Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Феврал, 2026   |   15 Шаъбон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:12
Қуёш
07:33
Пешин
12:42
Аср
16:00
Шом
17:46
Хуфтон
19:00
Bismillah
03 Феврал, 2026, 15 Шаъбон, 1447

Тошкент шаҳри масжидларида таровиҳ намозлари кечки соат 21:00 дан бошланади

12.04.2021   3120   2 min.
Тошкент шаҳри масжидларида таровиҳ намозлари кечки соат 21:00 дан бошланади

Рамазон ойига ўзгача шукуҳ, сурур бағишлайдиган, фақатгина бу ойга хос бўлган ибодат таровеҳ намозидир. Аммо минг афсуски ўтган йили бошимизга келган оғир синов сабабли бир йиллик жисму руҳимизга шифо ва куч-қувват бўлувчи таровеҳ намозларида Қуръони каримга сомеъ бўлиш бахтидан мосуво бўлгандик.

Алҳамдулиллаҳ, бугундан юртимизнинг барча масжидларида таровеҳ намози, Қуръон хатмлари бошланади. Маълум бўлишича, Тошкент шаҳри масжидларида таровиҳ намозлари кечки соат 21:00 дан бошланиши белгиланган.  

Бу йил ўтган йиллардан бери соғинганимиз – таровеҳ намозларида Қуръони каримга сомеъ бўламиз. Рамазон кечаларида қоим бўлиш – улуғ ибодат бўлиб, Аллоҳ таоло тақводор бандаларини сифатлар экан, уларнинг кечаларини ибодат билан ўтказишларини алоҳида зикр қилади:(Улар) туннинг озгина (қисмидагина) ухлар эдилар” (Зориёт сураси, 15—19 оятлар).

Бошқа оятда Аллоҳ таоло суюкли бандаларини бундай тавсиф қилади: “Улар яна тунларни Парвардигорга сажда қилган ва тик турган (бедор) ҳолда ўтказадиган кишилардир” (Фурқон сураси, 64-оят).

Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон (кечалари)да имон билан (Аллоҳ таолонинг унга савоб бериш ваъдасини тасдиқлаган ҳолда) ва савоб умидида (риё ва унга ўхшаш нарса учун эмас, фақат ажрни талаб қилиб намоз ўқиган ҳолда) турса олдинги ўтган гуноҳлари кечирилади”, деганлар.

Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Албатта Аллоҳ таоло сизларга Рамазоннинг рўзасини фарз қилди, мен эса сизларга унинг қиёмини суннат қилдим. Бас, кимки имон ва ихлос билан унда рўза тутса ва қоим бўлса, гуноҳларидан онаси уни туғган кундагидек пок ҳолда чиқади” (Имом Насоий ривояти).

Рамазон ойининг ғанимат лаҳзаларининг ҳар бир сониясидан унумли фойдаланишга интилайлик, бир зум ҳам ғафлатда қолмайлик! Аллоҳ таоло таровеҳ намозларимизни, тунги қиёмларимизни Ўз даргоҳида қабул қилсин, Рамазонни ажру савоблар ила манфаатли якунлашимизни насиб этсин!

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар - 1 қисм

03.02.2026   435   2 min.
Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар - 1 қисм

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таоло бутун борлиқда Ўзининг борлигини исботловчи мўжизаларни яратган. Жамики мавжудот, жонзотлар, ўсимликлар Аллоҳнинг ягона Зот эканини исботлайди. Бу ҳақда чуқур фикрлаб, ўйлаб кўрсак кифоя.

Аллоҳ таоло доимо ақл эгалари учун Ўзининг борлигини исботловчи далилларни зоҳир қилган. Инсоният тараққиётга илдамлагани сари Аллоҳ таоло ҳам уларга бундай далилларни янада ёрқинроқ қила бошлади. Ҳар бир замон эгаларининг ақлига яраша муомала қилиш ҳам Аллоҳ таолонинг адолатли ва ҳикматли Зот эканини кўрсатади.

Аллоҳ таоло борлиқни Ўзининг борлигига энг биринчи далил қилиб кўрсатди. Оддий инсон ҳам ақлини озгина ишлатиб кўрса Аллоҳнинг ягоналигини англай олади.

Аллоҳ таолонинг борлигига бу дунёда моддий далиллардан ташқари, ақлий далиллар ҳам мавжуд. Аллоҳнинг борлигини исботловчи бирламчи восита ҳам аслида ақл бўлади. Ақл туфайли Аллоҳнинг борлигини исботлай оламиз ва бунга борлиқда етарлича далиллар бор.

Шундай бўлсада ақлнинг ўзи бизга барча ҳақиқатларни очиб бера олмайди. Яъни, ақл билан ягона Яратувчи Зот борлигини англай оламиз. Бироқ ўша Яратувчи Зот биздан талаб қилган нарсани ва вазифамиз нимадан иборат эканини ақлимиз орқали топа олмаймиз. Қандай ибодат қилишни, нималар қилиш керак ва нималар қилмаслигимиз лозим, жазо ёки мукофотларни фақатгина ақл билан идрок этиб бўлмайди. Айни шу сабабдан Яратган Зот башариятга Ўз элчилари, яъни пайғамбарларини юборди.

Нима учун яратилдик? Бу борлиқ нега яратилган? Шу каби саволларнинг барчасига пайғамбарлар алайҳимуссалом жавоб берадилар. Ушбу саволларга ақлимизни қанча ишлатиб кўрмайлик бирор жавоб топишимиз мушкул.

Башарият пайдо бўлиши билан уларни Яратган Зот буйруқларидан огоҳ этиш учун пайғамбарларини ҳам юборди. Пайғамбарлар одамларга турли мўжизаларни, ақлбовар қилмас ҳодисаларни кўрсатиб, инсонларни ўзларига эргашишга даъват этдилар. Лекин биз бу китобимизда мўжизалар ҳақида гапирмоқчи эмасмиз. Ушбу китобимизда фақатгина ақлий далилларни ўрганамиз. Яъни бизнинг оламимиздан бошқа олам ҳам бор эканини исботловчи ақлий далилларни ўрганиб чиқамиз.

Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг
"Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар" китобидан

Мақолалар