Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоятида Ҳадис илми мактаби очилиши муносабати билан 2018-2019 ўқув йили учун қабул эълон қилади. Ҳадис илми мактаби Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий диний таълим муассасаси ҳисобланади. Мактабда ўқиш муддати 5 йил бўлиб, кундузги таълим шаклида олиб борилади. Мактабда “Ҳадисшунослик” таълим йўналиши бўйича бакалавр даражасидаги кадрлар тайёрланади.
Мактабга 2018/2019 ўқув йилида 10 та талаба қабул қилинади. Мактабга араб тилини пухта ўзлаштирган, ҳадисларни ёд олишга салоҳияти бўлган ўрта махсус диний таълим муассасаларининг иқтидорли битирувчилари танлов асосида саралаб олинади.
Ҳадис мактабига қабул 2018 йилнинг 8 ноябридан 15 ноябригача абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилинади.
Абитуриентлар қабул ҳайъатига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
- Қабул ҳайъати раиси номига ариза;
- ўрта махсус ислом билим юртини тугатганлиги ҳақида ҳужжатнинг (диплом) асл нусхаси;
- 086-У-шаклидаги тиббий маълумотнома;
- паспорт нусхаси (асли кўрсатилади);
- 6 дона рангли фотосурат (3,5 х 4,5 ҳажмдаги);
- яшаш жойидаги масжид имом-хатибидан тавсиянома;
- ҳарбий хизматга алоқадорлиги ҳақида ҳужжат (асли).
Ҳужжатлар Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти биносида қабул қилинади.
Манзил: Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Зарқайнар кўчаси 18-берк кўчаси 47-уй. Мурожат учун телефон: (71) 227-42-37.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Айрим зикрлар, тасбиҳлар борки, улар шунча ададда айтилади дейилган. Масалан, намоздан кейин субҳаналлоҳ, алҳамдулиллаҳ, Аллоҳу акбарни 33 марта айтиш. Шуларда 33 та айтиш керакми ёки ундан кўпроқ айтса ҳам бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Зикрлар икки турга бўлинади. Бири ҳеч қандай адад ёки вақт билан белгиланмаган бўлса, иккинчиси махсус ададлар, ҳолатлар ва вақтлар билан белгиланган бўлади. Биринчи турдаги зикрларни инсон истаган вақтда, истаган ададда қилиши мумкин.
Масалан, Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар доим Аллоҳ таолони зикр қилардилар, дейилган.
Иккинчи турга беш вақт намоздан кейин қилинадиган зикрлар, уйқудан аввал ва кейин, тонги ва кечки зикрлар киради. Мана шу турдаги зикрларни айтилган ададда айтишни уламолар тавсия қилганлар.
Масалан, машҳур аллома Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ “Зикрларда махсус саноққа риоя қилиш эътиборлидир. Баъзи уламолар намозлардан кейин айтиладиган зикрлар каби махсус саноқдаги зикрлар учун хос савоб айтилган бўлса ва зикр қилувчи уни айтилган саноқдан кўпроқ айтса, унга мазкур зикр учун хос бўлган савоб берилмайди. Чунки ўша ададларда ўзига хос ҳикмат ва хусусият бўладики, ундан ошириб юбориш сабабли ана шу фазилатлар бой берилади”, деганлар. Алломанинг бу фикрини кўплаб олимлар маъқуллаган.
Махсус саноқдаги зикрларнинг яна бир тури борки, унга қўшимча қилиш, саноғини кўпайтиришни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мақтаганлар. Бундай зикрларда саноқдан ошириш мумкин бўлади.
Мазкур ҳадисда юзтадан кўп зикр қилган кишининг кўпроқ савоб олиши айтилмоқда. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.