Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Июн, 2025   |   21 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:29
Аср
17:39
Шом
20:02
Хуфтон
21:40
Bismillah
17 Июн, 2025, 21 Зулҳижжа, 1446

Қарзи ҳасана недир?

12.03.2021   2285   4 min.
Қарзи ҳасана недир?

Қарз муносабатлари ҳаётимизга чуқур сингиб кетган. Ҳаётда, кимдир кимдандир қарз олишга мажбур бўлиб қолади. Ислом ҳаётнинг барча жабҳаларини тартибга солгани каби қарз масалалари илоҳий қонунлар билан белгилаб қўйилган.

Қуръони каримдаги энг узун оят – Бақара сурасининг 282-ояти қарз муаммосига бағишланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни муҳтожларга қарз бериб, уларни қўллаб-қувватлашга даъват этар эдилар.

Аллоҳ таоло қуръони карим марҳамат қилади:

“Аллоҳга “чиройли қарз” берадиган (Унинг йўлида ўз бойлигидан сарфлайдиган) киши бормики, унга бир неча баробар кўп қилиб қайтарса? Ҳолбуки, Аллоҳ (ризқни) танг ҳам, кенг ҳам қилур ва (сизлар) Унинг ҳузурига, албатта, қайтарилажаксизлар” (Бақара сураси, 245-ояти).

Оят мазмунидан кўриниб турибдики, Аллоҳ Ўзининг йўлида “қарзи ҳасана” – яхши қарз берадиганлар борми, йўқми деб сўраяпти. Муфассирлар “қарзи ҳасана” деб инсоннинг Аллоҳ йўлида сарфланган бойлигини тушунтирганлар. Бу бойликнинг бу дунё ҳаётида қайтарилиши шарт қилинмаган. Одатда, қарзнинг моҳиятида уни берган одамга қайтариш шарти мавжуд.

Аллоҳга қарзи ҳасана берган мўминга оламлар Роббиси бу қарзни бир неча баробар қилиб қайтаради.

Одамнинг табиати шуки, агар кимгадир қарз берсам, мол-дунёйим камайиб қолади деб хавотирланади. Аллоҳ бу хавотирдан мўминларни қайтармоқда: ризқни танг, тор қиладиган ҳам, кенг қиладиган ҳам Аллоҳ. Агар ризқингиз тор бўлиши лозим бўлса, бу ўзгаларга қарз бериш билан содир бўлмайди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Аллоҳга “Қарзи ҳасана” қиладиган киши борми?” ояти нозил бўлганда, Абу Даҳдаҳ исмли саҳоба:
– Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ биздан қарз сўраяптими? – деди.

– Ҳа, эй Абу Даҳдаҳ, – дедилар Сарвари олам. Шунда Абу Даҳдаҳ Расулуллоҳ алайҳиссаломга: .
– Қўлингизни беринг, – деди ва:
– Мен Раббимга боғимни қарз бердим, – деди. Шунда Набий алайҳиссалом:
– Жаннатдаги дуру ёқутдан бўлган хурмозорлар Абу Даҳдаҳники бўлди, – дедилар”.

Бугун қарз олди-бердиси катта муаммолардан бирига айланди. Бу масалада қуйидаги ҳолатларга дуч келяпмиз:

Муҳтож бўлмаса ҳам, одамларни алдаб қарз олиб, шунинг эвазига яшайдиганлар кўпайди;
Қарз олгач, имконияти туғилса ҳам, уни қайтармаётганлар учраяпти;
Жуда муҳтож одам қарз сўраб келса ҳам, беришни истамайдиган инсонлар ҳам бор.
Умуман олганда, бу каби ҳолатларни ислоҳ қилиш ўзимизга боғлиқ. Инсон қарз берар экан, сўровчининг ростгўйлиги, асл ҳолати ҳақида маълумотга эга бўлган ҳолда қарор қабул қилиши мақсадга мувофиқ.

Шунингдек, қарз олганлар ҳам имконлари бўлиши билан уни қайтаришлари керак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким одамларнинг молларини (қарзга) олиб, уни адо этишни ирода қилса, Аллоҳ ундан (ёрдами ила) адо этади. Ким йўқ қилишни ният қилиб олса, Аллоҳ уни йўқ қилади”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳадиси шарифдан маълум бўляптики, қарз олаётганда инсон ниятни тўғирлаб олиши лозим. Яъни қарздан мақсад – қийин молиявий шароитдан чиқиб, дарҳол уни соҳибига етказиш. Қарз билан тирикчилик қилиш эмас. Аллоҳ қарздорнинг ҳар икки ниятига етказади: қайтараман деса, унга барака ёғдиради. Қайтармайман деса, қўлини қисқартириб, яна ҳам оғир, яна қашшоқ ҳолга тушишини ирода қилади.

Ҳар куни бу ҳақиқатнинг жонли мисолларини кўриб турибмиз.

Аслида, қарзни садақадан яхшироқ деб айтилади. Чунки садақа олган одам уни қайтариш ҳақида ўйламайди. Қарздор эса қайтариш учун ҳаракат қилади ва у буни текинга ўрганишдан, танбалликдан ҳимоялайди.

Умуман, қарзнинг аҳамияти, шунингдек, маънавий қарздорлик ҳақида ҳам гапириш мумкин.
Аллоҳ таоло қарздорларга нажот берсин! Бизни қарз оладиган эмас, балки муҳтожларга Аллоҳ йўлида қарзи ҳасана берадиган бандалари қаторидан қилсин!

Абдул Ҳамид Маликов,
“Пискент” жоме масжиди имом хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Расулуллоҳ ﷺнинг семириш муаммоси ҳақидаги башоратлари

14.10.2024   7245   3 min.
Расулуллоҳ ﷺнинг семириш муаммоси ҳақидаги башоратлари

Набавий башорат

Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизнинг яхшиларингиз менинг асримдагилардир. Сўнгра улардан кейин келадиганлар, сўнгра улардан кейин келадиганлар”.

Имрон розияллоҳу анҳу: “У зот алайҳиссалом икки марта ёки уч марта айтдиларми, билолмадим”, деди. “Кейин шундай бир қавм келадики, улар гувоҳлик сўралмаган ҳолда гувоҳлик беришади, хиёнат қилишади, омонатдор бўлишмайди, назр қилиб, вафо қилишмайди, уларда семизлик пайдо бўлади”» (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

Ҳадис шарҳи

Уламолар ушбу ҳадисда касаллик ёки бошқа физиологик хусусиятлар туфайли туғма семизлик эмас, балки айнан овқатга очкўзлик ва нафсни тиймаслик, ортиқча овқатланиш натижасида орттирилган семизлик ҳақида гап кетаётганини айтишади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида семизлик кенг тарқалган ҳодиса эмас эди ва саҳобалар бу муаммони хаёлларига ҳам келтиришмаган. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларининг ҳолидан хавотирга тушганлар.

 

Семириш – глобал эпидемия

Бугунги кунда ортиқча вазнга эга бўлиш, семириб кетиш инсониятни ташвишга солаётган муаммолардан биридир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) семиришни глобал эпидемия деб эълон қилган.


Агар шу ҳолат давом этса…

Сўнгги 50 йил ичида одамларда вазн ортиши динамикаси кескин ортди. Бугунги кунда Ер сайёрасида 2,5 миллиарддан ортиқ одам (38%) ортиқча вазнга эга. Агар шу ҳолат давом этса, 2035 йилга келиб бу кўрсаткич 50%дан ошиши мумкин ва инсониятнинг ярмидан кўпида семириш ташхиси қўйилади.

 

Семизлик ёш танламайди

Семириб кетиш фақат катталар учун эмас, ҳатто болалар ва ўсмирлар орасида ҳам тез ўсиб бораётгани янада хатарлидир. Ҳар йили 2,8 млн ўлим ортиқча вазн сабаб содир бўлади.

 

Семиришнинг сабаби нима?

Диетологларнинг фикрига кўра, ҳозирги вақтда истеъмол қилинаётган озиқ-овқатлар ниҳоятда осон ҳазм бўлади ва зарур бўлган калориядан бир неча баравар кўп концентрацияни ўз ичига олади. Одамлар бундай овқатларни тобора кўп истеъмол қилишлари оқибатида семизлик келиб чиқмоқда. Албатта, бу сабаблардан бири.

 

Ортиқча овқат – шаҳватни келтириб чиқаради!

Ортиқча овқатланиш шаҳват кучайишига олиб келади. Натижада инсоннинг ҳар қандай ёмонликка бошлайдиган нафсига қарши курашиши қийинлашади. Шунинг учун меъёрида овқатланиш, нафл рўза тутиш мақсадга мувофиқ.

Ўз нафсингиз билан бўладиган оғир жангда муваффақият ва зафарлар тилаймиз.


Олдини олиш учун нима қилиш керак?

Соғлом овқатланиш, жисмоний тарбия билан шуғулланиш. Айниқса кўпроқ пиёда юриш – қон-томир касалликлари, инсульт, хавфли ўсмалар ва қандли диабет каби касалликларнинг олдини олади.

Даврон НУРМУҲАММАД