Бугун, 18 февраль куни пойтахтимиздаги Симпозиумлар саройида Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа бошчилигидаги делегация билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев ва бошқа тегишли мутассаддилар иштирокида мулоқот бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоиз, мустаҳкам тарихий, маданий ва диний ришталарга асосланган Ўзбекистон – Саудия Арабистони алоқаларининг юқори даражаси икки давлат етакчилари раҳбарлигида олиб борилаётган ўзаро дўстона муносабатлар натижасидир.
Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, мазкур ташрифдан мақсад Ўзбекистон ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини янада такомиллаштириш, айниқса, ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш сифатини ошириш, диний-маърифий, илмий-тадқиқот, туризм, транспорт соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилганини билдирди.
Вазир жаноблари Имом Бухорий, Имом Термизий, Форобий, Беруний, Ибн Сино каби уламоларнинг ислом маърифатига, жаҳон тамаддунига қўшган беқиёс ҳиссасини таъкидлаб, қадим маданият ва бебаҳо асори-атиқалар юрти бўлган Ўзбекистонга саудияликларни ҳам зиёратга тарғиб этишда фаол бўлишини айтиб ўтди.
Мулоқотда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев мамлакатимизда ҳаж ва умра тадбирларини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари таъминлангани, фуқароларимизга қулайликлар, янада яхши имкониятлар яратиш бўйича тизимли ишлар қилиб келинаётгани, хусусан, умра тадбирларини намунали ташкил этиш, зиёратчиларга амалларни тўлиқ, хавфсиз бажариши учун муносиб шароитлар яратиш, уларнинг кафолатланган хизматлардан фойдаланишини таъминлаш мақсадида Республикамиз қонунчилигига мувофиқ Ўзбекистонда умра тадбирини ташкил этиш ваколати Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда 12 та ширкатга берилганини айтди. Ҳаж ва Умра ишлари билан боғлиқ ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилаётганини таъкидлади.
Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, аввало, бундай ҳамкорликларга замин яратиб берилаётгани учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Икки Муқаддас Масжид ходими Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ва Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмонларга миннатдорлик билдириш асносида юртдошларимиз учун ҳаж квотаси сўнгги йилларда 3 баробарга оширилиб, ҳар йили 15 минг нафар ҳамюртимиз ҳожилик бахтига мушарраф бўлаётгани, умра зиёратчилари сони бир неча юз мингни ташкил этаётгани, уларга бўлган ҳурмат-эътибор, шарт-шароитлар борган сари яхшиланиб бораётганини эътироф этдилар.
Шунингдек мулоқотда Президентимиз томонидан очиқлик сиёсати олиб борилаётгани, айниқса, мамлакатларимиз ҳукуматлари ва вазирликлари ўртасида энергетика, божхона, фуқаро авиатсияси, туризм, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, меҳнат муносабатлари каби соҳаларда ҳамкорликка доир кўплаб ҳужжатлар қабул қилингани тилга олинди. Икки давлат ўртасида илмий-тадқиқот ишларида кенг кўламли ҳамкорлик қилиш, дин уламолари иштирокида анжуманлар ўтказиш, Саудия Арабистони фуқаролари Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Термиз каби қадимий шаҳарларига зиёратга келишларини ташкил этиш каби ишларни ривожлантириш борасида таклиф ва мулоҳазалар айтиб ўтилди.
Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа Ўзбекистон томонидан билдирилган таклифларни атрофлича кўриб чиқиб, ижобий ҳал этишда бор имкониятни ишга солишини билдирди.
Мулоқот самимий ва кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Янги Ўзбекистондаги барча янгиланиш ва ўзгаришлар, аввало, халқимиз манфаати йўлида, фуқароларнинг хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда истиқболни кўзлаб амалга оширилмоқда.
Юртимизда муқаддас ислом дини
анъана ва қадриятларини асраб-авайлаш, ҳақиқий эътиқод билан сохта диний қарашларни аниқ ажратиш, ёшларнинг ёт ғоялар таъсирига тушмаслиги чорасини кўриш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада салмоқли ишлар қилинмоқда.
https://t.me/gazetalar_sharhi/34000