Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Сентябр, 2026   |   3 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:42
Қуёш
06:02
Пешин
12:19
Аср
16:44
Шом
18:39
Хуфтон
19:54
Bismillah
14 Сентябр, 2026, 3 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳридаги яна бир жоме масжид қайта бунёд этилди

02.12.2023   783   2 min.
Тошкент шаҳридаги яна бир жоме масжид қайта бунёд этилди

Бугун, 2 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Тошкент шаҳрида қайта қурилган “Искандархўжа” жоме масжидининг янги биноси очилиш маросимида иштирок этдилар. 

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари маросимда юртимизда диний-маърифий жабҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, янги масжид очиш, мавжудларини қайта қуриш ва таъмирлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, уларда намозхонларга яратилган шарт-шароитлар ҳақида сўз юритдилар. Шунингдек, масжид қуриш ва обод этишнинг фазлини баён этиш баробарида қурилиш ишларида кўмакчи бўлган ҳомийлар, устаю-муҳандислар, қурувчилар ва масжид қавми улуғ ажрларга эга бўлганини билдирдилар. Муфтий ҳазратлари ушбу жоме атрофида яқин ўтмишдаги улуғ зотлар истиқомат қилганлари ва масжидда ҳам мўътабар зотлар хизмат қилганларига алоҳида урғу қаратдилар.

Маросим якунида Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Қуръони карим тиловати қилди, Тошкент шаҳридаги "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти мудири, қори-домлалар устози, мазкур жомеда Рамазон ойларидаги бир неча бор хатми Қуръон ўқиган Абдуҳаким қори Матқулов томонидан хайрли дуолар қилинди.

Маълумот ўрнида, масжиднинг янги биноси қурилиш ишлари 2022 йил май ойида бошланган. Жоме илк маротаба 1995 йилда қурилган, 1998 йилда эса давлат рўйхатидан ўтказилган. Масжиднинг эътиборга молик жиҳати шундаки, мажмуанинг умумий майдони 20 сотих бўлиб, хонақоҳ ва айвонларда 5000 нафардан зиёд намозхон ибодатларни эмин-эркин адо этиши мумкин. Баландлиги 10 метр бўлган гумбазлар ва битта минора масжид кўркига кўрк қўшмоқда.

Мажмуада иссиқлик ва совутиш тизимлари, шу билан бирга замонавий овоз кучайтиргичлар ўрнатилган. Имом-хатиб, мутаввалли ва қоровулхона каби маъмурий бинолари ҳам бор. 

Замонавий таҳоратхонасида бир вақтнинг ўзида 100 дан зиёд киши фойдаланиши учун барча шароитлар муҳайё этилган.

Аллоҳ таоло бундай хушхабарларни бардавом қилсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Туркий давлатлар муфтийлари Боку шаҳрида жамланади

13.09.2026   16572   1 min.
Туркий давлатлар муфтийлари Боку шаҳрида жамланади

Жорий йилнинг 13–16 сентябрь кунлари Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ҳамда унинг доирасидаги бир қатор тадбирлар бўлиб ўтади.

Йиғинларда туркий дунёнинг етакчи дин пешволари – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров, Туркманистон муфтийcи Раҳмон Қурбонмуродов кабилар бошчилигидаги туркий давлатлар уламоларидан иборат делегациялар иштирок этади.  

Мамлакатимиз делегацияси сафидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши, Фатво маркази, ҳудудий вакилликлар ҳамда олий диний таълим муассасаларидан вакиллар жой олган.

Тадбирлар доирасида уламолар мусулмон уммати учун муҳим бўлган шаръий масалалар, замонавий фатволар ва муштарак ташаббусларни муҳокама қилиб, якуний ҳужжатларни имзолайдилар. Шунингдек, илмий-амалий анжуман, икки томонлама музокаралар ҳамда табаррук қадамжолар зиёрати ҳам режалаштирилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари