Бугун, 2 февраль куни “Қуръон ва тажвидни ўргатиш” бўлимида мазкур мутахассислар учун азон ва иқома бўйича навбатдаги амалий машғулот бўлиб ўтди.
Машғулотлар бўлим бошлиғи Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум томонидан олиб борилмоқда.
Бугунги дарсларда Тошкент Ислом институти қошидаги “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курслари филиаллари ўқитувчилари ҳамда мазкур таълим даргоҳлари устозлари иштирок этдилар.
Дарс давомида ҳар бир тингловчининг азон ва иқома борасидаги маҳорати якка тартибда тингланиб, зарур тавсиялар берилди. Машғулотлар якунида тингловчиларга азон ва иқома бўйича ижоза гувоҳномалари топширилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди ва Саудия подшоҳлиги ўртасидаги ҳамкорлик доирасида рамазон ойи муносабати билан эҳтиёжманд аҳоли қатлами учун хайрия ёрдамлари тақдим этилди. Подшоҳ Салмон кўмак ва хайрия ишлари маркази томонидан хурмо, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда Қуръон китоблари ҳадя қилинди.
Жорий йилда озиқ-овқат маҳсулотлари солинган 6 150 дона қути тайёрланиб, 2 февраль куни қабул қилиниб, манзилли равишда тақсимлаш ишлари бошланди.
Тадбирда Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Саъд ибн Носир Абу Ҳаймад, Подшоҳ Салмон марказининг Ўзбекистондаги координатори Носир ас-Субайъий, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, “Вақф” фонди раҳбари вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Саламов ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида хайрия маҳсулотларини ҳақиқий эҳтиёжмандларга етказишда ҳамкорлик қилаётган ташкилотларга миннатдорлик билдирилди ва тарқатиш жараёнига расман старт берилди.
Маълумот ўрнида, хайрия ёрдамлари республика бўйлаб Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ҳудудий бошқармалари ва фонд филиаллари орқали кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор шахслар парваришига муҳтож хонадонларга етказилади.
Рамазон ойи давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлашга қаратилган хайрия тадбирлари изчил давом эттирилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати