muslim.uz

muslim.uz

Четверг, 13 Октябрь 2022 00:00

ҲАМДАРДЛИК БИЛДИРАМИЗ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Наманган вилояти вакил ўринбосари Обидхон домла Икрамовнинг синглиси вафоти муносабати билан у кишининг барча оила аъзоларига чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳуманинг барча солиҳ амалларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, барча саҳву хатоларини кечириб, раҳматига чулғасин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод айласин!

Ҳақ таоло марҳуманинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

Бир мўмин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тушида кўрди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ҳеч эҳтибор бермадилар. Шунда у: “Ё Аллоҳнинг Расули! Мендан хафамисиз?” деди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ”, дедилар.

“Нега менга қарамаяпсиз?” деб сўради ҳалиги одам.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Чунки сени танимайман!” деб жавоб бердилар.

“Нега танимайсиз? Мен сизнинг умматингизман. Ҳолбуки, олимларнинг айтишича, сиз ҳар бир умматингизни она ўз фарзандини танигандан ҳам яхшироқ танир экансиз”, деди у.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уламолар тўғри айтишган. Лекин мен сенда менинг гўзал ахлоқимдан бирон аломат кўрмаяпман ва сенинг менга ҳеч салавоту саломинг келмади. Менинг умматимдан бирини танишим ахлоқимнинг унда қай даражада борлигига ҳам боғлиқ”, дедилар.

Одам уйғонганда тушини ўйлади ва шу онданоқ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал хулқларини ўз ҳаётига татбиқ этишга киришди. Бир муддат ўтгач, такроран Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тушида кўрди. Пайғамбаримиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Энди танидим”, дедилар.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

10 октябрь куни Тошкент шаҳридаги “Эшон Бобохон” жоме масжиди имом ноиби Муҳаммадий қори Абдураҳимов ва “Кўкалдош” ислом билим юрти талабаси Абдулқодир қори Аҳмедов XI халқаро Қуръони карим мусобақасида қатнашиш учун Қувайт шаҳрига жўнаб кетди.

Мазкур халқаро мусобақада Абдулқодир қори Қуръони каримни тўлиқ ёддан ўқиб бериш, Муҳаммадий қори эса Қуръони шарифни машҳур қорилар усулида тажвид қоидаси билан тиловат қилиб бериш йўналиши бўйича иштирок этади.

Аллоҳ таолодан қориларимизга халқаро мусобақада муваффақият ато қилсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими

Шу кунларда оммавий ахборот воситаларида “Каттақўрғонлик чала мулла, ўзини ўқитишга келган аёлга тегажоғлик қилди” сарлавҳали хабар турли баҳс-мунозаларга сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ушбу ҳолат юзасидан ўрганиш ишларини олиб борди. Натижада, мазкур шахс Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида яшовчи, фолбинлик, фирибгарлик, ичкиликбозлик каби динимизда қаттиқ қораланган ишлар билан шуғулланадиган Ф.Ҳ. исмли фуқаро экани маълум бўлди.

Ушбу шахс ҳеч қандай диний маълумот ёки диний рутбага эга эмас. Лавҳада айтилган, “ал-Бухорий” номли мадраса ҳам Ўзбекистон ҳудудида фаолият олиб бормайди. Араб тили каби бирор ўқув курсларда ўқиш шахсга ҳеч қандай диний фаолият олиб бориш учун асос бўлмайди.

Демакки, ушбу шахсга нисбатан “мулла” сўзини ишлатиш мутлақо нотўғри, унинг динга ва муллаликка умуман алоқаси йўқ. Аксинча, у фолбинлик, фирибгарлик, ичкиликбозлик каби иллатларга ружу қўйган кимсадир.

Таъкидлаш керакки, “мулла”, “имом”, “мадраса” кабилар Ислом шиорлари ҳисобланади. Аллоҳ таоло ислом шиорларини улуғлашга тарғиб қилиш баробарида уларни ҳурматсиз қилишдан қаттиқ қайтарган. Айниқса, турли нолойиқ ишларни “мулла”, “имом”, “мадраса” каби ислом шиорларига боғлаш эса катта гуноҳдир.

Хулоса шуки, ОАВ ва ижтимоий тармоқ юритувчилари турли воқеа-ҳодисаларни оммани жалб қилиш мақсадида, дин билан боғлаб кўрсатишдан сақланишларини сўраймиз. Шунингдек, асоссиз хабар тарқатиш Ислом дини кўрсатмасига кўра, катта гуноҳ, қонунчиликда эса жавобгарликка омил эканини эслатиб ўтамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top