Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Январ, 2026   |   11 Шаъбон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:15
Қуёш
07:37
Пешин
12:41
Аср
15:55
Шом
17:41
Хуфтон
18:55
Bismillah
30 Январ, 2026, 11 Шаъбон, 1447

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Иккинчи муъман биҳнинг шарҳи (Ўн сакизинчи мавзу)

23.11.2020   2588   3 min.
МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Иккинчи муъман биҳнинг шарҳи (Ўн сакизинчи мавзу)

 

НАЗМ

 

Икинчи муъман биҳнинг

                 шарҳи

 

Яна хайли фариштадур, билингиз,

Ҳар бириси бир иштадур, билингиз.

Бири рокиъдурур бири сожид,

Бири қойимдурур, бири қоъид.

Бири Ҳақ ёди бирла мустағрақ,

Билмайин Ҳақдин ўзгани мутлақ.

Келса гар қатра ёмғуре ерга,

Бор анинг бирла бир малак бирга.

Борса гар зарра туфроғи кўкка,

Ул боришни соғинма ўзлукка.

Ҳар ёғин ёғса, ҳар еле елса,

Ҳар нима борса, ҳар нима келса,

Ҳар бир ишга муаккал ўлди малак,

Гар ер аҳлидурур, гар аҳли фалак.

Билингизким, фаришта хайли бари

Нарлиғу модалиғдин ўлди барий.

 

НАСРИЙ БАЁН

 

Иймон келтириш шарт бўлган иккинчи

нарсанинг шарҳи

(Иймоннинг иккинчи шарти)

 

Яна билингизки, фаришталар тоифасига иймон келтириш шартдир, уларнинг ҳар бири (Аллоҳ амр этган) бир ишга машғулдир. Бири рукуъ қилувчидир – Аллоҳ таъолога таъзимдадир, бири сажда қилувчидир, бири (ибодатда) қоим – тик турувчидир, бири ўтирувчидир (ҳаммалари ҳам шу йўсин итоат ва ибодатдадир.) Бири, Ҳақдан ўзгани билмай, Ҳақ таълонинг ёди билан мустағрақ – файзи Илоҳийга чўмган, ғарқ бўлгандир. Осмондан ерга бир қатра ёмғир тушса, у билан бирга (у томчини олиб тушувчи) бир фаришта бордир.

 

Агар тупроқнинг бир зарра чанги осмонга кўтарилса, уни ўз ҳолича кўтарилиб борди, деб ўйлама (балки, Аллоҳнинг амри билан бир фаришта олиб чиққандир).

 

Ҳар қандай бир ёғин (қорми, ёмғирми, дўлми, шудрингми) ёғса, ҳар қандай бир ел, бир шамол эсса, ҳар нима борса, ҳар нима келса, ҳар  бирига  хоҳ  ер  аҳлидан,  хоҳ  осмон  аҳлидан  бўлган  бир  фаришта муаккал, яъни Аллоҳ тарафидан вакил қилинган бўлади.

 

Билингизки, фаришталар гуруҳининг барчаси эркаклик ва аёллик (каби жинсий) хусусиятларидан холи ва покдир.

 

ИЗОҲ. (Фаришталар ҳақида билиш, сўзлаш, фикр ва тасаввур қилиш мумкиш бўлган нарсалар:) Ҳамиша  Аллоҳга итоат ҳолида бўлмоқ, эркак ва аёл (жинсий хусусиятда) бўлмаслик, еб-ичмаслик, кичик ва катта қазои ҳожат қилмаслик, бурун қоқмоқ ва ел чиқармоқдан пок бўлиш, бемор ва кўтарам бўлмаслик, заифлик ва қариликка учрамаслик, офатлардан ва ёмон феъллардан нари бўлмоқ, аъзолардан ва бошқа бирикмалардан вужудга келган бўлмаслик фаришталар ҳақида вожибдир.

 

Фаришталар нуроний бир борлиқдир, ва албатта, юқорида зикр қилинган ҳоллардан узоқдир («Жомиъ ул-мутун»).

(Фаришталар мавзуйининг давоми бор)

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Муфтий ҳазрат мақоласи Миср матбуотида кенг ёритилди

29.01.2026   1755   1 min.
Муфтий ҳазрат мақоласи Миср матбуотида кенг ёритилди

#xabar #muftiy #misr #matbuot

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг сунъий интеллект ҳақидаги мақоласи Миср Араб Республикасидаги бир неча юз минглаб кузатувчиларга эга see.news (https://see.news/artificial-intelligence-between-technical-evolution-and-sharia-responsibility-a-contemporary-islamic-vision), darelhilal.com (https://darelhilal.com/News/3164420.aspx), aldiplomasy.com (https://www.aldiplomasy.com/en/?p=42807) ва safqa.news (https://www.safqa.news/137466) каби интернет нашрларида араб ва инглиз тилларида кенг ёритилиб, жамоатчилик эътиборини тортди.


 Мақолада сунъий интеллект бугунги кунда иқтисод, таълим, тиббиёт, хавфсизлик ва давлат хизматларида улкан имкониятлар яратаётгани алоҳида таъкидланган. Замонавий технологиялар ақлли шаҳарлар қуриш, хизматлар сифатини ошириш ва жамият ривожига хизмат қилаётгани қайд этилган.


 Шу билан бирга, Муфтий ҳазратлари тараққиёт билан бир қаторда инсоний қадриятлар ва диний меъёрлар устувор бўлиши лозимлигини уқтирган. Сунъий интеллект инсон ақлининг маҳсули экани, технология инсонни эмас, инсон технологияни бошқариши кераклигига эътибор қаратилган.


 Мақолада сунъий интеллектни ҳаётга тўғри татбиқ этиш, уни назорат қилиш ва айниқса дин ва фатво билан боғлиқ нозик масалаларда эҳтиёткорлик зарурлиги таъкидланган. Фиқҳий манбаларга кўра, сунъий интеллект маълумот таҳлилида ёрдамчи бўлиши мумкин, аммо фатво бериш фақат малакали ва масъул фақиҳлар зиммасида экани очиқ баён этилган. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари