29 ноябрь куни Ғазо секторидаги вазият бўйича БМТ Хавфсизлик Кенгашининг юқори даражадаги мажлиси ўтказилади. Бу ҳақда Хитой ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ван Вэньбин маълум қилди. КП Марказий Қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, Хитой Халқ Республикаси ташқи ишлар вазири Ван И йиғилишга раислик қилиш учун Нью-Йоркка боради.
– Хитой Кенгашдан халқаро тинчликни, хавфсизликни сақлаш бўйича асосий масъулиятини бажариши, умумий саъй-ҳаракатда фаоллик кўрсатишини кутади, – деди дипломат. – Юқори даражадаги йиғилиш орқали чуқур алмашинувни ривожлантиришга келишиб олиш, аниқ чоралар кўриш ва Ғазодаги гуманитар инқирозни юмшатиш, ўт очишни, ҳарбий ҳаракатни тўхтатиш, бегуноҳ аҳоли ва фуқароларни ҳимоя қилишга муносиб ҳисса қўшишга эришишни умид қиламиз. Пировард мақсад “Икки халқ учун икки давлат” тамойили асосида Фаластин муаммосини кенг қамровли, адолатли ва узоқ муддатли тартибда ҳал этишга кўмаклашиш.
Таъкидланишича, БМТ ХК томонидан Исроил – Фаластин можароси бошлангандан кейин қабул қилинган илк резолюция ўт очишни тўхтатиш йўлида дастлабки қадамни қўйиш имконини берди ва гуманитар ҳужум тарқалишининг олдини олишга кўмаклашди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Халқаро оила куни, яқинлашаётган қутлуғ Қурбон ҳайити ҳамда 1 июнь — Болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Тошкент ислом институтида таълим муассасаси тарихида илк бор «Оилавий очиқ эшиклар куни» ташкил этилди. Институти ҳовлисида ўзгача қувонч ва самимият муҳитини улашган ушбу файзли тадбирни таълим муассасаси ректори Уйғун Ғафуров кириш сўзи билан очиб берди.
Тадбир доирасида институтда фаолият юритаётган профессор-ўқитувчилар ва ходимларнинг 200 нафардан зиёд фарзандлари ҳамда набиралари учун унутилмас болалар сайли уюштирилди.
Мазкур ташаббусдан кўзланган асосий мақсад — болажонларнинг ўз ота-оналари меҳнат қилаётган табаррук илм даргоҳи ва бу ердаги маърифий муҳит билан яқиндан танишиши ҳамда қалбида илм аҳлига нисбатан юксак ҳурмат-эҳтиром туйғусини шакллантиришдан иборатдир.
Байрам дастури доирасида болажонлар учун «Ширинликлар байрами» ташкил этилиб, миллий ўйинлар, расм чизиш, хаттотлик, шахмат-шашка ва стол тенниси каби спорт мусобақалари ўтказилди.
Шунингдек, қизлар учун миллий ҳунармандчилик маҳорат дарслари, сайёр аттракционлар ва мультфильмлар намойиши болажонларга ҳақиқий қувонч улашди. Тантанали тадбир якунида институт маъмурияти томонидан барча иштирокчиларга махсус байрам совғалари ва ширин тушликлар тақдим этилди.
Ота-онасининг жамият учун манфаатли меҳнатидан фахрланган болажонларнинг чеҳрасидаги беғубор табассум ушбу хайрли ва маънавий тадбирнинг энг катта ютуғи бўлди. Зеро, оиласи аҳил, фарзандлари бахтиёр бўлган юртнинг келажаги ҳамиша нурли ва барқарордир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати