Халқимиз орасида маййитларни охирги йўлга кузатиш ўта муҳим масала бўлиб, кўпчилик билиши лозим бўлган нарсалардир. Муҳтазар (ўлими яқинлашган инсон)га нисбатан қилинадиган одоблар ҳақидаги маълумотга эга бўлмаганликлари сабабли ҳам ҳозирги вақтда кўпчилик орасида бу нарса турли бидъат-хурофотларни келтириб чиқармоқда.
Комил мўмин ўлимни охират ҳаётининг дастлабки босқичи, ундан кейин абадий ҳаёт бошланишини билганлиги сабабли, боқий дунё ҳаётини ўзининг солиҳ амаллари билан гўзаллаштиришга ҳаракат қилади ва бундай инсонлар ўлимга ҳамма вақт ҳозир бўлади.
Ўлимни эсламаслик кибр, манманлик, ғафлат, кайф-сафо, лоқайдлик каби қатор иллатларга олиб келади. Ҳамма йўллар инсонни ягона бир манзилга элтади. Мўмин киши, албатта, қилган эзгу амаллари, тоат-ибодатлари, Аллоҳнинг рози-ризолиги йўлида елиб-югурганлиги эвазига улуғ мукофотлар берилишидан умид этади. Зеро, Ҳақ таоло ўлимнинг ҳақлигига ишора қилиб айтади: “Ҳар бир жон ўлим (аччиғи)ни тотувчидир. Қиёмат кунида, албатта, мукофотларингиз сизларга тўла-тўкис берилур. Бас, (ўша куни) ким дўзахдан узоқлаштирилиб, жаннатга киритилса, демак, у (катта) ютуққа эга бўлибди. Бу дунё ҳаёти эса, фақат ғурур (алдов) матоҳидир” (Оли Имрон сураси, 185-оят).
Мусулмон киши учун ўлим бу йўқлик эмас. Ўлим бу – бекатда бир муддат қолиб кетган йўловчининг кўзлаган манзилига етиб олиши. Мусофирнинг эса Ватанига қайтишидир. Бунда сафар юзасидан ҳисобот, ҳисоботга қараб мартаба берилади...
Мана шу мартабага етишишда эса ҳаётлик вақтимиздаги эзгу амалларимиз, ўлим олди ва охират манзилига боришда ўзимиз ва яқинларимизни чиройли тарзда тайёрлаш муҳимдир.
Жорий йилнинг 30 октябрь куни “Кўзи ожизлар” маданият саройида кўзи ожизлар учун, 3, 10 ноябрь кунлари Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидида “Карлар жамияти” аъзолари учун “Муҳтазарга нисбатан қилинадиганодоблар” мавзусида диний-маърифий суҳбат ўтказилди.
Тошкент шаҳар “Фирдавс” жоме масжиди имом-хатиби Бахтиёр Сатторов бемор олдидаги одоблар, ўлими яқинлашган инсонларга қилинадиган амаллар, маййитни ювиш ва кафанлаш, жаноза, маййитни дафн қилиш ҳақида маъруза қилди.
Аллоҳ таоло Анкабут сурасининг 57-оятида: «Ҳар бир жон ўлим (аччиғи)ни тотувчидир. Сўнгра (қиёмат куни) Бизга қайтарилурсиз», деб марҳамат қилган.
Ўлим ҳақ, ҳар қандай тирик жон бир кунмас-бир кун ўлим билан юзма-юз келади. Инсон шу муқаррар воқеликка муносиб тайёргарлик кўриши керак. Ҳеч ким қачон, қаерда, қандай ўлишини билмайди. Аллоҳ таоло бу ҳақида хабар бериб бундай дейди:
“Дарҳақиқат, Аллоҳнинг ҳузуридагина қиёмат (қачон бўлиши тўғрисида) билим бордир. У (хоҳлаганича) ёмғир ёғдирур ва бачадонлардаги нарса(ҳомила)ни билур. Бирор жон эртага нима иш қилишини билмас. Бирор жон қаерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ(ҳамманарсани)билувчи ва хабардор Зотдир” (Луқмон сураси, 34-оят).
Маъруза давомида имом маййитни ювиш учун сув топилмаганда таяммум қилдириш мумкинлигини тушунтириб ўтди. Маййитни ювиш ва кафанлаш ишлари амалий кўрсатиб берилди.
Имконияти чекланган фуқаролар қуйидаги саволларни беришди:
Саволларга имом томонидан атрофлича жавоб берилди. Бу суҳбат ногиронлиги бўлган тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди. Маъруза учун имомга миннатдорлик изҳор қилишди.
Мунира АБУБАКИРОВА,
ЎМИ мутахассиси
Ярмук – мусулмон ва Рум қўшинлари ўртасида бўлиб ўтган жанг. Унда асрлар ўтса-да, мангуликка юз тутган ажиб лавҳалар бор. Уларнинг баъзилари қуйидагилардир:
Урушнинг айни қизиган палласи. Бир киши Абу Убайда ибн Жарроҳ ҳазратларига яқинлашди. Абу Убайда розияллоҳу анҳу: “Мен шаҳид бўлишга астойдил бел боғладим”, деди. Ҳалиги киши: “Бирор-бир гапингиз бўлса айтинг, мен Расулуллоҳ билан кўришган пайтим у зотга етказиб қўяман”, деди. Абу Убайда розияллоҳу анҳу: «Ҳа, у зотга буни етказ: “Расулуллоҳ, бизлар Роббимизнинг ваъдаси ҳақ эканини топдик”», дедилар.
Рум қўшинларининг ҳужуми кучайган пайтда Икрима ибн Абу Жаҳл розияллоҳу анҳу мусулмонларнинг орасида: “Аллоҳ таоло мени ҳидоят қилмасидан аввал мен Расулуллоҳга қарши жанг қилардим, энди бугун Аллоҳнинг душманларидан қочиб кетаманми!” – дея жар соларди. Орадан кўп ўтмай, Абу Жаҳл яна: “Ким ўлимга байъат қилади?”[1] – деди.
Мусулмонларнинг бир жамоаси у зотга байъат қилишди ва уларнинг барчаси биргаликда жанг майдонига киришди. Уларнинг мақсадлари ғалаба ва шаҳидлик эди. Аллоҳ таоло уларнинг байъатларини қабул қилди ва уларнинг бари Аллоҳнинг инояти ила шаҳидликка эришдилар.
Тарих зарварақларига эътибор қаратинг. Буюк қўмондон Холид ибн Валид 100 кишилик қўшини билан тўрт минг кишилик Рум қўшинларига қарши турдилар. Қаранг-а! Юз кишилик қўшин тўрт мингта аскарга қарши чиқиб, уларни енгса-я?! Бу уларнинг қалблари Аллоҳга бўлган иймонлари билан тўлиб-тошгани эканининг белгиси эмасми?!
Уруш бироз тинчиб турган пайтда Холид ибн Валиднинг олдига Жўржа исмли Рум қўмондони келди ва: “Эй Холид, нимага даъват қиляпсан? Айни пайтда Исломни қабул қилган кишига ҳам сизларга берилгандаги каби ажру савоб насиб қиладими?” – деб сўради.
Саҳобий: “Ҳа. Ундан кўпроғи ҳам насиб этиши мумкин”, деди.
“Қандай қилиб? Ахир сизлар аввалдан мусулмон бўлиб, ўзиб кетгансизлар-ку?!” – деди Рум қўмондони. Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшадик ва у зотнинг мўъжизаларига гувоҳ бўлдик.
Бизнинг кўрганларимизни кўриб, биз эшитган нарсаларни эшитган одам Исломни осонликча қабул қилиши ҳақиқат. Лекин сизлар у зотни кўрмагансизлар, у зотнинг гапларини эшитмагансизлар, бундай ҳолда ғайбга иймон келтирган бўласизлар. Агар сизлар ниятингиз, қалбингиз ила Аллоҳга иймонда ростгўй бўлсаларингиз, сизларнинг савобларингиз буюкроқ бўлади”, дедилар. Бу гапларни эшитган Рум қўмондони оҳ урди ва: “Эй Холид, менга Исломни ўргат”, дея ўзини Холид розияллоҳу анҳу тарафга ташлади.
Шундай қилиб Рум қўмондони Исломни қабул қилди. Аллоҳ таоло учун икки ракат намоз ўқиди, ҳақиқатда икки ракат, бундан бошқача эмас. Икки тараф яна урушга киришди. Жўржа энди мусулмон аскарлар сафида шаҳидлик мақомига эришиш илинжида жанг қиларди.
Ҳа! Ўша икки ракат намоз сабабидан Аллоҳнинг изни ила унга жаннат насиб этди, унинг бундан бошқа амали йўқ эди...
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Бунинг маъноси: “Мен ўлгунимча шу жанг майдонидан ортга чекинмайман, то сўнгги нафасим қолгунича мусулмонлар сафида Аллоҳнинг душманларига қарши жанг қиламан, мени фақатгина ўлим тўхтата олади” (Тарж.).