Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бугун Варшава шаҳрида (Польша) Диний эркинликларни илгари суриш бўйича вазирлар конференциясида иштирок этди ва делегатларга видеомурожаат қилди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА.
Учинчи маротаба ўтказилаётган анжуманда 58 мамлакат ташқи ишлар вазирлари иштирок этмоқда. Ушбу форматдаги бундан олдинги иккита форум Вашингтон шаҳрида 2018 ва 2019 йиллар ташкил этилган эди.
Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси раҳбари ўз чиқишида мамлакатимизнинг диний эркинликни таъминлаш борасидаги тажрибаси, шунингдек, республика ушбу йўналишда ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларнинг изчил бажараётгани тўғрисида маълумот берди.
Конференция мавзуси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган чуқур демократик ўзгаришлар руҳига мос экани таъкидланди.
Республикада қисқа муддат ичида эътиқод эркинлигини мустаҳкамлаш соҳасида кўрилган амалий чора-тадбирлар қайд этилди. Янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва энг яхши демократик стандартларни ҳисобга олган ҳолда тайёрлангани, диний бирлашмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби соддалаштирилгани, мамлакат тарихида биринчи марта дин ва эътиқод эркинлигини мониторинг қилиш бўйича парламент эшитувлари ўтказилгани шулар жумласидандир.
Вазир, шунингдек, жамиятда диний эркинлик ва миллатлараро тотувликни таъминлашнинг самарали усулларидан бири - бу бағрикенглик маданиятини мустаҳкамлаш, шунингдек, таълим ва маърифатни фаол тарғиб қилиш эканини таъкидлади.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари ушбу муҳим форум инсонларнинг дин эркинлигига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришдаги яна бир муваффақиятли қадам бўлишига ишонч билдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Соғлом, бақувват, эпчил ва абжир киши ҳар доим қардланган. Шундай кишиларнинг кўп бўлиши натижасида жамият соғлом бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббуслари билан диний соҳа ходимлари ўртасида «Соғ танда – соғлом ақл» шиори остида спортнинг волейбол, стол тенниси, шахмат-шашка турлари бўйича мусобақа бўлиб ўтяпти.
Бугун, 27 январь куни Тошкент вилоятида имом-хатиблар жисмоний фаоллигини оширишга қаратилган стол тенниси мусобақаси юқори савияда, уюшқоқлик билан ўтказилди.
Диний соҳа ходимлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Кучли мўмин кучсиз мўминдан кўра Аллоҳга яхшироқ ва севимлироқдир» деган муборак ҳадисларини амалда исботладилар.
Табиийки, мусобақада кимдир ғолиб, кимдир эса мағлуб бўлади.
Ҳакам ҳайъати аъоларининг хулосаларига кўра:
1-ўринни Абуфайз домла Ҳусанбоев
(Бўстонлиқ тумани “Толи бува” имом ноиби);
2-ўринни Ботиржон домла Абдуғаниев
(Бекобод тумани “Амиров Дадахон” жоме масжиди имом-хатиби);
3-ўринни Ҳусан домла Ҳайдаров
(Оҳангарон тумани “Қурайш” жоме масжиди имом ноиби) қўлга киритди.
Ғолибларга совғалар улашилди.
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати