#xabar #hamkorlik #muhokama
Шу йил 2 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Россия Федерацияси мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Рушан ҳазрат Аббясовни қабул қилдилар.
Муфтий ҳазрат меҳмонни тaшриф билан қутлаб, кейинги йилларда юртимизда бўлаётган катта ижобий ўзгаришлар ҳақида сўзлаш баробарида дўстона муносабатлар туфайли ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бораётгани, хусусан, Ўзбекистон ва Россия Федерацияси диний идоралари ўртасида имзоланган меморандум доирасида диний-маърифий, илмий-маданий соҳаларда ҳамкорлик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидладилар. Айниқса, ўтган йиллар давомида биргаликда ўтказилган халқаро анжуманлар, уламолар мулоқотлари, ташрифлар ва тажриба алмашинувлар жуда ҳам фойдали бўлаётгани эътироф этилди.
Ўз навбатида Рушан ҳазрат Аббясов самимий қабул учун миннатдорлик билдириш асносида Ўзбекистонда барча жабҳада бўлаётган ўзгаришлар, жумладан, диний соҳадаги янгиликлардан беҳад хурсанд эканлигини баён этди. Шунингдек, Муфтий ҳазратларига мазкур мамлакат мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Равиль Гайнутдиннинг салом ва табригини етказиш баробарида ўзларига қулай вақтда икки томонлама алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш учун Россия Федерациясига расмий сафар қилиш таклифини тақдим этди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон илм-маърифат маркази экани, Россияда фаолият юритаётган кўплаб уламолар 500 йиллик тарихга эга Мир Араб мадрасаси ва Тошкент ислом институтида таълим олгани, ҳозир ҳам ушбу анъана давом эттирилиб, бу ердаги диний таълим муассасаларида хорижлик талабалар ўқиётганини эътироф этди.
Учрашувда томонлар ҳамкорликда халқаро конференциялар ўтказиш, диний-маърифий, илмий ва маданий соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, диний таълим ва илмий тадқиқотлар бўйича ҳамкорликни кенгайтириш каби масалалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Мен ҳам шаввол ойида олти кун рўза тутмоқчи эдим. Аммо Рамазон ойида ҳам олти кун сабабли тута олмаганман. Энди мен шаввол ойида 6 кун рўза тутсам Рамазоннинг қазосини тутиб берган ҳисобланаманми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шаввол ойидаги олти кунлик рўза қазо рўзалар ўрнига ўтмайди. Шунинг учун зиммасида Рамазон ойи рўзасидан қарзи бор бўлган киши аввало қазо рўзасини тутиши мақсадга мувофиқ. Чунки қазо рўзаларни нафллардан аввал тутилгани афзал саналади. Қазо рўзасини тутаётган киши бомдод намозининг вақти (субҳи содиқ) кирмасидан аввал "Рамазон ойидан тута олмаган қазо рўзани тутиш"ни ният қилиши керак бўлади. Агар ният қилолмай субҳи содиқдан кейин ният қилса, нияти эътиборли бўлмайди.
Шаввол ойидаги олти кунлик рўза нафл ибодат бўлиб, уни шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Шунинг учун Сиз аввал қазо рўзаларни мукаммал тутиб олиб, кейин шаввол ойи давомида олти кун рўза тутишингиз мақсадга мувофиқ. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.