“Қиссаси Рабғузий”да шундай бир хадис келтирилган: Пайғамбар алайҳисалом дедилар: “Кимда-ким дунё ажойиботларини кўрмоқчи бўлса, Одам алайҳиссалом қиссасига қарасин”.
ИНСОН сўзи Одам Ато авлодларининг умумий номи, кундалик ҳаётда кўпроқ қўлланиладиган атамалардан биридир.
“Инсон” сўзи араб тилидаги “Аниса” феълидан ҳосил бўлган исмдир. Мазкур феъл “мослашмоқ”, “танишмоқ”; “дўстлашмоқ”; “ёқтирмоқ”; “севмоқ”; “ўргатмоқ” каби ҳаракатларни ифода этади. Демак, бу ҳаракатларни ифодаловчи манбанинг исми сифатида инсон сўзи пайдо бўлган.
Юқоридаги ҳаракатларнинг барчаси фақатгина инсонга хосдир.
Инсонлар ўрганадилар ва ўрганган нарсаларини бошқа инсонларга ўргатадилар. Ҳаттоки, онгсиз жонзодларни, масалан, итларни, мушукларни, қушларни ва ҳоказо, муайян ҳатти-ҳаракатларга ўргатиб борадилар.
Абу Наср Форобий бобомиз ўзининг “Фозил одамлар шаҳри” асарида шундай ёзадилар: “Одамларга нисбатан уларни бирлаштирувчи бошланғич асос инсонийликдир, шунинг учун ҳам, одамлар инсоният туркумига кирганликлари туфайли ўзаро тинчликда яшамоқликлари лозим”.
Инсон – маънавий камолот имкониятига эга бўлган моддий мавжудот.
Инсонларга нисбатан яна кундалик ҳаётимизда - одам, киши, шахс, “ожиз банда” каби сўз ва иборалардан ҳам фойдаланилади.
“ОДАМ” сўзи ўзлаштирма сўз сифатида араб тилидан олинган бўлиб, унинг биринчи маъноси - “қора танли”; иккинчиси эса - “Одам Ато”, яъни бутун инсониятнинг отаси - Одам алайҳиссаломнинг муборак исмларини ифода этади.
Сидқий Хондайлиқий эса “Одамни буғдойранг бўлгани сабаби бирла они одам дебдурлар ва ёки ани “Одами арзин”, яъни юзидин халқ қилиб (яратиб)дурлар” дея таъриф берган.
Одам сўзи қўлланилганда, Одам атонинг зурриётларидан бирини назарда тутилади.
Одам – фикрлаш, сўзлаш ва меҳнат қилиш қобилиятига эга бўлган, шу туфайли бошқа ҳамма махлуқотлардан устун турувчи жонли зот, киши.
Изоҳли луғатда “одам” ва “киши” атамалари деярли бир хил таърифланган сўзлардир.
“ШАХС” атамаси эса араб тилидан олинган бўлиб, жамиятдаги алоҳида бир кишини, одамни аташ учун хизмат қилади.
Лекин одам шаклидаги ҳар бир мавжудотга нисбатан шахс иборасини қўллаб бўлмайди.
Кўзга кўрингани, намоён бўлгани учун инсонни БАШАР, инсониятни эса башарият дейдилар. Жисм эгаси бўлмиш ҳар бир башар шахс даражасига кўтарила олмаслиги ҳам мумкин.
Шахс – билим, одоби, хулқи ва бошқа фазилатлари билан ажралиб турувчи, ўз маънавий қиёфасига эга одамдир.
Файласуфларнинг баъзилари инсонга қуйидагича таъриф берган:
Инсонни фақат унинг ишларига қараб эмас, интилишларига қараб ҳам баҳолаш лозим.
Демокрит
Инсон қандай фикрласа, у ҳаётда шундайдир.
Сицерон
Одам — фақат атама эмас, — унвон, унвон бўлганда ҳам, жуда юксак унвон. Бу юксак унвонга муносиб бўлиш учун бир умр интилиш керак.
Расул Ҳамзатов
Дунёдаги барча таърифлардан устун ва энг тўғриси бу Аллоҳ таолонинг Каломи Қуръони каримда келтирилган оятлардир. Аллоҳ таоло Ўз Каломида инсон ҳақида шундай таъриф беради:
“Агар сизлар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига етолмайсизлар. Ҳақиқатан, инсон зоти ўта золим ва ношукрдир”.
(Иброҳим, 34)
Аллоҳ таоло инсон зотини азиз ва мукаррам қилиб яратди. Аммо биз ўзимизга Аллоҳ таоло томонидан тортиқ этилган неъматлар ва бизга берилган мақомга лойиқ иш қилаяпмизми? Бизнингча ҳар бир одам бу саволни ўзига такрор ва такрор ҳаркуни бериб бориши ва бунга жавоб излаши лозим. Зеро, ҳар қандай шароитдаги умр ҳам бир кун поёнига етади. Асл ҳаёт бошланганда эса биз бу дунёда қилган ҳамма ишларимизга жавоб берамиз.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Қиёмат куни учун адолат торозуларини ўрнатурмиз. Ҳеч бир жонга бирор зулм қилинмас. Агар ачитқи донаси мисқолида нарса бўлса ҳам келтирурмиз. Биз ҳисоб қилувчиликка кифоя қилурмиз”.
(Анбиё сураси, 47)
Саидаброр Умаров тайёрлади
Мусулмонлар Ҳунайн ғазотида ғалаба қозонишди. Ҳунайн ғазоти Шаввол ойида, ҳижратнинг саккизинчи йили, Макка фатҳидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳавозин ва Сақийф қабилалари ўртасида бўлиб ўтган эди. Жангда ғалаба қозонган мусулмонлар катта ғаниматга (ўлжага) эга бўлдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ғаниматларни қалби Исломга мойил бўлган янги мусулмонларга тақсимлаб бердилар. Қавмнинг катталари Абу Суфён, Уяйна, Ақраъ, Суҳайл ибн Амр ва бошқаларга ҳам бердилар.
Ваҳоланки, улар Қурайш мушрикларининг энг катталари бўлиб, узоқ йиллар Пайғамбаримизга қарши урушган кишилар эди. Ушбу ғаниматлар тақсимланишидан бир неча кун олдингина исломни қабул қилишган эди. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорларга (Мадиналик саҳобаларга) ушбу ғаниматлардан ҳеч нарса бермадилар.
Ҳолбуки, улар Исломни ёйиш ва Пайғамбар алайҳиссаломни ҳимоя қилиш учун қонларини тўккан, жонларини фидо қилган кишилар эди. Бу ҳолат уларнинг қалбларига оғир ботди ва хасратланиб шундай дейишди: «Қиличларимизнинг тиғидаги душманнинг қони ҳали қотгани йўқ, аммо ғаниматлардан бошқалар баҳраманд бўлди. Бизга эса, ҳеч нарса берилмади».
Бу борада Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу келиб Пайғамбаримизга бўлаётган гаплар хақида, одамларнинг қалбидаги хафаликни айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Саъд, сен бу ҳақда нима дейсан?” дедилар. Саъд: “Мен ҳам қавмим тарафидаман”, деб жавоб берди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Қавмингни менинг ҳузуримга йиғ”, дедилар. Улар тўпланганларидан кейин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламжуда буюк, ниҳоятда таъсирли, қалбларни жумбушга келтирувчи, кўзларни ёшга тўлдирувчи хутба қилдилар.
У зот уларга мулойимлик ва муҳаббат билан қуйидагича мурожаат қилдилар: “Эй ансорлар! Мен сизларни гумроҳ ҳолда топмаганмидим? Аллоҳ таоло мен туфайли сизларни ҳидоят қилмадими? Сизлар тарқоқ ва пароканда эмасмидинглар, Аллоҳ таоло мен сабабли сизларни бирлаштирмадими? Сизлар фақир ва муҳтож эмасмидинглар, Аллоҳ таоло мен орқали сизларни бой қилмадими?”.
Ҳар сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам савол билан мурожаат қилганларида, улар: “Аллоҳ ва Унинг Расулидан миннатдормиз”, деб жавоб қайтаришарди.
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нима учун менга жавоб қайтармаяпсизлар?” дедилар. Улар яна: “Аллоҳ ва Расулидан миннатдормиз!”, дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Агар истасангиз, сизларнинг ҳам шундай дейишга ҳаққингиз бор: “Сиз бизнинг ҳузуримизга қавмингиз томонидан инкор қилинган ҳолда келдингиз, биз эса, сизни тасдиқладик. Сиз қавмингиз томонидан ёлғончига чиқарилган эдингиз, биз сизга ишондик, имон келтирдик ва сизга ёрдам бердик. Сиз ўз юртингиздан қувилдингиз, биз эса, сизга паноҳ бердик. Сиз муҳтож ҳолда келдингиз, биз эса, Сизни ўз мол-мулкимизга шерик қилдик”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу сўзларни айтганларида улар: Аллоҳ ва Унинг расулигина бизларга миннат қилишга ҳақли, дейишди. Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўзларни уларга тавозелик ва инсоф юзасидан айтган эдилар. Лекин, ҳақиқатан олганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам миннат қилишга ҳақли эдилар, улар ҳар қанча миннатдор бўлсалар арзийди. Чунки агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижратлари бўлмаганида, уларнинг орасида яшамаганларида, уларнинг бошқалардан фарқлари бўлмас эди. Ансорларнинг шаъни юксалмас эди, қадрлари кўтарилмас эди.
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қараб: “Эй ансорлар! Нима деб ўйлайсизлар, бошқалар қўй ва туялар билан уйларига қайтсалар, сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан уйларингизга қайтишни истамайсизларми? Бундан розимасмисизлар?”-дедилар.
Бу гапнинг нақадар улуғлиги, ансорларнинг қалбига етиб боришлигини билганлари учун ҳам Расулуллоҳ уларга ғаниматдан бермаган эдилар.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Агар ҳижрат қилмаганимда, албатта мен ансорлардан бўлар эдим, агар одамлар бир водийда юрсалар, мен ансорлар юрган йўллардан юрар эдим, ансорлар мен учун ички кийимимдек, бошқалар эса ташқи кийимимдек”, дедилар ва: “Аллоҳим ансорларга раҳматингни ёғдир, уларнинг фарзандларига ва фарзандларининг фарзандларига ҳам”, деб уларнинг ҳаққига дуо қилдилар.
Бу сўзларни тинглаган ансорларнинг кўзларидан ёшлар тўкилди, соқоллари хўл бўлди. Улар йиғлаган ҳолатда: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни биз билан бўлишларига розимиз, бизнинг ғаниматимиз, бизнинг улушимиз бўлганларидан розимиз!” — дейишди.
Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни келажакда бўладиган фитналардан огоҳлантириб шундай дедилар:
“Мендан кейин сизлар ўзингизга нисбатан адолатсизликни кўрасизлар, аммо сабр қилинглар. Менинг ҳавзимда мен билан юзлашгунингизча, сабр қилинглар!”.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ