Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Салоҳиддин домла Шарипов Андижон вилоятидаги сафари давомида вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Муҳаммадисъҳоқ домла Мўминов ҳамрохлигида Андижон шаҳридаги “Довудхон тўра” жоме масжидига ташриф буюриб, жамоат билан аср намозини адо этдилар. Сўнг намозхонларга юртимизда диний соҳада бўлаётган ислоҳотлар, ёшлар тарбияси, буюк алломаларимизнинг илм йўлидаги хизматлари ҳақида маъруза қилиб бердилар.
***
Сафар давомида Салоҳиддин домла Шарипов, Иброҳимжон домла Иномов ва Муҳаммадисъҳоқ домла Мўминовлар вилоятдаги Жалақудуқ тумани “Гулистон” маҳалласида яшовчи ёрдамга муҳтож, қармоғида ногирон фарзанди бўлган Фарҳоджон Эгамбердиев ҳамда “Тўққиз-ариқ” маҳалласида яшовчи кам таъминланган, бемор, ёлғиз аёл Ойжамол Максимова оиласи ҳолидан хабар олиб, “Вақф” хайрия жамоат фондининг озиқ-овқат маҳсулотлари, диний-маърифий китоблар жамланмаси ва пул маблағлари етказиб, кўнгилларга қувонч улашдилар, дуои-хайрлар қилдилар.
***
Андижон вилояти Жалақудуқ туман хокимлиги буғдой йиғим-терими олди аҳолига ташкил этган маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг маслаҳатчиси Салоҳиддин домла Шарипов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Муҳаммадисхоқ домла Мўминов ва бошқалар қатнашиб туман мутасадди вакиллари, фермерлар ва мехнат фахрийлари билан бирга суҳбат қурдилар. Уламоларимиз таъсирли маъруза қилиб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, дастурхонимиз тўкинлиги, хирмонларимизга барака сўраб хайрли дуолар қилдилар.
Уламоларимизнинг сафарлари давом этмоқда. Тафсилотларни кузатиб боринг.





Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
#xabar #qabul #muftiy
Бугун, 28 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари юртимизнинг турли ҳудудларидан келган фуқароларни қабул қилиб, мурожаат, арз ва таклифларини эшитдилар.
Қабул жараёнида фуқароларимиз томонидан билдирилган масжидлар ҳолати, имом-хатиблар фаолияти, диний таълим, оилавий масалалар, ҳаж ва умра ҳамда моддий ёрдам масалалари бўйича мурожаатлари атрофлича кўриб чиқилди.
Жумладан, оилавий муносабатлар билан боғлиқ масалалар юзасидан маслаҳатлар берилди, шаръий саволларга батафсил тушунтиришлар тақдим этилди. Шунингдек, моддий ёрдам сўраган фуқароларга белгиланган тартиб-қоидалар асосида кўмак кўрсатилди.
Қайд этиш жоизки, кишиларнинг дардини енгиллатиш, уларнинг ташвишларини аритиш — савоби улуғ амал ҳисобланади. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“... Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишни аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Ана шу набавий таълимотга амал қилган ҳолда, бугун Муфтий ҳазратлари мутасаддилар билан бирга турли масалалар бўйича мурожаат қилган фуқароларнинг ташвишлари бартараф этилишига амалий ёрдам кўрсатдилар.
Илиқ кутиб олинган фуқаролар мурожаатларининг ижобий ечим топганидан мамнун бўлиб, масъуллардан миннатдор ҳолда қайтдилар.
Мана шундай қабул жараёнлари мамлакатимиздаги барча жоме масжидларда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати