Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Июл, 2025   |   22 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:25
Қуёш
05:05
Пешин
12:34
Аср
17:39
Шом
19:58
Хуфтон
21:30
Bismillah
17 Июл, 2025, 22 Муҳаррам, 1447

“Шарҳ ал-ақоид ан-Насафия” асарига ёзилган шарҳ, ҳошия ва таълиқлар

20.08.2024   4383   4 min.
“Шарҳ ал-ақоид ан-Насафия” асарига ёзилган шарҳ, ҳошия ва таълиқлар

Манбашунослик фани тамойилларига кўра, муайян ёзма манба қўлёзмаларининг турли минтақаларда кўплаб сақланиб қолганлиги бир жиҳатдан, унинг кенг истифода қилинганига далил бўлса, иккинчи томондан, ўша асарнинг ўз йўналишида муҳим қийматга эга бўлганига далолат қилади. Ушбу омиллар Саъдуддин Тафтазонийнинг каломга доир ёзма меросида ҳам мавжуд бўлиб, зеро, унинг замирида алломанинг илмий салоҳияти ётади.

Саъдуддин Тафтазонийнинг калом илмига оид энг кенг тарқалган асари бу – “Шарҳ ал-Ақоид ан-насафия”дир. Бу асар 1367 йили Хоразмда ёзиб тугатилган. Бир жиҳатдан, у ёзилганидан буён таълим даргоҳларида асосий дарслик сифатида ўқитиб келинса, иккинчи томондан инсоният тарихидаги йирик мусулмон империяларда ҳам давлат раҳбарлари уни алоҳида ўрганганлар ва ўша ҳукмдорларга атаб баъзи олимлар унга шарҳ ва ҳошиялар ёзганлар. Бунга мисол сифатида Усмонли салтанатини келтириш мумкин. Хусусан, Султон Боязид II га ҳам устози Мавло Салоҳуддин томонидан “Шарҳ ал-Ақоид ан-насафия” ўқитилган ва у ушбу шогирдининг таклифига биноан асарга ҳошия ҳам ёзган эди.

Бундан ташқари, Муҳаммад Қосим “Ҳошия ал-Хаёлий ало Шарҳ ал-Ақоид ан-насафия”га ҳошия ёзиб, уни Аштархонийлар сулоласининг учинчи вакили Бухоро хонлигининг ҳукмдори бўлган Имомқулихон ибн Динмуҳаммадга атаган.

Тадқиқотчилар “Шарҳ ал-Ақоид ан-насафия” асарини ўрганиш жараёнида турли асрларда яшаб ижод қилган ҳанафий, шофиий ва моликий мазҳаби олимлари томонидан 97 та шарҳ, ҳошия ва таълиқ ёзилганлигини аниқлаганлар.

Масаланинг муҳим жиҳати шундаки, асарга шарҳ ва ҳошия ёзганлар қаторида Саъдуддин Тафтазонийга замондош бўлган Иъззуддин Муҳаммад ибн Абу Бакр Ҳамавий ва Мавло Муҳаммад ибн Қози Манёс каби олимларнинг ҳам мавжудлиги таҳсинга сазовордир.

Шунингдек, унда келтирилган ҳадислар тахрижига оид алоҳида асарлар ҳам битилган. Бу эса, алломанинг замондош олимлар томонидан юксак эътирофи бўлиб, у манбанинг аҳамиятини белгиловчи муҳим омиллардан саналади. Лекин мазкур олимларнинг шарҳлари бугунги кунгача етиб келган бўлса-да, ҳали ҳануз нашр этилмаган.

Нашр этилган ҳошиялар ҳақида гапирганда “Ибн Жамоат” номи билан танилган Абу Абдуллоҳ Иъзуддин Муҳаммад ибн Абу Бакрнинг “Ҳошия ало Шарҳ ал-ақоид ан-насафия”;

Шамсуддин Аҳмад ибн Мусо Хаёлийнинг “Ҳошия ало Шарҳ ал-ақоид ан-насафия”, “Касталий” номи билан танилган Муслиҳуддин Мустафо ибн Муҳаммаднинг “Ҳошия ало Шарҳ ал-ақоид”, “Қора Халил” номи билан танилган Қозиаскар Қора Халил Афанди ибн Ҳасаннинг “Ҳошия ало Шарҳ ал-ақоид” ва бошқа шу каби 40 дан ортиқ чоп этилган ҳошияларни эътироф этишимиз мумкин.

Бундан ташқари “Шарҳ ал-Ақоид ан-насафия” асарига ёзилган ва ҳали ҳануз аниқланмаган 100 га яқин ҳошия ва шарҳлар тадқиқотчиларни кутиб турибти

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, Саъдуддин Тафтазонийнинг ҳанафий-мотуридий таълимоти бўйича энг кенг тарқалган ва фойдаланиладиган асари “Шарҳ ал-Ақоид ан-насафия”дир. Зеро, у шарҳ бўлишига қарамасдан, шу пайтгача таълим тизимида унумли фойдаланиб келинмоқда. Шунингдек, асрлар оша машҳур олимларнинг диққат марказида бўлиб, шарҳ, ҳошия ва таълиқлар битилган.Бу эса, ушбу манба нафақат тарихда ўтган турли адашган фирқалар қарашларини танқидий ўрганишда, балки, замонавий радикал оқимларга илмий раддиялар беришда ҳам муҳим илмий аҳамият касб этади. 

 

Ўткирбек Собиров

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бош мутахассиси

 

“Шарҳу ақоиди Насафия” асарини ўзбек тилига илмий-изоҳли таржимаси ҳамда

унинг андроид ва мультимедиа дастурларини тайёрлаш бўйича лойиҳа аъзоси

 

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

“Расулуллоҳ, сизга салавот қандай айтилади?”

16.07.2025   3669   1 min.
“Расулуллоҳ, сизга салавот қандай айтилади?”

حدثنا عباس الدوري نا محمد بن بشر العبدي نا مجمع بن يحيى عن عثمان بن موهب عن موسى بن طلحة عن طلحة قال: قلت: يا رسول الله كيف الصلاة عليك ؟ قال: قل :اللهم صل على محمد كما صليت على إبراهيم إنك حميد مجيد وبارك على محمد وعلى آل محمد كما باركت على إبراهيم إنك حميد مجيد.

 

Мусо ибн Талҳа розияллоҳу анҳу Талҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Ё Аллоҳнинг Расули, сизга салавот қандай айтилади?” деб сўрадим.

 

У зот алайҳиссалом: “Аллоҳумма солли ъалаа Муҳаммадин камаа соллайта ъалаа Иброҳийма иннака ҳамийдун мажийд. Ва баарик ъалаа Муҳаммадин ва ъалаа аали Муҳаммадин, камаа бааракта ъалаа Иброҳийма иннака ҳамийдун мажийд”, деб айт”, дедилар.

 

Салавотнинг маъноси: “Аллоҳим! Иброҳимга салавот йўллаганингдек, Муҳаммадга ҳам салавот йўллагин. Албатта, Сен мақтовга лойиқ ва улуғвор Зотсан. Иброҳимга баракот берганингдек, Муҳаммад ва Муҳаммаднинг оиласига ҳам баракот бергин. Албатта, Сен мақтовга лойиқ ва улуғвор Зотсан”.


Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД