Шу мақсадда “Қуръон ва тажвидни ўргатиш” бўлими томонидан ўқитувчи ва масъул ходимлар учун маҳорат оширишга қаратилган туркум онлайн дарслар ташкил этилган эди. Жорий йилнинг 28 январь куни мазкур силсилавий дарсларнинг навбатдаги машғулоти бўлиб ўтди.
Zoom платформаси орқали ташкил этилган машғулотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими Элёр Алимқулов иштирок этдилар. Улар соҳа мутахассисларига таълим сифатини ошириш ва иш жараёнини тўғри ташкил этиш бўйича зарур тавсиялар бердилар.
Дарснинг асосий қисмида бўлим бошлиғи Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум “Қуръони карим шафоати” китоби асосида илмий маъруза қилди. Таъкидлаш жоизки, келгусида дарсларда фаол иштирок этган ва билимларини муваффақиятли намойиш қилган тингловчиларга ушбу китоб бўйича махсус ижоза берилиши режалаштирилган.
AlQuranuz
#xabar #qabul #muftiy
Бугун, 28 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари юртимизнинг турли ҳудудларидан келган фуқароларни қабул қилиб, мурожаат, арз ва таклифларини эшитдилар.
Қабул жараёнида фуқароларимиз томонидан билдирилган масжидлар ҳолати, имом-хатиблар фаолияти, диний таълим, оилавий масалалар, ҳаж ва умра ҳамда моддий ёрдам масалалари бўйича мурожаатлари атрофлича кўриб чиқилди.
Жумладан, оилавий муносабатлар билан боғлиқ масалалар юзасидан маслаҳатлар берилди, шаръий саволларга батафсил тушунтиришлар тақдим этилди. Шунингдек, моддий ёрдам сўраган фуқароларга белгиланган тартиб-қоидалар асосида кўмак кўрсатилди.
Қайд этиш жоизки, кишиларнинг дардини енгиллатиш, уларнинг ташвишларини аритиш — савоби улуғ амал ҳисобланади. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“... Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишни аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Ана шу набавий таълимотга амал қилган ҳолда, бугун Муфтий ҳазратлари мутасаддилар билан бирга турли масалалар бўйича мурожаат қилган фуқароларнинг ташвишлари бартараф этилишига амалий ёрдам кўрсатдилар.
Илиқ кутиб олинган фуқаролар мурожаатларининг ижобий ечим топганидан мамнун бўлиб, масъуллардан миннатдор ҳолда қайтдилар.
Мана шундай қабул жараёнлари мамлакатимиздаги барча жоме масжидларда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати