muslim.uz

muslim.uz

Бухоро вилояти ҳокимлиги делегациясининг Малайзияга амалий сафари доирасида Ўзбекистон элчихонасида мамлакатимиз зиёрат туризми салоҳияти тақдимоти ва икки давлат туроператорлари иштирокида В2В форматидаги учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Унда Малайзиянинг «Bumitra» мусулмон туроператорлари уюшмаси президенти Харун Ахмму, Малайзия Сайёҳлик компаниялари ва туроператорлари уюшмаси (МАТТА) президентининг ўринбосари Мохд Оқил Бин Мохд Юсуф, шунингдек, 30 дан ортиқ малай сайёҳлик компаниялари вакиллари иштирок этди.
Малайзия туризм соҳаси вакиллари Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва сайёҳлик салоҳияти, мамлакатимизда туризм инфратузилмаси ва меҳмондўстлик саноатини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан яқиндан таништирилди.
Малай томони Ўзбекистоннинг сайёҳлик йўналишлари ва пакетларини, жумладан, «Умра+» сайёҳлик тизимини биргаликда тарғиб қилишга тайёр эканлигини билдирди.
Ўзбекистон томони 2023 йил март ойида Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги йирик Малайзия чиқиш туризми «МАТТА Fair» халқаро ярмаркасида иштирок этиш учун таклиф этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабаси Аҳмедов Абдулқодир Қувайт давлатида бўлиб ўтаётган халқаро XI Қуръони карим мусобақасида ҳифз йўналиши бўйича иштирок этди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ҳижрий I ва II асрда тобеинлар томонидан ёзилган ҳадис китоблари:

  1. Холид ибн Маъдан (ваф. 104) китоби.
  2. Абу Қилобанинг (ваф. 104/722) китоблари. У китобларини ўқувчиси Айюб ас-Сактияни (68-131)га васият қилиб қолдирган ва Айюб бир туяга юк бўладиган бу китобларни ташиш учун 10 дирҳамдан ортиқ пул сарфлаган.
  3. Ҳаммом ибн Мунаббиҳнинг Саҳифаси. Юқорида зикр қилинди.
  4. Ҳасан ал-Басрий (21-110) китоблари.
  5. Муҳаммад ал-Бакир (56-114) китоблари
  6. Суриялик Макҳулнинг китоблари.
  7. Ҳаким ибн Утайбанинг китоби.
  8. Буқайр ибн Абдуллоҳ ибн ал-Ашажжнинг (ваф. 117) китоби.
  9. Кайс ибн Саъднинг (ваф. 117) китоби. Бу китоб кейинроқ Ҳаммод ибн Сулаймонга нисбат берилган.
  10. Сулаймон ал-Яшкурининг китоби.
  11. Шабъийнинг Ал-Абвоби. Юқорида зикр қилинди.
  12. Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрийнинг китоблари.
  13. Абул-Олиянинг китоби.
  14. Саид ибн Жубайрнинг (ваф. 95) китоби.
  15. Умар ибн Абдулазизнинг (61-101) китоблари.
  16. Мужаҳид ибн Жобирнинг (ваф. 103) китоблари.
  17. Ражо ибн Ҳайвонинг (ваф. 112) китоби.
  18. Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Амр ибн Ҳақнинг китоби.
  19. Башир ибн Наҳиқнинг китоби.

 

ҲИЖРИЙ ИККИНЧИ АСРДА ЁЗИЛГАН ҲАДИС АСАРЛАРИ

Ҳижрий II асрда ўтган I асрда ёзилган китоблардан фарқли равишда асарлар мавзуларга ажратилган ҳолда ёзилди. Шу билан бирга, мавзуга ажратилмаган китобларни ёзиш ҳам давом этди. Бу даврда ёзилган китобларнинг рўйхати тўлиқ келтиришнинг имкони йўқ, сабаби жуда кўп. Қуйида улардан баъзилари келтирилади:

  1. Абдумалик ибн Журайжнинг (ваф. 150) китоби.
  2. Малик ибн Анаснинг (93-179) "Муватто"си.
  3. Ибн Абу Зиъбнинг (80-158) "Муватто"си.
  4. Муҳаммад ибн Исҳоқнинг (ваф. 151) "Мағозий"си.
  5. Робиъ ибн Сабиҳнинг (ваф. 160) "Муснад"и.
  6. Саъид ибн Абу Аруба (ваф. 156) китоби.
  7. Ҳаммод ибн Салманинг (ваф. 167) китоби.
  8. Суфён ас-Саврийнинг (97-161/715-777) "Жомеъ"си.
  9. Маъмар ибн Рашиднинг (95-153/713-770) "Жомеъ"си.
  10. Абдураҳмон ал-Авзои (88-157) китоби.
  11. Абдуллоҳ ибн ал-Муборак (118-181)нинг "Китаб аз-зуҳд" китоби
  12. Ҳошим ибн Башир (104-183) китоби.
  13. Жарир ибн Абдулҳамид (110-188) китоби
  14. Абдуллоҳ ибн Ваҳб (125-197) китоби
  15. Яҳё ибн Абу Касир (ваф. 129) китоби
  16. Муҳаммад ибн Суқая (ваф. 135) китоби.
  17. Заид ибн Аслан (ваф. 136/753) "Тафсир"и.
  18. Мусо ибн Уқба (ваф. 141) китоби
  19. Ашас ибн Абдулмалик (ваф. 142) китоби.
  20. Ақил ибн Холид (ваф. 142) китоби.
  21. Яҳё ибн Саъид Ансорий (ваф. 143) китоби.
  22. Авф ибн Абу Жамил (ваф. 146) китоби.
  23. Жаъфар ибн Муҳаммад ас-Содик (ваф. 148) китоблари.
  24. Юнус ибн Язид (ваф. 152) китоби.
  25. Абдураҳмон ал-Масъуди (ваф. 160) китоблари.
  26. Зоида ибн Қудома (ваф. 161) китоблари.
  27. Иброҳим ат-Таҳман (ваф. 163) китоблари.
  28. Абу Ҳамза ас-Сукри (ваф. 167) китоблари.
  29. Шуъба ибн ал-Ҳажжожнинг (ваф. 160) "Ал-Ғароиб" асари.
  30. Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ал-Мажишун (ваф. 164) китоблари.
  31. Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Абу Увайси (ваф. 169) китоблари.
  32. Сулаймон ибн Билол (ваф. 172) китоблари.
  33. Абдуллоҳ ибн Лаҳия (ваф. 147) китоблари.
  34. Суфён ибн Уяйна (ваф. 198) "Жомеъ"си.
  35. Имом Абу Ҳанифа (ваф. 150) "Китоб ал-асар"и.
  36. Муътамир ибн Сулаймон (ваф. 187) "Мағозий"си.
  37. Вақиъ ибн Жарроҳ (ваф. 196) "Мусаннаф"и.
  38. Абдураззоқ ибн Ҳаммом (136-221) "Мусаннаф"и.
  39. Зайд ибн Али (76-122) "Муснад"и.
  40. Имом Шофеъий (150-204) китоблари

Бу даврда ёзилган китобларнинг қуйидагилари ҳозирда нашр этилган ва қатор китобхонлар томонидан севиб ўқилмоқда.

  1. Имом Маликнинг "Муватто"си.
  2. Имом Абу Ҳанифанинг “Китобу-л-асар”и.
  3. Абдураззоқнинг "Мусаннаф"и. Бу китоб 11 жилдда нашр этилган.
  4. Муҳаммад ибн Исъҳоқнинг "Ас-Сияр"си.
  5. Абдуллоҳ ибн ал-Муборакнинг “Китоб аз-зуҳд”и.
  6. Воқиъ ибн Жарроҳнинг “Китоб аз-зуҳд”и (3 жилд).
  7. Заид ибн Алининг "Ал-Муснад"и.
  8. Шофеъийнинг "Сунан"и.
  9. Шофеъийнинг "Муснад"и.
  10. Авзоийнинг (88-157) "Сияр"и.
  11. Абдуллоҳ ибн ал-Муборакнинг "Муснад"и.
  12. Абу Довуд ат-Таёлисийннинг (ваф. 204) "Муснад"и.
  13. Имом Абу Юсуфнинг “Ар-рад аъла сияр ал-Авзоий”си.
  14. Имом Муҳаммад ибн ал-Ҳасан аш-Шайбонининг “ал-Ҳужжа аъла Аҳли-Мадина”си.
  15. Имом Шофеъийнинг “Китоб ал-Умм” асари.
  16. Воҳидийнинг (130-206) “ал-Мағозий” асари (4 жилд).

Бу рўйхат, шубҳасиз, тўлиқ эмас. Аммо ёзма равишда мавжуд бўлган бу китоблар синчковлик билан ўрганилса, уларнинг услуби анча мукаммал эканлиги маълум бўлади. Улардан баъзилари ўндан ортиқ жилддан иборат бўлиб, уларнинг тузилиши ўша пайтларда ҳадислар тўпланиши илғор босқичга чиққанидан далолат беради.

Юқорида ишора қилганимиз, ҳадис тўплашни Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам даврларида бошланганини ва ундан кейинги барча даврларда ҳам давом этганини исботлаб бериш учун етарлидир. Бу жараён шубҳасиз ҳар бир янги билим ёки илм соҳасида бўлгани каби турли босқичлардан ўтди. Фақат бу жараённи учунчи асрдан олдин бошланмаган, деган иддао ҳеч қандай ҳақиқатга тўғри келмайди.

 

Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг

"Ислом шариатида суннатнинг ўрни" китобидан

Таржимон: Даврон НУРМУҲАММАД

 

1-қисм2-қисм3-қисм4-қисм, 5-қисм, 6-қисм, 7-қисм8-қисм9-қисм10-қисм11-қисм12-қисм13-қисм14-қисм15-қисм16-қисм17-қисм, 18-қисм. Давоми бор...

Понедельник, 17 Октябрь 2022 00:00

Умра зиёратчилари шароитлардан мамнун!

Айни пайтда минглаб ҳамюртларимиз Макка ва Мадина шаҳарларидаги муборак масканларда умра амалини адо этишмоқда.

Қувонарлиси, зиёратчиларимиз ибодатларини мукаммал бажариши учун шароит ва қулайликлар йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда. Буни биргина меҳмонхоналардаги шароит ва қулайликда ҳам кўриш мумкин.

Мазкур янгиликлар давоми сифатида жорий мавсумдан эътиборан халқимиз талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда умра зиёрати икки хил шаклда (пакетда) ташкил этилган эди.

Хусусан, ҳозирда зиёратчиларимиз Мадина шаҳрида Масжидун Набавийга 100-150 метр масофада жойлашган беш юлдузли “Pullman zam zam”, “Crown Plaza” ҳамда 3-4 юлдузли “Saraya Harmony” меҳмонхоналарида; Макка шаҳрида эса “Байтуллоҳ”га 100 метр масофада жойлашган 5 юлдузли “Hilton Convention”, “Double tree” ва “Marriot Makkah” ҳамда Каъбага 1-1,5 км масофада жойлашган 3-4 юлдузли “Olayan Masi” меҳмонхоналарида истиқомат қилишмоқда.

Икки муборак шаҳардаги меҳмонхоналарда ҳожиларимизга тажрибали ишчи гуруҳи хизмат кўрсатмоқда. Улар ибодат ва зиёратларни ташкил этади, юртдошларимизнинг шаръий ва бошқа саволларига жавоб бериб, ҳар қандай мушкулларини ҳал қилишда доимо кўмакчи бўлишади.

Шунингдек, меҳмонхоналарда туну кун тиббий хизмат йўлга қўйилган бўлиб, исталган вақт ҳожиларимиз ўз соғлиги бўйича малакали шифокорлар кўригидан ўтказиши ва маслаҳатлар олиши мумкин.

Мазкур меҳмонхоналарда ҳожиларимизга кун давомида 3 маҳал иссиқ таом – нонушта, тушлик ва кечки овқатда тортилади. Бунда турли салқин ва иссиқ ичимликлар, сарҳил мевалар, ширинликлар ҳам тақдим этилади.

Шу ўринда Маккаи мукаррамада зиёратда бўлиб турган ҳамюртларимизнинг кўрсатилаётган хизмат ва шароитлар ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик:

Тошкентлик ҳожи ота:
– Меҳмонхонада хилма-хил маззали овқатлардан баҳраманд бўляпмиз. Бу ердаги бизга яратилган шароит ва имкониятдан миннатдормиз. Ҳамммаси юқори даражада ташкил этилган , ҳеч қандай камчилик йўқ. Бунинг учун ишчи гуруҳи ва ошхона ходимларига минг раҳмат. Ҳаммасининг тани-жонлари соғ бўлишсин.

Наманганлик ҳожи ота:
– Мадинаи мунавварада барча қулайликларга эга беш юлдузли “Замзам Пуллман” меҳмонхонасида истиқомат қиляпмиз. Ушбу турар жой мажмуаси Масжиду Набавийнинг шундоққина ёнгинасида жойлашгани намоз ва зиёратларни кўпроқ адо этишимизга сабаб бўляпти. Мазкур меҳмонхонада уч маҳал иссиқ таомдан тортиб, 24 соат узлуксиз тиббий пунктларгача барча шароитлар муҳайё қилинган. Буларнинг барчаси ибодатларни хотиржам бажаришимиз учун омил бўляпти.

Қашқадарёлик ҳожи она:
– Худога шукр, меҳмонхонанинг овқатлари жуда яхши. Зиёратчиларнинг ҳаммаси дуо қилиб маззали овқатларни ейяпмиз. Ҳамма нарсалари жойида. Айниқса, тозаликка ниҳоятда катта эътибор қаратишади. Ташкилотчиларга раҳмат. Ҳаммалари соғ-омон бўлишсин.

Дарҳақиқат, умра қилувчи киши Аллоҳ таолонинг меҳмонидир. Ушбу муборак амални бажараётган кишига кўмак берган, унинг оғирини енгил қилган инсон улуғ савобларга ноил бўлади.

Шу маънода, “Умра — 2022” ташкилотчилари ва ишчи гуруҳ аъзолари ана шундай улуғ даражаларни мақсад қилиб, Раҳмоннинг меҳмонларига Ўзи рози бўладиган даражада сидқидилдан хизмат этишга ҳаракат қилишмоқда. Хусусан, ишчи гуруҳлар, элликбошилар доимо уларнинг ёнида, шифокорлар соғлиқларидан хабардор бўлиб турибди. Ошпазлар эса ибодатга қувват бўладиган тансиқ миллий таомлардан тайёрлаб беришмоқда. Ҳожиларга сифатли транспорт хизматлари кўрсатиш, уларни белгиланган манзилга кечиктирмасдан етказиб қўйиш мақсадида кўплаб автобуслар ҳам жалб этилган.

Бир сўз билан айтганда, умра зиёрати ташкилотчиларининг бош мақсади зиёратчиларнинг ҳар бир қадамини осонлаштириб, кўп вақтини ибодатга сарфлаш ва бунга Аллоҳ муваффақ қилмоқда, иншоаллоҳ.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мавзуъ арабча (الموضوع) шаклида бўлиб, луғатда – қўйилган, тўқилган, даражаси паст бўлган  маъноларини англатади.

Истелоҳда эса, тўқилган ёлғон бўлиб, сунъий равишда келтирилган ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат берилган хабардир. Бундай нарсанинг “мавзуъ” деб номланишининг сабаби шуки, ким шу ишни қилса, мартабаси албатта пасаяди. Бу нарсанинг ўзи ҳам паст нарса, ярамас нарса ҳисобланади[1].

Мавзуъ ҳадиснинг “мавзуъ” сўзи ортидан “ҳадис” сўзини ҳам қўшиб “мавзуъ ҳадис”, деб айтиш ҳақида уламолардан турли фикрлар келган.

Жумладан, Ибн Силоҳ тўқима ҳадис заиф ҳадисларнинг энг ёмонроғидир, деган фикрни айтади. Ҳофиз Ибн Хажар айтишича, Хаттобийнинг фикри ҳам шундай бўлган.

Имом Хаттобий яна шундай дейди: Аҳли ҳадислар наздида ҳадис уч турга бўлинади: саҳиҳ ҳадис, ҳасан ҳадис, сақим (иллатли, заиф) ҳадис. Сўзининг давомида саҳиҳ, ҳасан ҳадисни таърифлаб бўлганидан сўнг заиф ҳадис ҳақида шундай дейди: “Заиф ҳадиснинг табақаси кўп, энг паст табақаси мавзуъ сўнгра мақлуб ва ҳоказо” [2].

Ҳофиз Ибн Хажар мавзуъ ҳадис ҳақида шундай дейди: “Мавзуъни ҳадис деб аташни маъқулламайман, чунки у ҳадиси набавийдан эмас, мавзуъни заиф ҳадисларнинг ёмонроғи дейишлик, уни ҳадислар қаторида ҳисоблашни ифодаламайди”.

Доктор Моҳир Мансур Абдураззоқ шундай дейди: Ҳақиқатдан ҳам, мавзуъни ҳадис деб аташ тўғри эмас, аммо кўпчилик уламоларнинг уни ҳадис деб номлашларига қуйида уч сабабни келтирамиз:

  1. Ҳадис дейишлик билан унинг луғавий маъноси назарда тутилади.
  2. Мавзуъ ҳадис тўқувчиларнинг наздидаги эътибор билан шундай дейилади.
  3. Мавзуъни таниб, ажратишда ҳадисга, унинг усулларига[3] мурожаат қилинганлиги сабаби шундай дейилади[4].

Демак, мавзуъ заиф ҳадис бўлиши учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари айтган ҳадис бўлиши керак. Ваҳоланки, мавзуъ ҳадис ровийлар силсиласи ичидаги кишилардан бўлмаган мутлақо бошқа шахслар тарафидан тўқилган ҳисобланади. Шунинг учун мавзуъ ҳадисларни ҳадиснинг алоҳида бир тури сифатида ўрганилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Маълумки, саҳобалар ўз жонлари-ю молларини дин учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун фидо қилган зотлар бўлишган. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларига бевосита шоҳид бўлганларки, уларнинг ҳадис тўқиши эҳтимолдан йироқ ишдир. Чунки, Ислом тарихидан биламизки, саҳобалар ҳар бир хато, ножўя ишларга, ёлғонга жим қараб турмаганлар, балки бу каби ҳолатларга жуда қаттиқ турганлар.

Аммо, тобеъинлар даврида илк сиёсий ихтилофлар вужудга келиши бази мавзуъ ҳадисларнинг пайдо бўлишига сабаб бўла бошлади. Лекин, бу даврда адолатпеша саҳобаларнинг ҳаётликлари бу ҳаракатларнинг кенг тус олишига тўсқинлик қилган.

Тобеъинлардан кейинги даврда Ислом динининг турли халқлар орасида кенг тарқалиши, сиёсий ихтилофларнинг кенг тус олиши, ҳақиқий диний илмлардан узоқлашиш турли соҳаларда мавзуъ ҳадисларнинг кўпайишига олиб келди[5].

Мавзуъ ҳадислар тўқилишининг асосий сабаблари қуйидагича:

  1. Сиёсий ихтилофлар: Саҳобалар ва тобеъинлар даврида юз берган фитналар турли хил сиёсий ва диний оқимлар учун қўл келган. Тарихдан маълумки, бу ихтилофлар Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу ўлдирилишлари ва Али разияллоҳу анҳунинг халифаликни қўлга олишларидан сўнг бошланган. Мусулмонлар турли тоифа ва гуруҳларга ажралиб кетди. Кўпчилик мусулмонлар Али томонида туриб, Муовия разияллоҳу анҳуга мухолиф бўладилар.

Бази олимлар мавзуъ ҳадислар ҳижрий 41йилига, яъни Али разияллоҳу анҳунинг халифалик даврига тўғри келади деган фикрни олға сурганлар. Шиалар ўз даъвосини қўллаб қувватлаш учун қуйидаги мавзуъ ҳадисларни тўқиб чиқардилар: “Менинг ўринбосарим, менинг сирдошим, аҳли байтимдан менинг халифам, мендан кейин халифаликка энг лойиқ одам Алидир”, “Ҳар бир Пайғамбарнинг васиятчиси ва вориси бўлгани каби менинг ҳам васиятчим ва ворисим Али ибн Абу Толибдир”, “Ким Алини инсонларнинг энг яхшиси демаса, кофир бўлади”, “Алига назар ташлаш ибодатдир” [6]

Шунингдек, шиалар Абу Бакр, Умар, Муовийа разияллоҳу анҳу ва умавийларни камситадиган ҳадисларни тўқиганлар. Айни пайтда бир қисм мусулмонлар хорижийлар номи остида алоҳида сиёсий фирқани ташкил қилдилар. Бироқ, бу сиёсий ихтилофлар диний тус олди ва исломда турли нотўғри диний оқимларнинг вужудга келишига улкан таъсир кўрсатди. Чунки, ҳар бир гуруҳ ўз мавқеъсини Қуръон ва Суннат билан қувватлашга ҳаракат қилар эди. Мана шу пайтда бази фирқалар орасида Қуръонни ўз даъволарига мувофиқ ўзгартириш ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат бериб ҳадислар тўқиш ҳаракатлари пайдо бўлди.

Бу соҳадаги тўқилган ҳадисларнинг мазмуни асосан бази шахсларни улуғлаш маъносида бўлди. Ҳар бир тоифа ўз етакчиси, бошлиғининг фазилати ҳақида ҳадис тўқишга ҳаракат қилди.

Манбаъларда кўрсатилишича, бу ҳаракатни биринчи бўлиб “шиа” тоифаси бошлаган.

Шу ўринда, мазкур мазмундаги мавзуъ ҳадисларни базиларини мисол тариқасида айтиш мумкин:

“ Мен илм шаҳри бўлсам, Али унинг эшигидир”,[7]

“ Сизларнинг қозингиз Алидир”.[8]

Халифалик Умавийларга ўтгандан кейин уларнинг тарафдорлари араб миллатига мансуб бўлмаган одамларга нисбатан менсимаслик ва камситиш туйғуси билан муомала қилганлар. Натижада, турли тўқима ҳадислар вужудга келди.

Ислом тарихидан маълумки, Хулафои Рошидинлар даврида юз берган яна бир фитналардан бири хорижийлар ва Али разияллоҳу анҳу ўртасидаги бўлган тўқнашувдир. Хорижийларнинг ҳадис тўқишлари масаласида олимлар турли фикр билдирганлар. Ибн Лаҳиъа, Убайдуллоҳ ибн Амр ва Имом Суютий хорижийларга мансуб бўлган ва умрининг охирида тавба қилган бир кишидан қуйидаги сўзни ривоят қилганлар: “Ҳадислар бир диндир. Шунинг учун динингни кимдан ўрганаётганингга эътибор бер. Чунки, биз бир фикрни амалга оширмоқчи бўлсак, уни ҳадисга айлантирар эдик”.[9] Бироқ, бошқа олимлар хорижийлар ёлғон гапиришни гуноҳи кабира ҳисоблагани учун уларнинг мавзуъ ҳадислар вужудга келишида ҳеч қандай ўрни йўқ деб ҳисоблайдилар.

  1. Ислом душманлари: Булар мусулмонларни ақидаларидан ва Ислом динидан узоқлаштириш мақсадида ҳадислар тўқиб, уларга асосланган ботил ақидаларни мусулмонлар орасида тарғиб қилганлар. Айтиш мумкинки, Ислом душманлари ўша даврда кенг тарқалган турли диний оқимларнинг ниқоби остида фаолият кўрсатганлар. Бундай кишилардан бири Муъалло ибн Абдурроҳман вафот етиши олдидан шундай деган:“Мен Алининг фазли тўғрисида 70 ҳадис тўқиганман”.[10] Одамларнинг Ислом динини қабул қилмасликлари, қабул қилганларни эса, ундан совутиш мақсвадида зиндиқлар (дин душманлари яъни, динсизлар) мантиқсиз, ақл бовар қилмайдиган ва эртакка ўхшаган ҳадисларни тўқий бошдаганлар. Жаъфар ибн Сулаймон айтади: “Ислом душманларидан бири одамлар орасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтмаган 400 ҳадисни тарқатганига иқрор бўлди”. [11]
  2. Қасддан эмас, балки бази ровийларнинг хато гумонлари туфайли вужудга келган мавзуъ ҳадислар: Бунинг кўриниши, саҳиҳ ҳадис матнига бази иборалар ёки сўзларнинг қўшилиб қолиш шаклида бўлади.

 

 

Бобохон Бобохонов,

Тошкент ислом институти

Модуль таълим шакли талабаси,

Самарқанд шаҳар "Хўжа Нисбатдор"

жоме масжиди имом-хатиби

 

[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Мусталаҳул ҳадис. – Т.: Шарқ, 2011. – Б. 164.

[2] Али Қори. Ал-маснуъ мий маърифатил ҳадисил мавзуъ. – Байрут: Ал-мактабатул-илмий, 1969. – Б. 22.

 

[3] Мусталаҳул ҳадис, яъни ҳадис илми

[4] Али Қори. Ал-маснуъ мий маърифатил ҳадисил мавзуъ. – Байрут: Ал-мактабатул-илмий, 1978. – Б.14.

[5] Али Қори. Асрорул марфуъа фил ахбарил мавзуъа. – Байрут: Ал-мактабатул-илмий, 1971. – Б. 26.

[6] –Ў ша асар, – Б. 356.

[7] Али Қори. Асрорул марфуъа фил ахбарил мавзуъа. – Байрут: Ал-мактабатул-илмий, 1971. – Б. 138.

[8] – Ўша асар, – Б. 124.

[9] – Ўша асар, – Б. 89.

[10] Али Қори. Асрорул марфуъа фил ахбарил мавзуъа. – Байрут: Ал-мактабатул-илмий, 1971. – Б. 90.

[11] Али Қори. Асрорул марфуъа фил ахбарил мавзуъа. – Байрут: Ал-мактабатул-илмий. 1971. – Б. 89.

Мақолалар

Top