Рамазон ойига ўзгача шукуҳ, сурур бағишлайдиган, фақатгина бу ойга хос бўлган ибодат таровеҳ намозидир. Аммо минг афсуски ўтган йили бошимизга келган оғир синов сабабли бир йиллик жисму руҳимизга шифо ва куч-қувват бўлувчи таровеҳ намозларида Қуръони каримга сомеъ бўлиш бахтидан мосуво бўлгандик.
Алҳамдулиллаҳ, бугундан юртимизнинг барча масжидларида таровеҳ намози, Қуръон хатмлари бошланади. Маълум бўлишича, Тошкент шаҳри масжидларида таровиҳ намозлари кечки соат 21:00 дан бошланиши белгиланган.
Бу йил ўтган йиллардан бери соғинганимиз – таровеҳ намозларида Қуръони каримга сомеъ бўламиз. Рамазон кечаларида қоим бўлиш – улуғ ибодат бўлиб, Аллоҳ таоло тақводор бандаларини сифатлар экан, уларнинг кечаларини ибодат билан ўтказишларини алоҳида зикр қилади: “(Улар) туннинг озгина (қисмидагина) ухлар эдилар” (Зориёт сураси, 15—19 оятлар).
Бошқа оятда Аллоҳ таоло суюкли бандаларини бундай тавсиф қилади: “Улар яна тунларни Парвардигорга сажда қилган ва тик турган (бедор) ҳолда ўтказадиган кишилардир” (Фурқон сураси, 64-оят).
Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон (кечалари)да имон билан (Аллоҳ таолонинг унга савоб бериш ваъдасини тасдиқлаган ҳолда) ва савоб умидида (риё ва унга ўхшаш нарса учун эмас, фақат ажрни талаб қилиб намоз ўқиган ҳолда) турса олдинги ўтган гуноҳлари кечирилади”, деганлар.
Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Албатта Аллоҳ таоло сизларга Рамазоннинг рўзасини фарз қилди, мен эса сизларга унинг қиёмини суннат қилдим. Бас, кимки имон ва ихлос билан унда рўза тутса ва қоим бўлса, гуноҳларидан онаси уни туғган кундагидек пок ҳолда чиқади” (Имом Насоий ривояти).
Рамазон ойининг ғанимат лаҳзаларининг ҳар бир сониясидан унумли фойдаланишга интилайлик, бир зум ҳам ғафлатда қолмайлик! Аллоҳ таоло таровеҳ намозларимизни, тунги қиёмларимизни Ўз даргоҳида қабул қилсин, Рамазонни ажру савоблар ила манфаатли якунлашимизни насиб этсин!
Даврон НУРМУҲАММАД
Такфир ибораси араб тилидаги “куфр” сўзининг ўзагидан олинган бўлиб, луғатда инкор қилиш, осий бўлиш, тан олмаслик каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса икки хил маънода келади. Бири – динда, яъни, Аллоҳ ва Унинг Расулига итоатсизлик иккинчиси, инъом этилган неъматни менсимай, инкор этишга нисбатан қўлланилган.
Ислом тарихида, такфир тушунчаси халифа Али розияллоҳу анҳу даврида пайдо бўлган хорижийлар фирқаси томонидан ўзларига эргашмаганларга нисбатан қўлланилган. Улар дастлаб халифа Алининг ашаддий тарафдорлари бўлиб, “Сиффийн” жангидан сўнг ҳазрати Алидан ўн икки минглик қўшин билан ажралиб чиқиб, унга ва Муовияга қарши баробар кураш бошлаган. Бугунги кунда мутаассиблар мусулмонни асоссиз кофирга чиқариб ғулувга кетмоқдалар.
Шариатда мусулмонни унинг мусулмон эканлигига қарши далил топилмагунича мусулмон, деб ҳукм қилинади. Зеро, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бундай дейдилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Бир мусулмонни кофирга чиқаришдан олдин куфрга сабаб деб ўйланаётган у гапирган сўзи ёки ишига қараш, уни яхшилаб ўрганиш шартдир. Зеро, барча фосид сўз ёки иш куфр қилувчи эмасдир. Шунингдек, барча инсонлар ўзгаларни кофирга чиқаришдан сақланмоқлари, бу ишдан қочиб, бу жуда нозик масала бўлгани учун ҳам уни олимларга ҳавола этиш вожибдир. Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир киши биродарига “эй кофир!” деса бу гап аниқ иккисидан бирига тегишли бўлади.
Агар у киши ростан ҳам кофир бўлса, унга қайтади. Аммо ундай бўлмаса, гапирувчининг ўзига қайтади”, деб айтдилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. У зот Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни бундай деяётганларини эшитган: “Ким бир кишини “кофир” деб чақирса ёки “Аллоҳнинг душмани” деса, аслида у одам бундай бўлмаса, гаплари ўзига қайтади” (Имом Муслим ривояти). Таҳовий ақидасида: “Қибла аҳлидан бўлган бирор-бир мусулмонни гуноҳи кабира туфайли кофир санамаймиз”, дейилади. Шунингдек, бошқа ақида ва уларга ёзилган шарҳларда катта гуноҳ қилган кишилар гарчи уни содир этиш пайтида вафот этса ҳам, қилган ишини ҳалол санамаса, кофир бўлмаслиги, агар ўз уқубатларини дунёда олса катта гуноҳи учун каффорот бўлиши, мабодо вафот этса, бу – Аллоҳнинг хоҳиши: хоҳласа азоблаши, хоҳласа кечиши баён этилган.
Ақида илмининг етук билимдони Абул Ҳасан Ашъарий айтадилар: “Мен аҳли қибладан бирортасини кофирга чиқармайман. Чунки уларнинг барчалари ёлғиз маъбудга ибодат қиладилар”. Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ўзга инсонни кофир дейиш, унга жаҳаннамда абадий қоласан, дейишга тенг гапдир. Бунинг устига жамият кишилари орасида унинг ўрнини ўз билганича белгилаб бериш демакдир. Аллоҳ таоло барчамизга ўз динимизни яхши англаб етишимизни, ошкора ва махфий фитналарнинг барчасидан асрашини сўраймиз.
Сайфиддин Бобоқулов,
Мир Араб олий мадрасаси талабаси