1-савол: “Аҳли сунна вал жамоа ақоиди” китобини ўқиб, ундаги бир ҳадис тўғрисида сўрамоқчи эдим: “Умматим етмиш уч фирқага бўлингайдир. Буларнинг ҳаммаси дўзахдадир. Илло, биттаси (нажотдадир)”, дейилган.
Жавоб: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир неча фирқаларнинг пайдо бўлиши тўғрисида башорат қилганлар:
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилдилар: “Умматим етмиш уч фирқага бўлингайдир. Уларнинг ҳаммаси дўзахдадир. Илло, биттаси (нажотдадир). Шунда улар ким дейилди. У зот: “Менинг ва саҳобаларимнинг йўлини тутганлардир”, дедилар” (Имом Термизий, Ибн Можа ва Абу Довуд ривоятлари).
Ҳадиси шарифда айтилганидек, яҳудий тоифаси етмиш бир, насроний тоифаси етмиш икки, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматлари етмиш уч фирқага бўлинган. Ҳар бир мусулмон ботил мазҳабларнинг хато йўлларидан сақланиш учун аҳли сунна вал жамоа ақидасини яхши билиши зарур.
Аҳли сунна вал жамоадан ташқари етмиш икки фирқанинг ўзаги еттита бўлиб, улар мўътазила, шиа, хавориж, хорижия, муржиъа, нажжорийя, жабарийя ва мушаббиҳалардир.
Улар яна ўз ораларида содир бўлган ихтилофлар натижасида беш, ўн ва йигирма фирқага бўлиниб, 72 фирқани ташкил қилади. Ачинарли томони шундаки, адашган фирқаларнинг барчаси бир-бирларини “кофир” деб айблайдилар.
Етмиш икки фирқага бўлиниб кетганлар асосан ўзларининг ҳавойи нафслари ва шайтон иғвосига учганлар бўлиб, улардан мўътазилалар 20, шиалар 22, хаворижийлар 20, муржиъалар 5, нажжорийялар 3, жабарийялар 1, мушаббиҳалар 1 фирқага бўлиндилар ва жами 72 фирқа бўлди. Уларнинг баъзиларини эътиқодлари бидъат, баъзилариники эса куфргача бориб етди.
Юқоридаги тақсимотни Шайх Аҳмад Зиёуддин Кумушхонавий ўзининг “Жомеъул мутун фий ҳаққи анвоис сифотил илоҳиййа ва ақоидил мотуридиййа ва лафзил куфри ва тасҳиҳил аъмолил ажибиййа” (Аллоҳ таолонинг турли сифатлари, мотуридийя ақоиди, куфр сўзлари изоҳи ва амалларни тўғри бажариш ҳақида матнлар тўплами) китобида бошқачароқ кўрсатган. Унда айтилишича, залолатда бўлган мазҳаблар бир неча гуруҳларга бўлинади:
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотларидан кейин ўртага чиққан турли хил оқимлар ўзларининг бидъатчи эканини англаб етишмаган.
Ислом динини ниқоб қилиб олиб, олимлик даъво қилаётган кишилардан эҳтиёт бўлиш зарур. Уларга асло бефарқ бўлмайлик. Динда бефарқ бўлиш асло ярамайди.
2-савол: Бугунги кунда масжидларимизда намозхонлар ҳар хил шаклда намоз ўқишмоқда. Ҳар ким ўз ихтиёри билан хоҳлаган мазҳабига эргашиши мумкинми?
Жавоб: Мутааххир (кейинги) уламолар мусулмонларни муайян бир мазҳабга эргашишлари вожиб, деганлар. Чунки ҳар бир мусулмон ўзи тўғридан-тўғри Қуръон ва ҳадисдан ҳукмларни олиш имкониятига эга эмас. Ва яна ҳар ким ўзи билганича амал қиладиган бўлса, омма ўртасида турли ихтилоф ва низоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Мана шундай кўнгилсизликларнинг олдини олиш, жамият барқарорлигини сақлаб қолиш мақсадида уламолар мусулмонларни муайян бир мазҳабга эргашишларини вожиб деганлар.
3-савол: Мен мазҳаблар ўртасидаги намоздаги фарқни сўрамоқчи эдим. Биз қайси ҳадисни олганмиз бошқа мазҳабдагилар қайси ҳадисни олган. Шунга тўлиқ маълумот берсангиз. Аллоҳ рози бўлсин.
Жавоб: Сиз “Кифоя” китобини олиб намоз бобини ўқиб чиқинг. Ушбу китобда мазҳабимизга кўра намоз ўқишнинг далиллари батафсил баён қилинган.
4-савол: Бир дўстим Литва давлатида ишлаяпти у ерда бир масжид бор ва дўстим ишлаётган жойдан анча узоқ ва шу масжиднинг имоми тожик миллатига мансуб домла бўлиб, бошқа мазҳабда экан. Жума намозларини адо этиш учун қандайдир ечим борми?
Жавоб: Ўша бошқа мазҳабда бўлган имомга иқтидо қилган ҳолда ўз мазҳабига мувофиқ адо этаверади. Намозни бошида такбири таҳримада қўл кўтаришда унга эргашади. Қолган ўринларда имом қўл кўтарса ҳам, у кўтармай ўқийверади. Бир мазҳаб вакили иккинчи мазҳаб вакилига иқтидо қилиши дуруст.
5-савол: Мазҳаб нима? Мазҳаб дунё бўйича нечта?
Жавоб: Мазҳаб дегани борадиган йўл деган маънони англатади. Динимизда ҳақ деб эътироф қилинган фиқҳий мазҳаблар тўртта бўлиб, улар ҳанафий, моликий, шофиъий ва ҳанбалий мазҳабларидир.
6-савол: Мен масжидда ёнимда намоз ўқиётган кишини кўрсатгич бармоғини юзлантираётганига кўзим тушти. Бу бизнинг ҳанафий мазҳабимизга тўғри келадими?
Жавоб: Бу амални “ишорату саббоба”дейилади, ҳанафий уламоларимиз ҳам уни намознинг суннатларидан деб ҳисоблайдилар.
7-савол: Нега мазҳаблар ҳар хил намоз ўқийди? Қайси ҳадисларни ҳужжат қилиб олишган. Ҳамма мазҳабларнинг қайси ҳадисни ҳужжат қилиб олишганини қисқа қилиб тушунтириб берсангиз. Мазҳаб ўзгартириш гуноҳ эмасми.
Жавоб: Сизга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг “Ихтилофлар ҳақида”, “Ихтилофлар, сабаблар, ечимлар”, “Мазҳаблар бирлик рамзи” номли китобларидан бирини, энг камида биринчиси – энг кичик ҳажмлисини ўқиб чиқишни тавсия қиламиз. Батафсил маълумот ва тушунчага эга бўласиз, иншааллоҳ!
ЎМИ Матбуот хизмати
Раддия: Исломда пешволикни даъво қиладиган гуруҳ ва оқимлар диндаги айрим тушунча ва сўзларни ғаразли мақсадлари йўлида бузиб, нотўғри талқин қилиши ҳаммага маълум. Улар шу орқали мусулмонлар ҳиссиётига тегиниш, ўзларига тобеларни кўпайтириш, диндор ва илмли бўлиб кўринишга ҳаракат қилади. “Тоғут” сўзи улар кўп ишлатадиган, инсонларни, айниқса ҳукмдорларни айблашда қўллайдиган тушунчалардан бири. Аслида у нима? Қандай маъноларда ишлатилади? Кимлар тоғут бўлиши мумкин?
“Тоғут” лафзи “туғён” сўзи билан ўзакдош бўлиб, Аллоҳ белгилаб қўйган чегарадан чиқишга, куфрда ҳаддан ошишга, исён қилишга нисбатан ишлатилади. Исломда Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўл “тоғут” дейилади. Тоғутнинг каттаси Шайтондир.
“Тоғут” калимаси Қуръони каримнинг саккиз жойида зикр қилинган бўлиб, уламоларимиз уни турлича тафсир қилган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Имом Шаъбий, Имом Заҳҳок “Тоғутдан мурод – Шайтон” деган. Имом Абу Олия ва Муҳаммад ибн Сирин тоғут сеҳргар ва фолбин эканини айтган.
“Тафсири Жалолайн”да тоғут сўзи тафсирига мурожаат қилайлик: “Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлади” (Бақара сураси, 256) ва “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар” (Бақара сураси, 257) оятларида тоғутлар – бут-санамлар ва Шайтон, “Китоб (Таврот)дан насибадор бўлганларнинг “Жибт” ва “Тоғут”га сиғинишларини ва кофирларга “Шулар мўминлардан кўра тўғрироқ йўлдадир” дейишларини кўрмадингизми?!” (Нисо сураси, 51) оятида – Жибт ва Тоғут Қурайш қабиласидагиларнинг икки санами, “Ўзларини, Сизга нозил қилинган (Қуръон) ва Сиздан олдин нозил қилинган (илоҳий китоблар)га иймон келтирган, деб ҳисоблайдиганларнинг ҳукм сўраб, Тоғут ҳузурига боришни хоҳлаётганларини кўрмадингизми?” (Нисо сураси, 60) оятидаги тоғут куфрда ҳаддан ошган, туғёнга кетган Каъб ибн Ашраф, “Кофирлар (эса) Тоғут йўлида жанг қиладилар” (Нисо сураси, 76-оят) ва “Ким Аллоҳнинг лаънатига учраган, ғазабига дучор бўлган, маймун ва чўчқага айлантирилган ва тоғутга ибодат қилган бўлса, ана ўшалар ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан бутунлай адашган кимсалардир” (Моида сураси, 60) оятларида улар Шайтон, “Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг” деб пайғамбар юборганмиз” (Наҳл сураси, 36-оят) ва “Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор” (Зумар сураси, 17-оят) оятларида ҳам улар Шайтон деб назарда тутилган.
Аллома Ибн Атийя айтади: “Баъзи олимлар: “Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғутдир”, деган”. Фиръавн, Намруд ва ўзини илоҳ деб эълон қилганлар ва ибодат қилинадиган бут-санамлар тоғут дейилади.
Муқотил розияллоҳу анҳу “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир” оятидаги тоғутни Каъб ибн Ашраф ва Ҳуяй ибн Ахтаб деб тафсир қилган. У иккиси ислом ва мусулмонларга адовати чексиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп азият берган, мусулмонларга қарши урушга жуда кўп даъват қилган яҳудийлардан эди.
Имом Нававий айтади: “Лайс, Абу Убайда, Кисоий ва кўпчилик тилшунослар: “Тоғут – Аллоҳ таолодан бошқа ибодат қилинадиган нарса”, деган”.
Шайх Муҳаммад Амин Шинқитий: “Ҳақиқат шуки, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғут, энг катта тоғут эса Шайтондир”, дейди.
Тоғут сўзининг маъноси ҳақида буюк муфассир Имом Табарий “Жомиъул баён” тафсирида: “Фикримча, тоғут ҳақида тўғри гап шуки, тоғут Аллоҳга туғён қилиб, Уни тарк этиб, Ундан ўзгага ибодат қилинган нарсадир. Ўша маъбуд инсон, шайтон, бут ва бошқа нарсалар бўлиши мумкин”, дейди.
Муфассир олим Ҳасан Таҳсин Файзли “тоғут” сўзини “Аллоҳдан узоқлаштирадиган, унинг амрларини бажаришни ман этадиган кимсалар”, деб изоҳлаган.
Демак, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уламоларимизнинг сўзларидан тоғут калимаси шайтон, сеҳргар, фолбин ва Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса экани маълум бўлмоқда.
Афсуски, ҳозирги кунда баъзи тоифалар мусулмон раҳбарларни тоғут деб атаб, уларни осонгина кофирга чиқармоқда. Уларнинг услуби хаворижларникига ўхшайди. Улар арзимас нарсалар туфайли иймонли одамни кофирга чиқариб, қонини ҳалол ҳисоблаб, қанчадан-қанча беайб мусулмонлар умрига зомин бўлмоқда, исломнинг пок номига доғ тушириб, асл моҳият ва тамойилларини ёт ва бузғунчи ғоялардан иборат фитналар соясига тушириб қўймоқда.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси