#xabar #zakot #fitr #fidya
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво марказининг милодий 2026 / ҳижрий 1447 йилги Рамазон ойи учун закот нисоби, фитр садақаси ва фидя миқдори бўйича қарори қабул қилинди, унга кўра:
Закот нисоби
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази бу йилги Рамазон ойи учун закот нисобини ≈ 85 грамм 585 пробали тилланинг қийматидан келиб чиқиб 100 000 000 (юз миллион) сўм деб белгилади.
Шунга кўра, камида 85 грамм тилла ёки 100 000 000 (юз миллион) сўм пул маблағи ёки ушбу қийматдаги тижорат моли бўлган киши, жами маблағининг қирқдан бири (2,5%)ни закот ниятида камбағалларга бериши фарздир.
Фитр садақаси миқдори
Фитр садақасининг миқдори қуйидагича белгиланди:
≈ 2 кг буғдой ёки унинг қиймати – 10 000 (ўн минг) сўм;
≈ 2 кг буғдой уни ёки унинг қиймати – 12 000 (ўн икки минг) сўм;
≈ 4 кг арпа ёки унинг қиймати – 20 000 (йигирма минг) сўм;
≈ 2 кг майиз ёки унинг қиймати – 110 000 (бир юз ўн минг) сўм;
≈ 4 кг хурмо ёки унинг қиймати – 200 000 (икки юз минг) сўм деб белгиланди.
Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу беш маҳсулотдан хоҳлаган бири ёки унинг қийматини фитр садақаси ниятида камбағалга берса кифоя қилади. Фитр садақасини Рамазон ойи давомида ҳайит намози ўқилгунга қадар бериш керак бўлади.
Фидя миқдори
Бир кунлик фидя миқдори фитр садақасининг миқдори билан бир хил бўлади.
Шундай экан, ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу беш маҳсулотдан хоҳлаган бири ёки унинг қийматини фидя ниятида беради.
Шарҳ (https://telegra.ph/shar%D2%B3-02-17)
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Қуръони каримнинг биринчи сураси Фотиҳа бўлиб, у Маккада нозил бўлган. Суранинг ўнга яқин номлари бор. Улардан машҳури – “Фотиҳа” (Очувчи)дир. Каломуллоҳ ушбу сура билан бошлангани сабабли шундай ном берилган. Сура етти оят, йигирма етти сўз ва бир юз қирқ ҳарфдан иборат бўлса-да, Ислом дини асосларини ўзида жамлаган, яъни бутун Қуръони каримнинг маъносини ўз ичига олган. Шу сабаб ушбу сура “Уммул Қуръон”, “Уммул Китоб”, яъни “Қуръоннинг онаси” номлари билан ҳам аталади.
Ҳижратдан кейин Мадинада, қибла ўзгарганда такроран нозил бўлгани сабабли бу суранинг яна бир номи “Ас-сабъул масоний”, яъни “етти такрорланувчи”дир. Бу ҳақда Қуръони каримда Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб: «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), дарҳаҳиҳат, Биз Сизга етти такрорланувчини (яъни, етти оятдан иборат бўлган, намознинг ҳар бир ракатида такрорланадиган Фотиҳа сурасини) ва Улуғ Қуръонни ато этдик», дейди (Ҳижр сураси, 87-оят).
Баъзи уламолар бу сура аввал Маккада, сўнг Мадинада икки марта нозил бўлган, шу боис такрорланувчи деган номга эга, дейдилар. Шунингдек, намознинг ҳар бир ракатида Фотиҳа сураси ўқилади.
Қуръони каримда Аллоҳга ҳамд билан бошланувчи беш сура бўлиб, улардан биринчиси Фотиҳадир.
Сура ҳақида ҳадислар
«Фотиҳа сураси Қуръоннинг онасидир, у Китобни Очгувчидир, у етти такрорлангувчидир»;
«Менинг жоним тасарруфида бўлган Зотга қасам, Тавротда ҳам, Инжилда ҳам, Забурда ҳам, Фурқонда (Қуръонда) ҳам бунга ўхшаш туширилмаган. У етти такрорланувчидир. У менга берилган Қуръони азимдир» (Имом Термизий ривояти);
«Қуръони каримнинг барча суралари ичида энг улуғи Фотиҳадир» (Имом Бухорий ривояти);
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Жаброил Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида ўтирган эди. Юқоридан ғичирлаган овоз эшитилди. Жаброил осмонга қаради-да: «Мана бу осмоннинг эшикларидан бири ҳеч очилмаган эди, бугун очилди. Ундан бир фаришта тушди. Бу фаришта бугундан бошқа ҳеч ерга тушмаган эди». У салом берди ва:
«Суюнчи! Сендан аввалги Набийларга берилмаган икки нур Сенга берилди, Фотиҳа сураси ва Баҳара сурасининг охири. Улардан ўқиган ҳар бир ҳарфингга (савоб ва жавоб) берилади», деди (Имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло айтади: «Намозни Ўзим билан бандам орасида иккига бўлганман, бандам нимани сўраса бераман. Агар у (банда): “Алҳамду лиллаҳи роббил ъаламин” деса, Аллоҳ:
– Бандам менга ҳамд-шукр айтди, – дейди. Банда:
– Бу мен билан бандам орасидаги нарса, бандам нимани сўраса, бераман, – дейди. Агар банда:
– Иҳдинас сиротол мустақийм, сиротоллазийна анъамта ъалайҳим ғойрил мағзуби алайҳим валаз зооллийн, – деса, Аллоҳ:
– Бу бандамга хос, сўраганини бердим, – дейди» (Имом Насоий ривояти).
Сура ҳақида уламолар фикрлари
«Ушбу сурада Аллоҳ таолога ҳамд, Унга ибодат, амри маъруф ва наҳйи мункар, ваъд ва ваъидлар зикр қилинган бўлиб, улар Қуръондаги барча оятлар маъносини ифодалайди» (Маҳмуд Замахшарий, “Кашшоф”).
«Аллоҳ таоло аввалги китоблар илмини Қуръонда жамлаган. Қуръон илмини Муфассалда жамлаган. Муфассал илмини Фотиҳада жамлаган. Ким Фотиҳа сураси тафсирини ўрганса, нозил этилган барча (самовий) китоблар мазмунидан хабардор бўлади» (Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ).
Сура хосиятлари
Муфассирлар Фотиҳа сурасини ўқишда инсонга кўринадиган ва кўринмайдиган мингта хосият бор, дейишади. Улардан айримлари “Фатавои суфия” китобида бундай келтирилади: “Ким қирқ кун Бомдод намози суннатини ўқиганидан кейин то фарз намозига такбир айтилгунича қирқ бир маротаба Фотиҳа сурасини ўқиб, Аллоҳ таолодан нимани сўраса, барча дуоси ижобат бўлади. Агар камбағал бўлса, Аллоҳ таоло уни бой қилади, касал бўлса, шифо беради, заиф бўлса, қувватли қилади, ғариб бўлса, Аллоҳ уни азиз қилади, бепушт, фарзандсиз бўлса, фарзандли бўлади, қарздор бўлса, қарзидан нажот топади”.
Фотиҳа сураси ўқилган жойга Аллоҳ таолонинг қирқ йилгача бало ва офатлари келмайди. Зам-зам сувига Фотиҳа сураси ўқиб дам солинса, кейин у шифо умидида ичилса, турли касалликларга шифо бўлади.
Шунингдек, ушбу сура “Шифо” сураси деб ҳам аталиб, у қалбдаги ва танадаги турли касалликларга даво бўлади. “Сиҳоҳи ситта”да (олти саҳиҳ ҳадислар тўпламида) Абу Саид Худрий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни – ўттиз отлиқ аскарни жангга жўнатдилар. Йўлда бир араб қишлоғига тушдик. Улардан бизни меҳмон қилишларини сўраган эдик, истамадилар. Шу вақтда уларнинг бошлиқларини чаён чақиб олган экан, улар бизнинг олдимизга келиб: “Ораларингизда чаён чаққанига қарши дам соладиган киши борми?” деб сўрашди. Мен шундай дуони билишимни айтиб: “Аммо сизлар бизга ҳақ тўламасангизлар мен ҳам дам солмайман”, дедим. Улар: “Биз сизларга ўттизта қўй берамиз”, дейишгач, мен “Алҳамду” сурасини етти марта ўқиган эдим, ҳалиги одам дарддан бутунлай халос бўлди. Биз қўйларни олганимиздан кейин кўнглимизда шубҳа уйғонди ва улардан биронтасига тегмай, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, бўлган воқеани айтиб берган эдик, у зот: “Алҳамду” – руқия, у билан дам солса шифо бўладиган сура эканини қаердан билдинг? У қўйларни тақсимлаб олинглар ва менга ҳам ўзларингиз билан бирга бир улуш бўлинглар”, дедилар».
Имом Аҳмад ва Имом Байҳаҳий “Шуъабул иймон” китобида Абдуллоҳ ибн Жобир розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Мен сенга Қуръонда нозил бўлган энг яхши сура ҳақида хабар берайми?” дедилар. Абдуллоҳ: “Хабар беринг, ё Расулуллоҳ”, деди. Набий алайҳиссалом: “У Фотиҳа сурасидир. Унда барча касал учун шифо бордир”, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Фотиҳа сураси ҳар қандай дардга шифодир» дедилар (Имом Доримий ривояти); «Бу сурани чаён чақиб олганга етти марта ўқиб дам солинса, иншааллоҳ, шифо бўлади», дедилар (Имом Термизий ривояти).
Хулоса шуки, Фотиҳа сурасининг улуғ фазилатларига тўлиқ эга бўлиш учун, аввало, ҳар биримиз тажвид қоидалари асосида уни тўғри ўқишни ўрганишимиз, фарзандларимизга ҳам ўргатиб, уларни мунтазам ушбу сурани ўқиб юришига одатлантиришимиз лозим. Фотиҳа сурасини ўқиш Аллоҳ таолонинг ғазабини қайтаради. Сура ўқилган жойга Аллоҳ таолонинг хайри ва баракаси ёғилади. Ўқиган инсон Аллоҳ таолонинг ҳимоясида бўлади. Сурани ўқиб кейин қилинган барча хайрли дуолар мустажобдир.
Манбалар асосида
Дилшоджон МАМАДАЛИЕВ тайёрлади.