Ражаб ойи ниҳоясига етиб, Шаъбон ойи ҳам кириб келди. Бу ой кирганда араблар сув қидириб, турли йўллар ва дараларга тушиб, тарқалиб кетганлари учун шаъбон деб номланган.
Бу ой Рамазон ойига тайёргарлик кўриш ойи саналади. Шаъбон ойи Қуръон кўп тиловат қилинадиган ва кўп рўза тутиладиган ойдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда кўп рўза тутардилар.
Афсуски, аксарият инсонлар бу ойнинг фазилатларидан ғафлатда қоладилар. Бу ойда амаллар Аллоҳ таолога кўтарилади. Усома розияллоҳу анҳу бундай дейдилар: Мен Расулуллоҳдан: "Ё Аллоҳнинг Расули, ойлардан ҳеч бирида Шаъбонда рўза тутганингиздек рўза тутганингизни кўрмадим", деб сўрадим. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бу бир ойки, одамлар ундан ғофил қолурлар. У Ражаб билан Рамазоннинг орасида. Бу бир ойки, унда амаллар Роббул аъламийнга кўтарилади. Менинг амалим кўтарилаётганда рўзадор бўлишни яхши кўраман", дедилар (Имом Насоий ривояти).
Уламолар: "Шаъбон ойида бир йиллик амаллар Аллоҳга кўтарилади", деганлар.
Ўтган солиҳлар бу ойда янада кўпроқ Қуръон тиловат қилишарди. Ҳатто айримлар шаъбон ойи кирганда бошқа ишларини ташлаб, фақат Қуръони карим тиловати билан банд бўлардилар.
Шунингдек, ўтган солиҳлар бу ойда мискинларга ғамхўрлик қилишга ошиқардилар. Бева-бечора, фақир ва камбағаллар Рамазон ойини кўтаринки кайфият ва хурсандчилик билан кутиб олишсин деб закотларини берардилар.
Бир сўз билан айтганда, шаъбон ойи нафсни рамазон ойини муносиб кутиб олишга тайёрлаш ойидир. Шаъбон ойингиз муборак бўлсин!
Даврон НУРМУҲАММАД
Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлиги “Ҳаж – 2026” мавсумида зиёратчида “Nusuk” платформасидан олинган тиббий соғломлик тўғрисида гувоҳнома бўлган тақдирда унга ҳаж визаси берилиши ҳақида баёнот эълон қилди.
Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳаж сафари билан шуғулланувчи вазирлик ва идораларга ҳар бир зиёратчини синчковлик билан тиббий кўрикдан ўтказиш ва ҳаж сафарига бориш лаёқатига мос келмайдиган касаллик бор-йўқлигини аниқлаш мажбуриятини юклади. Бу талаб ҳожилар хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлашга қаратилган.
Ҳаж-2026 ҳожилари диққатига:
Тиббий кўриклардан ўтмасдан ва тегишли гувоҳнома олмасдан ҳаж визасини расмийлаштириш имкони йўқ.
Баёнотда, қуйидаги касалликларга чалинган зиёратчилар ҳаж сафарига юборилмаслигини маълум қилди:
Диализ талаб қиладиган буйрак етишмовчилиги;
Минимал жисмоний юкламада ҳам намоён бўлувчи юрак етишмовчилиги;
Даврий ёки доимий равишда кислороддан фойдаланишни талаб қилувчи ўпканинг сурункали касалликлари;
Жигар етишмовчилиги белгилари билан кечувчи жигар циррозининг оғир босқичи;
Оғир руҳий ва неврологик бузилишлар;
Қарилик деменцияси касалликлари;
Ҳомиладорликнинг охирги уч ойи, шунингдек, юқори хавфга эга бўлган ҳар қандай ҳомиладорлик;
Фаол юқумли касалликлар (шу жумладан, силнинг очиқ шакли, геморрагик иситмалар ва ҳоказо);
Кимётерапия ёки бошқа иммунитетни сусайтирувчи муолажалардан ўтаётган фаол онкологик касалликлар;
Саудия Ҳаж вазирлигининг мазкур талаблари бузилган ёки ёлғон маълумот берилган тақдирда, Ҳаж вазирлиги томонидан чора кўрилиши билдирилган.
“Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Республика жамоатчилик кенгаши зиёратчиларни ушбу талабларга тўлиқ амал қилишга чақиради, ҳамда ушбу талаблар ҳаж иштирокчиларининг ҳаётини ва саломатлигини сақлашга қаратилганини маълум қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ҳаж ва Умра маркази