Дунёда яшаб қадам босаётган ҳар – бир инсон ёрдам берувчи, кўмаклашувчи, суянувчи ва қалби билан унга юзланувчи бошқа бир инсонга мухтождир. Шунинг учун фойда келтириш, зарарларни даф қилиш, ризқ талаб қилиш, душманга нисбатан ёрдам сўраш, касалликларга шифо сўраш учун Аллоҳга суяниш ва У Зотга таваккал қилиш вожиб амаллардандир. Таваккал қилиш мўминларнинг сифати, имоннинг шарти, қалбни қувватловчи ва нафсни хотиржам қилувчи омилларнинг асосидир. Аллоҳга таваккал қилиш вожиблигига далолат қилувчи оятлар Қуръони Каримда кўп бўлиб, улардан:
Мўминлар – Аллоҳ (номи) зикр этилганида – дилларида қўрқув бўладиган, оятлари уларга тиловат қилинганида – имонлари зиёда бўладиган, Парвардигорларигагина (барча ишларида) таваккул қиладиган. Анфол сураси 2-оят.
Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг!* (Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар. Оли Имрон сураси 159-оят.
Муттафақун алайҳ бўлган саҳиҳ ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннатга ҳисобсиз кирувчи етмиш минг мўминларнинг сифатларини баён қилиб улардан Роббиларига таваккал қилувчиларни ҳам санаб ўтганлар.
Иброҳим алайҳиссалом ҳам оловга ташланганда Аллоҳга таваккал қилиб “Ҳасбуналлоҳ ва неъмал вакил” (Бизга ёрдам беришга Аллоҳ кифоя қилади ва У Зот қандай ҳам яхши Ёрдам берувчи) деб айтганлар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккал қилсаларингиз эрталаб оч чиқиб кечқурун тўқ қайтган қушлар каби сизларни ҳам ризқлантиради”. Аҳмад ва Термизий ривояти.
Ибн Ражаб таваккал ҳақиқати ҳақида шундай дейдилар: “У солиҳ амалларни бажаришда, дунё ва охират ишларидан бўлган зарарли нарсаларни кетказишда қалбни Аллоҳга суянишдаги содиқлигидир. Яъни, берадиган, ман қиладиган, зарар берадиган ва фойда келтирадиган Зот ягона Аллоҳ деб билиш”.
Таваккал - диннинг ярми бўлиб, иккинчи ярми эса Аллоҳга қайтишдир. Дин - ёрдам сўраш ва ибодатдан иборат. Ёрдам сўраш - таваккал, Аллоҳга қайтиш эса - ибодатдир.
Банда дунё ишларида Аллоҳга таваккал қилиш билан бирга қалбини ва динини ислоҳ қилишда, тилини ва иродасини сақлашда ҳам таваккал қилиш керак. Шунинг учун барча намозларимизда Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз. деб илтижо қиламиз. Фотиҳа 5 оят.
Баъзилар таваккални сабабларни қилмасдан, уни ишламай ётиш деб тушунадилар. Бу хато тушунчадир. Ибни Ражаб айтадилар: “Таваккал қилиш Аллоҳ нарсаларда тақдир қилиб қўйган сабабларни ушлаб ҳаракат қилишни инкор қилмайди. Чунки Роббимиз сабабларни қилиб, сўнгра таваккал қилишга буюради”. Аъзоларимиз билан сабабларни қилишдаги ҳаракатимиз тоат бўлса, қалб билан таваккал қилишимиз имондир. Аллоҳ Таоло марҳамат қилади:
Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз! Аллоҳни кўп ёд этингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз. Жума сураси 10-оят.
Анас розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Бир киши эй Расулуллоҳ ҳайвонни боғлаб таваккал қилайми ёки уни қўйиб юбориб таваккал қилайми?” деди. Расулуллоҳ: “Уни боғла ва таваккал қил” дедилар. Термизий ривояти.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Яман аҳли керакли нарсаларни олмасдан, “Биз таваккал қилувчилармиз”, деб ҳаж қилардилар. Сўнг аҳли Маккага келиб улардан ёрдам сўрардилар. Шунда, Аллоҳ қуйидаги оятни нозил қилди. Ҳаж (мавсуми учун) маълум ойлар (белгиланган)*. Бас, ким шу ойларда ҳажни ўзига фарз қилса (ҳажни ният қилса), ҳаж давомида хотинига яқинлашиш, гуноҳ-маъсият ва жанжал (каби ишларга рухсат) йўқ. Ҳар қандай яхши (савобли) иш қилсангиз, албатта, уни Аллоҳ билур. (Ҳаж сафарига) озуқа олиб чиқинг**. Энг яхши озуқа тақводир. Тақвони Менга қилингиз (Мендан қўрқингиз), эй, оқиллар! Бақара сураси 197-оят”. Бухорий ривояти.
Демак, таваккал мусулмон наздида – қалб ва нафс хотиржамлиги билан амал ва орзу қилишдир. Ва яна, Аллоҳ ҳохлаган нарса бўлиб, ҳохламаган нарса бўлмайди деб қатъий эътиқод қилиш. Албатта, Аллоҳ гўзал амал қилганларни савобини зое кетказмайди. Инсонлар таваккал қилиш борасида уч тоифадир:
Таваккал қилиб, сабабларни қилмасдан ишламайдиганлар. Бу Аллоҳнинг коинотдаги суннатига хилоф ишдир.
Сабабларини қилиб таваккал қилмайдиганлар. Яъни барча нарсага ўз кучимиз ва ақлимиз билан эришамиз деб ўйлайдиганлар.
Сабабларини қилиб сўнг Аллоҳга таваккал қиладилар. Бу энг тўғри йўл бўлиб, пайғамбарлар ва уларга эргашганларнинг йўлларидир. Баъзи олимлар таваккулга қуйидагича таъриф берганлар: “Таваккал аслида илмга эргашиш бўлса, ҳақиқийси ишончга суянишдир”.
“Қалбинга Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким фойда ва зарар етказмайди деган ҳаёлдан бошқаси келмаслиги, сенга келадиган ҳар қандай ҳолатга таслим бўлишинг, ва ундан қалбинг изтиробга тушмаслигидир”.
Аллоҳ барчамизни Ўзига ҳақиқий таваккал қилувчилардан қилсин.
Мамлакатимизда барча соҳада кечаётган янгиланишлар ҳар бир юртдошимиз ҳаётида ўз ифодасини топмоқда. Диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, янги очилаётган масжид-мадрасалар,қайта чирой очаётган улуғ қадамжолар юртимиз мўмин-мусулмонларини чексиз мамнун этмоқда. Бу ўзгаришлар “Инсон қадри учун” ғоясини ҳаётга татбиқ этишни кўзда тутади ҳамда она ватанимизни янада обод этиш, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, тинчлик-осойишталикни асраш ва ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш мақсадини кўзлайди.
Жорий йил 16 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ижтимоий-маънавий ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётган Рамазон ойини муносиб кутиб олиш ва юқори савияда ўтказиш, диний-маърифий, маданий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда мамлакатимизда инсон қадри, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, жамиятимизда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, аҳоли, айниқса, эҳтиёжманд тоифаларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги кенг кўламли ислоҳотларимиз туфайли муқаддас ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, ўзаро аҳиллик, саховат ва шукроналик ғояларини ўзида мужассам этган муборак Рамазон ойи халқимиз қалбига янада яқин ва мўътабар айёмга айланмоқда.
Бу йил муборак Рамазон ойининг бошланиши 19 февраль кунига тўғри келди ва ҳужжатга кўра, у “Рамазон — меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” деган эзгу ғоя асосида ўтиши белгиланди. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, Рамазон саховат ойи ҳамдир. Бу ойда қилинган хайру эҳсонларга Аллоҳ таоло улкан ажр-савобларни беради. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу муборак ойда бошқа ойларга қараганда янада сахийлик фазилатларини намоён қилганлар. Шунинг учун ҳам қадимдан мусулмонлар Рамазон кирганда саховатлироқ бўлишга одатланган. Давлатманд кишилар закотларини айнан Рамазонда адо этган. Бу ойнинг баракасидан ҳар бир уй баҳраманд бўлиб, мўминлар қалбига шодлик кирган. Шу сабабли бу муборак ойда ҳар биримиз ёнатрофимизда ёрдамга муҳтож кишилар бўлса, қўлимиздан келганча уларга яхшилик қилиб қолсак, айни муддао бўлади.
Яқин 30 кунда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда мамлакатимизда Рамазон ойини миллий анъана ва қадриятларга мос тарзда ўтказишга доир чора-тадбирларни амалга оширади. Жумладан, кам таъминланган, эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлар-ни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларни ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик, адолат ва тарбия масканига айлантириш, ер, сув,ҳаво ва табиий муҳитни асраш, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳ ва қабристонларни обод этиш, Рамазон ойи билан боғлиқ тадбирларни исрофгарчиликка йўл қўймасдан, ихчам, мазмунли ва тежамкорлик асосида ўтказишга алоҳида эътибор берилади. Юқоридаги қарор қабул қилинган кун давлатимиз раҳбари Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказганида ҳам чуқур маъно ва юксак инсонийлик фазилатлари мужассам.
Буюк аждодимиз Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом бундай дейдилар: “Бева ва мискинларга эҳсон қилиш учун ҳаракат қилган киши туни билан намоз ўқиб, кун бўйи рўза тутиб юрган киши кабидир”. Ушбу ҳадис Рамазон ойининг меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик руҳияти билан узвий боғлиқдир. Чунки Пайғамбаримиз бу ҳадис орқали ибодат фақатгина намоз ва рўза билан чекланиб қолмаслигини, балки инсонларга, айниқса, жамиятнинг энг заиф қатламлари — бева-ёлғизлар ва мискинлар га меҳр кўрсатиш ҳам улкан ибодат эканини таъкидламоқдалар. Рамазон ойи нафсни тарбиялаш, қалбни юмшатиш ва бошқалар дардига бефарқ бўлмасликка ўргатади.
Шу маънода, эҳтиёж-мандларга ёрдам қўлини чўзиш рўзанинг маънавий самарасидир. Ҳадисда бева ва мискинга хизмат қилиш жиҳод, тунги ибодат ва доимий рўзага қиёсланиши, исломда ижтимоий адолат ва раҳм-шафқат қандай юксак қадрланишини яққол кўрсатади. Бугунги кунда мамлакатимизда Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар қилинаётгани ҳам ана шу пайғамбарона таълимотнинг ҳаётдаги ифодасидир. Бу хайрлиташаббуслар орқали Рамазон нафақат шахсий ибодат ойи, балки жамиятда меҳр-оқибат, аҳиллик ва ўзаро ғамхўрликни мустаҳкамлайдиган улкан маънавий мактаб сифатида намоён бўлмоқда.
Йиғилишда таъкидланганидек, мамла катимизда сўнгги йилларда инсон қадрини улуғлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва адолатли жамият барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар кечмоқда. Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилганидек, Ўзбекистон ижтимоий давлат сифатида фуқаролар фаровонлигини таъминлаш, эҳтиёжманд қатламларни қўллаб-қувватлаш ва жамиятда меҳр-оқибат муҳитини кучайтиришни устувор вазифа деб билади. Мазкур тамойиллар, айниқса, Рамазонойида янада ёрқин намоён бўлиб, саховат ва ҳамжиҳатлик қадриятлари амалий ишлар билан мустаҳкамланмоқда. Президентимиз муборак ойда нуронийлар, ёлғиз ва эҳтиёжманд фуқаролар ҳолидан хабар олиш, оғир аҳволга тушиб қолган оилаларга амалий кўмак бериш эзгу қадрият эканини таъкидлади. Йиғилишда шу мақсадда ишлаб чиқилган “Рамазон — меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” шиори остидаги комплекс чора-тадбирлар тўғрисида ахборот берилди. Уларни амалга ошириш учун “Вақф” хайрия жамоат фондига 750 миллиард сўм ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги орқали 300 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.
Ажратиладиган маблағлар ҳисобидан эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш, ногиронлиги бор шахсларнинг даволаниш ва жарроҳлик амалиётлари харажатларини қоплаб бериш кўзда тутилган. Президентимиз ҳар бир маҳаллада эҳтиёжманд оилаларнинг аниқ ва шаффоф рўйхатини шакллантириш, ёрдамларни фуқароларнинг дини, миллати ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, тенг ва адолатли тарзда етказиш шартлигини алоҳида таъкидлади. Масъул идораларга бу борада қатъий назорат ўрнатиш топширилди. Бугун муқаддас динимизга эътибор янги босқичга кўтарилиб, юртимиз мусулмонларининг диний ибодатларни эмин-эркин адо этиши учун йилдан йилга қулай шароитлар яратилаётгани барчамизнинг кўз олдимизда юз бераётган ўзгаришлар сирасига киради.
Бундан ташқари, халқимизга хос бағрикенглик, мурувватлилик хислатлари ҳам кундалик ҳаётимизнинг бир қисмига айланди. Эҳтиёжмандлар ҳамда илм-маърифат йўлида изланаётган ёшларга ёрдам қўллари чўзилмоқда. Барча маҳаллаларда зиёлилар, ҳурматли нуронийларимиз иштирокида тадбирлар, маърифат кечалари каби маросимлар бўлиб ўтмоқда.
Мана шундай йиғинлардан фойдаланиб, оилавий ришталарни мустаҳкамлаш, маҳаллаларда ўзаро тушуниш ва ишонч муҳитини кучайтириш ҳамда ҳурмат ва меҳр-оқибат қадриятлари тарғиб этиляпти. Ислом тарихида Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва бошқа алломаларимиз алоҳида ўрин тутади. Улар ўз асарлари ва илмий мерослари орқали инсониятни бағрикенглик, адолат, инсонпарварлик ва тинчлик ғояларига даъват қилганлар.Ўтган вақт мобайнида Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилди.
Ушбу муассасалар жамиятда соғлом маънавий муҳитни таъминлашга, ёшларни замонавий фикрлайдиган ва буюк аждодларимизга ҳар жиҳатдан муносиб этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда. Ислом бағрикенг, ўзга миллат ва бошқа дин вакилларига меҳр-саховат кўрсатадиган диндир. Зотан, қайси жамиятда диний бағрикенглик тамойилларига риоя қилинса, ўша жамиятда ўзаро ҳурмат ва самимият қарор топиб, барча инсонлар тинч ва осойишта ҳаёт кечиради. Тинчликсиз тараққиёт ва фаровонлик бўлмагани каби диний бағрикенгликсиз тинчлик барқарор эмас.
Рамазон ҳар бир хонадонга файз ва барака бўлиб кириб келсин!
Музаффархон ЖОНИЕВ,
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори