muslim.uz

muslim.uz

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5416 сон Фармонига асосан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш вазифалари янги ташкил этилаётган "Вақф" фонди зиммасига юкланган эди.

Аввал, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва кам таъминланган оилаларнинг фарзандларини никоҳ ва хатна тўйларини ўтказиб бериш бўйича "Никоҳ тўйлари" номли акция эълон қилинган эди.

Бугун, 28 ноябрь куни Наманган вилоятида "Никоҳ тўйлари" акцияси ташкил этилди. Унда 2 та никоҳ ҳамда 12 та ақиқа тўйлари ўтказиб берилади.

Ушбу акция доирасида кўплаб саховатпеша юртдошларимиз томонидан ушбу акцияга бош қўшилди. Қилинган хайру эҳсонларни Аллоҳ ўз даргоҳида қабул қилсин.

Оила қуришда ёрдам беришдек савобли ишларга барчамиз улуш қўшайлик!

"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

Бугун, 28 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан “Илмга эътибор – келажакка эътибор” номли олий таълим муассасалари талабаларининг тўлов-шартнома пулларини тўлаб бериш бўйича хайрия акциясининг тақдимоти ўтказилди. Тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг раҳбар ходимлари, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар қатнашди.
Тақдимот тадбирида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Одил Қаландаров, “Вақф” фонди раҳбари Искандар Халилов сўзга чиқиб, “Илмга эътибор – келажакка эътибор” номли хайрия акцияси ва унинг амалий аҳамияти борасида йиғилганларга батафсил маълумот бериб ўтдилар.
Нотиқлар “Вақф” фонди томонидан амалга оширилаётган муҳим тадбирлардан бири республикадаги олий таълим муассасаларида таълим олаётган кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож талаба ёшларнинг моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида, 145 нафар талабага 1.243.200.782 сўм миқдорида тўлов-шартнома пуллари тўлаб берилганини алоҳида қайд этдилар.
Шунингдек, ўтган давр мобайнида фонд томонидан диний таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини молиялаштириш учун 298.631.000 сўм, диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, талабаларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун 165.650.000 сўм, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар талаба фарзандларини қўллаб-қувватлаш учун 1.243.200.782 сўм, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни моддий қўллаб-қувватлаш учун 1.170.867.159 сўм, “Мурувват карвони” хайрия тадбири доирасида 388.903.100 сўм, жами бўлиб 3.343.956.041 сўмдан зиёд маблағлар хайрия қилинди.

Тақдимот тадбирида “Ўзбекистон-24”, “Менинг юртим” телеканаллари, “Ёшлар” радиоканали, ЎзА, “Халқ сўзи”, kun.uz, daryo.uz, islom.uz каби оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда Фонд томонидан “Илмга кўмак берамиз”, “Малҳам”, “Никоҳ тўйлари”, “Рўзғор”, “Эҳтиёжмандларга кўмак” “Ўз касбининг фидойиси”, “Обод хонадон”, “Оби-ҳаёт” каби акциялар амалга ошириб келинмоқда. Сиз ҳам ушбу хайрли ишларга ўз ҳиссангизни қўшинг!
“Вақф” фонди хайру эҳсонларингизни ўз эгаларига етказишда очиқлик ва холисликни кафолатлайди. Маблағларни шаффофлик асосида ҳақдорларга етказилаётганини vaqf.uz сайти орқали кузатиб боринг!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган. 

*****

Илм ўрганиш бир лаҳзалик машаққат бўлиб, тезда ўтиб кетади. Аммо илмни менсимаслик, жоҳилликнинг оғриғи, машаққати умр бўйи давом этади.

“Тарих мухрлаган сўзлар”

*****

Ё Роббим! Менга намоздан дангасалик қилмайдиган ва уни ортга сурмайдиган қалб ато этгин!

*****

Ўнг қўлингни юрагинг устига қўй ва шундай деб айт: “Ўзингни бос! Сабр қил! Аллоҳ таоло нимани хоҳласа, ўша иш бўлади. Нимани хоҳламаса, у иш бўлмайди”.

*****

Эй Аллоҳ! Бизга кенглик, хотиржамлик, енгиллик, ҳидоятда собитлик ва хушҳоллик ато этгин!

*****

Эй Роббим! Агар сўровларим шукримдан кўпайиб кетса, Ўзинг кечир!

*****

Тўғри, биз баъзи инсонларнинг қалбларидаги ўрнимизни била олмаймиз. Лекин уларнинг бизга қиладиган муомалаларидан ўша ўрнимиз қандайлигини сеза оламиз.

*****

Ҳасадчининг энг катта орзуси – ҳасад қилинаётган кишидаги неъмат ундан кетиб, ҳасадчининг ўзига келишидир.

*****

Каъба олдида бир ўзим ўтириб, хатоларимга йиғлаб, ичимдаги барча изтироблар чиқиб кетишини соғиндим. Эй Роббим! Бизга Байтингнинг тавофини насиб эт!

*****

Одамлар фақат бой бўлишнинг ўзини эмас, балки бошқалардан кўра бойроқ бўлишни хоҳлайдилар.

“Тарих мухрлаган сўзлар”

*****

Ўзингдаги битта ғам сендаги мингта неъматни унуттиришига йўл қўйма.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Онангни рози қилганинг сари ҳаёт сендан рози бўлиб бораверади.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Бошингга тушишини истамаган иш билан бошқаларга озор берма!

“Ховатир роқия журнали”

*****

Баъзи одамларга икки кафтингда асал тутсанг, улар асални еб бўлиб, қўлингни тишлаб олишади.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Агар аҳмоқ кимса сенга баъзи гапларни гапирса, унга жавоб берма! Чунки, аҳмоққа жавоб бергандан кўра сукут қилиш яхшироқдир.

Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ

*****

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Бугун, 28 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг Хоразм вилоятига сафарлари бошланди. Муфтий ҳазратлари вилоятга ташрифни янги «Ниёз Муҳаммад Охунд бобо» жоме масжиди билан танишишдан бошладилар.
Муҳтарам Президентимиз ўтган йил январь ойида Хоразм вилоятига ташрифлари давомида ушбу масжид пойдеворига биринчи тамал тошини қўйиб, масжиднинг кўркам, барча талаб ва эҳтиёжларга мос бўлишини таъминлаш бўйича топшириқлар бериб, фикр-мулоҳазалар билдирган эди. Орадан бир ярим йилдан ошиқроқ вақт ўтгач, хайрли иш ниҳоясига етди. Умумий майдони 3,5 гектарни эгаллаган масжид мажмуасида 4000 нафар намозхон учун барча зарур бўлган шарт–шароитлар муҳайё қилинди.
Муфтий ҳазратлари янги масжидга ташрифлари давомида мўмин-мусулмонлар учун ташкил этилган шарт-шароитлар, намозхонлар ибодат қилишлари учун яратилган қулайликлар ва жоме масжидни ўзига хос услуб ва меъморчилик асосида бунёд этилганига алоҳида эътибор қаратдилар.
Масжидга жам бўлган мўйсафид отахонлар давлатимиз Раҳбари томонидан халқимизга туҳфа этилган мана шундай муҳташам жоме масжид учун миннатдорлик сўзларини изҳор этиб, она-Ватанимиз ободлиги, халқимиз фаравонлигини тилаб муфтий ҳазратлари бошчиликларида дуои хайрлар қилдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top