Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом яхшилик қилишда, сахийликда, инфоқ-эҳсон қилишда саховатлиларнинг саховатлиси эдилар. У зотдан бирон нарса сўралса, асло йўқ демасдилар.
Кимга мол - дунё берилган бўлса, уни кўпайтириб, босиб ётмасдан инфоқ - эҳсон, садақа йўлларига сарф қилиши керак. Сахийлик нажот топишнинг йўлларидандир. Аллоҳ таоло сахийликни инсонларнинг энг яхши фазилатларидан санаб, сахий кишиларга охиратда улкан ажр - савоблар бўлиши хабарини берган: “Аллоҳ йўлида молларини инфоқ-эҳсон қиладиган кишиларнинг мисоли худди ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган бир дона донга ўхшайди. (Яъни, қилинган бир яхшилик етти юз баробар бўлиб қайтишига ишора қилинмоқда). Аллоҳ ўзи хоҳлаган бандаларига бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ (фазли-карами) кенг, билгувчи зотдир" (Бақара сураси, 261-оят).
Ҳазрат Оишадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: Набий (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Сахийлик бир дарахтдир, унинг томирлари жаннатда, шоҳлари эса дунёга тушгандир. Ким унинг бир шохига осилса, уни жаннатга олиб боради. Бахиллик ҳам бир дарахт, томирлари дўзахда ва шохлари дунёга тушган. Ким унинг бир шохига осилса, уни дўзахга олиб боради”.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам энг саховатли Зот эдилар. У кишининг саховати олдида бошқа саховатлар ип эша олмас эди. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг яхшиси, одамларнинг энг сахийси ва одамларнинг энг шижоатлиси эдилар”.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирор нарса сўралганда, ҳеч қачон “йўқ” демаганлар”.
Саховат – аввало, Аллоҳга шукроналик қилишнинг бир белгиси. Ахир, карам билан сахони ҳам Аллоҳинг ўзи бандасига раво кўрибдими, бунинг шукронаси бўлиши, яъни бахиллик қилмаслик керак-да. Бу тўғрисида Алишер Навоий ҳазратлари шундай дейдилар:
Буки санга Тенгри ато айлади,
Қисм карам бирла сахо айлади.
Жуду саховат чоғи бухл этмагил,
Шукр замони доғи бухл этмагил.
Саховат, аллома Бадруддин Айнийнинг изоҳлашича, "Ҳақдорга тегишли нарсани бериш, ўз молидан ҳеч бир эвазсиз сарфлашдир. Бу энг улуғ чиройли хулқлардан бири. Бахиллик эса бунинг аксидир".
Сахийнинг Аллоҳга яқинлиги масофа маъносида эмас, балки Аллоҳнинг раҳмати ва савобига яқинлик маъносидадир. Зеро, Аллоҳ таоло макон ва замондан пок Зотдир.
Одамларга яқин бўлиши деганда, уларнинг муҳаббати, ҳурмати ва эъзози каби маънавий яқинлик кўзда тутилган. Мазкур ўринда ҳам макон жиҳатидан яқинлик мақсад қилинмаган.
Жаннатга яқинликдан мурод масофа бўлиши мумкин, бу жоиздир. Чунки киши ўз молидан Аллоҳ таоло розилиги учун лойиқ жойларга мўл-кўл сарф қилиш билан жаннат йўлини тутган ҳисобланади. Ҳадиси шарифларда жаннат атрофи қийинчилик ва машаққат, дўзах атрофи эса шаҳват ва маъсият пардалари билан ўралгани айтилади. Киши амали туфайли дўзахдан узоқ бўлиб, жаннатга яқин бўлади ёки аксинча.
Инсоннинг жаннатга яқинлашуви жаннат билан ўзи орасидаги пардаларни кўтариши демакдир. Хайрли амаллар, хусусан, Аллоҳ таоло ризоси йўлида қилинган сарф-харажатлар ана ўша пардаларни кўтаришини олимлар баён этганлар.
Хабарларда сахийлик ва сахийлар ҳақида шундай дейилган: “Сахий кишининг таоми шифодир, бахил одамнинг таоми касалликдир”, “Сахий кишининг хатоларини кечиринглар, чунки Аллоҳ таоло ҳар бир қоқилганида уни қўлидан тутиб туради”, “Хуфёна қилинган садақа Аллоҳнинг ғазабини сўндиради”.
Аллоҳ таоло айтади: “Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Бордию, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир”. (Бақара сураси, 271-оят).
Шу туфайли салафи солиҳлар ўзларининг садақаларини одамлар кўзидан яширишда муболаға қилганлар. Токи садақа бергувчининг кимлиги билинмасин. Баъзилари кўр камбағални, баъзилари ухлаб ётган фақирни қидирар, баъзилари эса фақирлар олиши учун улар ўтадиган йўлга садақаларини ташлаб қўйишар эди.
Абдуллоҳ ибн Масъуднинг мана бу фикрларига эътибор беринг: “Қайсиларингиз бир дирҳамни соғлигида ва бахиллигида инфоқ-эҳсон қилса, ўлим вақтида юз дирҳамни инфоқ этишни васият қилишидан яхшироқдир. Агар бойлик топсанг, уни қуртларга ем бўлмасин ёки қароқчилар қўлига тушмасин, десанг, садақа қил”.
Яҳё ибн Муоз айтади: “Ҳар қандай одамнинг қалбида сахийга муҳаббат, бахилга нафрат бор”. Ҳасан Басрий: “Торлик, зиқналик қилманглар, акс ҳолда сизларга торлик қилинади”, деганлар.
Имом Ғаззолий айтади: “Бахиллик дунёга боғланишнинг меваси, сахийлик эса зуҳднинг, яъни дунёга қиймат бермаслик самарасидир. Сахийлик ҳақиқий тавҳид ва таваккулга эришиш натижасидир. Яъни садақа билан мол камайиб қолмаслигига, Аллоҳ таолонинг бирга ўн баробар қилиб қайтариш ваъдасига ва ризқни Аллоҳ таоло етказишига ишончдан сахийлик туғилади. Бахиллик шубҳадан туғилади. Сабабларга ёпишиб қолиш ва Аллоҳ таолонинг ризқ ҳақидаги ваъдасидан шубҳаланиш натижасидир”.
Салмон Форсийнинг айтишича, “Агар сахий киши вафот этса, ер ҳамда одамларнинг номаи аъмолларини битувчи фаришталар бундай дейди: “Эй Раббим, бандангнинг бу дунёда қилган гуноҳларини авф эт!”. Агар вафот этган кимса бахил бўлса, улар: “Эй Аллоҳим, бу бандани жаннатдан тўсгил, чунки у бандаларингни Сен унинг қўлига берган мол-дунёлардан тўсган эди”, дейишади.
Сахийлик ва бахилликнинг бир неча даражалари бор. Сахийликнинг энг олий даражаси ўзининг мол-дунёга ҳожати бўлиб турса-да, қўлидаги ҳамма нарсани сахийлик билан бошқаларга тарқатиб юборишдир. Бахилликнинг энг юқори поғонаси эса кишининг молга ҳожати бўлатуриб, уни ўзига сарфлашда бахиллик қилишидир. Ҳазрати Али айтганларидай, “Бойлик эҳсон қилинса – иззат, беркитилса хорлик келтиради”.
Албатта, Рамазон хайру эҳсон ойи. Эзгуликка ташна халқимиз бу ойда янада саховатли бўлишади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Садақаларнинг энг яхшиси Рамазон ойида қилинган садақадир”, деганлар. Шунга кўра закот ва нафл садақаларни ҳам Рамазон ойида адо этиш янада фазилатлидир.
Раббимиз ўз бандаларини доимо хайру саховатли бўлишга буюради. Сахийлик инсонга бахт-саодат келтирадиган ва ўзгаларнинг севимли кишисига айлантирадиган хислатдир. Меҳр-мурувват, ҳамжиҳатлик, сахийлик халқимиз ардоқлаган, асрлар оша амал қилиб келаётган гўзал фазилат ҳамдир. Хайр-саховат, сахийлик инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарининг мустаҳкамланишига, ўзаро ҳурмат ва тотувликнинг ортишига хизмат қилади. Донолар айтганидек, “Ақлнинг қадри одоб билан, бойлик қадри саховат билан ошади”.
ЎМИ матбуот хизмати
Яқинда бир маҳалладошимиз фарзандларининг илмли ва фазилатли бўлиши, дунё ва охиратда улуғ мақомга эришишлари учун дуо олиш ниятида эҳсон қилди. Бу воқеа барчамиз учун ибратдир, десам муболаға бўлмайди. Зеро, мўмин киши фарзандларининг илмли, билимли ва фойдали шахс бўлиб камол топиши учун хайрли амаллар қилиши ҳақиқий фазилат саналади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда илмнинг аҳамиятини таъкидлаб, Пайғамбаримиз алайҳиссалом орқали барчамизга бундай дуо қилишни ўргатган: “Эй Раббим! Менга илмни зиёда эт!” (Тоҳа сураси, 114-оят).
Ушбу оят ҳар бир мўмин учун илм эгаси бўлишнинг нақадар муҳимлигини намоён қилади. Илм инсонга дунёда ҳам, охиратда ҳам камол топиши учун ёрдам беради. Ҳазрат Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам илм эгаллаш ва унинг фойдаси учун Яхшиликка чақириш Бугуннинг гапи “Эл-юртимизни бирлаштирадиган улуғ бир ғоя бор. У ҳам бўлса, Ватан манфаати, халқимиз манфаатидир. Мана шундай буюк мақсадга эришишда маҳалла тизимининг ўрни ва таъсири беқиёс. Чунки маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз тинч ва ҳамжиҳат бўлади. Маҳалла ривожланса, бутун мамлакатимиз юксалади. Тарих давомида қандай оғир синовларга дуч келмайлик, биз аввало бирдамликдан куч олдик. Машаққатли кунларда одамларимиз, маҳалла аҳли елкадош бўлиб қийинчиликларни енгган. Оила – оилага, қўшни – қўшнига кўмак бериб яшаган. Биз мана шундай ўта ноёб қадриятимизга доимо содиқ қолишимиз, ёш авлодимизни айни шу руҳда тарбиялашимиз керак”. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасидан Аллоҳдан дуо қилиб, умматларини доимо билим олишга чорлаганлар: “Аллоҳим! Билганларимизни фойдали қил! Бизга фойдали нарсаларни билдир! Илмимизни зиёда қил!”(Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривояти).
Шу боис киши нафақат ўзининг, балки фарзандлари ва умматнинг илмли бўлиши учун дуо қилиши ва бу йўлда қўлидан келганича амалий ёрдам бериши лозим.
Илм эгаллаш ва фойдали билимларга эришиш шариатимизда алоҳида мақтовга сазовор иш ҳисобланади.
Албатта, илмга эришиш учун ҳаракат, меҳнат, сабр ва интизом зарур. Мисол учун, ҳалиги маҳалладошимизнинг фарзандлари IELTS имтиҳонида юқори натижалар – 8 ва 7,5 баллни қўлга киритибди. Аслида улар бундай юқори кўрсаткичга тинимсиз меҳнатлари ва сабр-бардоши туфайли, қолаверса, мамлакатимизда ёшлар учун яратилган кенг имкониятлардан самарали фойдаланиб эришганлар.
Ҳақиқатан, юртимизда таълим, фан, спорт, санъат ва инновация соҳаларида ёшларни қўллаб-қувватлаш ишлари давлат сиёсати даражасида олиб борилмоқда. Бу эса ёшларимизнинг натижаларида ўз аксини топмоқда ва келажак учун умид бағишлаяпти.
Илмли ёшлар нафақат ўзини ривожлантиради, балки атрофдагиларга ҳам фойдаси тегади. Шунинг учун фарзандларимизни билимли ва касб-ҳунар эгаси бўлиб ўсишлари учун доим ҳаракат қилишимиз, уларни қўллаб-қувватлашимиз ва энг муҳими, уларни бу йўлда дуолар қилиб туришимиз лозим.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради”, дедилар» (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Илмга бундан ортиқ тарғиб бўлмаса керак. Ҳар бир инсоннинг олий мақсади – жаннат. Жаннатга эришиш учун у ҳар нарсага, ҳар қандай қийинчиликларга тайёр туради.
Алишер Навоий бобомиз ҳам ёшларни илм эгаллашга чорлаб бундай сатрлар битган:
“Йигитликда йиғгил илмнинг махзани,
Қарилик чоғи харж қилғил ани”.
Албатта, ёшликда олинган билим худди тошга ўйилган нақш каби муҳрланиб қолади. Бу эса кишига ҳар икки дунёда ҳам манфаат етказади.
Бойлик, пул ва давлат сарфлангани сайин ана шу бойлик камайиб бораверади. Илм эгалласангиз, уни ўзгаларга ҳам улашсангиз, аксинча, илмингиз зиёда бўлса бўладики, сира озаймайди.
Хулоса қилиб айтганда, ота-оналар фарзандларининг илмли бўлиб вояга етишига кўмаклашиши керак. Мурғаклик пайтиданоқ китобга муҳаббат уйғотиши, фойдали билимларни ўзлаштиришга чорлаши тарбиянинг энг яхши намунасидир.
Абдураҳмон АСҚАРОВ,
Тошкент шаҳридаги “Катта Қозиработ” жоме масжиди имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws