Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг замонавий кутубхонаси китобхонлар, тадқиқотчилар ва талабалар учун ўз эшикларини расман очди.
Китобхонлар учун кутубхонанинг 40 мингдан ортиқ босма нашрлари, 3 мингдан зиёд нодир қўлёзма ва тошбосма манбалари ҳамда маҳаллий ва халқаро электрон базалар орқали 10 миллиондан ортиқ рақамли ресурслардан фойдаланиш имконияти яратилган.
Тадқиқотчилар учун сенсор панеллар, инфокиосклар, овоздан холи кабиналар ва китобларни стерилизация қилиш ускуналари хизмат кўрсатмоқда.
Ахборот-кутубхона хизматларидан самарали фойдаланиш учун қуйидаги қоида ва тартиблар белгиланган:
Кутубхонадан фойдаланиш 14 ёшдан бошлаб расмийлаштирилади. Рўйхатдан ўтиш учун қуйидаги ҳужжатлардан бири тақдим этилиши лозим:
Паспорт ёки ID-карта;
Истиқомат қилиш гувоҳномаси;
Ҳайдовчилик гувоҳномаси.
Эслатма: 14–16 ёшдаги фойдаланувчилар туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ҳамда ота-онаси ёки васийларининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари асосида аъзо бўлишлари мумкин.
Рўйхатдан ўтган китобхонларга 2 йил муддатга амал қилувчи махсус ID-карта тақдим этилади.
2. Иш тартиби ва вақти
Кутубхона ҳафтанинг қуйидаги кунларида фойдаланувчиларни қабул қилади:
Душанба – Жума: 09:00 дан 22:00 гача
Шанба: 09:00 дан 18:00 гача
Якшанба: Дам олиш куни
Марказ кутубхонаси бир вақтнинг ўзида 310 нафар китобхонга хизмат кўрсатиш салоҳиятига эга. Қуйидаги маконларни ўз ичига олади:
Илмий ва хорижий адабиётлар заллари ҳамда олимлар хонаси;
Коворкинг ҳудуди ва индивидуал ишлаш жойлари;
Имконияти чекланган шахслар учун махсус хона;
Очиқ ҳавода мутолаа қилиш учун яшил майдон.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Отамнинг хотира қутисини очганимда, у менга 22 йил аввал берган бир конвертни топдим.
Тахминан 2004-йилларда, “Ялла” дастури эфирга узатилаётган пайтларда биз ёш эдик. Араб дунёсининг тараққий этишини, янада яхши томонга ўзгаришини орзу қилардик. Отам бу дастур эпизодларини мунтазам томоша қилар, ҳатто уларни видеоленталарга ёзиб борарди.
Бир куни дастур эпизодларидан бирини томоша қилганидан сўнг, икки саҳифали мактубни конвертда менга топширди. Бугун ўша мактубнинг айрим қисмларини сизга ўқиб бермоқчиман. Шоядки, отамнинг овози уни ёзганидан 22 йил ўтиб ҳам инсонларга етиб борсин.
Бу сўзлар ёшлар ва уларни тинглайдиган, кузатадиган кишилар учун ёзилган эди.
Отам бундай ёзган:
“Кўплаб инсонлар Ислом ҳақида савол берадилар: “Нега инсон яратилди? Дин нима учун мавжуд? Инсоният динга хизмат қилиши учунми ёки дин инсониятга хизмат қилиши учунми?”.
Менимча, дин инсониятнинг саодати учун юборилган. Диннинг барча ҳукмлари, ибодат ва кўрсатмалари битта мақсадга хизмат қилади — инсоннинг ислоҳ бўлиши ва камол топиши.
Инсоннинг ўзи, оиласи, маҳалласи, шаҳри, давлати ва охиратдаги ҳолати яхшиланиши – диннинг асл мақсади.
Аллоҳ таоло ота-онага яхшилик қилишни Ўзига ибодат қилиш билан ёнма-ён зикр қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ота-онага яхшилик қилишни энг савобли амаллардан бири сифатида таъкидлаганлар.
Қизиқки, айрим кишилар намозга жуда эътиборли бўлсалар-да, ота-оналарига бепарво бўладилар. Бошқалари эса ота-онага хизмат қилишга ҳаракат қиладилар-у, аммо намозга сусткашлик қиладилар. Ҳолбуки, ҳақиқий мусулмон иккисини ҳам бирдек қадрлаши керак.
Инсон билган нарсасига амал қилиши керак. Шундагина у ҳақиқий ҳидоятга эришади.
Аллоҳ барча мусулмонларни ҳидоят қилсин, Ўзининг розилиги ва жаннатига етакласин. Ҳамд оламлар Парвардигори Аллоҳгадир”.
Мактуб шу сўзлар билан якунланган эди.
Хулоса қилиб айтганда, отам диннинг асосий мақсади инсонни яхшилаш деб ҳисоблар эди. У инсон камолоти икки асосга таянишини таъкидлаган:
Биринчиси – ибодатлар орқали шаклланадиган маънавий ва руҳий тарбия.
Иккинчиси – яхши амаллар, гўзал хулқ ва фойдали ишлардан иборат амалий тарбия.
Бу икки жиҳатдан бири бўлмаса, инсон камолотида нуқсон пайдо бўлади. Инсоннинг дунё ва охиратдаги саодати эса айнан шу икки асоснинг уйғунлигига боғлиқ.
Отам бу дунёни тарк этганига йиллар бўлди. Аммо унинг ўрни ҳеч нарса билан тўлмайди. У ҳақда қанча шеър ёзмайин, қанча хотиралар айтмайин, барибир отанинг қадри беқиёсдир.
Ота-онанинг қадрига улар ҳаётлик вақтларида етиш керак. Улар вафот этганларидан кейин қабр устида тўкилган кўз ёшлар, афсуслар ва армонлар фойда бермайди.
Шунинг учун ота-онангиз ҳаёт бўлса, уларга хизмат қилинг, дуоларини олинг ва меҳр кўрсатинг. Чунки улар кетганидан кейин уларнинг ўрнини ҳеч ким боса олмайди.
Даврон НУРМУҲАММАД