— Яқинда шом намозидан кейин касал кўргани борган эдим. Беморнинг яқинлари шомдан сўнг касал кўрилмайди, деб мени беморнинг олдига қўйишмади. Яна сут, қатиқ каби оқликларни ҳам шомдан кейин олиб бўлмайди, деган гаплар ҳам бор… Шу тўғрими?
— Беморни зиёрат қилиш, уни кўришга бориш суннати муаккада ҳисобланади, ҳатто Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ вожиб ҳам деганлар. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Очни тўйдиринглар, беморни зиёрат қилинглар, асирни озод қилинглар”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Касал кўришга бориш айнан бирор вақтга белгилаб қўйилмаган. Одамларнинг вақти ва беморнинг шароитига қараб зиёратга борилаверади.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ким эрталаб касал кўргани борса, у билан бирга етмиш минг фаришта бирга боради ва кун ботгунича у учун истиғфор айтади. У жаннатда хурмо мевалари билан мукофотланади. Кун ботганидан кейин касал кўргани борган киши билан ҳам етмиш минг фаришта бирга боради ва тонг отгунча унга истиғфор айтади ҳамда у жаннатда хурмо мевалари билан мукофотланади” (Имом Абу Довуд ривояти).
Демак, кеча-ю кундуз беморларни зиёрат қилиш мумкин. Муҳими, беморга малол келадиган вақтда зиёрат қилмаса бас.
Сут, қатиқ каби оқликларни ҳам шомдан кейин олиб бўлмайди, деган гапларнинг динга умуман алоқаси йўқ. Асоси бўлмаган гаплардир.
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
#Сайёр_йиғилиш
Бугун, 2026 йил 2 февраль куни Тошкент шаҳридаги «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жоме масжиди мажлислар залида навбатдаги маънавий-маърифий сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тадбирни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов олиб бордилар.
Йиғилишда ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги мутасаддилари, шаҳримиз уламолари шунингдек туманлар бош имомлари, отинойилар, «Ҳаж 2025» зиёратчилари ва мҳаллалар раислари иштирок этди.
Тадбир доирасида ҳар бир маҳалланинг камида 5 тагача муаммоли хонадонига кирилиб, у ерда яшаётган кишилардан ҳол-аҳвол сўралди.
Имом-хатиблар 7 тоифага мансуб юздан зиёд оилага, отинойилар 4 тоифага мансуб ўнга яқин оилага кирилиб, маънавий-маърифий тарғибот ҳамда амалий ёрдам тадбирлари олиб борилди.
Ёт ғоялар таъсирига мойил бўлган фуқаролар билан суҳбатлашилиб, уларнинг тушунчалари тўғриланди.
Нотинч оилалар ўрганилиб, улар яраштирилди.
Тадбирда ичкиликка ружу қўйган кишилар билан ҳам суҳбатлашилиб, уларга соғлик катта неъмат экани тушунтирилди.
Диний соҳа ходимларининг «Ҳаж 2025» зиёратчилари билан бирга маҳаллаларга, оилаларга кириб бораётганидан аҳоли жуда мамнун.
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати