Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Ноябр, 2025   |   20 Жумадул аввал, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:45
Қуёш
07:06
Пешин
12:12
Аср
15:26
Шом
17:11
Хуфтон
18:26
Bismillah
11 Ноябр, 2025, 20 Жумадул аввал, 1447
Мақолалар

Ислом шиорлари эъзозланади

05.09.2025   8508   5 min.
Ислом шиорлари эъзозланади

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда Қуръони карим оятлари битилган қоғозлардан ҳурматсизлик билан фойдаланилаётгани, уламолар, имом-хатибларни танқид қилиш, хато-камчиликларини қидириш ва ҳатто масхаралаш каби ҳолатлар кузатилмоқда. Баъзилар эса уларни обрўсизлантириш, дунёдан бехабар жоҳилга чиқаришга уринмоқда. Бундан ҳам ёмони эгнига чопон кийиб, бошига салла ўраб, бачкана қилиқлар билан илм аҳлининг устидан мазаҳлаб видео тасвирлар олиб тарқатаётган ёшлар ҳам учрамоқда.

Бундай номақбул хатти-ҳаракатлар исломий қадриятлар борасида ҳам учраётгани ташвишлидир. Яқинда ижтимоий тармоқларда Жума куни билан табриклаш борасида ҳам турли тушунмовчиликлар юзага келди. Айримлар Жума билан табриклашни масҳарабозликка айлантириб, ўзича сурату видеолар, ёзувлар тарқатишди. Баъзилар ҳайит куни аниқ бўлмагани учун турли масҳараомуз сўзлар билан шеър ёзиб оммага улашди. Афсуски, жамиятимизда бундай енгил-елпи аудио, видео ва ёзма жўнатмаларни кўпчилик яхши қабул қилади ва тез оммалашади. Лекин диний масалаларда ҳазил бўлмайди. Бу ишни қилаётганлар эса билмасдан гуноҳ орттириб олаётгани ачинарли. Албатта, бу диний  билимсизлик белгиси ҳамдир.

Аллоҳ таолонинг шиорларини оёқости қилиш, улардан бирортасини масхара қилиш, камситиш, беҳурмат қилиш, хўрлаш, менсимаслик, хор қилиш мўмин кишининг кофир бўлишига сабаб бўлади.

Илло, Жума куни ҳам Ҳайит ҳам ислом шиорларидандир.

Ислом таълимотига кўра “шиор” сўзи “нишон”, “белги”, “аломат” маъноларини билдиради. Яратган Парвардигоримиз Аллоҳ таолонинг динининг кўзга кўринган ва шон-шавкатининг аломати бўлган нарсалар шиор ҳисобланади. Булар қаторига шариатимизда улуғланган зотлар – пайғамбарлар, саҳобалар, тобеинлар, авлиёлар, уламолар, илм аҳллари ҳам, Жума куни, Рамазон ойи, муқаддас ойлар, ибодат воситалари бўлмиш тасбиҳ, салла ва жойнамоз каби нарсалар ҳам киради.

Динимиз уламоларининг фатволарида бундай дейилади: “Ким азонни масхара қилса ёки Қуръони каримни енгил санаб оёқ ости қилса, ёки шаръий илмларни ёхуд уламоларни масхара қилса, ибодатларни енгил санаб бажармаса, ёки масжидни масхара қилса, кофир бўлади” (“Ғамзу уюнил басоир шарҳ ашбоҳ ван-назоир” китоби).

Аллоҳ таоло ислом шиорларини қадрлашга тарғиб қилган ва уларни топташ, масхара қилишдан қаттиқ қайтарган. Жумладан, Ҳақ таоло Қуръони каримда: “(Гап) шудир. Яна кимки Аллоҳнинг шиорлари (қурбонликлар)ни улуғ деб билса, бас, албатта, (бу) дилларнинг тақвосидандир” (Ҳаж сураси 32 оят), – деб хитоб қилган.

Савбон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шариатнинг шиорини паст санаганларни қаттиқ қоралаб бундай деганлар: Аниқ биламанки, умматим ичидаги баъзи кимсалар Қиёмат кунида Тиҳома тоғи каби улкан ҳасанотлар билан оппоқ бўлиб келишади, лекин Аллоҳ таоло уларнинг амалларини тўзиган чанг каби қилиб қўяди. Шунда Cавбон разияллоҳу анҳу: “Ё Раcулуллоҳ, бизга уларни cифатлаб, очиқ баён қилиб берсангиз, билмасдан ўшалардан бўлиб қолмайлик!” – деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: Улар cизларнинг биродарларингиз, cизларга ўхшаган одамлардир. Улар ҳам cиз каби тунлари ибодат қилади. Лекин улар шундай одамларки, ёлғиз қолган вақтларида шариатнинг шиорларини топтайдилар, – дедилар (Имом Ибн Можа ривоятлари).

            Худди шундай Ислом динини, шариат аҳкомларини етказишдек улкан масъулиятни зиммасига олган уламолар шаънига ёмон сўзларни гапириш Аллоҳ ва Унинг расулини ғазабини келтирадиган ёмон ишдир. 

Олимнинг фазлини Аллоҳ ва Унинг расули улуғлаб турса-ю, унга нисбатан ҳурматсизлик қилиш, Аллоҳ ва Унинг расулига ҳурматсизликдир. Аҳли сунна эътиқодига кўра, мусулмон катта гуноҳни қилиш билан диндан чиқмайди, лекин динни, уламоларни паст санаш билан диндан чиқиш хавфи бор. Чунки уламолар дин номидан гапирувчи шахслардир. Уларга отилган тош динга, пайғамбарга отилган ҳисобланади.

Тоҳир Бухорийнинг “Хулосатул фатово” асарида: “Ким бир олимни зоҳирий сабабсиз ёмон кўрса, унинг диндан чиқиш хавфи бор!” дейилади (Али Қорий, “Шарҳу Фиқҳил акбар”).

 Илм аҳлини ҳурматлаш Аллоҳ таолони улуғлашдир. Пайғамбаримиз алайҳи вассалм: “Кексаларимизни ҳурмат қилмаган, кичикларимизга раҳм қилмаган ва олимимизни ҳаққини билмаган киши биздан эмас” деганлар (Имом Ҳоким ривоят қилган).

Қолаверса, илм аҳли ва салоҳиятли кишиларни масхара қилиш, уларни қадрини ерга уриш кофир ва мунофиқ кишиларнинг сифатидир. Бу ҳақда ояти каримада бундай дейилади:

 “Кофир бўлганларга бу дунё зийнатли қилиб қўйилган. Улар имон келтирганлар устидан куладилар. Ҳолбуки, қиёмат куни тақволи бўлганлар улардан баланддирлар” (Бақара сураси, 212-оят).

Демак, билиб билмай, уламолар ва илм аҳлни, Ислом шиорларини  масхара қилиш мўминга ҳам ақли роса кишига ҳам хос сифат эмас. Айниқса, мамлакатимизнинг асосий қисми Ислом динига эътиқод қилар экан, халқимизнинг миллий ва диний қадриятларини ҳурмат қилиш ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг бурчидир.

Толибжон НИЗОМОВ

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Ҳаж вазири билан янги тартиб ва қулайликлар муҳокама қилинди

10.11.2025   6900   1 min.
Ҳаж вазири билан янги тартиб ва қулайликлар муҳокама қилинди

Кеча, 9 ноябрь куни Ўзбекистон делегацияси ҳамда Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлиги ўртасида “Ҳаж – 2026” мавсумини намунали ташкил этиш юзасидан мулоқот бўлиб ўтди. Унда Президент маслаҳатчиси ўринбосари Музаффар Комилов, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, атташе Шуҳрат Амоний ҳамда Ҳаж ва умра вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа, Саудия элчиси Юсуф ал-Утайбий келгуси ҳаж мавсумини юқори даражада ташкил этишни муҳокама қилишди. 

Учрашув аввалида муҳтарам Президентимиз ҳамда Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд, Валиаҳд Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар салмоқли натижа бераётгани, делегациялар алмашинуви кўпайгани ва ҳожиларга энг юқори даражадаги хизматлар кўрсатилаётгани алоҳида қайд этилди.

Музокаралар чоғида янги мавсумда ҳожилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий этилган янги тартиб-қоидалар тўғрисида фикр-мулоҳаза алмашилди. Жумладан, тиббий талабларга қатъий риоя этиш, ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштириш, шартнома бандларини бажариш ва ҳаж мавсумида низом талабларига амал қилишга урғу қаратилди.

Ҳаж вазири давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан амалга оширилаётган ислоҳотлар, илмий-тадқиқот, бунёдкорлик ишлари, ҳаж ва умра йўналишидаги янгиланишлар ва зиёратчиларимиз тартиб-интизомини юқори баҳолади. Шунингдек, у Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси ва Самарқандаги Имом Бухорий мажмуасининг тантанали очилиш маросимларида иштирок этиш ниятини билдирди.  

Учрашувда зиёрат туризмини ривожлантириш, ўлкамизнинг қадимий шаҳарларига саёҳатлар уюштириш, илм-фан, илмий-тадқиқот йўналишида ҳамкорлик қилиш кабиларга ҳам тўхталинди.

Мулоқот якунида томонлар қатор масалалар бўйича келишувга эришиш баробарида ўзаро эсдалик совғалари алмашдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
 

Ҳаж вазири билан янги тартиб ва қулайликлар муҳокама қилинди Ҳаж вазири билан янги тартиб ва қулайликлар муҳокама қилинди Ҳаж вазири билан янги тартиб ва қулайликлар муҳокама қилинди Ҳаж вазири билан янги тартиб ва қулайликлар муҳокама қилинди Ҳаж вазири билан янги тартиб ва қулайликлар муҳокама қилинди Ҳаж вазири билан янги тартиб ва қулайликлар муҳокама қилинди Ҳаж вазири билан янги тартиб ва қулайликлар муҳокама қилинди Ҳаж вазири билан янги тартиб ва қулайликлар муҳокама қилинди Ҳаж вазири билан янги тартиб ва қулайликлар муҳокама қилинди