар бир хонадонда икки-учтадан телевизор, музлатгич ва бошқа маиший жиҳозлар бор. Қимматбаҳо мебеллар, машина ва бошқа буюмларни кўз-кўз қилишни яхши кўрамиз. Бироқ ҳамма хонадон ҳам китоб жавонига эга эмас. Ҳатто биронта китоб бўлмаган оилаларнинг учраши ғоят ачинарли. Ҳаётдаги кўплаб мисоллар бахт бойлик билан ўлчанмаслигини асослаб турибди. Аксинча, маънавий қашшоқлик бахтсизлик сари бошловчи йўлдир. Маънавиятсизлик оилада носоғлом муҳитни юзага келтиради. Бунинг оқибатида иқтисодга ҳам дарз кетади. Янада ачинарлиси, оила маънавий ҳаётидаги камчилик ва нуқсонлар жамиятда маънавий муаммоларни юзага келтирмоқда.
— Бизнингча, оилавий ажримларга сабаб ёшларни оила қуришга тўғри тайёрламаётганимиз, — дейди халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши депутати Сайёра Худойберганова. — Қиз бола дунёга келса, болалигидан бошлаб уни келинликка тайёр­лаймиз. Аммо бу тайёргарлигимиз одатда қизга сеп йиғиш, уй юмушларини бажаришни ўргатишдан иборат бўлади. Афсуски, қиз боланинг маънавий, ахлоқий, жисмоний саломатлигига камдан-кам ­эътибор қаратамиз. Муомала маданиятига эга бўлмаган, қўлида бирон ҳунари йўқ, ҳаётнинг аччиқ-чучукларини сабр-бардош билан енгиб ўтишга маънавий салоҳияти етмайдиган, тиббий билимлари етарли бўлмаган қиз яхши келин бўлиши даргумон.
Айрим йигитларимиз ҳақида ҳам худди шундай фикр билдириш мумкин. Бирон касбнинг этагини тутмаган, интернет тармоқларида турли беҳаё видеолавҳалар томоша қилиб вақтини ўтказиб келган, ота-­онасининг ҳисобига турмуш кечирувчи арзанда оиланинг қадрига етармиди?
Муқаддас динимизда оила ниҳоятда қадрланади. «Оила бузилса, арш титрайди» дейишади.
— Қуръони каримда эр-хотин ҳақида «…Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз…», дейилган («Бақара» сураси, 187-оят). Эр-хотин бир-бировини тўлдириб туради, бир-бирини тарбиялайди. Турли ёмон иллатлардан асрайди. Оила кишини масъулиятли бўлишга, тежамкорликка ўргатади, — дейди Шовот туманидаги Юсуф Ҳамадоний мажмуаси имом-хатиби Сулаймон Раҳматуллаев. — Бир-бирини тушуниб, қўллаб-қувватлаб яшовчи оила соҳиблари узоқ умр кечиради. Никоҳнинг улуғ неъмат экани ҳақида Пайғамбаримиз Myҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай деганлар: «Киши оила қурса, динининг ярмини мукаммал қилган бўлади, қолган ярмининг мукаммал бўлмоғи учун тақво-тазарру қилсин».
— Назаримда, оилавий ажримларга баъзи эркакларимизнинг масъулиятсизлиги ҳам сабаб бўлмоқда, — дейди узоқ йиллар ўқитувчи бўлиб ишлаган меҳнат фахрийси Ҳабибулла Болтабоев. — Айрим эркаклар ҳеч қаерда ишламайди. Рўзғорнинг бутун ташвишларини аёлининг зиммасига юклаб қўяди. Фарзанд тарбиясига ҳам қарашмайди. Вақтини телевизор кўриб, қарта ўйнаб ёки бошқа тайинсиз юмушлар билан ўтказади. Бу аёлни ҳам маънан, ҳам жисмонан толиқтиради.
Суҳбатдошларимизнинг фикрича, эр ёки хотиннинг узоқ муддат чет давлатлар­­да бўлиши ҳам орага совуқчилик тушиши, оилалар дарз кетишига олиб келмоқда. Ҳаддан ташқари рашк қилиш, бир-бирига ишончсизлик ҳам ажралиш сабабларидан бири.
Оилавий ажримлардан энг кўп жабр чекадиганлар фарзандлардир. Руҳий изтироблар боланинг соғлом вояга етишига салбий таъсир қилади. Қалби бутун умрга кемтик бўлиб қолади. Бунинг оқибатида у турли иллатларга ошно бўлиши, жиноят кўчасига кириши мумкин.
Кўриб турганимиздек, оилавий ажримлар жамият учун фақат зарар келтиради. Шу боис ушбу муаммонинг олдини олишга эътибор кучайтирилмоқда. Бу жараёнда кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар моддий қўллаб-қувватланмоқда, нотинч оилалар ўрганилиб, яраштирилмоқда, муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашилмоқда. Ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Бу ишлар яхши, албатта. Лекин булар етарлими? Оилавий ажримларга маънавий қашшоқлик сабаб бўлаётгани учун ёшлар маънавиятини юксалтиришга эътиборни янада кучайтириш керак. Оила жамиятнинг бўлаги саналар экан, уни бузган инсон жамият олдида жавоб бериши лозим. Қонунчилигимизда ажрашиш истагидаги шахс ўз хатти-ҳаракати билан жамиятга келтираётган моддий ва маънавий зарарни қоплаши билан боғлиқ меъёрлар киритиш мақсадга мувофиқ. Назаримизда, қонунчилигимизда қайнона ва қайнотанинг ҳуқуқий мақомлари акс эттирилмагани, Оила кодексида уларнинг ўрни қонуний белгиланмагани, қолаверса, миллий урф-одатларимиз уларнинг чексиз ҳақ-ҳуқуқларга эга бўлишларига имкон беради. Балки дунё қонунчилигида ҳам ушбу мақомлар белгиланмаган бўлиши мумкин. Бироқ кейинги пайтларда оилаларда юз бераётган можаролар, келишмовчиликлар, ажримларда аксарият қайнота ва қайноналарнинг «ҳиссаси» борлиги ушбу тушунчаларга қонуний таъриф берилиши ҳамда уларнинг ҳуқуқ-мажбуриятларини аниқ ва равшан кўрсатиб ўтишни тақозо қилмоқда. Шу билан биргаликда инсон оилада яшашдан манфаатдор бўлишига эришиш зарур. Эрдан ажрашган дугонаси эмин-эркин яйраб яшаётганини кўрган, ўзи тайинсиз эркак, қаттиққўл қайнонанинг таъна-ю дашномларига базўр чидаб келаётган аёл дугонасидан ибрат олмаслиги учун уни қўллаб-қувватлашимиз керак. Оммавий ахборот воситалари орқали оилавий анъаналар, сулолалар тарғиботини кучайтирайликки, токи ёшлар оила-бахт эканини ҳис қилсин. Эллик йил ва ундан зиёд тарихга эга оила соҳиблари моддий-маънавий қўллаб-қувватланса, ёшларнинг улардан ибрат олишга рағбати ошади. Қолаверса, нафақат корхона ёки ташкилотдаги фаолияти, балки оилада барқарор муҳитни шакллантирган, аҳил-иноқ яшаб, жамиятга ўрнак бўлаётган, илмли, зиёли, истеъдодли фарзандларни тарбиялаб, воя­­га етказган инсонларни ҳам маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан давлат мукофотларига тавсия қилиш орқали ҳам оиланинг нуфузини янада ошириш мумкин. Касаба уюшмалари мамлакатимиздаги энг катта жамоат ташкилоти сифатида оилалар мустаҳкамлиги учун ҳаммадан кўпроқ ҳисса қўша олади. Оилавий саёҳатлар, театр ва концертларга оилавий ташрифлар, оилавий спорт мусобақалари ва китобхонлик, анъаналар билан боғлиқ турли танловларни узлуксиз ташкил қилиш бесамар кетмайди, албатта. Ниятимиз эса холис: оилалар мустаҳкам бўлсин, ажримлар барҳам топсин!

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«Ishonch» мухбири

Суббота, 28 Апрель 2018 00:00

Тобеинларни таниш

Тобеиннинг таърифи:

“Тобеъуна” луғатда, “тобеъийю” ёки “тобеъун” бўлган исми фоилнинг жамидир. У “табиъа” феълидан олинган бўлиб, ўзбекчада “эргашди”, “орқасидан юрди” деган маъноларни ифодалайди.

Истилоҳда эса, мусулмон ҳолида саҳобага учрашиб, мусулмон ҳолида вафот этган кишига “тобеъий” айтилади [1]. Баъзилар эса, “у саҳобага ҳамроҳ бўлган кишидир” [2], деб таъриф беришган [3].

Баъзилар эса, “Мўъмин бўлган ҳолида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари билан суҳбатлашган киши тобеъиндир” [4], дейишган [5].

Бу илмнинг фойдалари:

“Тобеинларни таниш” илмининг фойдаси жуда кўпдир. Инсон бу илмга беэтибор бўлса, саҳоба билан тобеинни ва тобеин билан табаъ тобеиннинг ўртасини ажрата олмайди. Шунингдек, бу илмнинг фойдаларидан  яна бири  “муттасил ҳадис” билан “мурсал ҳадис”ни ажратиб олишдир.

Тобеинларнинг табақалари:

Тобеинларнинг табақаларининг адади ҳақида ихтилоф қилинган. Уламолар уларнинг табақаларини ўз қарашларига, ижтиҳодларига кўра тақсим қилишган:

  1. Имом Муслим уларни уч табақа қилган.
  2. Ибн Саъд уларни тўрт табақа қилган.
  3. Ҳоким Найсабурий уларни ўн беш табақага тақсим қилган ва фақат уч табақасини зикр қилган:

А). Уларнинг энг биринчи табақаси  – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жаннат башоратини берган ўнта саҳобаларга учрашган тобеинлар бўлиб, бунга Қайс ибн Абу Ҳорим роҳимаҳуллоҳни мисол қилиш мумкин. У киши уларнинг барчасидан ҳадис эшитган ва ривоят қилган. Тобеинлар орасида ундан бошқа бирорта тобеин бу ўнта саҳобанинг ҳаммасидан ҳадис ривоят қилмаган.

Б). Уларнинг энг охирги табақаси – Басра аҳлидан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга, Мадина аҳлидан  Соиб ибн Язийд ва Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳумоларга учрашган кишилардир. Бу саҳобалар энг охирги вафот этган саҳоба бўлишган [6].

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳам саҳиҳ сўзга кўра шу табақадан бўлган.

Илм китобларида кенг тарқаган тобеинларнинг уч табақаси қуйидагилардир:

  1. Катта (кибор) тобеинлар табақаси. Улар катта (кибор) саҳобалар билан учрашган.
  2. Ўрта (мутавассит) тобеинлар табақаси. Улар саҳобалардан ва катта (кибор) тобеинлардан ҳам ҳадис ривоят қилишган.
  3. Кичик (сиғор) тобеинлар табақаси. Улар вафотлари кейинроқ бўлган кичик (сиғор) саҳобалардан ҳадис ривоят қилишган. Бу саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида ёш бола бўлишган. Бу саҳобалар ёшлари катта бўлган пайтда бу тобеинлар ёш бола бўлиб, уларга учрашган.[7]

Энг аввал вафот этган тобеъин – Абу Зайд Маъмар ибн Язийд (30-ҳижрий санада ўлдирилган).

Энг охирги вафот этган тобеин – Холф ибн Холийфа (180-ҳижрий санада қазо қилган) [8].

Етти фақиҳ бўлган тобеъинлар:

Катта тобеъинлардан етти фақиҳ бўлиб танилган кишилар қуйидагилардир:

Саъийд ибн Мусайяб, Қосим ибн Муҳаммад, Урва ибн Зубайр, Хорижа ибн Зайд, Абу Салама ибн Абдурроҳман, Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Утба ва Сулаймон ибн Ясор.

Мухозрамнинг таърифи:

Мухозрам, луғатда “хозрама”, феълининг исми мафъули бўлиб, “икки даврда яшаган”, деган маънони ифодалайди.

Истилоҳда, у жоҳилият ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонида ҳам яшаб, мусулмон бўлиб, у зотни кўрмаган ёки мушрик бўлган ҳолида у зотни кўрган бўлиб, кейинроқ мусулмон бўлган кишидир. Чунки, мушрик ҳолида Расулуллоҳни кўришлиги эътиборга олинмайди [9].

Мухозрамларнинг ҳукми:

Баъзилар уларни саҳобалардан дейишган. Саҳиҳ гапга кўра улар тобеинлардан саналади, уларнинг Расулуллоҳдан ривоят қилган ҳадислари мурсал ҳадис дейилади.

Мухозрамлар ҳақида фақат Имом Муслим ибн Ҳажжож (261-ҳижрийда вафот этган) ва Имом Бурҳониддин Иброҳим ибн Муҳаммад ал-Аъжамий (841-ҳижрийда вафот этган) томонидан муҳозрамлар ҳақида алоҳида китоб ёзилгандир. Имом Муслимнинг бу китоби ҳақида Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ Саҳиҳи Муслимга бўлган шарҳида, унинг китобларини зикр қилиб, “Китабул мухозромийн”[10] ни ҳам зикр қилган. Иброҳим ибн Муҳаммаднинг китоби “Тазкиротут толиби ал-муъаллама лиман юқолу аннаҳу мухозрам” номли бўлиб, у нашр қилингандир.[11]

Тобеинларнинг энг афзали:

Тобеинларнинг энг афзаллари ҳақида уламолар ўртасида бир неча фикрлар баён қилинган. Бу сўзларнинг энг машҳури тобеинларнинг энг афзали – Саъийд ибн Мусайяб ҳисобланади, дейилганидир.

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Хофийф Шерозий бундай деган:

  1. Мадина аҳли тобеинларнинг энг афзали деб Саъийд ибн Мусайябни айтишади.
  2. Куфа аҳли эса, Увайс Қаранийни энг афзали дейишган.
  3. Басраликлар Ҳасан Басрийни энг афзал тобеин дейишган.

Тобеъин аёлларнинг энг афзали:

Абу Бакр ибн Абу Довуд бундай деган: “Тобеин аёлларнинг саййидалари Ҳафса бинти Сийрийн ва Амро бинти Абдурраҳман ва улардан кейин (кичик) Умму Дардодир”.

Тобеинларнинг таниш борасидаги ёзилган энг машҳур китоб – Абу Муторриф ибн Футойс Андалусийнинг “Маърифатут тобеъийн” китобидир.

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Шокиржон МАДАМИНОВ манбалар асосида таёрлади.

 

[1] Нухба, 58-бет.

[2] Ал-Кифоя, 22-бет

[3] Тайсиру мусталаҳул ҳадис, 247-бет.

[4] Маърифату улумул ҳадис,  42-саҳифа.

[5] “Муъжамул мусталаҳотул ҳадийсийя”, Саййид Абдул мажид ал-Ғоврий.202-саҳифа.

[6] Манҳажун нақд фи улумил ҳадис, 148-саҳифа.

[7] Манҳажун нақд фи улумил ҳадис, 148-саҳифа.

[8] Муъжамул мусталаҳотул ҳадийсийя”, Саййид Абдул мажид ал-Ғоврий.203-саҳифа.

[9] Муъжамул мусталаҳотул ҳадийсийя, Саййид Абдул мажид ал-Ғоврий.203-саҳифа.

[10] Шарҳун Нававий ала Саҳиҳи Муслим, 1/10. Таҳзийбул Асмо, Нававий 2/397. Сияру Аъламун Нубало, 12/397.

[11] Муъжамул мусталаҳотул ҳадийсийя, Саййид Абдул мажид ал-Ғоврий.682-саҳифа.

 

 

 

Суббота, 28 Апрель 2018 00:00

Аршни кўтарган зикр

Қалблар қўлида бўлган Зотга Ўзининг буюклигича ва олийлигича ҳамду санолар бўлсин. Зикрлар қалбнинг покловчи дориси экани ва шу зикрлар билан Аллоҳнинг розилигини топиб яшашимизга даъват этиб, бизларга гўзал намуна бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва саломлар бўлсин.

Инсон дунёда яшар экан моддиятга боғлиқ бўлган бу тирикликда, ўзини самоларга боғловчи маънавий озиқ-амалларга ҳам эҳтиёж сезади. Мана шу эҳтиёжни билган ва бизларни бу дунёга фақат ва фақат Ўзини танишимиз учун келтирган Аллоҳ руҳий озиқларимиз қилиб зикрлар ва кундалик вазифаларни бизларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали жорий қилган. Ислом шариатида фазилатда олий бўлган зикр ва дуолар борки, уни тинимсиз бажариб юриш орқали инсонда жуда кўп ҳикматлар пайдо бўлади. Чунки банда Аллоҳни зикр қилиш билан Уни жудаям яхши таниб, Ундан хавф ва ражоси кучаяди. Ким бир нарсани яхши танимаса ундан қўрқмайди ёки унга муҳаббат ҳам қилмайди. Муҳаббат қилиш учун уни тинимсиз эсламоқ, уни ҳар доим ўйламоқ керак бўлади. Ким Аллоҳни танимаса, Унга муҳаббат ҳам қилмайди. Муҳаббат қилмас экан, Уни эсламайди. Аллоҳни эслаш эса зикр ва дуолар билан амалга ошади. Ана шу зикрларнинг энг фазилатлиси ва малоикалар яхши кўриб, пайғамбарлардан мерос қолган зикр ҳақида айтиб ўтамиз. Бу зикр қуйдагича ривоят қилинган:

“Субҳаналлоҳи, валҳамдулиллаҳи, ва лаа илаҳа иллаллоҳу, валлоҳу акбар, ва лаа ҳавла ва лаа қуввата  иллаа биллаҳил алаййил азийм”.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Аллоҳ таоло Аршни яратганда ҳомил-кўтарувчи фаришталарга уни кўтаришни буюрди. Арш уларга оғир келди. Аллоҳ таоло: “Субҳаналлоҳ” деб айтинглар, деб буюрди. Фаришталар, “Субҳаналлоҳ” дейишди. Шунда уларга енгил бўлди. Улар Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратгунча Субҳаналлоҳ деб туришди. Одам алайҳиссалом акса урганларида Аллоҳ таоло у кишини “Алҳамдуллиллаҳ” дейишга илҳомлантирди. Аллоҳ айтди: “Сенга Раббинг раҳм қилди ва сен мана шунинг учун яратилдинг”. Малоикалар шунда “Иккинчи калима ҳам улуғ экан, бизлар ундан ғафлатда қолмаслигимиз керак”, дейишиб уни олдингисига қўшишди.

Бир неча вақт фаришталар, Субҳаналлоҳи валҳамдуллиллаҳи, деб айтишди, бу ҳол Нуҳ алайҳиссалом замонларигача давом этди. Биринчи бўлиб санам-тошдан ясалган бутлар тутган қавм Нуҳ алайҳиссалом қавми эди. Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссалом қавмини, “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деб айтишга буюрди. Шунда улардан рози бўлишини билдирди. Фаришталар ўшанда: “Учинчи калима ҳам улуғ ва шарафли экан. Биз бундан ғафлатда қолмаслигимиз керак”, дейишиб, уни олдинги икки калимага қўшишди. Узоқ муддат Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи валаа илаҳа иллаллоҳ калимасини айтиб юришди. Бу ҳол Иброҳим алайҳиссалом пайғамбар бўлиб келгунларича давом этди. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга қурбонлик қилишни буюрди ва қўчқор берди. Қўчқорни кўрганларида у зот хурсанд бўлиб, “Аллоҳу Акбар” дедилар. Фаришталар айтишди “Бу калима ҳам улуғ ва шарафли экан” деб уни олдинги учтасига қўшишди ва Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи валаа илаҳа иллалллоҳу валлоҳу акбар, деб айтиб юришди.

Вақтики Жаброил алайҳиссалом бу гапларни Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган эди, У зот шодланиб: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳил алайил азийм”, дедилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом “Бу калимани олдингиларига қўшинг”, дедилар.

Бу зикрнинг фазилати шунчалар улуғлигидан у Аршларни кўтаргандир. Ким уни бир кунда Аллоҳни зикр қилиш мақсадида айтар экан гуноҳлари кечирилади. Аллоҳнинг ҳузурида олий мақомлар топиб, мағфиратга эришади. Албатта, фарз ибодатлардан сўнг айтилса, қалби янада равшанлашади. Чунки фарз ибодатларидан сўнг қилинган дуо мустажоб бўлиб бу зикрни айтиб дуо қилиш билан инсон Аллоҳга яқинлик ҳосил қилишдек даражага эришади. Чунки унинг ҳамма маъноси Аллоҳнинг буюклиги ва поклигига далолат қилади.

 

Абу Лайс Ас-Самарқандийнинг “Танбеҳул Ғофилийн” асари асосида

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаси Орифахон ЮНУСХЎЖА қизи тайёрлади.

Саҳобалар ичида энг зеҳни ўткири Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар:   “Кунлардан бирида бозорга бордим. Одамларнинг мол-дунё билан овора эканликларини кўриб уларга:

– Сиз бу ерда савдо-сотиқ билан машғулсиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мерослари тарқатилаётганидан хабарингиз йўқми? – дедим. Савдогарлар қўлларидаги молларини ташлаб:

– Йўқ, қаерда? – деб ҳовлиқиб сўрадилар.

– Фалон масжидда, – деб жавоб бердим. Улар шошиб масжид томон югуриб кетишди.

Аммо бироздан сўнг қайтиб келиб:

– Нега бизни алдадингиз? Масжидда ҳеч қандай мерос тарқатилмаяпти-ку? –дейишди.

Мен:

– Қандай қилиб? Ахир масжидда кимларни кўрдингиз? – деб сўрадим.

Улар:

– Қуръон ўқиётган қориларни ва ҳадис ўрганаётган толиби илмларни, –дейишди.

– Ана шу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросларидир, – деб жавоб бердим.

“Ўзимдан сўнг сизга икки нарса қолдирдим, агар уларни маҳкам тутсангиз ҳаргиз адашмайсиз. Улар Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбарнинг ҳадисидир”, деган севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин”.

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади.

Суббота, 28 Апрель 2018 00:00

Габон ҳам мусулмонлар ўлкаси

Нуфусининг бир қисми мусулмонлар бўлган Габон Африка ўлкасининг тинч мамлакатларидан биридир.

Гавон республикаси Марказий Африка ғарбида жойлашган. Ғарбда Гвения кўрфази, шимолда Экватор Гвенияси ва Камерун, шарқда Конга билан чегарадош. 1960 йилнинг 17 августида француз мустамлакачилигидан озод бўлган.  

Кам нуфуси, етарли табиий бойликлари ва хорижий сармоялар мамлакатни минтақанинг энг бой ўлкаларидан бирига айлантирган. Африканинг энг тинч ва хотиржам ўлкаларидан бири саналади.

Истибдод даври

Габоннинг туб аҳолиси пигменлардир деб тахмин қилинади.

1471-1473 йиллар орасида португалияликлар Габон соҳилларига етиб келди.

XVII аср ва XVIII юзйиллик бошларида европаликлар ҳабаш тижоратчилари билан биргаликда  фил суяги ва қаҳва савдосини йўлга қўяди.

1843 йилда французлар Габонга  келиб жойлаша бошлади. Шимолдан келган французлар маҳаллий аҳолининг ерларни секин-аста ўзлаштириб олишда давом этди.

1849 йил французлар португалларнинг қул савдоси билан шуғулланувчи кораблини қўлга киритади ва французлар озод қилган қуллар Либвериль аҳоли пунктини барпо этади. Либвериль ҳозирда Габоннинг пойтахт шаҳридир.

XIX асрдан бошлаб французлар мамлакатнинг ичкарисига  кириб боради. 1875-80 йилларда Конго дарёси ҳавзасини тадқиқ этган Пьер де Бразза маҳаллий аҳоли йўлбошчилари билан бир неча шартномалар тузади. 1880 йилда де Бразза Габоннинг шарқий қисмидаги Франсвиль шаҳрига асос солади. 1883 йил у Франция республикасининг ҳозирги Габон ва Конго давлатлари ўрнидаги ҳудудга ҳукумат комиссари этиб тайинланади.

1886 йил Габон француз мустамлакаси деб эълон қилинади. Сўнгра француз Конгоси билан бирлаштирилади. 1888-1904 йиллар орасида Габон француз Экваторига қарам бўлади.

 


Мустақиллик даври

1956 йил Габон автоном республика мақомини олди.  

1958 йил Габон республика деб эълон қилинди

1960 йил Габон республикаси мустақиллиги эълон қилинди.

 1961-1967 йилларда Леон M'бa биринчи президент бўлди. (1964и йилда франция унинг ҳокимият тепасида қолиши учун ҳаракат қилди) 1967 йилда Мба вафотидан сўнг ўша чоқда 32 ёшга кирган Альбер-Бернар Бонго (1973 йил у насронийликдан чиқиб, Ислом динига киради ва исмини ал-Ҳаж Умар Бонго деб ўзгартиради) ҳокимиятни қўлга киритди ва мамлакатда бир партиялик тизимини жорий этди.
1990 йилда кўп партиявийлик жорий этилди ва 1991 йилда янги конституция қабул қилинди. Унда кўп партиявийликка расман рухсат этилди.

1992 йилги сайловда Умар Бонго президентлик сайловида ғолиб чиқди. 2009 йил у вафот этди ва унинг ўғли Али Бонго давлатни идора эта бошлади.

 

Пойтахт Либревилдаги масжид

Габон – Африканинг энг илғор ва бой ўлкаси. Мамлакат иқтисодиёти юксалишининг асосини табиий кончилик саноати ташкил қилади. Дунёда тўртинчи ўринда турадиган марганец конларига соҳиб бўлган ўлкада нефть ва уран конлар ҳам кўп бўлиб ана шу табиий хазиналар иқтисодиёт юксалишида самарали ўрин тутади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари  какао, кофе, шакар, палма ёғи, чорвачилик маҳсулотлари етиштириш ва экспорт қилиш ҳам самарали йўлга қўйилган.

 



Габон аҳолиси асоси бўлган банту қабиласи яна тўртта қабилага бўлинади: фанг, эшира, бапоуноу, батека. Қолганлари африкалик ва оврўпаликлар 154.000 атрофида. Мамлакат аҳолисининг юздан ўттизга яқини мусулмонлар, юздан 55га яқини насронийлар, қолганлари ўзларининг маҳаллий динларига эътиқод қиладилар. 

 Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

 

 

Top