Айни кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида ҳожиларимиз имом-хатиб ва мутасаддилар билан биргаликда “Янги Ўзбекистоннинг фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз” деган эзгу шиор остида маънавий-маърифий тарғибот тадбирларида фаол иштирок этмоқда.
Ҳожи ота ва ҳожи оналар имом-хатиб ва маҳалла фаоллари билан бирга маҳаллаларда истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, нотинч, ажрим ёқасида турган ҳамда моддий ва маънавий кўмак зарур бўлган оилалар ҳолидан хабар олиб, қимматли ваъз-насиҳатлар билан уларнинг кўнгилларига илиқлик олиб кириш баробарида хайрия ва эҳсонлар улашмоқда.
Бугунга қадар юртимизда 6 мингдан зиёд ана шундай маърифий ва хайрия тадбирлари ўтказилди. Уларда 22 мингдан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакиллари қамраб олинди. Натижада оилавий низоларни бартараф этиш, ажрим ёқасидаги оилаларни яраштириш, нотўғри йўлга кириб қолган ёшларга тўғри йўл кўрсатиш каби мингдан зиёд масала ижобий ҳал этилди. Ишсиз фуқаролар ишга жойланди. Уйи таъмирталаб бўлганларнинг хонадонлари обод қилинди. Эҳтиёжманд оилаларга қарийб 550 миллион сўмдан зиёд моддий ёрдам кўрсатилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилди.
Мазкур эзгу ташаббуслардан аҳолимиз вакиллари миннатдор бўлиб, ўз ташаккурларини изҳор этишмоқда.
Шу каби тадбирлар юртимиз бўйлаб давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Аллоҳ таоло шаъбоннинг ярмидаги тунларда барча махлуқотларига назар солиб, мушрик ва аразлашганлардан бошқа барчанинг гуноҳини кечиради" (Ибн Можа ривояти).
Мен Сиздан Аллоҳ учун кечирим сўрайман.
Мени кечиринг!
Остонада Бароат кечаси!
Бугун шом намозида кейин гуноҳлар кечириладиган – Бароат кечаси кириб келади. Бу кечада ҳамманинг гуноҳлари кечирилади, фақат бир-бири билан аразлашган, гина-адоватда бўлганлар мағфиратга эришмайди.
Аслида кечириш жуда осон... Тўғри, балки дилингизни оғритишган, яхшиликларингизни билишмагандир, аммо барибир, кечиримли бўлиш яхши.
Кўнглингизга озор берганларни кечириш учун ўзингизни овутиб, баҳоналар тўқишга уринманг. Балки шунча гуноҳ қилсангиз ҳам Аллоҳ Сизнинг гуноҳларингизни кечираётганини, У Зот сизга лутф этаётган беминнат неъматларини эсланг.
Ишонинг, аразлашган яқинларингиз билан муносабатларни тиклаш, кўнгилдаги нафрат изларини йўқотиш, қалбдаги оғриқни тўлиқ олиб ташлаш – сизга анча енгиллик беради.
Бароат кечаси – гина-адоват, нафрат-аразлар, хафагарчиликлар унутиладиган, ҳамма бир-биридан розилик ҳамда кечирим сўрайдиган кеча. Бу кеча Аллоҳ насиб қилса яна бир йилдан кейин келади. Лекин унга яна кимлар етади, кимлар етмайди.
Шундай экан, яхши кўрган инсонларингизни маҳкам тутинг.
Уларни яхши кўришингизни айтинг, хатоларини кечиринг. Бир кун келиб кеч бўлиши мумкин.
Ҳаёт гина сақлашга, ғазабга, ришталарни узишга арзимайди.
Эртага биз фақат хотира бўлиб қоламиз. Ўлим рухсат сўрамайди.
Даврон НУРМУҲАММАД