1-савол: Араб тилини яхши билган киши Қуръондан ўзича ҳукм чиқарса бўладими?
Жавоб: Йўқ. Қуръон ва ҳадисга маъно бериш ва ундан ҳукм чиқариш учун киши бир қанча илмларни билиши шарт. Жумладан, биринчи навбатда араб грамматикасини (наҳв, сарф), Қуръон ва ҳадис илмини, ундаги оятларнинг нозил бўлиш сабабларини билмоғи, носих-мансуҳ, мутлақ ва муқайяд, ом ва хос каби оятларни ажрата олиши лозим. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Қуръонни ўзича тафсир қилса, дўзахдан ўзига жой тайёрласин”, деганлар.
2-савол: Намоз ҳали фарз бўлмаган бола Қуръони каримни таҳоратсиз ушласа бўладими?
Жавоб: Баъзи уламолар, ёш болалар Қуръони каримни таҳоратсиз ушласа бўлади, дейишган. Шундай бўлсада улар Қуръони каримни ҳурматлаш, эъзозлаш руҳида вояга етишлари учун уларга Қуръон одобларини, уни таҳоратсиз ушлаб бўлмаслигини, шунинг учун таҳорат билан ушлашлари лозимлигини ўргатиш зарур.
3-савол: Бугунда жуда кўплаб газета ва журналларда Қуръони карим оятлари, ҳадиси шариф ёки Аллоҳнинг гўзал исмлари, шунингдек, ҳар хил ривоят ва ибратли ҳикоялар ёзилган. Албатта, бу ишлар ёшларимизнинг диний билимлари ошишига хизмат қилади. Лекин айрим кимсалар бу саҳифаларни нопок жойларга ташлашяпти. Ўша қоғозларни ўқиб бўлгандан сўнг, нима қилиш керак?
Жавоб: Жуда ўринли савол. Ҳақиқатдан ҳам бугунги кунда кўплаб газета ва журналларда Қуръони карим оятлари, ҳадиси шариф ва умуман динимизга доир мақолалар чоп этилиши олдингига нисбатан сезиларли даражада кўпайди. Бундай газета, журнал ва қоғозлар ўқиб бўлингач, уларни сақлаб қўйиш ёки одамлар босмайдиган ерга кўмиш лозим бўлади. Аммо зинҳор кўчага улоқтириш ёки у билан бирор нарсани ўраш ё ундан дастурхон ўрнида фойдаланиш мумкин эмас. Акс ҳолда, илоҳий калималарга нисбатан ҳурматсизлик қилинган бўлади.
4-савол: Қуръон оятларидан ўқиб дам солиш мумкинми?
Жавоб: Ҳа. Аллоҳ таолонинг каломи жисмоний ва маънавий иллатларга шифо бўлишлигига шубҳа йўқ. Бунга аҳли сунна валжамоа ақидаси иттифоқдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз. (Лекин бу оятлар) золим (кофир)ларга фақат зиённи орттирур” (Исро).
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Аллоҳ китобининг фотиҳасида (Фотиҳа сурасида) ҳар бир дардга шифо бор!” (Имом Доримий ва Байҳақий ривоятлари).
Саҳобаи киромлар ҳатто чаён чаққанга ҳам Қуръон ўқиб дам солганлари саҳиҳ ҳадисларда ворид бўлган. Дам солиш учун Қуръонни тўлиқ ўқиб чиқиш шарт эмас. Билган оятларини ўқиб, ихлос билан дам солса бўлади, худо хоҳласа, шифо беради.
5-савол: Қуръон ўқиш одобларини ўрганмоқчи эдим. Илтимос, ёрдам беринг?
Жавоб: Қуръон ўқувчи қори буларга риоя этиши лозим:
Қорининг одоб-ахлоқи, феълу атвори ва сийрату шамоили юксак даражада, бошқаларга ўрнак бўлиши керак.
Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтар эдилар: “Қорилар қандайдир хусусиятлари билан бошқалардан ажралиб туришлари керак. Масалан, тунда одамлар ухлаганида, у Қуръон тиловати билан бедор, кундузи одамлар овқатланганида, у рўзадор, одамлар ўйин-кулги билан машғул бўлганида, у ғамгин, одамлар беҳуда гаплар гапиришганида, у сукутда бўлиши керак”.
Қори ўқиганига амал қилиб, ҳаром ва макруҳлардан тақво қилиши керак.
Қорилар Қуръон тиловатини тирикчилик манбаига айлантириб олмасликлари лозим.
6-савол: Қуръони каримни хатм қилишда нималарга эътибор бериш лозим?
Жавоб: Қуръони каримни хатм қилишда энг муҳими, тўғри тажвид билан ўқилишига эътибор бериш керак. Бировга хатм қилдирганида ҳам унинг Қуръонни тўғри ўқишини билиш керак.
Қуръон тиловати мутлақо холис бўлиши керак. Пул таъмасида ёки бошқа дунёвий истаклар билан тиловат қилинса, тиловатга савоб берилмайди (Ибн Ҳумом, Ибн Обидин, Имом Баркавий).
Қуръонни хатм қилиш уч кун ёки ундан зиёда кунларда амалга оширилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимки Қуръонни уч кундан кам муддатда ўқиса, ҳеч нарса тушунмайди”, деганлар.
Хатми Қуръон вақтида аҳлини чақириб, ҳаммалари биргаликда дуо қилса, иншоаллоҳ, ижобат бўлади (“Фатовойи Қозихон”).
7-савол: Ҳурматли Муфтий ҳазратлари! Қуръони карим оятларининг сони китобларда ҳар хил айтилган. Баъзиларида 6666 га дейилса, бошқаларида ундан кам адад кўрсатилган. Оятларнинг сони қанча?
Жавоб: Қуръон оятлари сони ҳақида кўп ривоятлар келган. Кўфаликлар Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) ривоятига суянилиб 6236 оят, дейишган. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) Қуръон 6218 оят деса, Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) 6216 оят дейди. Исмоил ибн Жаъфар Маданийга кўра 6214 оят, яна 6212, 6204 ва 6226 оятдан иборат деганлар ҳам бор.
Бу дегани Қуръон оятлари кўп ёки кам дегани эмас, балки баъзи уламолар Қуръоннинг оятларини бир-бирига қўшиб, икки оятни битта деб (маъносидан келиб чиқиб) ҳисоблаганлари учун уларнинг сони турлича ҳисоб қилинган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўтган солиҳ зотлар жамоат билан намоз ўқиёлмай қолсалар, бир-бирларига таъзия изҳор қилишар экан. Шундай зотлардан бири Ҳотамул Асом айтади: “Мен жамоатга улгурмай қолдим, шунда менга Абу Исҳоқ Бухорийнинг бир ўзи таъзия билдирди. Агарда ўғлим ўлиб қолса минглаб одамлар таъзия изҳор қилишади. Бунинг сабаби одамлар наздида дин мусибати дунё мусибатларидан кўра арзимас саналганидандир”.
Бугунги кунда орамизда қанчалаб одамлар жамоат намозларини ўтказиб юборадилар, жиддий эътибор қаратмайдилар. Баъзида иш, ғам-ташвишларнинг кўплигини баҳона қиламиз, тўғрими?! Яна кўплар туни билан ухламасдан, бомдод намозига яқин ухлаб қолишлари ҳам бор гап.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Зимистонда масжидлар сари одим ташловчиларга қиёмат кунидаги тамомий нурнинг хушхабарини беринглар”[1] деганларини наҳот эшитмагансиз?!
Шайтон сизнинг устингиздан ғалабага эришиб, намозда хотиржамлигингизни кетказишига имкон берманг!
Омир ибн Абдуллоҳ ўлим тўшагида ётганларида азон овозини эшитиб: “Мени қўлимдан тутинглар”, дедилар. Омир ибн Абдуллоҳга “Ахир сиз бетобсиз-ку”, дейишганида: “Аллоҳнинг чақириғини эшитиб туриб, унга риоя қилмайманми”, дедилар. Кейин у кишини қўлидан ушлаб турғизишди. Масжидда имом билан шом намозининг бир ракатини ўқидилар ва жон таслим қилдилар.
Яна бир мисол: Суфён ибн Уяйна азон айтилишидан илгари намозга боришга иштиёқманд бўлганлар ва доим: “Намозга азон айтилмагунича масжидга келиб турмайдиган ёмон қул бўлма. Чунки ёмон қул чақирмагунингча келмайди”, дер эдилар.
Оиша розияллоҳу анҳо онамиз айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан суҳбатлашиб ўтирардик, у зот ҳам биз билан гаплашиб ўтирардилар. Борди-ю, намоз вақти кириб қолса, бир-биримизни танимагандай бўлиб олардик”[2].
Шукрки, орамизда масжидда биринчи сафга жойлашиш учун ғайрат қилувчилар кўпайиб бормоқда. Набий алайҳиссалом: “Агарда одамлар азонда ва биринчи сафда нималар борлигини билишса эди, унга эришиш учун қуръа ташлашдан бошқа чора бўлмаса, албатта, қуръа ташлаган бўлардилар”, деганлар.
Саид ибн Мусайяб айтади: “Мен эллик йилдан бери бирор марта биринчи такбирни ўтказиб юбормаганман. Эллик йилдан буён намозда бирорта кишининг бошининг орқасига қараган эмасман”.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривояти.
[2] Мурсал ҳадис. Ироқийнинг “Иҳё”га ёзган тахрижига қаранг (1, 205).