Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги чиқиши унинг мазкур халқаро ташкилот ишидаги иккинчи иштироки ҳисобланади. Юртбошимиз дунё минбаридан туриб минтақа ва жаҳон ҳамжамияти учун муҳим саналган умумсиёсий масала ва таклифларни ўртага ташлади. Биз учун ушбу нутқнинг алоҳида аҳамиятли жиҳати шундан иборат бўлдики, белгиланган тартиб-қоидаларга мувофиқ, мазкур халқаро ташкилот одатда дунё бўйича олтита тилдан фойдаланади. Давлатимиз раҳбари тарихда илк бор ўз она тили – буюк Навоий, Амир Темур, Бобур, Жалолиддин Мангубердининг тилида сўз айтиши, албатта, тарихий воқеадир.
Президент Ш.Мирзиёев ўз нутқида халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик қатор масалалар юзасидан муҳим ташаббуслар билан чиқди. Ҳозир уларнинг айримлари ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз. Жумладан, давлатимиз раҳбари ўз нутқида мамлакатимизда диний эркинлик борасида вазият кескин яхшилангани, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш доимий муҳим вазифа эканлигини айтиб ўтдилар.
Дарҳақиқат, диний эркинлик бўйича кейинги йилларда амалга оширилган ишлар ушбу сўзларни тасдиқлайди. Жумладан, диний масалалар бўйича махсус рўйхатда турган шахсларни ушбу рўйхатдан чиқарилгани, кўплаб диний маҳбусларга амнистия эълон қилинаётгани, янги масжидлар очилаётгани, диний таълим олиш учун имкониятлар кенгаяётгани 2020 йил АҚШнинг халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси (USCIRF) Ўзбекистонни “диний эркинлик соҳасида алоҳида хавотирга молик давлатлар” қаторидан олиб ташлашига сабаб бўлди. Ўзбекистондаги барқарорликни ҳамда давлат ва жамият тараққиётини бугунги кунда мамлакатда 130дан ортиқ миллат ва элатнинг ўзаро тотувлигисиз, 16 диний конфессия вакиллари ўртасида бағрикенглик муносабатларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича “Ҳаракатлар стратегияси”нинг бешинчи бандида ҳам хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш соҳасидаги устувор йўналиш қилиб белгилаб қўйилган. Муқаддас динимиз таълимотига кўра эса бағрикенг бўлиш иймон белгисидир. Чунки, Аллоҳ таоло муборак каломида:
“Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар” (“Мумтаҳана” сураси, 8-оят), деб марҳамат қилган.
Абдулла Авлоний бағрикенглик бўлмаса, қандай оқибатлар келиб чиқиши ҳақида гапирар экан, жумладан шундай дейди: “Қайси бир миллатнинг орасида бирлик кўтарилуб, нифоқ ва адоват ҳукм сурган бўлса ул қавмнинг инқироз дунёсига юзланганлиги тарих саҳифаларидан маълумдир”.
Давлатимиз раҳбари сессияда сўзлаган нутқларида минтақа давлатлари ўртасида яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч, дўстлик ва ҳурмат муҳитини яратиш бўйича эришилган ютуқлар, қўшни Афғонистон мамлакатида тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш борасида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги бажарилиши лозим бўлган аниқ таклиф ва режалар ҳақида айтиб ўтдилар.
Халқимизда “Қўшнинг тинч- сен тинч” деган нақл бор. Аллоҳ тало Ўзининг китобида биз бандалар кимларга яхшилик қилиш лозимлигини уқтириб:
“Ва Аллоҳ таолога ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлагнлар яхшилик қилинганар. Албатта, Аллоҳ таоло ўзини юқори тутувчи ва одамлар устидан фахр қилувчиларни хуш кўрмас” (“Нисо” сураси, 36-оят), деб марҳамат қилади.
Агар эътибор берсак, оятда ҳар бир тоифа зикр қилиниб туриб, қўшни ҳақида уч маротаба қайта зикр қилинмоқда. Демак, шариатимиз кўрсатмалари бўйича ҳам қўшнининг ҳаққи буюклиги ояти каримада зикр қилинмоқда. Мамлакатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ушуб сиёсат ҳам диний жиҳатдан, ҳам умуминосий жиҳатдан тўла рисолага мос келишини таъкидламоқчимиз.
Бир сўз билан айтганда давлатмиз раҳбарининг маърузаларида қайд этилган барча масалалар ўзининг ўзбекона инсонпарварлик туйғулари билан йўғрилганлиги, қатъий ва мағрур жаранглаши билан ҳам алоҳи аҳамият касб этди.
Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ
ЎМИ Самарқанд вилоят бош имом-хатиби
#xabar #qabul #muftiy
Бугун, 28 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари юртимизнинг турли ҳудудларидан келган фуқароларни қабул қилиб, мурожаат, арз ва таклифларини эшитдилар.
Қабул жараёнида фуқароларимиз томонидан билдирилган масжидлар ҳолати, имом-хатиблар фаолияти, диний таълим, оилавий масалалар, ҳаж ва умра ҳамда моддий ёрдам масалалари бўйича мурожаатлари атрофлича кўриб чиқилди.
Жумладан, оилавий муносабатлар билан боғлиқ масалалар юзасидан маслаҳатлар берилди, шаръий саволларга батафсил тушунтиришлар тақдим этилди. Шунингдек, моддий ёрдам сўраган фуқароларга белгиланган тартиб-қоидалар асосида кўмак кўрсатилди.
Қайд этиш жоизки, кишиларнинг дардини енгиллатиш, уларнинг ташвишларини аритиш — савоби улуғ амал ҳисобланади. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“... Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишни аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Ана шу набавий таълимотга амал қилган ҳолда, бугун Муфтий ҳазратлари мутасаддилар билан бирга турли масалалар бўйича мурожаат қилган фуқароларнинг ташвишлари бартараф этилишига амалий ёрдам кўрсатдилар.
Илиқ кутиб олинган фуқаролар мурожаатларининг ижобий ечим топганидан мамнун бўлиб, масъуллардан миннатдор ҳолда қайтдилар.
Мана шундай қабул жараёнлари мамлакатимиздаги барча жоме масжидларда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати