Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Январ, 2026   |   10 Шаъбон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:16
Қуёш
07:37
Пешин
12:41
Аср
15:54
Шом
17:39
Хуфтон
18:54
Bismillah
29 Январ, 2026, 10 Шаъбон, 1447

Қабр зиёратига доир муҳим маълумотлар

16.11.2020   2972   5 min.
Қабр зиёратига доир муҳим маълумотлар

Ҳанафий мазҳабида қабрлар зиёрати мандуб амаллардандир. Аввало ниятни тўғриламоқ, ихлос билан, холис Аллоҳ учун ўтганларнинг яхши амалларини хотирлаб зиёрат қилмоқ лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломнинг илк даврларида қабрларни зиёрат қилишни таъқиқлаган эдилар.

Чунки унда баъзи жоҳилия даврининг одатлари сақланиб қолган бўлиб, айрим қабилалар мақтаниш ва ғурурланиш учун ўликларининг қаҳрамонликларини санаб, бақир-чақир қилар, ошкора йиғи-сиғига зўр берар эдилар. Ислом одоб ва аҳлоқи инсонлар қалбига ўрнашгач, қабрлар зиёратига изн берилди. Қабрларни зиёратига даъват қиладиган энг машҳур даражада саҳиҳ бўлган ҳадиси шарифлар мавжуддир. Уларда қабр зиёратининг хосияти ҳақида бундай дейилади:

Мен сизларни қабрлар зиёратидан қайтарган эдим. Энди, уларни зиёрат қилаверинглар! Чунки, у охиратни эслатади, сизларга ўлимни эсга солади. Чунки, у қалбни юмшатади, кўзни ёшлантиради. Cизларга унда ибрат бор. У дунёда парҳезкор қилиб қўяди” (Муслим, Термизий, Абу Довуд, Ибн Можа, Ҳоким, Табароний ривоятлари).

Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нафақат изн бердилар, балки бу ишга амр қилдилар, тарғиб этдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қабр зиёрати охиратни эслатади, дунёда зоҳид қилади”, деганлар. Яъни, охиратни эслатиб, дунёга ҳирс қўйишдан сақлайди. Инсон зиёратга бориб, ўзини ўнглайди, дунёнинг бир ўткинчи эканлигини эслайди, одамзотдан ўзи қилган яхшиликлари қолишини англайди. Тўпланган мол-дунёлар инсонга вафо қилмаслиги, бу дунёдан улардан бирор нарса олиб кета олмаслиги, фақатгина инсоннинг хайрли амаллари қолиши зиёрат асносида кўнгилдан ўтади. Қабрларни зиёрат қилиш ўлимни эсламоқ, дунё муҳаббатини кетказмоқ, манманлик ва мақтаниш, ғурурланишни тарк этмоқ учун машруъ қилинган (яъни шариъатда рухсат қилинган)дир.

Уламолар эркакларнинг қабрларни зиёрат қилишлари мумкинлиги борасида барчалари иттифоқ бўлишган. Лекин аёлларнинг зиёратини эса жумҳур уламолар макруҳ санашган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Аллоҳ қабрларни зиёрат қилувчи аёлларни лаънатласин”, дедилар” (Термизий ривоят қилган).

Ушбу ҳадисда аёл кишиларнинг қабрлар зиёратига бориши яхши эмаслиги қаттиқ таъкидланмоқда.

Жумҳур “уламолар: “Ҳадисда айтилган лаънат қабрлар зиёратига бориб, дод солиб йиғлаган, сабрсизлик қилган ва ношаръий хатти-ҳаракатлар қилган аёлларга хосдир”, дейдилар”.

Ҳанафий мазҳаби уламолари эса макруҳ эмас, дейишган ва бунга юқорида биринчи келтирилган ҳадисни далил қилиб келтирадилар.

Эркаклар учун қабр зиёрати мустаҳаб, савобли амалдир. «Риёзу-с-солиҳийн» нинг туркий шарҳида эса аёллар учун ҳам қабр зиёратининг зарари йўқ, деганлар. Фақат бунда фитнадан холи бўлиш, ислом ахлоқи ва интизомига, зиёрат одобига риоя қилиш шартдир.

«Аёлларга оид фиқҳий масалалар» китобида эса: «Охиратни эсламоқ учун қабрни зиёрат қилмоқ эркак ва аёлга мандубдир (раводир, савоблидир)» дейилган. (289-саҳифа).

Аҳмад Изуддин ал-Байянунийнинг «Таҳорат ва намоз ҳукмлари» китобининг «Қабрларни зиёрат этиш ва улар ҳаққига дуо қилиш» бобида бундай дейилади:

«Қабрларни зиёрат қилиш эркаклар учун жоиз бўлганидек, агар фитна хавфи бўлмаса, охиратни эслаб, ўлимдан ибрат олиш учун аёллар ҳам зиёратга борсалар жоиз. Агар зиёрат сафар масофасида бўлса, унда, албатта, маҳрам бўлиши шартдир» (147-саҳифа).

Ҳанафий мазҳабига оид фиқҳий манбаларда эса аёлларнинг қабрларни зиёрат қилиши жоиз, дейилган. Зотан, аёллар ҳам ўз ота-оналари ҳамда қариндошлари қабрларини зиёрат қилишга ҳақлидирлар. Бунга бир неча далиллар мавжуд. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Қабрларни зиёрат қилганимда нима дейман?”, деб сўраганлар. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ассалом, ъала аҳл ад-диёр мин ал-мўъминин ва-л-муслимин!”, деб саломлашасан”, деганлар. Буни муҳаддислардан Имом Муслим ва Имом ан-Насоий раҳимаҳумуллоҳ ривоят қилганлар.

Ким бўлишидан қаттий зиёратда ниятни тўғриламоқ лозим. Умар (р.а.) дан ривоят қилинади. Пайғамбар (с.а.в.) айтадилар:

“Албатта, барча амаллар ниятга қараб эътибор қилинади. Ҳар бир киши ўз ниятига етгусидир. Бас, кимки (Маккадан Мадинага) Аллоҳ таоло ва унинг Пайғамбари учун ҳижрат қилса, унга Аллоҳ ва Расули учун ҳижрат қилганлик савоби ёзилур. Ҳар ким дунё учун ҳижрат қилса – дунёга, аёл учун ҳижрат қилса аёлга етгусидир. Бас, нимани ният қилиб ҳижрат қилса, ўшани эътиборга олинади”.

Ният қилиш луғатда “қасд қилиш ва ирода” маъноларини англатади. Демак, қабр зиёрат қилаётганларнинг ниятига эътибор қилинади. Агар зиёратчининг нияти ўтганларни хотирлаш, уларга савоб йўллаш қолаверса, ўлимни эслаш, ундан ибратланиш бўлса, бу жуда савобли иш бўлади.

Қабр зиёрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, “қалбни юмшатади, кўзни ёшлантиради”. Халқимизда:“Кўнглинг чўкса, бозорга бор! Кўнглинг кўтарилса, мозорга бор!”, деган нақл бор. Инсон ҳаётда ўзи билмаган ҳолда манманликка, кибру ҳавога берилиб қолиши мумкин. Инсон ўз айбу нуқсонларини гоҳида кўрмай қолади. Шунинг учун ундай одамларга қабр зиёрати жуда фойдали. Айниқса, бой-бадавлат инсонлар, мансаб курсисига ўтирганлар қабрларни кўпроқ зиёрат қилиб туриши керак. Қабрлар зиёрати пайшанба, жума, шанба, душанба кунларида бўлса яхши. Зиёрат тик турган ҳолатда бўлади.

 

Миржон ЭГАМБЕРДИЕВ

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Сукут сақлашнинг 703 та энг муҳим фойдаси (5-қисм)

27.01.2026   2673   8 min.
Сукут сақлашнинг 703 та энг муҳим фойдаси (5-қисм)

1-қисм2-қисм3-қисм, 4-қисм

фақат АСОСИЙЛАРИни санаб ўтамиз 

УЛУҒ  УСТОЗ  УЛАМОЛАРИМИЗ  баён  қилиб  берганлар:  

СУКУТ сақлашнинг

703 та энг муҳим ХИСЛАТИ (фақат АСОСИЙЛАРИ)

 

 

 

  1. Сукут — ТИЛНИНГ ҚАЛҚОНИ.
  2. Сукунат тил гуноҳларидан сақлайди.
  3. Қулф — эшик учун, сукут — тил учун.
  4. Ортиқча сўз — кўп гуноҳнинг эшиги.
  5. Тилга энг яхши тарбиячи — сукут.
  6. Сукунат — тилни тозаловчи омил.
  7. Хатоли қарордан асрайди.
  8. Ҳар бир гапнинг ўрни борлигини англатади.
  9. Инсонни ҳаддан ташқари гаплардан сақлайди.
  10. Шошмасликни ўргатади.
  11. Ортиқча сўздан асрайди.
  12. Сўзнинг қудратини ҳис қилдиради.
  13. Сўзга қиймат беради.
  14. Яхши ўйлашга шароит яратади.
  15. Фаросатни кучайтиради.
  16. Ортиқча эҳтиросларни тартибга солади.
  17. Мулоҳаза қилишни ўргатади.
  18. Сўз ва амални бирлаштиради.

 

 

  1. Сукут — НИЗОЛАРНИНГ ЕЧИМИ.
  2. Жанжални сукут ўчиради.
  3. Сукунат — тотувлик калити.
  4. Ғийбатдан сукут билан қочилади.
  5. Сукунат — ҳар бир низонинг энг яхши ечими.

 

 

  1. Сукут — ГУНОҲДАН САҚЛОВЧИ ҚАЛҚОН.
  2. Сукут тил гуноҳларини камайтиради.
  3. Сукут беҳуда гапдан асрайди.
  4. Сукут — ножўяликдан узоқлаштиради.
  5. Сукут — тилни поклайди.
  6. Сукут — тақвога етаклайди.
  7. Қийинчиликсиз ибодат.
  8. Гуноҳдан асрайди.
  9. Тафаккурни кучайтиради.
  10. Зикрга шароит яратади.
  11. Ниятни тозалайди.
  12. Сукунат ибодатни самимий қилади.
  13. Билимсизлик айбларидан тўсиқ.
  14. Сукут — ҳаво ва ҳасадга қарши.
  15. Кўп сўз ҳасадни қўзғайди, сукут уни ўчиради.
  16. Сукунат нафсни тарбиялайди.
  17. Сукунат — ички поклик.
  18. Сукунат — ҳасадга қарши қалқон.

 

 

Сукутнинг РУҲИЙ ФАЗИЛАТЛАРИ:

  1. Сукут — қалбнинг оромгоҳидир.
  2. Сукут — руҳни поклайди.
  3. Сукут — ғашликни кетказади.
  4. Сукут — фикрни сокинлаштиради.
  5. Сукут — муносибликка етаклайди.
  6. Сукут — руҳий қувват манбаи.
  7. Сукут — эҳтиром белгиси.
  8. Сукут — ҳаётни чуқур англашга ёрдам.
  9. Сукут — шошма-шошарликда қалқон.
  10. Сукут — қалб равшани.

 

 

  1. Сукут — РУҲИЙ БАҚУВВАТЛИКНИНГ БЕЛГИСИ.
  2. Сукут ҳис-туйғуларни бошқаради.
  3. Сукут қаҳру-ғазабни назорат қилади.
  4. Сукут иродани мустаҳкамлайди.
  5. Сукут — ботиний куч.
  6. Сукут — қалбнинг озуқаси.

 

 

  1. Сукут — РУҲИЙ ПОКЛИК ВА ИЛОҲИЙ ЯҚИНЛИК.
  2. Сукут ибодатни мукаммал қилади.
  3. Сукут — зикрга тайёрлов.
  4. Сукут — қалбни Парвардигори оламга яқинлаштиради.
  5. Сукут — руҳнинг софлашуви.
  6. Сукут — имон ва ихлоснинг нишони.
  7. Сукут — тақво рамзи.
  8. Сукут — ихлоснинг исботи.
  9. Зикрга куч сукутдан келади.
  10. Сукунат — имоннинг суянчиғи.
  11. Гап фойдасиз бўлса — сукут буюк ибодат.

 

 

РУҲИЙ ФОЙДАЛАР:

  1. Ички хотиржамликни оширади.
  2. Асабни тинчлантиради.
  3. Қалбни енгил қилади.
  4. Рухий изтиробни камайтиради.
  5. Ваҳимани пасайтиради.
  6. Қўрқувни назорат қилади.
  7. Ички мувозанат яратади.
  8. Сабрни мустаҳкамлайди.
  9. Ғазабни босади.
  10. Сукунат инсонда бардош туйғусини кучайтиради.
  11. Норозиликни камайтиради.
  12. Ҳавас ва ҳасадни сўндиради.
  13. Руҳий хасталикларни енгиллаштиради.
  14. Ҳадикни бартараф қилади.
  15. Ўз-ўзини назорат қилиб боришни кучайтиради.
  16. Қалб тозалигига хизмат қилади.
  17. Фазилатли хислатларни уйғотади.
  18. Ихлосни оширади.
  19. Қалбда ортиқча ғовурни йўқ қилади.
  20. Таваккулни мустахкамлайди.
  21. Имонни мустаҳкамлашга ёрдам беради.
  22. Гўзал хулқни чархлайди.
  23. Бефойда хаёлларни камайтиради.
  24. Вужудга енгиллик бахш этади.
  25. Ички қувватни тиклайди.
  26. Йўқотилган руҳий ресурсларни тўлдиради.
  27. Салбий эмоцияларни ювиб ташлайди.
  28. Илдам отилишдан сақлайди.
  29. Ички гаплар юкини енгил қилади.
  30. Бақувват руҳий энергияга сабаб бўлади.
  31. Бефойда эҳтиросларни сўндиради.
  32. Ички қувватни бошқаришга ўргатади.
  33. Оғриқ ҳиссини енгиллаштиради.
  34. Рухий чорасизликни пасайтиради.
  35. Севимли ишларга мотивацияни оширади.
  36. Ҳовлиқмасликни ўргатади.
  37. Ички тотувликни пайдо қилади.
  38. Қаноатни оширади.
  39. Бандликни қисқартиради.
  40. Уят туйғусини қўллаб-қувватлайди.
  41. Тўсиқсиз қўрғон.
  42. Сукунат инсонни руҳан бақувват қилади.

 

 

 

ДОНОЛАРНИНГ ҲИКМАТЛИ ХУЛОСАЛАРИ:

 

  1. Сукут — донолик калити.
  2. Сукут — қалб ва ақлни уйғунлаштиради.
  3. Сукут — ҳаётдаги ҳар лаҳзани қадрлаш имкони.
  4. Сукут — фикр ва хулқни тартибга солади.
  5. Сукут — баҳс ва зиддиятларни тинч қилади.
  6. Қулф — эшик учун, сукут — тил учун.
  7. Сукут — инсонга сабр ва ўзаро ҳурматни ўргатади.
  8. Сукут — руҳий тинчлик ва энергия манбаи.
  9. Сукут — фикрларни чуқур англашга ёрдам беради.
  10. Сукут — фалсафанинг чўққиси.
  11. Сукут — одоб ва маданиятнинг ажралмас қисми.
  12. Сукут — ҳаётдаги хаёл ва амални уйғунлаштиради.
  13. Сукут — сўзсиз ҳам таъсир кўрсатади.
  14. Сукут — тафаккур ва ҳис-туйғуларни уйғунлаштиради.
  15. Сукут — шошма-шошарликдан қалқон.
  16. Сукут — баҳсда ғалаба ҳамда эҳтиром рамзи.
  17. Сукут — инсоннинг ички қудрати ва зеҳнини бойитади.
  18. Сукут — ортиқча гапдан ва хаёлдан асрайди.
  19. Сукут — оила ва жамиятда барқарорликка ёрдам.
  20. Сукут — ҳаётдаги синовлардан омон қолиш калити.
  21. Сукут — ҳар дақиқада ҳикмат ва маъно уйғотади.
  22. Сукут — юксак хулоса.
  23. Сукут — инсоннинг энг оддий, энг қиммат хислати.
  24. Сукут — инсонни инсон қиладиган сифатлардан бири.
  25. Сукут — ҳар бир сўзнинг қийматини кўрсатади.
  26. Сукут — қалбга олиб борувчи йўл.
  27. Сукут — инсофнинг ҳамроҳи.
  28. Сукут — ҳақиқий донолик ва бахт белгиси.
  29. Сукут — донолик қасрининг эшиги.
  30. Ақл равшан бўлади. Ортиқча гапдан қочган инсоннинг фикри тозаланади, ақли йиғилади.
  31. Қалб хотиржам бўлади. Сукут инсонни ички тинчликка олиб боради, асабларни тинчлантиради.
  32. Хатолар камаяди. Кўп гапда кўп хато бўлади. Кам гапирган одам кам адашади.
  33. Ҳикмат эшитишга ёрдам беради. Сукут қилган инсон яхши эшитади, яхши эшитган одам эса яхши англайди.
  34. Одоб ва камтарлик белгиси. Сукут ‒ ақл, одоб, вазминлик ва камтарликнинг аломати.
  35. Муносабатларни яхшилайди. Сукут айрим ҳолларда низоларни олдини олади, эҳтиромни оширади.
  36. Гуноҳдан асрайди. Тил гуноҳларининг кўпи ортиқча ва бефойда гапдан келади. Сукут эса уни тўсади.
  37. Диққaтни оширади. Кам гапирган инсон кўпроқ кузатади ‒ натижада фикрлаш тезлиги ортади.
  38. Руҳий қувватни тиклайди. Сукут қалбдаги “ортиқча юк”ни ташлаб, инсонни енгиллаштиради.
  39. Ким “Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга умматман, У Зотга эргашаман, У Зотдан ўрнак оламан”, деса, ҳеч ҳам талашиб-тортишувчи бўлмасин!
  40. Сўзга қиймат беради. Кам гапирган одамнинг ҳар бир сўзи таъсирли ва қабул қилинади.
  41. Сукут — ҳикмат манбаи.
  42. Сукут — қалбга ором, ақлга нур, тилга тарбия.
  43. Сукут — нур, тозалик ва барака манбаи.
  44. Сукут — оилада барака.
  45. Сукут — инсоннинг энг буюк тарбиячиси ва доноликка етакловчи йўлдир.

 

 

 

ДОНОЛАР тавсиялари:

 

  1. Гапиришдан олдин ўйланмоқ даркор.
  2. Ҳис-туйғулар кучли бўлса ҳам сабр билан сукут сақлаш — ақлли инсоннинг йўли.
  3. Муҳим мулоқотларда аввало тинглаш, кейин сўзлаш — олтин қоида.
  4. Баҳс ва зиддиятларда сўз ортиқ бўлмасин, сукут билан ҳал қилишга ҳаракат қилиш лозим.
  5. Ким “Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга умматман, У Зотга эргашаман, У Зотдан ўрнак оламан”, деса, ҳеч ҳам талашиб-тортишувчи бўлмасин!
  6. Ҳар куни бир лаҳза сукут — руҳ ва ақл учун машқ бўлади.
  7. Сукут — инсонни инсон қиладиган сифатлардан бири.
  8. Сукут — инсоннинг энг оддий, энг қиммат хислати.
  9. Сукут — кичикликда улуғлик.
  10. Сукут — қалбга олиб борувчи йўл.
  11. Сукут — ҳаётдаги синовлардан омон қолиш калити.
  12. Сукутни ўз вақтида, ўз пайтида, ўз ўрнида ва ўз меъёрида қўллашлик — ҳикмат, ақл ва ҳақиқий донолик белгисидир.

 

Меҳрибон Парвардигоримиз ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Ўзи буюрган, Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизнинг руҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

 

Иброҳимжон домла Иномов.

 

Мақолалар