Sabq электрон газетасининг маълум қилишича, 32 йил давомида покистонлик муслима Насим Ахтар томонидан матога тўқиб тайёрланган Қуръони карим кўргазмада намойиш учун жойланди. Ушбу ягона нусхадаги Мусҳаф Жабал Омар Қуръон кўргазмасига қўйилган бўлиб, ҳар куни минглаб инсонлар ушбу кўргазмадан баҳраманд бўлиш учун ташриф буюришлари қайд этилган.
Маълумотларга кўра, 1987 йилда 30 ёшида бўлган покистонлик муслима Қуръони каримни тўқишни бошлаган ва 2018 йил январида у ноёб Мусҳафни кўчиришни тугатган.
Ушбу Мусҳафни яратишда 300 метрдан ортиқ мато ва 25 минг метрданортиқ ип ишлатилган. Қуръони карим 10 томдан иборат бўлгани, ҳар бир қисмда 3 жуздан иборат экани айтилган.
Муслима тўқиш билан пешин намозидан кейин бўш вақтида шуғулланган.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Аллоҳ таоло шаъбоннинг ярмидаги тунларда барча махлуқотларига назар солиб, мушрик ва аразлашганлардан бошқа барчанинг гуноҳини кечиради" (Ибн Можа ривояти).
Мен Сиздан Аллоҳ учун кечирим сўрайман.
Мени кечиринг!
Остонада Бароат кечаси!
Бугун шом намозида кейин гуноҳлар кечириладиган – Бароат кечаси кириб келади. Бу кечада ҳамманинг гуноҳлари кечирилади, фақат бир-бири билан аразлашган, гина-адоватда бўлганлар мағфиратга эришмайди.
Аслида кечириш жуда осон... Тўғри, балки дилингизни оғритишган, яхшиликларингизни билишмагандир, аммо барибир, кечиримли бўлиш яхши.
Кўнглингизга озор берганларни кечириш учун ўзингизни овутиб, баҳоналар тўқишга уринманг. Балки шунча гуноҳ қилсангиз ҳам Аллоҳ Сизнинг гуноҳларингизни кечираётганини, У Зот сизга лутф этаётган беминнат неъматларини эсланг.
Ишонинг, аразлашган яқинларингиз билан муносабатларни тиклаш, кўнгилдаги нафрат изларини йўқотиш, қалбдаги оғриқни тўлиқ олиб ташлаш – сизга анча енгиллик беради.
Бароат кечаси – гина-адоват, нафрат-аразлар, хафагарчиликлар унутиладиган, ҳамма бир-биридан розилик ҳамда кечирим сўрайдиган кеча. Бу кеча Аллоҳ насиб қилса яна бир йилдан кейин келади. Лекин унга яна кимлар етади, кимлар етмайди.
Шундай экан, яхши кўрган инсонларингизни маҳкам тутинг.
Уларни яхши кўришингизни айтинг, хатоларини кечиринг. Бир кун келиб кеч бўлиши мумкин.
Ҳаёт гина сақлашга, ғазабга, ришталарни узишга арзимайди.
Эртага биз фақат хотира бўлиб қоламиз. Ўлим рухсат сўрамайди.
Даврон НУРМУҲАММАД