Киевда 14 ва 15 ноябрь кунлари икки кун давом этган XXI Қуръони Карим билимдонларининг умумукраина мусобақасида 103 киши иштирок этди. Islam.ru хабарига кўра, танлов эпидемияга қарши чора-тадбирларга қатъий риоя қилинган ҳолда бўлиб ўтди: ташриф буюрувчилар ўртасидаги масофа назорат қилиб турилди, бир вақтнинг ўзида хонада бўладиган одамлар сонини камайтириш учун, мухлислардан бу йил уйда қолиш илтимос қилинди — фақат қатнашувчиларнинг устозлари ва ёш иштирокчиларнинг ота-оналари ҳозир бўлишди.
Танлов иштирокчилари бир неча гуруҳга бўлинди. Биринчи куни ҳакамлар ҳайъати бутун Қуръонни ўрганган ва уни қироат, тажвид қоидаларига мувофиқ ёддан ўқий оладиган ва оятларнинг маъносини тушунтира оладиган иштирокчиларнинг билим ва кўникмаларини баҳолаб борди. Шунингдек "15 жуз" (Қуръоннинг ярми) ва "10 жуз" тоифаларидаги иштирокчилар ҳам қатнашишди.
Танловнинг иккинчи куни турли даражадаги мураккабликда чиқиш қилган хотин-қизларга ажратилди; шундан сўнг эркаклар ва ўғил болалар "5 жуз" ва "2 жуз" номинациялари бўйича ўз чиқишларини тугатдилар ва кечқурун ҳакамлар ҳайъати ғолибларнинг номларини эълон қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
БОРЛИҚ… ИНСОН
Ақлий далиллар ҳақида гап кетар экан, аввало борлиқ ҳақида тафаккур қилишимиз керак. Чунки осмон ва юлдузлар, ой-у қуёшни ҳар куни кўрамиз, уларнинг борлигини ҳеч ким инкор қилмайди.
Маълумки, борлиқ инсоният яралишидан олдин пайдо бўлган. Буни ҳеч ким инкор қилмаса керак. Дунёда коинотдан олдин инсон пайдо бўлган деган гапни айтадиганлар йўқ.
Аксинча, борлиқ инсоният пайдо бўлишидан анча олдин ҳам бор бўлганини, унинг инсоният учун қулай бир шароитга келтирилганини ҳамма билади. Нафақат қулай қилиб қўйилган, балки инсонга нисбатан анча кучли қудратга эга яралмишлар ҳам айнан инсоният хизматига бўйсундириб қўйилган. Яна шундай нарсалар борки, инсон ўз меҳнати, куч-ғайратини сарфлагандагина улардан унумли фойдалана олади.
Демак, бу дунё биз учун олдиндан тайёрлаб қўйилган экан. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
﴿هُوَ الَّذِي خَلَقَ لَكُمْ مَا فِي الْأَرْضِ جَمِيعًا ثُمَّ اسْتَوَى إِلَى السَّمَاءِ فَسَوَّاهُنَّ سَبْعَ سَمَوَاتٍ وَهُوَ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ﴾
“У ердаги барча нарсаларни сизлар учун яратган Зотдир. Сўнгра осмонга назар солди ва уни еттита осмон қилиб қўйди. У барча нарсани билур” (Бақара сураси, 29-оят).
Бу масалада бирор кимса қарши фикр билдира олмайди. Аниқ бўлдики, борлиқ инсоният пайдо бўлишидан олдин бор бўлган ва бу шароитлар бошқа бир Куч томонидан тайёрланган. Чунки инсон дунёга келмай туриб ўзи учун шароит ярата олмайди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
﴿وَإِذْ قَالَ رَبُّكَ لِلْمَلَائِكَةِ إِنِّي جَاعِلٌ فِي الْأَرْضِ خَلِيفَةً﴾
“Ва Роббинг фаришталарга “Мен ерда халифа қилмоқчиман” деганини эсла” (Бақара сураси, 30-оят).
Ушбу оятдан маълум бўладики, борлиқ инсон пайдо бўлишидан олдин башарият учун тайёрлаб қўйилган. Зотан Аллоҳ таоло инсонни яратишдан олдин “ерда” демоқда. Бундан ер юзи инсоният пайдо бўлишидан олдин бор бўлгани ойдинлашди.
Демак, дастлабки хулосамиз бундай бўлиши керак: Аллоҳ таоло Ўз қудрати ила бу борлиқни яратган ва уни яртишда бирор кимсанинг ёрдамига муҳтож бўлмаган, бўлмайди ҳам. Аксинча, биз У зотга муҳтож бўлганимиз учун пайдо бўлишимиздан олдин ер юзи бизга қулай ҳолда тайёр қилиб қўйилган.
Биламизки коинотдаги улкан сайёра ва жисмларни бошқаришга кучимиз етмайди. Барча инсонлар бирлашиб ҳам уларни ўз измларига сололмайдилар. Биргина қуёшни бошқариш ҳам қўлларидан келмайди. Ер, тоғлар, денгизлар ҳам шундай. Уларни бошқара олмаймиз.
Демак, бу нарсалар ҳам биз учун тайёрланган. Ҳеч ким олдиндан инсоният учун уларни қулайлаштириб қўймаган. Қуёш ўз ҳолича ҳаракатлана олмайди. Ҳаво ҳам ўзи хоҳлаган томонга эса олмайди. Ёмғир ҳам ўзи хоҳлаб ёға олмайди. Ер ҳам ўзи хоҳлаган ерда набототларни ундириб, хоҳлаган жойдан буни ман қила олмайди.
Шунингдек, бирорта инсон бу нарсаларни бошқаришни ўзининг дахли борлигини даъво қила олмайди. Ўзи ҳақида фикр юритган инсон ҳам бундай хилқат ўзича пайдо бўлмаганини, балки буюк Яратувчи томонидан ижод қилинганини англайди.
Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг
"Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар" китобидан