Ислом қонунчилиги учта асосга барпо қилинган:
А- машаққатнинг йўқлиги,
Б-мажбуриятларнинг озлиги,
В- қонунчиликни босқичма-босқич жорий қилиш.
А) Машаққатнинг йўқлиги:
Исломий мажбуриятларда ҳеч қандай машаққат ва оғирлик йўқ. Қуръон аҳкомларида инсонларга қийин бўлган ва уларнинг кўнгилларига оғир ботадиган ҳеч қандай нарса йўқ. Биз исломда қийинчилик йўқ деганда, унда умуман машаққат йўқ деган фикрдан йироқмиз. Дарвоқе, машаққат икки ҳил бўлади:
Биринчи, одатий машаққат бўлиб, урфда бундайлар машаққат деб саналмайди. Бу каби машаққатларни шариатдан олиб ташлашнинг имкони йўқ. Чунки, ҳаётдаги ҳар бир амал қисман бўлса ҳам машаққатдан ҳоли эмас. Ҳаттоки, инсон учун зарур бўлган ейиш, ичиш, кийиш каби ишлар ҳам ўзига яраша машаққат ва таклиф талаб этади. Демак, бундай одатий машаққатларнинг шаръий мажбуриятларда мавжуд бўлишига монеълик йўқ, балки бўлмаслигининг иложи ҳам йўқ.
Иккинчи, ортиқча машаққат бўлиб, бундан қалблар эзилар, тоқатлар тоқ бўлар, кишининг жисмига ва молига салбий таъсир қилиб, натижада кўпгина фойдали амалларни қилишдан бездириб қўяди. Айнан мана шу хилдаги машаққатларни Аллоҳ таоло ўз фазли ва марҳамати билан бандалардан кўтарди ва уларга енгил қилиб берди. Бунга ушбу оятлар далилдир:
يُرِيدُ اللَّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ
яъни: “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди” (Бақара сураси, 185-оят).
يُرِيدُ اللَّهُ أَنْ يُخَفِّفَ عَنْكُمْ
яъни: “Аллоҳ сизларга (шариат аҳкомларини) енгиллатишни хоҳлайди” (Нисо сураси, 28-оят).
مَا يُرِيدُ اللَّهُ لِيَجْعَلَ عَلَيْكُمْ مِنْ حَرَجٍ
яъни: “Аллоҳ сизларга бирор қийинчилик (пайдо) қилишни раво кўрмайди” (Моида сураси, 6-оят).
وَمَا جَعَلَ عَلَيْكُمْ فِي الدِّينِ مِنْ حَرَجٍ
яъни: “(Аллоҳ) динда сизларга бирор ҳараж (қийинчилик) қилмади” (Ҳаж сураси, 78-оят).
وَيَضَعُ عَنْهُمْ إِصْرَهُمْ وَالْأَغْلَالَ الَّتِي كَانَتْ عَلَيْهِمْ
яъни: “У (пайғамбар) уларнинг юкларини ва устиларидаги кишан (қийинчилик)ларини олиб ташлайди” (Аъроф сураси, 157-оят).
Шу жумладан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам:
بُعثتُ بالحنيفيةِ السمحةِ
яъни: “Мен олийжаноб (бағрикенг) дин билан юборилганман”, деганлар (Имом Бухорий ривояти). Ривоятларга кўра Пайғамбар алайҳиссалом агар иккита ишга тўғри келиб қолсалар уларнинг енгилроғини танлар эканлар, модомики у гуноҳ иш бўлмаса.
Дарҳақиқат, агар сиз ислом шариати аҳкомларини бирма-бир кўздан кечириб чиқсангиз унда машаққатларнинг йўқлигига амин бўласиз, барча мажбуриятларнинг бошидан охиригача бандаларга енгил ва қулай бўлишлигига риоя қилинганлигини кўрасиз. Масалан, Аллоҳ таоло намозни мукаллафга бир кунда беш маҳал ўқишни фарз қилди. Намозни тик туриб ўқишга буюрди. Бунда ҳеч қандай машаққат йўқ аслида. Лекин шунга қарамай, агар тик туришга қодир бўлмаса уни ўтириб ёки қандай имкони бўлса шундай ўқишга рухсат берди.
Худди шунингдек, рўза ҳам йилда бир ой фарз қилинди. Бундаги мавжуд машаққат инсоннинг тоқати етмайдиган даражада эмас. Шундоқ бўлса ҳам, Аллоҳ таоло машаққат ортиши мумкин бўлган ҳолатларда рўзани очиб юборишликка ёки тутмасликка изн берди. Масалан, мусофирга, касалга, ҳомиладор ва эмизикли аёлга.
Аллоҳ таоло ўлимтик ҳайвон гўштини ейишни ҳаром қилган бўлса ҳам, очарчилик вақтида мажбур ҳолатда омон қолиш учун ейишни мубоҳ қилди.
Таҳоратга сув топилмаганда таяммум қилишни, сафарда намозни қаср қилиб ўқишни жорий қилган бўлса, каффоратларни гуноҳларни ўчириш учун жорий қилди. Буларнинг барчаси инсонларнинг ўз зиммаларидаги вазифаларини адо этишда қийналмасликлари ҳамда шариат аҳкомларига нисбатан ҳурмат ва эътиборлари сусаймаслиги учун кўзланган мақсаддир.
Фуқаҳолар шариатда енгиллик киритилган ўринларни етти хил деб белгилашган. Улар:
Б) Мажбуриятларнинг озлиги.
Ислом шариати ўзидан олдинги ўтган шариатлардан ундаги мажбуриятларнинг озлиги билан ажралиб туради. Ислом кишиларининг елкаси ундаги амр (буйруқ) ва наҳий (қайтариқ)ларнинг оғирлигини сезган эмас. Балки, Ислом уларга ўрта (мўтадил) йўлни кўрсатиб берган. Қуръони каримда баён қилинган вожиб амалларга бир назар ташласангиз, уларнинг озлигини кўрасиз. Шунчалик оз эканлигидан уларнинг ҳаммасини бир зумда билиб олиш ҳам мумкин, уларга амал қилиш ҳам енгил. Бунга қуйидаги оят ҳам далилдир:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَسْأَلُوا عَنْ أَشْيَاءَ إِنْ تُبْدَ لَكُمْ تَسُؤْكُمْ وَإِنْ تَسْأَلُوا عَنْهَا حِينَ يُنَزَّلُ الْقُرْآَنُ تُبْدَ لَكُمْ عَفَا اللَّهُ عَنْهَا وَاللَّهُ غَفُورٌ حَلِيمٌ. قَدْ سَأَلَهَا قَوْمٌ مِنْ قَبْلِكُمْ ثُمَّ أَصْبَحُوا بِهَا كَافِرِينَ
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Сизларга (жавоби) аён қилинса, сизларга хуш келмайдиган нарсалар ҳақида (савол) сўрамангиз! Қуръон (оятлари) нозил бўлиб турган кезларда улар ҳақида сўрасангиз, (жавоби) албатта, аён қилинади. Уларни (олдинги сўраганларингизни) Аллоҳ кечирди. Аллоҳ кечиримли ва ҳалимдир. У нарсалар ҳақида сизлардан олдинги қавм ҳам сўраган эди. Сўнгра ўша нарсаларга (нисбатан) кофир бўлиб қолган эдилар” (Моида сураси, 101-102-оятлар). Кўриб турибсизки, Аллоҳ таоло зиммамизга янги-янги аҳкомлар фарз бўлиб қолмаслиги, уни адо қилаолмай ҳалокатга учраб қолмаслигимиз учун бизларни масалага чуқур киришишдан қайтармоқда. Оятнинг таъбирига қараганда бизларга амал қилиш осон бўлишлиги ҳамда машаққат ва танг ҳолатга тушиб қолмаслигимиз учун Аллоҳ таоло мажбуриятларнинг оз бўлишлигига риоя қилган.
Бунга суннатдан далил Пайғамбар алайҳиссаломнинг Ақраъ ибн Ҳобис разияллоҳу анҳуга айтган гапларидир. Ҳадиснинг матни қуйидагича:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، قَالَ خَطَبَنَا رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم فَقَالَ " أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ فَرَضَ اللَّهُ عَلَيْكُمُ الْحَجَّ فَحُجُّوا " . فَقَالَ رَجُلٌ أَكُلَّ عَامٍ يَا رَسُولَ اللَّهِ فَسَكَتَ حَتَّى قَالَهَا ثَلاَثًا فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم " لَوْ قُلْتُ نَعَمْ لَوَجَبَتْ وَلَمَا اسْتَطَعْتُمْ - ثُمَّ قَالَ - ذَرُونِي مَا تَرَكْتُكُمْ فَإِنَّمَا هَلَكَ مَنْ كَانَ قَبْلَكُمْ بِكَثْرَةِ سُؤَالِهِمْ وَاخْتِلاَفِهِمْ عَلَى أَنْبِيَائِهِمْ فَإِذَا أَمَرْتُكُمْ بِشَىْءٍ فَأْتُوا مِنْهُ مَا اسْتَطَعْتُمْ وَإِذَا نَهَيْتُكُمْ عَنْ شَىْءٍ فَدَعُوهُ
яъни: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтадилар: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга хутба қилиб: “Эй инсонлар! Аллоҳ таоло сизларга ҳажни фарз қилди, ҳаж қилинглар” дедилар. Шунда бир киши - Ақраъ ибн Ҳобис разияллоҳу анҳу -: Ё Расулуллоҳ! Ҳажни ҳар йили қилишимиз фарзми? – деб сўради. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бермадилар. У саволни яна қайтарди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам яна индамадилар. Учинчи марта яна сўраганида: “Агар “ҳа” деб жавоб берсам ҳар йили ҳаж қилишингиз фарз бўлиб қолар эди ва сизларнинг бунга тоқатингиз етмас эди. Шунинг учун сизлар мен айтган нарсанигини қилинглар. Дарҳақиқат, сизлардан олдин ўтган қавмлар кўп савол берганлари ва пайғамбарлари айтганига хилоф қилганлари учунгина ҳалок қилинган эдилар. Шундай экан, қачон сизларни бир амалга буюрсам тоқатингиз етганича қилинг. Агар бирор ишдан қайтарсам, уни тарк этинг”, дедилар (Имом Муслим ривояти). Қуйидаги ҳадис ҳам бунга далил бўлади: “Мусулмонларнинг ичида энг гуноҳи кўп киши – мусулмонларга ҳаром қилинмаган нарса ҳақида савол сўраб, шунинг саволи туфайли ўша нарса мусулмонларга ҳаром қилиб қўйилган кишидир”. Бундан ташқари Расулуллоҳ алайҳиссаломдан шундай ҳадис ворид бўлган:
عن أبي ثعلبة الخشني جرثوم بن ناشرٍ رضي الله عنه، عن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: ((إن الله تعالى فرض فرائض فلا تضيعوها، وحد حدودًا فلا تعتدوها، وحرم أشياء فلا تنتهكوها، وسكت عن أشياء - رحمةً لكم غير نسيانٍ - فلا تبحثوا عنها))؛ حديث حسن،
رواه الدارقطني
яъни: Абу Саълаба ал-Хушаний Жарсум ибн Ношиз разияллоҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Албатта, Аллоҳ таоло бир қанча фарз амалларга буюрди, уларни зое қилманглар. Ҳадларни белгиларб берди, уларни бузманглар. Бир қанча нарсаларни ҳаром қилди, улардан сақланинглар. Яна бир қанча нарсаларнинг ҳукмини эсдан чиқармаган ҳолда, сизларга раҳм-шафқат қилганлиги учун зикр қилмай сукут сақлади. Сизлар ҳам у нарсалар устида баҳс юритманглар” (Имом Дора Қутний ривояти).
Ушбу мавзуга тегишли бунга ўхшаган яна кўплаб оят ва ҳадислар мавжуд.
В) Шариат қонунларини босқичма-босқич жорий қилиниши.
Ислом дини янги келган вақтда араблар ҳаддан ташқари хоҳиш истакларига эрк берган, уларнинг эркинликларини чегаралайдиган ишларни, шаҳвоний туйғуларини тўсадиган нарсаларни ёқтирмайдиган халқ эдилар. Турли одамлар, ҳилма ҳил табиатлар уларнинг қон-қонларигача сингиб кетган эдики, ҳатто улар бундан бирданига қутула олмас эдилар. Шунинг учун ҳам, уларга шариат аҳкомлари бирданига нозил қилиниши мумкин эмас эди. Чунки, улар бу аҳкомлардан гангиб қолиб, натижада оғирлик қилиб, улардан безиб қолар эдилар. Шу сабабдан Қуръон бўлак-бўлак бўлиб нозил бўлди. Аҳкомлар секин асталик билан, олдинги келган ҳукм кейинги келадиганига шароит яратиб берадиган, инсонларнинг кўнглига ўрнашадиган тарзда ворид бўлди. Бу ҳукмларнинг аксари маълум бир воқеалар сабабли нозил бўлар эди. Бу эса, одамларнинг кўнглига мос келиши ва унга амал қилиш осон бўлишини таъминлар эди.
Мана шундай ҳукмлардан бири ароқнинг ҳаром қилиниши ҳақидаги ҳукмдир. Ароқ ичишлик араблар орасида жуда ҳам кенг тарқалган, уларнинг ҳаётларининг ажралмас бир қисмидек эди. Илоҳий ҳикмат ила бунинг ҳаромлиги ҳақидаги ҳукм босқичма-босқич нозил қилинди. Аввал бошда унинг ҳаромлиги очиқдан очиқ айтилмади, балки:
يَسْأَلُونَكَ عَنِ الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ قُلْ فِيهِمَا إِثْمٌ كَبِيرٌ وَمَنَافِعُ لِلنَّاسِ وَإِثْمُهُمَا أَكْبَرُ مِنْ نَفْعِهِمَا
яъни: Сиздан май (маст қилувчи ичимлик) ва қимор ҳақида сўрамоқдалар. Айтинг: “У иккисида катта гуноҳ ва одамлар учун (айрим) фойдалар ҳам бор. Иккисининг гуноҳи фойдасидан каттароқдир”, деган (Бақара сураси, 219-оят).
Ушбу оятдан ароқдан тийилиш талаб қилинаётганлигини фақатгина шариатнинг сир асрорларидан хабардор кишигина фаҳмлаши мумкин. Чунки, оятда ароқнинг ҳаромлиги очиқ ойдин айтилаётгани йўқ. Албатта, гуноҳи катта бўлган нарсани тарк қилиш лозим. Одатда, кўпинча амаллар фақат ёмонликдан иборат бўлмайди. Лекин ўша амалнинг ҳалол ёки ҳаромлиги ундаги фойда ёки зиённинг кўп ёки озлигига қараб аниқланади.
Ароқ ичишда гуноҳнинг кўплиги туфайли уни тарк қилиш лозимлигига ишора қилинганидан сўнг, маст ҳолатда намоз ўқишдан қайтарилди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَقْرَبُوا الصَّلَاةَ وَأَنْتُمْ سُكَارَى حَتَّى تَعْلَمُوا مَا تَقُولُونَ
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Токи гапираётган гапингизни (ўзингиз) биладиган бўлгунингизгача, маст ҳолларингизда намозга яқинлашмангиз!” (Нисо сураси, 43-оят).
Шундан сўнггина ароқ ичишдан қатъий тарзда очиқ ойдин қайтарди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالْأَنْصَابُ وَالْأَزْلَامُ رِجْسٌ مِنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ إِنَّمَا يُرِيدُ الشَّيْطَانُ أَنْ يُوقِعَ بَيْنَكُمُ الْعَدَاوَةَ وَالْبَغْضَاءَ فِي الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ وَيَصُدَّكُمْ عَنْ ذِكْرِ اللَّهِ وَعَنِ الصَّلَاةِ فَهَلْ أَنْتُمْ مُنْتَهُونَ
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз. Шайтон май билан қимор (ёрдами)да ўрталарингизга адоват ва нафрат солишни ва сизларни Аллоҳнинг зикри ҳамда намоздан қайтаришни хоҳлайди. Бас, энди, сизлар (май ичишдан) тийилувчимисиз?” (Моида сураси, 90-91-оятлар).
Ислом аввалида зинокорга бериладиган жазо уни уйга қамаб қўйиш, гап сўз билан азият беришдан нарига ўтмас эди:
وَاللَّاتِي يَأْتِينَ الْفَاحِشَةَ مِنْ نِسَائِكُمْ فَاسْتَشْهِدُوا عَلَيْهِنَّ أَرْبَعَةً مِنْكُمْ فَإِنْ شَهِدُوا فَأَمْسِكُوهُنَّ فِي الْبُيُوتِ حَتَّى يَتَوَفَّاهُنَّ الْمَوْتُ أَوْ يَجْعَلَ اللَّهُ لَهُنَّ سَبِيلًا
яъни: “Хотинларингиздан фоҳишалик қилганларига ўзларингиздан (эркаклардан) тўрт кишини гувоҳ қилингиз. Агар улар гувоҳлик берсалар (ва зино қилганлари ўз исботини топса), то уларга (хотинларга) ўлим келгунга қадар ёки Аллоҳ бирор йўл қилгунча, уларни (ўзлари яшаётган) уйларда сақлаб турингиз” (Нисо сураси, 15-оят).
Кейинчалик, Аллоҳ оила қурган зинокорни тошбўрон (ражм)га, турмуш кўрмаган зинокорни дарра уришга ҳукм қилди:
الزَّانِيَةُ وَالزَّانِي فَاجْلِدُوا كُلَّ وَاحِدٍ مِنْهُمَا مِئَةَ جَلْدَةٍ
яъни: “Зинокор аёл ва зинокор эркакнинг ҳар бирига юз дарра урингиз!” (Нур сураси, 2-оят). Ражм қилиш ҳақида ҳам оят нозил қилинган бўлиб, кейинчалик бу оятнинг Қуръон оятлари қатори тиловат қилиниши бекор (мансух) қилинган, аммо унинг ҳукми боқийдир.
Ислом аввалида намоз ҳам одамларга меҳрибончилик юзасидан эрталаб икки ракъат, кечқурун икки ракъат қилиб ўқиш жорий қилинган. Чунки, у даврдаги кишилар Ислом динига эндигина кирган, намоз ўқишлик ҳаловатини ҳали тотиб улгурмаган, Аллоҳга муножот қилишнинг лаззатини яхши англамаган эдилар. Вақти келиб, мусулмонларнинг қалби имон ва ибодатдан таскин топа бошлагандан кейингина намозга қўшимча қилишга имкон туғилди.
Аввал бошда мусулмонларнинг сони озчилик, заифҳол, мушрикларга қарши бош кўтаришга, улар билан жанг қилишга қувватлари етарли бўлмагани учун, душманларнинг азиятларига сабр қилишга, кечиримли бўлишга, улардан юз ўгиришга, уларга қарши уруш қилмасликка буюрилдилар:
اتَّبِعْ مَا أُوحِيَ إِلَيْكَ مِنْ رَبِّكَ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ وَأَعْرِضْ عَنِ الْمُشْرِكِينَ
яъни: “Раббингиздан Сизга ваҳий этилган нарса (оят)ларга эргашинг. Ундан ўзга илоҳ йўқ. Мушриклардан (эса) четланинг!” (Анъом сураси, 106-оят).
خُذِ الْعَفْوَ وَأْمُرْ بِالْعُرْفِ وَأَعْرِضْ عَنِ الْجَاهِلِينَ
яъни: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!” (Аъроф сураси, 199-оят).
وَإِنَّ السَّاعَةَ لَآَتِيَةٌ فَاصْفَحِ الصَّفْحَ الْجَمِيلَ
яъни: “Қиёмат ҳам, шаксиз, келувчидир. Бас, (шундай экан, жоҳилларнинг азиятларига сабр қилинг ва уларни) чиройли юз ўгириш билан тарк этинг!” (Ҳижр сураси, 85-оят).
Мусулмонларнинг қуввати ортиб, Аллоҳнинг динига одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб кира бошлаганидан сўнг, ўзларини ҳимоя қилишлари учун жанг қилишга изн берилди:
أُذِنَ لِلَّذِينَ يُقَاتَلُونَ بِأَنَّهُمْ ظُلِمُوا وَإِنَّ اللَّهَ عَلَى نَصْرِهِمْ لَقَدِيرٌ
яъни: “(Мушриклар томонидан) ҳужумга учраётган (мусулмон)ларга, мазлум бўлганлари сабабли (жанг қилишга) изн берилди. Албатта, Аллоҳ уларга ёрдам беришга қодирдир” (Ҳаж сураси, 39-оят).
Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилиб борганларида Аллоҳ таоло у кишини Мадинадаги аҳли китоб қавмлари Бани Исроил пайғамбарларидан таълим олган нарсалари асосида қилаётган амалларига хилоф иш тутишга буюрмади. Масалан, Мадина аҳли китоблари намозларида Байтул Мақдис томонга юзланар эдилар. Аллоҳ таоло аввал бошда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам намозда ўша томонга юзланишга буюрди. Чунки, у ердаги қавмларнинг ҳурматини қозониш, бу кишининг ҳам ҳақиқий пайғамбар эканликларига уларни ишонтириш лозим эди. Бу зот ўтган пайғамбарларнинг келтирган динларини тасдиқловчи, улар даъват қилган динга даъват қилувчи, уларнинг йўлларига чақирувчи киши эканликларини баён қилиш учун шундай қилинди. Бу ҳолат токи уларнинг қалбларига имон ўрнашгунча ва келажакда қибла Байтул Мақдисдан Масжидул Ҳаром томонга ўзгартирилганда ҳеч қандай иккиланиш ёки шубҳаланиш содир бўлмайдиган вақт келгунча давом этди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди:
وَمَا جَعَلْنَا الْقِبْلَةَ الَّتِي كُنْتَ عَلَيْهَا إِلَّا لِنَعْلَمَ مَنْ يَتَّبِعُ الرَّسُولَ مِمَّنْ يَنْقَلِبُ عَلَى عَقِبَيْهِ وَإِنْ كَانَتْ لَكَبِيرَةً إِلَّا عَلَى الَّذِينَ هَدَى اللَّهُ وَمَا كَانَ اللَّهُ لِيُضِيعَ إِيمَانَكُمْ إِنَّ اللَّهَ بِالنَّاسِ لَرَءُوفٌ رَحِيمٌ قَدْ نَرَى تَقَلُّبَ وَجْهِكَ فِي السَّمَاءِ فَلَنُوَلِّيَنَّكَ قِبْلَةً تَرْضَاهَا فَوَلِّ وَجْهَكَ شَطْرَ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ وَحَيْثُ مَا كُنْتُمْ فَوَلُّوا وُجُوهَكُمْ شَطْرَهُ
яъни: “Сиз юзланган олдинги қиблани Биз фақат орқага қайтиб кетаётганлар ичида ким пайғамбарга эргашар экан, деб қилдик (қайта тикладик). Албатта, бу (ўз қибласини ўзгартириш) Аллоҳ ҳидоят этган кишилардан ўзгалар учун оғир ишдир. Аллоҳ имонларингизни (Байтул-Мақдисга қараб ўқиган олдинги намозларингиз ажрини) зое кеткизмас. Албатта, Аллоҳ одамларга нисбатан меҳрибон ва раҳмлидир. Гоҳо юзингизни (ваҳий кутиб) осмон бўйлаб ўгириб туришингизни кўраяпмиз. (Хотиржам бўлинг) Сизни ўзингиз рози бўладиган қиблага (Каъбага) юзингизни ўгиртирамиз. Юзингизни Масжиди Ҳаром (Каъба) томонга буринг! (Эй, мўминлар, сизлар ҳам) қаерда бўлсангиз, юзларингизни ўша тарафга бурингиз!” (Бақара сураси, 143-144-оятлар).
Шуларга ўхшаш ҳукмлар жуда ҳам кўп. Дарҳақиқат, Ислом шариати инсонларнинг манфаатларига асосланган. Шунга кўра аҳкомлар аввал мужмал, сўнгра муфассал тартибда келган. Бу асосан Маккадаги қонунчилик билан Мадинадаги қонунчиликни солиштирганда яққолроқ намоён бўлади. Маккий оятлар мужмал, ундаги ҳукмларга камдан-кам ҳолларда тафсилот берилади. Маданий оятларда эса, Қуръон кўплаб тафсилотларга ўрин беради. Хусусан, муомалот масалаларига тааллуқли ишларда. Шунинг учун ҳам аксар аҳком оятлари Мадинада нозил бўлгандир. Маккий оятларда эса фақат ақиданинг софлигини асрашга тааллуқли бўлган ҳукмларгина келтирилган, масалан, Аллоҳдан ўзганинг номи айтиб сўйилган ҳайвоннинг гўштининг ҳаромлиги ва ҳоказо.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раисининг биринчи ўринбосари
Ҳомиджон Ишматбеков
Аннотация. Мақолада илк ҳадис тўплами – муснаднинг луғавий ва истилоҳий маънолари, унинг ҳадис илмида тутган ўрни ҳамда аҳамияти баён этилган. Хусусан, Мовароуннаҳр ҳудудидан етишиб чиққан етук муҳаддислардан бири – Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг ягона илмий мероси – “Муснадул кабир” асарининг ҳадис илмидаги ўрни ҳамда тарқалиш тарихи таҳлил этилган.
Асардаги ҳадислар ровийлари, уларнинг ишончлилик даражалари (сиқа, ҳофиз, ҳужжат, садуқ каби) ва ҳадис ривоят қилишда қўлланилган истилоҳлар (“ахбарана”, “ҳаддасана”, “қола”, “қараъту аʼла” ва бошқалар) илмий жиҳатдан ўрганилган.
Тадқиқотда “Муснадул кабир” асарининг Балх, Ҳирот, Бағдод ва Дамашқ каби илмий марказлар орқали тарқалгани, Халилий, Ғазнавий, Самъоний, Мақдисий, Миззий ва Ибн Ҳажар Асқалоний каби буюк муҳаддислар орқали кейинги авлодларга етиб келгани далиллар асосида ёритилган.
VII-VIII асрларда яшаган муҳаддислар орасида сақланиб, ҳадис илмида ишончли манба сифатида ўқитилгани таъкидланган.
Абстраcт. The article describes the lexical and terminological meanings of the first hadith collection – musnad and analyzes its significance in the science of hadith. The analysis focuses on particular literature namely “Муснад ал-Кабир” which is considered as the only scientific legacy of one of the outstanding muhaddith from Movarounnahr, Haytҳам ibn Kulayb Shashi.
The source was scientifically examined by studying the narrators of the hadiths, their levels of reliability (such as siqa, ҳафиз, ҳужжат, садуқ) and the terms used in narrating hadith (“акҳбарана”, “ҳаддасана”, “қала”, “қараъту аъла”, этc.).
The research found evidences verifying that the literature of “Муснад ал-Кабир” was spread through scientific centers such as Balkh, Herat, Багҳдад, and Damascus, and reached subsequent generations through great hadith scholars such as Khalili, Gҳазнави, Самани, Maqdisi, Миззи, and Ibn Hajar Asqalani. Furtherморе, research highlights that the literature was preserved among hadith scholars of the 7th-8th centuries who used it as a reliable source in the education of hadith.
Калит сўзлар: Ҳайсам ибн Кулайб Шоший, Муснад, ҳадис, ровий, иснод, сиқа, ҳофиз, ҳужжат, садуқ, ижоза.
Keywords: Ҳайтҳам ибн Кулаиб Шаши, Муснад, ҳадитҳ, нарратор, иснад, сиқа, ҳафиз, ҳужжа, садуқ, ижаза.
КИРИШ
Ҳадис илми манбаларининг кўп сонлилиги, хилма-хиллиги, мавзуларининг кенглиги билан бошқа соҳалардан ажралиб турадиган кенг тармоқли йўналиш ҳисобланади. Ривоят илми бўйича ёзилган асарлар қаторида муснад услубида таълиф этилганлари ўзига хос ўринга эга. Улар муҳаддисларнинг ровийларга асосланган тўпламлари бўлиб, ҳадис ривоят қилган ровий ривоятининг сонини аниқлашда, яшаган давридаги мавқеини ҳамда ислом тарихида тутган ўрнини кўрсатиб беришда хизмат қиладиган катта ҳажмдаги китоблар сирасига киради. Шу билан бирга ҳадис тўпламларини аниқлашда катта ёрдамчи вазифани ўтайди. Натижада кейинги даврларда тасниф этилган ҳадис китоблари саҳиҳ, сунан, жомеʼ каби ҳадис йўналишидаги асарларнинг асосий манбасини муснадлар ташкил этди.
АСОСИЙ ҚИСМ
Ҳадисларнинг ишончлилик (саҳиҳлик) даражасини аниқлашнинг асосий талабларидан бири – унинг “иснод” (санад) деб аталувчи ровийлар занжирини акс эттирган қисмига эътибор бериш саналади. Чунки санаддаги ровийларни тадқиқ этиш орқали ҳадиснинг саҳиҳ ёки заифлиги, қабул қилиш мумкинлиги ёки рад этилиши маълум бўлади.
Иснод (таянч, далил, асос) ҳадиснинг таркибий қисми бўлиб, у ҳадис матнини Пайғамбар алайҳиссаломдан муҳаддисга бир-бирига кетма-кет етказувчи ровийлар занжир ҳисобланади. Ҳадиснинг асосий қисми яъни матнни Пайғамбар алайҳиссаломдан мусаннифга етиб келиш йўлини “иснод” кўрсатади. Агар санад (занжир) қанчалик ишончли кишилардан таркиб топган бўлса, ҳадис шунчалик саҳиҳ саналади.
Исноди муттасил бўлган, яъни санади билан ривоят қилинган ҳадислар “Муснад” деб аталади (Нуриддин Итр, 1997: 223).
Бундан ташқари “муснад” сўзи “иснод” маъносида ҳам келиши мумкин. Шунингдек, ҳадисларни иснодларига кўра, яъни ровийларига кўра тартиблаб жамланган илк ҳадис тўпламлари ҳам “Муснад” дейилади.
Аҳмад ибн Форис (ваф. 395/1005): “Санаднинг маъноси бир нарсани бошқа бир нарсага қўшилишини ифода этади. Шунинг учун, замон ҳам муснад деб номланади, чунки улар ҳам бир-бирига ёпишгандир” (Ибн Форис, 1979:105), деб таърифлаган.
Араб луғатшуноси, филолог Абу Мансур Азҳарий (ваф. 393/1003) “Таҳзиб ал-луға” асарида: “Тоғ ёки адирлик томондаги ердан кўтарилган тепалик санад деб аталади. Унга бирор нарсани суянтирган ҳар бир нарсанг – муснад”, деб ёзади (Абу Мансур Азҳарий, 1964: 365).
Доктор Маҳмуд Таҳҳон (1935-2022) “Тайсир мусталаҳ ал-ҳадис” номли асарида муснад сўзи ҳадис истилоҳида уч хил маънода ишлатилишини ёзади (Маҳмуд Таҳҳон, 1994:17):
Биринчи маъно – санади муттасил, яъни узлуксиз ҳолда ривоят қилинган ҳадис. Бундай ҳадис санадининг аввалидан то охиригача Расулуллоҳ алайҳиссаломга марфуʼ (кўтарилган) қилинган.
Муҳаддис Ҳоким Найсобурий (321-405): “У Расулуллоҳ алайҳиссаломгача исноди муттасил бўлган ҳадисдир”, деган. Машҳур тарихчи ва муҳаддис Хатиб Бағдодий (1002-1071) айтади: “У охиригача муттасил бўлган ҳадисдир”.
Муаррих Ибн Абдулбарр (368-463): “У Расулуллоҳ алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳадис бўлиб, муттасил ёки мунқотеʼ бўлиши баробардир”, деган.
Ушбу таърифлардан келиб чиқиб, саҳоба ва тобеъинлардан санади муттасил ҳолда ривоят қилинган мавқуф ёки мақтуʼ ҳадислар ҳам муснад ҳисобланади. Аммо буюк икки муҳаддис Найсобурий ва Ибн Абдулбаррнинг таърифига кўра, бундай ҳадислар муснад саналмайди.
Муҳаддис Ибн Абдулбаррга кўра, мунқотеʼ (Қандай узилиш бўлишидан қатъи назар, исноди муттасил бўлмаган ҳадисга айтилади. Яъни, исноди муттасил бўлмаган муаъллақ, мурсал, мўзал шартлари топилмаган ривоятдир. Бу уч сифатдан бошқа кўринишда узилиш пайдо бўлиб келган ривоятга “мунқотеʼ”, дейилади), мўзаллар (Луғатда “жуда қийин қилинган” деган маънони англатади. Истилоҳда эса, исноддан икки ё ундан кўп ровийларнинг кетма-кет тушиб қолишига айтилади) ва санади жиҳатидан узилган бошқа ҳадислар ҳам муснад дейилаверади.
Муҳаддис имом Ҳокимнинг таърифига кўра, муснад дейилмайди. Ибн Ҳажар Асқалоний айтади: “Набий алайҳиссаломгача марфуʼ ҳолатда санади уланган ҳадис – муснад дейилади” (Маҳмуд Таҳҳон, 1994:170).
Иккинчи маъно – ҳар бир саҳобийнинг ривояти алоҳида жамланган асар. Хатиб Абу Бакр Бағдодий ҳадис асарлари муаллифлари ҳақида сўз очганда: “Улар орасида ҳадисларни муснад шаклида ривоят қилишни ихтиёр этганлари ҳам бор” (Хатиб Бағдодий, 1983:284) дейди.
Муҳаддис Заркаший ҳам шу фикрга қўшилган ҳолда: “Баъзи муҳаддислар ҳар бир саҳобани ривоят қилган ҳадисларини алоҳида тўплаб, уларни алифбо ҳарфлари бўйича тартиблайдилар. Баъзилари эса саҳобаларнинг даражаларига қараб, масалан, ашараи мубашшара (жаннат башорати берилган ўнта саҳоба), сўнг Бадрда иштирок этганларнинг ривоятини аввал келтирадилар” (Заркаший, 1998:348) деган.
Учинчи маъно – санад маъносида, яъни муснад сўзи ишлатилиб ундан санад – ровийлар силсиласи тушунилади.
Муҳаддислар бобларга ажратиб ёзилган асарларни ҳам “муснад” деб номлашган. Ушбу ном билан аталган асар муаллифлари ундан “узлуксиз санад билан ривоят қилинган ҳадислар” деган маънони ирода қилганлар. Имом Бухорий (ваф. 256/870)нинг “Ал-Жомеʼ ал-муснад ас-саҳиҳ ал-мухтасар мин умури Расулиллаҳ ва сунаниҳи ва айямиҳи” (Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг суннатлари ва у кишининг ҳаётлари ҳақида қисқа, саҳиҳ, санади узлуксиз, барча ислом аҳкомларини жамловчи) асари, Имом Муслим (ваф. 261/875)нинг “Ал-муснад ас-саҳиҳ ал-мухтасар мин ас-сунан би нақл ал-адл ан ал-адл ан Расулиллаҳ” асари ҳамда Имом Доримийнинг “Муснад ад-Доримий” асари ва бошқа шу каби ҳадис тўпламларининг муснад деб номланиши ҳам айнан шу маънода ишлатилган.
Муснадлар ҳадис тўпламини аниқлашда бирламчи манба вазифасини ўтайди. Чунки муснад асарларининг ёзилиши ҳадис илми тараққиёти ва ҳадисларни турларга ажратиш, уларнинг санад (иснод)ларини ва ҳадис тўпламларини аниқлашда асосий манба бўлиб хизмат қилди (Иршоди Сорий, 2000:6-7). Зеро, муснад тўпламларидаги ҳадислар саҳиҳ, ҳасан, заиф, ноқис, марфуʼ, мавқуф, шозз кабиларга ажратиб ўрганилган ва завоид, мажма, зайл, атроф каби турдаги ҳадис тўпламлари ёзишда фойдаланилган.
Маълумки, саҳиҳ ҳадис тўпламларида ҳадиснинг матнидан олдин Расулуллоҳ алайҳиссаломдан бошлаб, муҳаддисгача бўлган ровийлар бирма-бир зикр қилинган иснодлари келтирилади. Ровийларни ва уларнинг ишончлилик даражасини аниқлаш муҳаддисларнинг асосий вазифаларидан бири саналади.
Ҳадиснинг ровийси тўлиқ ва аниқ ўрганилмагунича ривоят муҳаддислар томонидан ишончли деб қабул қилинмаган. Шу билан бирга, ҳадис илмида ровийларнинг ҳадиси мақбул бўлиши учун маълум шартлар қўйилган. Улардан бири ровийларнинг адолатли (мусулмон, балоғатга етган, ақлли, фосиқлик аломатлардан холи) ва забтли (ишончли, хотираси кучли, масъулиятли) бўлишидир.
Ҳадис ривоят қилган ровийларнинг ишончлилик даражаларига кўра муҳаддис уламолар турли даражаларни белгилаганлар. Уларнинг билим даражаси, ҳадис илмидаги мавқеи, ёдлаган ҳадислари миқдори, ровийларга оид маълумотларни билишига қараб алоҳида номлар билан аташган.
Баъзи муҳаддисларга бир эмас, бир нечта лақаблар ҳам берилган. Хусусан, Кулайб Шошийнинг “Муснадул кабир” асарида келган ҳадисларнинг аксарияти ишончли ва ўта ростгўй ровийлар томонидан ривоят қилинган. Буни “Муснад”да келган ҳадислар иснодини таҳлил этиш орқали, ровийларга жарҳ ва таъдил уламоларининг берган хулосаларидан билиш мумкин.
Илмий изланиш таҳлилларига кўра, “Муснади Шоший”даги ровийлар қуйидаги даражаларга ажратилади:
Сиқа сабт [ثِقَةٌ ثَبْت] – “ишончли, мустаҳкам”. Баъзан ровийларнинг мартабалари шу каби бир ёки ундан ортиқ тавсифий сўзлар билан таъкидланади. Хусусан, “Муснадул кабир” ровийларидан Муҳаммад ибн Исъҳоқ ибн Жаъфар ва Саъид ибн Масъуд ибн Абдураҳмон “сиқа сабт” даражасидаги муҳаддислар саналади. Саъид ибн Масъуд ҳадисларни исноди билан ривоят қилгани учун “муснид” деб ҳам аташган.
Сиқа [ثقة] – Луғатда “ишончли” деган маънони билдиради. Ҳадис истилоҳида эса, ривоят қилган ҳадисига ишонч билдирса бўладиган ровийга “сиқа” дейилади. “Муснадул кабир”даги Ҳумайд ибн Масъуд ибн Муборак, Шуъайб ибн Лайс ибн Саъд ибн Абдураҳмон, Али ибн Иброҳим ибн Абдулмажид, Али ибн Довуд ибн Язид, Аҳмад ибн Али ибн Фузайл, Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Аҳмад ибн Абдуллоҳ каби 20дан ортиқ муҳаддислар сиқа ровийлар саналади.
Сиқа ма`мун [ثِقَةٌ مَأْمُون] – “Муснадул кабир”даги ровийлар силсиласидаги биргина Абдукарим ибн Ҳайсам ибн Зиёд ибн Имрон шу даража билан сифатланган.
Сиқа ҳофиз [ثِقَةٌ حَافِظ] – “ёдловчи, йоддан билувчи, хотирасида сақловчи”. Муҳаддисликнинг юқори даражаларидан бири ҳисобланади. Унинг талаблари бўйича уламолар турлича фикр билдиришган. Муҳаддис Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Афифуддин Ҳанафий Бухорий (870-941/1466-1535): “Ҳофиз деб юз минг ҳадис матни ва санадини, унинг ровийлари жарҳи, таъдили ва тарихини билган кишидир”, деган. “Муҳаддис” ва “Ҳофиз” бир хил маънода ишлатилади, деган фикрлар ҳам мавжуд.
“Муснадул кабир”даги ҳадислар иснодида бундай муҳаддислар кўп учрайди. Жумладан, Аббос ибн Муҳаммад ибн Ҳотим ибн Воқид, Муҳаммад ибн Башар ибн Усмон ибн Довуд ибн Кайсон, Аҳмад ибн Ҳозим ибн Муҳаммад ибн Юнус ибн Қайс, Аҳмад ибн Зуҳайр ибн Ҳарб ибн Шаддод, Аҳмад ибн Мулаъиб ибн Ҳайён, Иброҳим ибн Абдуллоҳ ибн Муслим ибн Мўиз, Исмоил ибн Исъҳоқ ибн Исмоил ибн Ҳолид, Ҳусайн ибн Муҳаммад ибн Мавдуд ибн Ҳаммод, Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Мусо ибн Абу Ҳунайн, Муҳаммад ибн Солиҳ ибн Абдураҳмон, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Сулаймон, Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳок, Иброҳим ибн Исъҳоқ ибн Иброҳим ибн Башир каби муҳаддислар ана шундай энг баланд ва мақоми юксак даражадаги ровийлар саналади.
Садуқ [صدوق] – луғатда “ўта ростгўй, адолатли” деган маъноларни англатади. Истилоҳда ростгўйлиги билан танилган ровийга нисбатан ишлатилган. Ибн Абу Ҳотим ва Ибн Салоҳ каби муҳаддислар ушбу атамани “таъдил”нинг иккинчи даражаси сифатида баҳолаб, “садуқ” кишиларнинг ривояти ёзиб олинишини айтишган. Муҳаддислардан Заҳабий ва Ироқий эса, уни “таъдил”нинг учинчи даражасида зикр этишган. Агар Заҳабий ва Ироқийларнинг “сиқа” сўзига “сабт”ни қўшиб, уни иккита даражага бўлишгани инобатга олинса, Ибн Абу Ҳотим ва Ибн Салоҳларнинг баҳоси билан уларнинг баҳоси ровийга нисбатан бир ҳукмни билдириши англашилади.
Нуриддин Итр ушбу атама “лаа ба`са биҳи” [لا بأس به] (унинг ёмон сифати йўқ), “хиёр” (яхшилар), “ма`мун” (ишонилган) каби “таъдил” атамалари билан бир даражада туришини айтиб, бундай тавсифланган ровийнинг “адолатли” эканини билиб олиш мумкинлигини таъкидлайди.
Шу билан биргаликда, ушбу атама ровийнинг “забт”и (яъни, унинг ҳадиси қабул қилинишидаги асосий шартлардан бири) кучли ёки кучсизлиги тўғрисида маълумот бермаслигини ҳам таъкидлайди. Унингча, ушбу атама билан васф қилинган ровийнинг ривоятини қабул қилишда унинг забтига ишора қилувчи бошқа маълумотлар борлиги аниқланиб, шундан сўнг унга амал қилиниши ёки рад этилиши мумкин бўлади (Саййид Абдулмажид Ғоврий, 2007:355-356).
Кулайб Шошийнинг “Муснад” асаридаги Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Қурайш, Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Язид ибн Динор, Закариё ибн Яҳё ибн Асад, Муҳаммад ибн Нажиҳ ибн Абдураҳмон, Абдумалик ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад, Солиҳ ибн Муҳаммад ибн Яҳё ибн Саъид, Ҳасан ибн Али ибн Аффон каби ровийлар шундай сифат билан таърифланган.
Ҳужжат [حجة] – “ҳужжат, далил”. Ҳадис матни ва санади ҳақидаги илмларни пухта эгаллаши билан, улардан фойдаланган ҳолда зарурий масалаларни ҳал қилишда ҳужжат келтира оладиган кишига берилган.
Муҳаддислар “ҳужжатга” бундай таъриф берадилар: “Уч юз минг ҳадис матни ва санадини йоддан биладиган, ровийларининг жарҳи, таъдили ва тарихини билган киши бўлиб, ҳадисларнинг умумий ҳамда хос жиҳатларини ажратиб бера олади”. Имом Шошийнинг “Муснадул кабир” асари ровийларидан Солиҳ ибн Муҳаммад ибн Амр ибн Ҳабиб ибн Ҳассон (Солиҳ Жазра) ҳофиз, сабт, ҳужжат даражасидаги муҳаддис саналади.
Шунингдек, ҳадисларнинг санад занжиридан жой олган ровийларнинг ҳадис шайхларидан қандай шаклда ҳадис олганларини белгилашлари (яъни самаъ ва ъада каби лафзларни қўллашлари) ҳадис илмининг энг муҳим мавзуларидан бирини ташкил этади.
Муҳаддислар “таҳаммул ҳадис” деб ном берган бу ривоят шаклларини алоҳида ифодалар қўллаб белгилайдилар. Чунки ҳадис саҳиҳ бўлишининг бешта шартларидан энг аввали – санаднинг муттасил бўлиши саналади.
Ҳадис уламоларининг наздида санаднинг муттасиллигидан мурод “Санад ровий ундан тушиб қолишидан саломат бўлишидир”.
Бунда ровийлардан ҳар бири ўзининг устозидан ривоят қилишда سمعتُ, حدثني, أخبرني (ахбароний, ҳаддасаний, самиъту) – “менга хабар берди”, “менга ҳадис айтди”, “эшитдим” каби эшитишликка очиқ далолат қиладиган сийғаларни келтиради ёки зоҳиридан қараганда эшитганини билдириб турувчи عن فلان (ʼан fulонин) – “фалончидан” ва أنَّ فلانا قال (анна fulонан қола) – “албатта фалончи айтди” каби сийғалар билан баён қилади.
Ҳайсам ибн Кулайб Шоший “Муснадул кабир”даги ҳадисларни устозларидан қай тартиб ва шаклда олганини, ҳадиснинг санадини белгилашда қуйидаги ифодаларни қўллаган:
Ушбу икки иборани бир-биридан фарқлашни таклиф этган олимлар ҳам мавжуд. Агар шогирдлар жамоасида ривоят қилувчи шогирднинг ўзи ҳадисларни ўқиган бўлса, أخْبَرَنا иборасини айтади. Агар шогирдлар халқасида ривоят қилувчи шогирддан бошқа шогирд ҳадисларни ўқиган, унинг ўзи ҳам устози каби эшитиб ўтирган бўлса, у ҳолда أنْبَأَنا иборасини айтади. Бу ҳолда أنْبَأَنا иборасининг ўрнигаقرات عليه “Унга ўқиб бердим” ва أنا أسمع “Эшитиб тургандим” ибораларини қўллаган маъқул (Абу Исо ат-Термизий, 2021:228-229).
Имом Шоший “Муснадул кабир” асарининг ривоятлар занжирида 22 та ҳадисдан 20 тасини сиқа муҳаддис Али ибн Абдулазиздан, қолган иккитасини эса сиқа ҳофиз Аҳмад ибн Зуҳайрдан келтирган.
Ҳаддасана – (қисқартма шакли [ثنا] сана) – ровийнинг шайхдан олган ҳадисларини ривоят қилиш истилоҳларидан бири бўлиб, луғатда “бизга нақл қилди, ривоят қилди, ҳадис айтди” маъносини англатади. Истилоҳда ҳадисни устозидан кўпчилик билан бирга ёдлаган ҳолда олишда қўлланилган ибора. Бу лафз фақатгина эшитиш (самаъ) йўли билан олинган ҳадисларнинг кетма-кетлиги давомида қўлланилади (Уğур, Mücteba, 1996:107).
Яҳё ибн Саъид Қаттон: ““Ҳаддасана” ва “Ахбарана” бир маънони англатади”, деган (Абу Исо Муҳаммад Термизий, 2017:51) бўлса, Имом Аҳмад: “Истилоҳ илмида “ахбарона” ибораси қувватда “ҳаддасана”дан енгилроқ” деб ёзган (Саид Абдулмажид Ғовий, 2007:49).
Ҳайсам ибн Кулайб 1492 та ҳадисни айнан шу лафзда келтирган. Имом Шоший санадда бу ўтимли феълни ўзига ҳадис айтган ва ҳадис илмида ишончли бўлган устозлари (Аҳмад Асқалоний, Аббос Дурий каби)га нисбатан қўллаган. Ўнта ҳадиснинг ривоятида бу истилоҳ қисқартма ﺎﻧ ва ﺎﻨﺛ шаклда ишлатилган.
3. Ҳаддасаний (حدثني) – луғатда “менга сўзлаб берди” деган маънони англатиб, ҳаддасана истилоҳининг бирлик шаклидир. Имом Шоший муснадида ривоят занжирида 17 та ҳадисда ушбу истилоҳ ишлатилган.
Эшитиш услуби билан шайхга ўқиб бериш услубидан қайси бири афзалроқ экани борасида икки хил қараш мавжуд бўлиб, Имом Молик ва Имом Шофеъий эшитиш услубини афзал деганлар. Имом Аъзам Абу Ҳанифа эса, шайхга ўқиб бериш услубини афзал санаган. Чунки бу ҳолатда ҳадис ибора ва сўзларида эҳтиёткорлик ва мустаҳкамлик ҳосил бўлади. Шогирд хато ўқиса, устоз дарҳол уни тузатади. Тузатиш ва тўғрилаш эшитиш услубидан кўра устозга ўқиб бериш услубида кўпроқлиги ўз-ўзидан яхши маълум.
Муҳаддис ҳофиз Саховий икки ҳолатда ҳам хато ва янглишувнинг олдини олиш ва унга имкон қолдирмаслик мақсад қилинганини таъкидлаган (Абу Исо ат-Термизий, 2021:230).
Демак, шогирдларнинг зеҳни, ўткир хотираси, эҳтиёткорлиги, устознинг эътиборли бўлишига боғлиқ. Кимда бу ҳолат қайси услубда ҳосил бўлса, унинг учун ўша услуб афзал ҳисобланади. Кимдир эшитув йўли билан ҳадисларни хотирасида мустаҳкам сақлай олади. Бошқа биров эса ўқиш билан ҳадисларни қалбида асрай олади.
4. Қола (قال) – “айтди”, “деди” деган маънони билдирувчи, бирлик шахс сийғасидир. Одатда бу истилоҳ ҳадис ўрганувчининг устози билан мулоқотга киришиб, ундан эшитган ҳадисига нисбатан ишлатилади. Аммо айрим муҳаддислар самъа (эшитиш) йўли билан эшитган ҳадисларига ҳам ушбу истилоҳни қўллаганлар. Шу сабаб, баъзи муҳаддислар бу истилоҳни “ҳаддасана” лафзи билан тенг деб ҳисоблайдилар.
Имом Шоший устозидан эшитган фақатгина битта ҳадисни ушбу истилоҳ билан келтирган.
5. Қара`ту аъла (قرأت على) – бу истилоҳ “қарату аъла аш-шайх (шайхга ўқиб бериш)” шаклида ҳам қўлланилади. Ҳадис ривоят қилиш усулларидан бири. Бунда шогирд устозига ҳадисларни ўқиб беради, устоз эса уларни бевосита эшитиб, тўғрилайди. Бу ҳолатда устоз ўзи ривоят қилаётган ҳадисларни эшитиб, ҳақиқатдан ҳам ўзи ривоят қилганини тасдиқлайди. Имом Шоший битта ҳадисни шу ибора билан келтирган. Ушбу ҳадисни устози Али ибн Довуд Қанторий (ваф. 272/885. Бағдодлик сиқа (ишончли), ҳофиз муҳаддис. Ибн Можа ва яна кўплаб машҳур муҳаддислар ундан ҳадис ривоят қилишган)га ўқиб берганини ва шайхи уни тасдиқлаганини ёзган (Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб Шоший, 1990:97).
Шунингдек, Ҳайсам ибн Кулайб Шоший ҳадисларни ривоят қилишда (حدثنا إملاءً) “ҳаддасана имла`ан” иборасини қўллаши муҳаддиснинг имло мажлисларида қатнашиб, ҳадис ёзганини кўрсатади (Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб Шоший, 1990:341).
Имом Шоший “Муснад”даги 1452-рақам остидаги ҳадисни “имом”, “ҳужжат” табақасидаги машҳур муҳаддис, Абу Ҳасан куняси билан танилган Али бин Саҳл (ваф. 261)дан айнан ушбу услубда келтирган.
МУҲОКАМА
Имом Шоший “Муснадул кабир” асарининг айрим ўринларида қайси сана ва шаҳарларда ҳадис тинглагани, ривоят қилгани ҳақида маълумотлар учрайди. Хусусан, қўлёзманинг турли саҳифаларида 487/1094, 488/1095 ва 490/1097-йилларда “Муснадул кабир” асарининг ровийлар занжирининг иккинчи халқаси бўлган Халилий “Муснадул кабир”дан дарс бергани, ҳадис мажлисларида “Муснадул кабир”ни талабалар ўқиб беришгани, баъзан Халилийдан ҳадис тинглашгани келтирилган. Илм мажлисларида Абу Шижў Бистомий, Абу Ҳафс Балхий, Абу Бакр Асбаҳоний, Абул Қосим Тамимий, Абу Абдуллоҳ Ҳасаний, Абу Абдуллоҳ Манадилий, Абу Наср Юноритий, Иброҳим ибн Муборак Ваҳший ва Абул Ҳасан Тусий мунтазам қатнашишган. Улардан Юноритий, Манадилий, Бистомий, Ваҳший ва Тусий кўпинча “Муснадул кабир”нинг маълум қисмларини Халилий ҳузурида овоз чиқариб ўқиганлар.
Маълумотларга кўра, Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг “Муснадул кабир” асарини Халилийдан ўрганган бошқа бир олим Абу Саъид Ғазнавий (ваф. 536/1141) бўлиб, Халилий билан Балхда учрашиб, ҳадис тинглаган ва унга “Муснад”ни ўқиб берган (Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад Самъоний, 1988:548).
Яна бир муҳаддис Абу Маолий Марваррузий (ваф. 545/1150) Балхда Халилийдан “Муснад”ни тинглаган. Асли ҳиротлик муҳаддис Абу Маҳосин Ғанимий (ваф. 553/1158) Балхда Халилийдан ҳадис келтирган. Халилийдан таълим олган китоблари орасида имом Шошийнинг “Муснад”идан ташқари, имом Термизийнинг “Шамоил” асари ҳам бор эди.
Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг “Муснадул кабир” асари Халилий ва унинг шогирдлари орқали самъа ҳамда ижоза усули билан турли минтақаларга кенг тарқалди. Жумладан, илм ўрганиш учун бутун Ислом оламини кезган, етти минг устоздан ҳадис тинглаган улуғ муҳаддис Абу Саъид Абдулкарим Самъоний (ваф. 562/1166) “Муснадул кабир” асарини таҳаммул (шайхлардан ҳадисни қабул қилиб олиш йўллари) қилган шогирдларидан саналади. Муҳаддис Самъоний Абу Маҳосин Ғанимий ва Абу Саид Ғазнавийдан ривоят қилган ҳамда шу икки силсила орқали санадга боғланган.
Шунингдек, “Муснадул кабир” қўлёзмасидаги самъа (ҳадис тинглаш) ёзувлари китобнинг Ҳиротда 558/1163-йилда Халилийдан ижоза олган Абу Ҳасан Мусавий томонидан ўқитилганини кўрсатади (Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб Шоший, 1990:35-36).
597/1201 ва 598/1202-йиллардаги мажлисларда ҳиротлик муҳаддис Абдулбоқий ибн Абдужаббор Ҳурдий Халилийнинг шогирдлари Абу Шижў Бистомий ва Абу Ҳасан Мусавийдан “Муснад”нинг баъзи қисмларини тинглаган (Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб Шоший, 1990:36-38).
600/1204йили Бағдодда вафот этган Ҳурдийнинг маъруза мажлисларига оид самъа ёзувларидан бирида жой маълумоти сифатида “Мадина ас-салом” (Тинчлик шаҳри) яъни Бағдод номи тилга олинган (Зекиййüддîн Abdülazîm b. Abdülkavî el-Мüнзирî, 1984:45). Бу имом Шошийнинг “Муснад” асари Бағдод илмий муҳитида ҳам муомалада бўлганини кўрсатади.
Мовароуннаҳр ҳудудидан ташқарида, турли илм марказларига етиб борган ва муҳаддислар орасида шуҳрат қозонган имом Шошийнинг “Муснадул кабир” асари мадрасаларда ҳам ўқитилган. Масалан, Дамашқдаги Қосиюн тоғи этагида қурилган Зиёия мадрасаси ҳижрий VII асрда Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг “Муснадул кабир” асари ўқитилган муассаса сифатида эътиборни тортади. “Муснад”нинг ижозасини Абдулбоқий ибн Абдужаббор Ҳурдийдан олган Ибн Бухорий куняли Фахриддин Али ибн Аҳмад Мақдисий (ваф. 690/1291) 679 йилда “Зиёийя” мадрасасида ҳадис мажлисларини ўтказган, маърузага келганлар “Муснадул кабир”ни тинглашган (Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб Шоший, 1990:38-45).
“Муҳаддис Шом”, “Шайх ас-сунна” дея эътироф этилган дамашқлик муҳаддис Зиёуддин Муҳаммад ибн Абдулвоҳид Мақдисий (ваф. 643/1245) томонидан 620-1223-йилда қурилган “Дор ал-ҳадис” (Ҳадис уйи) сифатида танилган “Зиёийя” мадрасасида “Муснадул кабир” ўқитилган ва ижоза берилган (Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб Шоший, 1990:38-45).
Қолаверса, юқорида зикр этилган мадраса асосчиси Зиёуддин Мақдисий ҳам Абдулбоқий ибн Абдулжаббор Ҳурдийдан “Муснадул кабир”дан таҳсил олган ва асарнинг кейинги авлодларга ўтишини таъминлаган (Ибн Ҳажар, 1998:139).
ТАҲЛИЛ
Юқоридаги маълумотлар имом Шошийнинг “Муснадул кабир” асари ҳижрий VII-VIII асрларда яшаган муҳаддислар орасида муомалада бўлганини кўрсатади. Бу даврда ҳадис илмига оид асарларни тадқиқ қилган, ўз асрининг машҳур муҳаддиси, замонасининг ҳофизи, Шом муҳаддисларининг имоми сифатида танилган олимлардан бири Абул Ҳажжож Жамолиддин Юсуф ибн Абдураҳмон Миззий (ваф. 742/1341. Жамолиддин Миззий ҳижрий VIII аср уламолари орасида Ҳадис ва унга тегишли илмлар бўйича ўз ўрнига эга бўлди. Ҳадис илмида “Туҳфатул ашроф” ва “Таҳзибул камол” асарларини таълиф қилган. Миззий ҳақида муҳаддис Яъмарий бундай деган: “Дамашқда аввалгилар ва охиргилар илмини тўплаган, ҳадис илмининг денгизи, ровийлар ва таржималар билимдони Абул Ҳажжож Миззийни топдим”. Муҳаддис ҳақида Заҳабий, Сафадий, Шамсиддин Ҳусайний, Абдулваҳҳоб Субкий каби алломалар мақтов гаплар айтишган. Хусусан, Субкий бундай деган: “Шайхимиз, устозимиз Жамолиддин Миззий замонамиз ҳофизи, аҳли суннат байроғини кўтарувчиси, бил ижмў ўз асрининг ягонаси, дунё муҳаддислари раислиги унда ниҳояланади”) ҳадис илмига оид “Туҳфатул ашроф” ва “Таҳзибул камол” китобларига Фахриддин Али ибн Аҳмад Мақдисий ва Аҳмад ибн Шайбон Тағлиб Шайбонийдан (ваф. 685/1286) тинглаган ҳадисларини киритган.
Қирқ йилдан ортиқ ҳадис ривоят қилган муҳаддислардан Аҳмад ибн Шайбон (597-685) Дамашқнинг Солиҳийя маҳалласида жойлашган “Жомеʼ ал-Музаффарий” мадрасасида ҳадис илмидан дарс берган олимдир. Муҳаддис Миззий эса ана шу “Жомеʼ ал-Музаффарий”даги маърузаларда қатнашган ва ҳадис тинглаган. Муҳаддислардан Аҳмад ибн Шайбондан ушбу мадрасада “Муснадул кабир” асарини эшитган. Бу Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг “Муснад” асари Дамашқдаги ҳадис таълими муассасаларида ҳам ўқитилган ишончли асар эканидан далолат беради.
Муҳаддис Миззий “Муснадул кабир” асарини ривоят қилиш ижозаси орқали асар ҳижрий IX асрда Ибн Ҳажар Асқалонийга ҳам етиб келган (Ибн Ҳажар, 1998:139). Бу ҳақда Ибн Ҳажар бундай деган: “Муснадул кабир” асаридаги ҳадисларни ушбу санад орқали ривоят этганман: Абдулбоқий ибн Абдужаббор Ҳарозий Суфий, Умар ибн Муҳаммад Бистомий, Абу Қосим Аҳмад ибн Муҳаммад Халилий, Абу Қосим Али ибн Аҳмад Хузоий. Шунингдек, “Муснад”нинг тўлиқ биринчи жузини Аҳмад ибн Али ибн Абдулҳақдан оғзаки тарзда, ҳофиз Абу Ҳажжож Миззийдан ижоза орқали, Фахр Али ибн Аҳмад ибн Абдулвоҳид, Аҳмад ибн Шайбон, Умар бин Муҳаммад ибн Тобарзид, Абу Бакр Муҳаммад ибн Қосим Шаҳразавий, Абу Қосим Халилийдан тинглаганман (Ҳамид Абдуллоҳ Маҳаллавий, 2012:14).
Демак, Ибн Ҳажар Асқалоний “Муснадул кабир” асарини ривоят қилиш ижозасини бир неча хил услуб ва устозлар орқали олгани маълум бўлади. Масалан, Миззийдан ижоза олган Камол Аҳмад ибн Али ибн Абдулҳақдан (ваф. 802/1400) оғзаки ижоза олганини кўриш мумкин.
Бошқа томондан, Уммул Ҳасан бинти Мунажжа (ваф. 803/1400) номи билан танилган (асли дамашқлик аёл ровий Фотима бинти Муҳаммад Тануҳийя) устозига “Муснадул кабир”нинг кўп қисмини ўқиб берган ва асарнинг қолган қисмларига ижоза олган. Уммул Ҳасан бинти Мунажжанинг “Муснад”даги силсиласи Сулаймон ибн Ҳамза орқали Зиёуддин Мақдисийга боғланади. Мақдисий эса бу асарни Абдулбоқий ибн Абдулжаббор Ҳурдийдан эшитган (Ибн Ҳажар, 1998:139).
ХУЛОСА
Мовароуннаҳр ҳадис илми ривожига катта ҳисса қўшган муҳаддис Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг “Муснадул кабир” асари ҳижрий IX асрга қадар асар самаъ, қироат ва ижоза усули билан нақл қилиниб, кенг тарқалгани, Аблулкарим Самъоний, Зиёуддин Мақдисий, Миззий, Ибн Ҳажар каби машҳур муҳаддислар томонидан ўрганилгани ва ўргатилгани, Балх, Ҳирот, Бағдод ва Дамашқ каби йирик илм марказларида ҳам ривоят қилингани, илмий мажлис ҳамда мадрасаларда ўқитилгани, ҳижрий VII асрда ҳадис илмининг бир бўлагига айлангани асарнинг муҳаддислар наздида қанчалик ишончли эканини кўрсатади.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ