muslim.uz

muslim.uz

Мамлакатимизнинг Вашингтондаги элчихонаси хабарига кўра, халқимиз учун эзгулик, мурувват ва меҳр-оқибат рамзи ҳисобланган муборак Рамазон ойини муносиб ўтказиш мақсадида шу йилнинг 20 апрелидан 2 майга қадар ўзбекистонлик бир гуруҳ имом-хатибларнинг Америка Қўшма Штатларига ташрифи ташкил этилмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

АҚШдаги дипломатик ваколатхонамиз ташаббуси ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ушбу ташриф доирасида имом-хатиблар юртдошларимиз истиқомат қилаётган ва таҳсил олаётган Американинг 6 та шаҳрида бўладилар. Хусусан, 20 апрель куни Вашингтон шаҳрига, 21 апрелда - Филаделфияга, 22 апрелда - Нью-Йорк, 23 апрель куни – Синсиннатига, 24 апрелда - Чикагога, 25 апрелда эса Орландога ташриф буюришади.

Ташриф давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакилларининг ватандошлар, миллий диаспоралар етакчилари билан учрашувлари ҳамда маҳаллий масжидларда ислом динининг қадриятлари, радикализмга қарши курашиш, АҚШда яшовчи ўзбек ёшлари ўртасида экстремистик ғоялар тарқалишининг олдини олиш ҳақида маърузалар билан чиқишлари кутилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон имом-хатибларининг АҚШ расмий, диний ва жамоат доиралари вакиллари иштирокидаги конфессиялараро ифторлик, шунингдек, юртдошларимиз ташаббуси билан қурилган масжидларнинг тантанали очилиш маросимларида иштирок этишлари ҳам режалаштирилган.

Ўзбекистонлик имом-хатибларнинг АҚШга ташрифи доирасида АҚШ Давлат департаменти, Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссиясида алоҳида учрашув ва музокаралар ўтказилиши кутилмоқда.

Шунингдек, америкалик эксперт ва жамоатчилик доираларини Ўзбекистонда диний бағрикенглик тамойилларини таъминлаш ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш учун амалга оширилган ишлар ҳақида хабардор қилиш мақсадида АҚШ Тинчлик институти таҳлил марказида брифинг ўтказиш ҳам режалаштирилган.

Ўзбекистонлик имом-ҳатиблар AҚШнинг Шарқий қирғоғида жойлашган, Aмерика мусулмонларининг асосий ибодат маскани ва Виржиния штатидаги 5000 дан ортиқ оилаларга ҳизмат кўрсатувчи AДAМС марказига боришади ҳамда ушбу марказ билан ислом асослари ва араб тилини ўрганиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилишади.

Ушбу кенг қамровли ташриф давомида икки давлат диний идоралари вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш, академик алоқаларни кучайтириш, араб тилини ва ҳадис илмини ўқитиш борасида фикр алмашиш, америкалик зиёрат саёҳатчиларининг Ўзбекистонга сафарларини муҳокама қилиш ҳам кўзда тутилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бу йилги Рамазон ойи юртимизда ўзгача файз ва шукуҳли кечиб, кечалари юртимиз нурга тўлмоқда, десак янглишмаймиз. Чунки ҳар кеча мамлакатимиздаги бир ярим мингдан зиёд масжидларимизда 2400 дан ортиқ қориларимиз таровиҳ намозларида Қуръони каримни хатм қилмоқдалар. Уларга соме бўлувчи, Қуръонга муҳаббатли бўлган тингловчилар ҳам ҳар йилгидан кўпайиб, масжидларимиз тўлиб бормоқда. Бу эса муборак ойнинг янада файзли ўтишига хизмат қилаётир.


Қувонарлиси шундаки, Рамазон ойининг биринчи ярмида юртимиздаги 473 та масжидда хатми Қуръонлар якунланган бўлса, 311та масжидда янги Қуръон хатмлари бошланди. Айни пайтда 1027 тадан ортиқ масжидда хатми Қуръонлар давом этмоқда.


Мамлакатимиз бўйлаб бошланган хатми Қуръонлар Рамазон ойининг Қадр кечасида якунлаш мўлжалланмоқда. Бундан асосий мақсад Қуръони карим тиловатидан кўпроқ баҳраманд бўлиб, муборак, дуолар ижобат бўладиган кечада йиғилган Қуръон шайдолари билан Аллоҳ таолодан тинчлик хотиржамлик, хайру барака, файзу раҳмат сўраб дуолар қилишдир.


Муборак китобларда Қуръони карим нурдир, уни тинглувчига ҳам ўқувчи инсонга ҳам ҳар бир ҳарфига ажру савоблар ёзилади, дейилади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бундай ҳадис келади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Зарр розияллоҳу анҳуга: “Аллоҳга тақво қил”, дедилар. У киши васиятларига қаноатланмай: “Зиёда қилинг, ё Расулуллоҳ” деб сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуръон тиловати ва Аллоҳ зикрини ўзингга вазифа қилиб ол, чунки бу сен учун ер юзида нур, осмонда эса захирадир”, дедилар.


Қуръони каримда эса бундай дейилади: «Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажр савоб бўлишидан) умидвордир. Зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлини уларга янада зиёда қилур. Албатта, У мағфиратли ва ўта шукр қилувчидир» (Фотир, 29–30).


Зеро, Қуръони каримни Рамазон ойидан ўқишнинг фазли кўпдир. Чунки Рамазон Қуръон нозил бўлган ойдир.


Бугун минглаб масжидларимизда давом этаётган бундай хатми Қуръонлар баракасидан Аллоҳ таоло юртимизга ўз раҳматини ёғдириб, тинчлик осойишталигимизни бардавом қилиб, турмушимизга файзу барака ато этади, Иншааллоҳ.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар билан ишлаш бўлими

Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов Ўзбекистон делегацияси таркибида Россия Федерациясига ташриф буюрди.

Айни пайтда Ўзбекистон делегацияси аъзолари мазкур мамлакат расмийлари ва иш берувчи ташкилот раҳбарлари билан учрашиб, у ерда вақтинча меҳнат қилаётган, таълим олаётган юртдошларимизга муносиб шароитлар яратиш бўйича мулақотлар ўтказиб, мавжуд муаммолар ҳал қилинмоқда. Шунингдек, мазкур мамлакат тадбиркорлари, ўзбекзабон ишбилармон вакиллари билан иқтисодий ҳамкорлик бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Мазкур суҳбатлар давомида Иброҳимжон домла Иномов мусофир ҳамюртларимизга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратларининг салом ва дуоларини етказиб, уларни қизиқтирган диний-маърифий мавзуларда маърузалар қилиб бермоқда, шаръий саволларига жавоб бермоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистон делегацияси аъзолари 2022 йил 17-апрелдан 1 майга қадар Россия Федерациясининг Масква, Санкт-Петербург шаҳарлари, Тула, Воронеж, Мурманск, Калининград, Ленинград вилоятларида бўлишади.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ҳанафий-Мотуридий мазҳаби Сайфул-Ҳақ (Имом Абул-Муъин Насафий) роҳимаҳуллоҳ давридан кейин Бухора мадрасасидан истифода олишлик билан бир қаторда умумий тарзда Самарқанд мадрасаси фикрлари устида қарор топади. Мутаъаххир уламоларнинг наздида бу икки мадраса ўртасида билдирилган фикрлар ва айтилган гаплар ичида Самарқанд мадрасасининг сўзи рожиҳ (устун) ҳисобланган.


1 – “Ал-Жумал мин усулуд-дин” – Имом Абу Салама Самарқандий роҳимаҳуллоҳ. Ушбу китоб бир неча муҳим масалаларни зиёда қилиш билан “Тавҳид” китобининг мухтасарига ўхшайди.


2 – “Тамҳид” – Имом Сайфул-Ҳақ Абул-Муъин Насафий роҳимаҳуллоҳ. Ушбу китоб имомнинг “Табсиратул адилла” асарига хулоса ҳисобланади ва ушбу китобга иккита шарҳ битилган: Имом Сиғноқий роҳимаҳуллоҳнинг “Тасдид” асари (бу китоб ҳақида қуйида тўхталамиз) ва Имом Бағобакий роҳимаҳуллоҳнинг ёзган шарҳлари. Бу шарҳ барча учун жуда фойдалидир.


3 – “Ан-Нур ул-Ломеъ” – Имом Абу Шужо Носирий роҳимаҳуллоҳ. Бу китоб Имом Ғазнавийнинг “Ақидатут Таҳовийя”га ёзган шарҳи, “Мабоҳисул каломийя фи-тақвимил адилла”, “Табсиратул адилла” ва бир қанча асарлардан муҳим таъвилларни жамлаган.


4 – “Табсиратул адилла” – Имом Сайфул-Ҳақ Абул-Муъин Насафий роҳимаҳуллоҳ. Ушбу китоб имомдан олдин ўтган Самарқанд уламоларининг китобларига (бу китобларнинг аскари бизгача етиб келмаган) хулоса ҳисобланади. Шунингдек, Ҳидоят имоми Абу Мансур Мотуридий роҳимаҳуллоҳнинг таҳқиқотларини марказлаштирувчи асар саналади. Буни имомнинг ўзлари баён қилиб айтганлар.


5 – “Шарҳу Таъвилот” – Имом Сайфул-Ҳақ Абул-Муъин Насафий роҳимаҳуллоҳ. Ушбу китобни Имом Алоуддин Самарқандий роҳимаҳуллоҳ жамлаганлар. Бу китоб “Табсиратул адилла” асаридан сўнг мазҳабнинг энг аҳамиятли асари ҳисобланади. Ўз ичига бошқа китобларда учрамайдиган далиллар ва калом илмига доир фойдаларни олган. Шунингдек, “Табсиратул адилла” асарида батафсил тўхталинмаган калом илмига доир масалаларни ёритиб беради.


6 – “Тасдид фий шарҳи Тамҳид” – Имом Ҳусомиддин Сиғноқий роҳимаҳуллоҳ. Ушбу китоб Имом Сайфул-Ҳақ роҳимаҳуллоҳнинг давридан Имом Нуриддин Собуний роҳимаҳуллоҳ, Саййид Носируддин Самарқандий роҳимаҳуллоҳ ва Имом Ҳамидуддин Дорир роҳимаҳуллоҳ каби мутааххир уламоларнинг давригача бўлган таҳқиқ қилинган масалаларни жамлаган.


7 – “Тавҳид” – Ҳидоят имоми Абу Мансур Мотуридий роҳимаҳуллоҳ.


8 – “Таъвилоту аҳли сунна” – Ҳидоят имоми Абу Мансур Мотуридий роҳимаҳуллоҳ.

 

https://t.me/moturidiyahlisunnamaktabi 

Янгиликлар

Top